язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.04.2012 й. ПФ-4434-сон "Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

10.04.2012 й.

N ПФ-4434


ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР

ЖАЛБ ЭТИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА

ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Қайд этиш жоизки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит шакллантирилди, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими белгиланди.

Натижада республикада иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида хорижий инвестициялар иштирокида 4,2 мингтадан кўпроқ корхона ташкил қилинди ва муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳар йили 3,0 миллиарддан кўпроқ асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилмоқда, мамлакат иқтисодиётига киритилаётган инвестиция умумий ҳажмининг 26,6 фоиздан кўпроғи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Бу эса хорижий инвесторларнинг республика иқтисодиёти барқарорлиги ва пишиқ-пухталигига, уни ривожлантириш истиқболларига қизиқиши ҳамда ишончи ортиб бораётганлигидан яққол далолат беради.

Шу билан бирга, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганлиги, жаҳон ва минтақавий инвестиция бозорларида рақобат кучайиб бораётганлиги мамлакатда яна ҳам қулайроқ инвестиция муҳитини яратиш, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш, шунингдек хорижий инвесторлар билан ишлашдаги мавжуд бюрократик ғовлар ва тўсиқларни бартараф этиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик борасида қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинишини тақозо этмоқда.

Юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қўйилмалар киритаётган хорижий инвесторлар учун максимал даражада қулай инвестиция муҳитини яратиш, республика минтақаларига хорижий сармоялар ва замонавий технологиялар жалб этилиши рағбатлантирилишини кучайтириш, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, республика қонунчилиги томонидан 1-иловага* мувофиқ хорижий инвесторлар ҳақида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кенг кўламдаги кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар тизими яратилган.


2. Белгилаб қўйилсинки, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига ҳамда Бюджетдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўихатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сон Фармони билан белгиланган солиқ имтиёзлари 2012 йилнинг II чорагидан бошлаб:

2-иловага мувофиқ, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида фаолият юритаётган;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истисно этилган ҳолда, республиканинг барча минтақаларида жойлаштириладиган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга татбиқ этилсин.


5. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, тижорат банклари томонидан хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ қўшимча талаблар ва чекловлар ўрнатилиши қатъиян тақиқлансин ва бу ҳол қонунга хилоф деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий инвесторларнинг, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари сўзсиз риоя этишлари устидан қаттиқ назорат ўрнатсин ҳамда қонунчилик бузилишининг олдини олиш ва айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин.


6. Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер (танлов) савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссиясига (Р.С. Азимов) хорижий инвесторларнинг буюртманомалари бўйича хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни барпо этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг балансида бўлган паст ликвидли объектларни аниқ инвестиция мажбурияти остида инвестор билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан танлов ўтказмасдан "ноль" харид қиймати бўйича сотиш ҳуқуқи берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг буюртманомалари бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда қатнашаётган хорижий компанияларнинг мансабдор шахслари ва мутахассисларига 12 ой муддат билан кириш визалари ҳамда кўп марталик визалар расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Марказий банкни жалб этган ҳолда хорижий инвесторларга ўзларининг инвестиция фаолиятини амалга оширишлари учун Давлат бюджети ва унинг ижроси, пул-кредит сиёсати, ташқи савдо ҳамда бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда зарур бўлган иқтисодий ахборотлардан тизимли асосда белгиланган тартибда кенг фойдаланиш имкониятларини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун берилган кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликларга доир қонун ҳужжатларининг амалда рўёбга чиқарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин ҳамда берилаётган имтиёзлар ва афзалликларга вазирликлар, идоралар ва бошқа ижрочилар томонидан риоя этилмаслиги ҳолатлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот киритиб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сон Фармонига 2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.



“Халқ сўзи”, 2012 йил 11 апрель






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2012 йил 10 апрелдаги

ПФ-4434-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни

жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча

чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 11 апрелдаги

ПФ-3594-сон Фармонига киритиладиган

ўзгартиш ва қўшимчалар


1. 2-бандда:


а) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"мазкур корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда, республиканинг барча шаҳарлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлаштириш";


б) тўртинчи хатбошидаги "50 фоизни" сўзлари "33 фоизни" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;


г) олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


д) олтинчи хатбошидаги "даромадни" сўзи "даромаднинг камида 50 фоизини" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун бериладиган

имтиёзлар жорий этиладиган иқтисодиёт тармоқлари

РЎЙХАТИ


1. Радиоэлектрон саноати буюмлари ҳамда компьютер ва ҳисоблаш техникаси бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш.

2. Енгил саноат:

тайёр ип газлама, жун газлама ва аралаш газламалар, шунингдек трикотаж газлама ишлаб чиқариш;

тайёр тикувчилик, трикотаж, пайпоқ маҳсулотлари ва тўқимачилик галантереяси ишлаб чиқариш;

табиий терилар ишлаб чиқариш, кўн-галантерея саноати, пойабзал саноати.

3. Ипакчилик саноати:

шойи газламалар ва ипакдан тайёр буюмлар ишлаб чиқариш.

4. Қурилиш материаллари саноати:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 24 мартдаги ПФ-3586-сонли Фармони 1а-иловасида кўрсатилган қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш.

5. Парранда гўшти ва тухумни саноат миқёсида етиштириш.

6. Озиқ-овқат саноати:

маҳаллий хом ашёдан саноат миқёсида қайта ишланган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (алкоголли, алкоголсиз ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари бундан мустасно).

7. Гўшт-сут саноати:

гўшт ва сут маҳсулотларининг тайёр турлари, пишлоқ ва сариёғ, шунингдек ҳайвонларнинг ички органларидан қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш.

8. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда консервалаш.

9. Кимё саноати.

10. Нефть-кимё саноати.

11. Тиббиёт саноати, шунингдек ветеринария учун дори воситаларини ишлаб чиқариш.

12. Қадоқлаш материалларини ишлаб чиқариш.

13. Муқобил энергия манбалари негизида электр станциялари қуриш.

14. Кўмир саноати:

кўмирни бойитиш;

кўмир брикетларини ишлаб чиқариш;

сланец саноати.

15. Ишлаб чиқаришга мўлжалланган электроферросплав ва металл буюмларни ишлаб чиқариш.

16. Машинасозлик ва металлга ишлов бериш:

машинасозлик;

трактор ва қишлоқ хўжалик машинасозлиги;

қурилиш, йўл ва коммунал машинасозлик;

енгил ва озиқ-овқат саноати ҳамда маиший асбоблар машинасозлиги.

17. Станоксозлик ва асбобсозлик саноати.

18. Шиша ва чинни-фаянс саноати.

19. Микробиология саноати.

20. Ўйинчоқлар ишлаб чиқариш."



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 15-сон, 166-модда