язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Резидентларнинг хориждаги инвестицион фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2005 й. ПФ-3617-сон "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

07.06.2005 й.

N ПФ-3617


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИНИНГ

ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРДАГИ

ВАКОЛАТХОНАЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатмиз ва хорижий тадбиркорлар, шу жумладан кичик ва хусусий бизнес корхоналари ўртасида барқарор иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда чуқурлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, республикага инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Иқтисодиёт вазирлигининг хорижий мамлакатлар, биринчи навбатда Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва Германия Федератив Республикасида (Австрия Республикасидаги ишларни қамраб олган ҳолда) савдо-саноат палатаси ваколатхоналарини, шу жумладан савдо-инвестиция уйларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, савдо-инвестиция уйлари Ўзбекистон Республикасининг ва улар қайси давлат ҳудудида ташкил этилса ўша давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзини-ўзи қоплаш ва ўзини-ўзи молиялаш принциплари асосида фаолият юритади.


3. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига савдо-инвестиция уйлари орқали қуйидагиларни амалга ошириш тавсия этилсин:

мамлакатимизнинг экспортга йўналтирилган маҳсулотларини хорижий бозорларга чиқариш;

Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистондаги хорижий инвесторлар ва шериклар учун ахборот-маслаҳат ишларини ташкил этиш;

Ўзбекистон тадбиркорларига манфаатли шартларда етказиб бериш учун илғор мини-технологияларни танлаб олиш;

тегишли чет давлатларда савдо саноат палатаси ва унинг аъзолари манфаатларини ифода этиш.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Савдо-саноат палатасини ташкил этиш тўғрисида" 2004 йил 7 июлдаги ПФ-3453-сон Фармони 4-бандининг иккинчи хатбошидаги "Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналари мутахассисларини жалб этиш орқали" сўзлари "хориждаги дипломатия ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалалар бўйича маслаҳатчилари, улар бўлмаган ҳолларда эса - тегишли масъул ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ташкил этишни таъминлаш орқали" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


5. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари хорижий мамлакатларда ташкил этган савдо уйлари, ваколатхоналари, корхоналари орқали, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет эллардаги савдо-инвестиция уйлари орқали олиб келадиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 23-24-сон, 165-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2005 йил, 6-сон, 213-модда