Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аудит /

Аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 03.11.2009 й. 2035-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Молия вазирлиги 102-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 42-сонли Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 3 ноябрда 2035-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ,

валютага оид жиноятларга ва жиноий

даромадларни легаллаштиришга

қарши курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

102 ва 42-сонли қарорига

ИЛОВА



Аудиторлик ташкилотлари учун жиноий

фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга

ва терроризмни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 43-сон, 451-модда) мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш жараёнида мижозлар номидан битимларни тайёрлаш ва амалга оширишда пул маблағлари ва бошқа мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатувчи аудиторлик ташкилотларига татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бенефициар мулкдор - якуний ҳолатда мулк ҳуқуқига эгалик қилувчи ёки мижозни ҳақиқатда назорат қилувчи жисмоний шахс ёхуд манфаати кўзланган ҳолда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган юридик шахс;


ички ҳужжатлар - аудиторлик ташкилотлари раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгиловчи ҳужжатлар;


ички назорат - бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш жараёнида махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича аудиторлик ташкилотининг фаолияти;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;

мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текширишни амалга ошириш мақсадида улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида мижозлар ҳақидаги маълумотларнинг аудиторлик ташкилотлари томонидан аниқланиши;


мижоз - қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда аудиторлик ташкилоти билан бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган юридик шахс;


мижозни лозим даражада текшириш - мижозни ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларни текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали бенефициар мулкдорни идентификациялаш, мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида аудиторлик ташкилоти томонидан шубҳали деб топилган содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ бўлган ва махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар;


шубҳали операция - тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни амалга оширишда аудиторлик ташкилотида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида унинг амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа туғдирган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


ички назорат тизими - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни ташкил этиш ва мазкур Қоидаларга риоя этиш бўйича аудиторлик ташкилоти томонидан кўриладиган чора-тадбирлар мажмуаси;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти номидан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси (бундан кейинги ўринларда Департамент деб юритилади);


оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;

таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги.

3. Ички назоратнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш жараёнида аудиторлик ташкилоти фаолияти соҳасидаги таваккалчиликларини, шунингдек уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва баҳолаш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали равишда аниқлаш ва тўхтатиш;

аудиторлик ташкилотининг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб этилишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ёки терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича аудиторлик ташкилоти томонидан қонун ҳужжатлари талабларига, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тайёрлаш ва амалга оширишда ички ҳужжатларга оғишмай риоя қилинишини таъминлаш.


4. Ички назоратнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатларга мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни, шунингдек операцияни амалга оширишда фойдаланиладиган пул маблағларини ва бошқа мол-мулкнинг келиб чиқиш манбаларини аниқлаш ва ўрганиш;

мазкур Қоидаларнинг 23-бандида белгиланган мезонлар асосида шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга оширишда аниқланган ва хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотларни (ҳужжатларни) Департаментга ўз вақтида тақдим этиш;

алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни ушбу операция амалга оширилиши лозим бўлган санадан бошлаб уч иш кунига тўхтатиб туриш ва бундай операция ҳақида у тўхтатилган кунда Департаментни хабардор қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ҳақидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотларининг ва материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланишини таъминлаш;

аудиторлик ташкилоти раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларнинг амалга оширилиши ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан боғлиқ бўлган шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро айирбошлаш;

банклардан сўров бўйича терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ шахслар тўғрисида ахборотни аниқлаш;

бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш жараёнида аудиторлик ташкилоти фаолияти доирасида таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш.


II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Ички назоратни ташкил этиш мақсадида аудиторлик ташкилотларида аудиторлик ташкилоти раҳбари буйруғи билан мазкур Қоидаларга риоя этилишига масъул бўлган шахс (бундан кейинги ўринларда масъул шахс деб юритилади) тайинланади. Буйруқ нусхаси буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилади.

Масъул шахс раҳбарлик лавозимини эгаллаган ва аудиторлик ташкилотининг штатдаги аудитори бўлиши лозим.

6. Аудиторлик ташкилотларининг ички назорат тизими уларнинг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, мижозлар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ мижозлар базаси ва таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


6-1. Аудиторлик ташкилоти жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришнинг замонавий технологиялари, усуллари ва тенденциялари тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган сўнгги янгиликлар билан таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчиликнинг барча жиҳатлари ва мажбуриятлар ҳақида аниқ тушунтиришлар бериш мақсадида аудиторлик ташкилоти масъул шахсини ва ходимларини доимий равишда тайёрлашни амалга ошириши лозим.

6-2. Аудиторлик ташкилотларининг хориждаги алоҳида бўлинмалари (агар улар мавжуд бўлса) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тадбирларини амалга оширишда улар жойлашган мамлакатнинг талабларига риоя қилишлари зарур, агар ушбу талаблар Ўзбекистон қонунчилигининг талабларидан фарқ қилса, юқорироқ стандартларни қўллашлари лозим.

6-3. Аудиторлик ташкилоти ўзининг хориждаги алоҳида бўлинмаларидан мазкур ажратилган бўлинмалар жойлашган мамлакат қонунчилигидаги тақиқлар туфайли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида бош офисни хабардор қилишни талаб қилиши лозим. Ўз навбатида, аудиторлик ташкилоти бу ҳақда Молия вазирлиги ва Департаментни хабардор қилиши лозим.

7. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида масъул шахс қуйидаги функцияларни бажаради:

мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назорат жараёнини ва мижозларни лозим даражада текширишни жорий этиш ва амалга оширилишини ташкил этади;

аудитор ташкилоти фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ички назоратни амалга ошириш бўйича ички ҳужжатлар ва дастурларни ишлаб чиқади ҳамда раҳбариятга тасдиқлаш учун киритади;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган мижозларнинг шубҳали операциялари тўғрисидаги хабарларнинг аудиторлик ташкилоти раҳбарияти билан келишган ҳолда Департаментга ўз вақтида юборилишини, шунингдек Департаментнинг қўшимча ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайди;

мазкур Қоидалар ва ички назорат дастурларини амалга ошириш жараёнининг маҳфийлигини таъминлайди;

Молия вазирлиги томонидан Департамент билан биргаликда мониторинг ва назорат ўтказилиш давомида ташкилот фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ички назорат тизимини ташкил этиш бўйича мониторингни амалга оширади.

8. Масъул шахс қуйидагиларга эга:

ўз ташкилотининг раҳбарлари ва ходимларидан ички назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий-бошқарув, бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, ички назоратни амалга ошириш мақсадида аудитор ташкилотининг электрон маълумотлар базаларида, маҳаллий ҳисоблаш ва автоматлаштирилган компьютер тизимларида сақланаётган файл ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича келгусидаги хатти-ҳаракатларга оид (шу жумладан, мижоз ёки операция тўғрисида қўшимча ахборот олиш ёки мавжуд ахборотни текшириш мақсадида ўтказилаётган операцияни тўхтатиб туриш бўйича) таклифларни раҳбариятга киритиш.

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


9. Масъул шахс қуйидагиларга мажбур:

ички назоратни амалга ошириш жараёнида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

мижозларни лозим даражада текширишни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш бўйича чораларни амалга ошириш;

мижозни лозим даражада текшириш материалларига қўшиб қўйиладиган барча мураккаб, ғайриоддий йирик миқдордаги операциялар, шунингдек иқтисодий ёки қонуний мақсадсизлиги аниқ бўлган операцияларни ғайриоддий амалга ошириш схемалари бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма равишда қайд этиш;

шубҳали операциялар аниқланганда, белгиланган тартибда Департаментга хабар бериш;

олинган маълумотнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш чора-тадбирларини кўриш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бажариш.


10. Аудиторлик ташкилотлари масъул шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар бир йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


11. Агар ҳисобот йилида масъул шахс ўзгарган тақдирда, аудиторлик ташкилотлари ўзгариш қабул қилинган санадан кейин 5 кун муддат ичида тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этишлари лозим.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги аудиторлик ташкилотларидаги масъул шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 20 январгача Департаментга тақдим этади.

13. Агар ҳисобот йили давомида аудиторлик ташкилотларида масъул шахслар ўзгарса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги аудиторлик ташкилотидан тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларни олган кундан бошлаб 5 кун ичида Департаментга қўшимча равишда хабар беради.



III. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


14. Аудиторлик ташкилотлари қуйидаги ҳолатларда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартининг (31-сонли АФМС) "Хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти билан танишув" (рўйхат рақами 1043, 2001 йил 21 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2001 йил, 12-сон) талабларига мувофиқ уларнинг фаолияти билан олдиндан танишувда;

бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш учун мижозлар билан шартномалар тузишда;

Ўзбекистон Республикаси Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартининг (12-сонли АФМС) "Аудиторлик текширувлари давомида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш" (рўйхат рақами 1673, 2007 йил 12 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 15-сон, 162-модда) талабларига мувофиқ мижознинг ички назорат тизимини баҳолашда;

Ўзбекистон Республикаси Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартининг (9-сонли АФМС) "Муҳимлилик ва аудиторлик таваккалчилиги" (рўйхат рақами 813, 1999 йил 3 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 йил, 11-сон) талабларига мувофиқ ажратиб бўлмайдиган ва назорат таваккалчилигини баҳолашда;

амалга оширилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида эканлигига ҳар қандай шубҳа мавжуд бўлганда;

мижоз ҳақида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа мавжуд бўлганда;

операция амалга ошириш кунидаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 300 баравари миқдоридан ортиқ бўлган бир марталик операциялар амалга оширилганда.

14-1. Агарда операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда ёхуд оффшор ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган, шунингдек таваккалчиликларнинг юқори даражаси тоифасига киритилган шахс бўлганда, аудиторлик ташкилотлари мижозларни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари лозим.

14-2. Мижозни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларига қуйидагилар киради:

мижоз ҳақида қўшимча маълумотлар (фаолият тури, активлар миқдори, очиқ маълумотлар базаси орқали олиниши мумкин бўлган маълумот ва бошқалар) олиш ва мижоз ёки бенефициар мулкдор бўйича маълумотларни янада тезроқ янгилаб бориш;

мижоздан унинг пул маблағлари ва мол-мулк манбаси ҳақида маълумот олиш;

иш амалиётларини амалга ошириш сабаблари тўғрисида маълумот олиш;

операцияларни (битимларни) амалга ошириш сабабларини аниқлашнинг бошқа кучайтирилган чораларини амалга ошириш.

15. Мижозларни лозим даражада текшириш бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатишнинг барча босқичида амалга оширилиши лозим.


16. Мижозни ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда, қонун ҳужжатларига мувофиқ улар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда уларнинг операцияни амалга ошириш учун ваколатини текшириш лозим.


17. Мижоз бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш учун шартнома тузиш ҳақида бир ёки бир неча марта мурожаат қилганида, аудиторлик ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

қонун ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ операция бўйича мижозни ёки фойда олувчини идентификациялаш;

ушбу мижознинг аввалги ҳисобот даври (ой, чорак, ярим йил, йил) мобайнида амалга оширган операцияларини, агар бундай операциялар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлса, ўрганиб чиқиш;

операция турини ҳамда унинг мижоз юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолият турига ва мақсадига мувофиқлигини аниқлаш;

ўзининг иш ҳужжатларида аниқланган шубҳали операцияларни қайд этиш.


18. Мижозни идентификациялаш пайтида аудиторлик ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, ташкилий-ҳуқуқий шакл тўғрисидаги, жойлашган жойи, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган бошқа маълумотларни ўрганиши лозим.


19. Мижозни янада батафсилроқ ўрганиш мақсадида:

мижознинг таъсис ҳужжатлари (рўйхатдан ўтказилган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан) ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг расмийлаштирилишига;

мижознинг бошқарув органларининг тузилиши ва уларнинг ваколатларига;

мижознинг рўйхатдан ўтказилган устав фондининг (капиталининг) миқдорига;

бухгалтерия ҳисобининг регистрлари ва бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг расмийлаштирилишига алоҳида эътибор бериши лозим.


20. Аудиторлик ташкилоти мижоз томонидан тақдим этилаётган ахборотни:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мижоз тўғрисида олинган маълумотлардан фойдаланиш;

мижознинг аввалги аудиторлик ташкилотлари билан ўзаро муносабатларини ўрганиш;

мижознинг ишчанлиги тўғрисидаги маълумотларни йиғиш орқали текшириш ҳуқуқига эга.


21. Мижозни идентификациялаш жараёнида аудиторлик ташкилоти бенефициар мулкдорларни идентификациялаш бўйича, шу жумладан, мижоз мол-мулкининг тузилишини ўрганиш йўли билан асосланган ва зарур чора-тадбирлар қўлланиши лозим.


22. Мижоз томонидан идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, аудиторлик ташкилотлари уларга бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатишни рад этадилар.



III-1. TАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ

22-1. Аудиторлик ташкилоти мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида операциялар амалга оширилишида таваккалчилик даражасини (кейинги ўринларда таваккалчилик даражаси деб юритилади) аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижоз тақдим этган ахборот асосида, пул маблағлари ва мол-мулк билан амалга ошириладиган операциялар турлари, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар, мижозни лозим тарзда текшириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда масъул шахс томонидан ҳар йили аниқланади ва баҳоланади.

Таваккалчиликларни баҳолаш натижалари ёзма равишда расмийлаштирилиши ва Департаментга тақдим этилиши лозим.


22-2. Аудиторлик ташкилоти аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берувчи мижозларни таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига тегишли деб топиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

террорчилик фаолиятида иштироки ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг назорати остида эканлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган ёки шуғулланишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори ёхуд уни назорат қилувчи эканлиги тўғрисида маълумот мавжуд бўлган шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

норезидентлар;

ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлардаги манзилга тўғри келмайдиган мижозлар;

ҳақиқий эгаси ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахс бўлган мижозлар;

мунтазам равишда (кетма-кетлиги уч ой мобайнида икки мартадан ортиқ) шубҳали операцияларни амалга ошираётган мижозлар;

масъул шахсда асосли шубҳа уйғотадиган молиявий операцияларни амалга оширувчи бошқа шахслар.


22-3. Мижоз томонидан пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан амалга ошириладиган операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, аудиторлик ташкилоти зарур бўлганда у билан ишлаш бўйича таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиши лозим.

Аудиторлик ташкилоти барча мураккаб, ғайриоддий йирик пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан операцияларга, шунингдек аниқ иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган операцияларни амалга оширишнинг ғайриоддий схемаларига кучайтирилган эътибор қаратиши керак.

Кўрилган чоралар натижалари тўғрисидаги маълумот аудиторлик ташкилоти раҳбариятига тақдим қилиниши лозим.


22-4. Аудиторлик ташкилоти жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишига йўл қўймаслик бўйича чораларни кўриши керак. Бу мақсадларда аудиторлик ташкилоти хизматлари учун янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланилиши сабабли юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражаларини аниқлаши ва баҳолаши лозим.

Бундай таваккалчиликнинг баҳоланиши янги ёки ривожланаётган технологияларни фойдаланишга туширишдан аввал ўтказилиши лозим.

Аудиторлик ташкилоти бундай таваккалчиликни мониторинг қилиш ва уларни пасайтириш бўйича тегишли чораларни кўриши лозим.



IV. ХАБАР ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН

ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ТАРТИБИ


23. Пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция қуйидаги ҳолатларда шубҳали деб топилиши мумкин:

мижоз томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан, ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этишнинг сабабсиз рад этилиши;

одатдаги амалиётдан фарқ қиладиган ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби бўйича расмий бўлмаган, сохта ҳужжатлар ва ностандарт йўриқномалар мавжуд бўлганда;

ҳисобга олинмаган молия-хўжалик операциялари мавжуд бўлганда ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари белгиланган муддатлардан олдин йўқ қилинганда;

мижознинг хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф этилиши;

мижознинг операциялари яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаса, унинг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида келтирилган фаолиятининг мақсадларига тўғри келмаса;

битимга мижоз фаолиятига тўғри келмайдиган қўшимчалар ва ўзгаришлар киритилганда;

мижоз томонидан аввал келишилган операцияга (битимга) бевосита унинг амалга оширилишидан олдин кўпроқ, айниқса, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк ҳаракати йўналишига тааллуқли ўзгартиришларнинг киритилиши;

мижоз ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек мижоз томонидан кўрсатилган манзил ва телефонлар орқали у билан алоқа ўрнатиш имконининг йўқлиги;

мижоз томонидан ахборот ва ҳужжатларнинг тақдим этилишининг асоссиз равишда кечиктирилиши ёхуд мижоз томонидан текшириб бўлмайдиган ахборот тақдим этилиши;

мижоз томонидан битим иштирокчилари ҳақида била туриб ёлғон ахборот ва нотўғри маълумотларнинг тақдим этилиши;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган назорат жараёнидан қочишга қаратилган деган хулосани чиқаришга асос бўладиган операциялар ёки битимларнинг бир неча бор амалга оширилганлиги аниқланганда;

операцияни амалга оширишда фойдаланилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклар жиноий йўл билан топилган деган ҳар қандай шубҳанинг мавжуд бўлиши.


24. Операцияни шубҳали деб тан олиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижоз шахси, унинг обрўси, амалий иш муносабатларининг хусусияти, битимнинг асослари, мақсадлари, ҳажми ва тури, уни амалга ошириш усули билан ҳамда шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида аниқланадиган таваккалчилик хавфига боғлиқ равишда амалга оширилади.


25. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ ҳар қандай операция, шу операцияларнинг тарафларидан бири:

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс эканлиги ҳақида белгиланган тартибда олинган ахборот мавжуд бўлса, Департаментга хабар қилиниши ва тўхтатиб турилиши керак.

Бундай ҳолларда аудиторлик ташкилотлари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туришга ва ушбу операция ҳақида уни тўхтатиб қўйилган куннинг ўзида Департаментни хабардор қилишга мажбур. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни тўхтатиш ҳақида Департаментнинг кўрсатмаси бўлмаганда, кўрсатилган муддат тугаши билан аудиторлик ташкилоти тўхтатилган операцияни тиклашга киришади.


25-1. Операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса, бундай операция ҳам Департаментга хабар қилиниши керак.

26. Мижознинг операцияси шубҳали деб топилгандан сўнг, масъул шахс шубҳали операцияни амалга оширишга тайёргарлик кўрилаётганлигини ёки амалга оширилганлигини тасдиқловчи асосланган ҳужжатларни тайёрлайди ва аудиторлик ташкилоти раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этади, раҳбар мижозга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар ҳақида қарор қабул қилади, жумладан:

шубҳали операция тўғрисида Департаментга хабар бериш ҳақида;

операция шубҳали деб тан олинганлиги тўғрисида мижоз билан бевосита иш олиб бораётган аудиторларга хабар бериш ҳақида;

мижоз тўғрисида қўшимча ахборот олиш ҳақида;

мижоз билан операция ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида;

қонун ҳужжатлари ёки у билан тузилган шартномага мувофиқ мижоз билан муносабатларни тугатиш ҳақида;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳаракатлар.


27. Шубҳали операция тўғрисидаги хабар операция шубҳали деб топилган вақтдан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ аудиторлик ташкилоти томонидан Департаментга тақдим этилади.


28. Аудиторлик ташкилоти тегишли операцияни тасдиқловчи ёки ундан шубҳани олиб ташловчи ҳар қандай ахборот ҳақида зудлик билан Департаментга хабар бериши лозим.



V. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН АХБОРОТ ВА

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ, МАҲФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


29. Аудиторлик ташкилотлари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотларини ва материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган, лекин операциялар амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатлар мобайнида сақлашлари шарт.


30. Аудиторлик ташкилотлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотдан эркин фойдаланишни чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга, уларнинг операциялари ҳақида Департаментга маълумот берилганлиги тўғрисида ахборот беришга ҳақли эмаслар.


31. Аудиторлик ташкилотлари ўз ходимлари томонидан ички назорат бўйича функцияларини бажариш жараёнида олинган ахборотларни бошқаларга ошкор қилмасликларини (ёхуд шахсий мақсадлар ёки учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланишга рухсат берилмаслигини) таъминлайдилар.


31-1. Масъул шахснинг фаолиятида ишлатилган барча ҳужжатлар (ички назоратни ўтказишга тааллуқли ёзишмалар, шу жумладан, Департаментга юборилган хабарларнинг қоғоздаги ва электрон нусхалари, мижозларнинг қоғоздаги ва электрон анкеталари, махсус журналлар ва бошқалар)дан фойдаланилишини чеклаш мақсадида, бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда ушбу шахс томонидан сақланиши лозим.

31-2. Ҳужжатларнинг электрон шакллари дастурий усулда архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи ускуналарга ёзиб қўйилиши ҳамда масъул шахс томонидан уларнинг рўйхати билан биргаликда ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши зарур.


VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Аудиторлик ташкилотлари томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Молия вазирлиги ҳамда Департамент томонидан амалга оширилади.


33. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 45-сон, 493-модда.











































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск