ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Алоҳида турдаги товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш, жойини ўзгартириш / Маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш /

Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1998 й. 678-I-сон "Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1998 й.

N 678-I



МАДАНИЙ БОЙЛИКЛАРНИНГ

ОЛИБ ЧИҚИЛИШИ ВА ОЛИБ

КИРИЛИШИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Мазкур қонуннинг мақсади

Мазкур Қонуннинг мақсади Ўзбекистон халқининг маданий меросини асраш, маданий бойликларни қонунга хилоф равишда олиб чиқилиши ва олиб кирилишидан муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан, уларнинг Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишининг ягона тартибини белгилашдан, шунингдек халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.



2-модда. Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши

ва олиб кирилиши тўғрисидаги қонунчилик

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

Мазкур Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


маданий бойликлар - моддий дунёнинг миллий, тарихий, бадиий, илмий-маърифий, маънавий-ахлоқий ва бошқа маданий аҳамиятга молик кўчар ашёлари;

маданий бойликларнинг олиб чиқилиши - маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига уларни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона чегараси орқали олиб ўтиш;


маданий бойликларнинг олиб кирилиши - маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига уларни қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз божхона чегараси орқали олиб ўтиш;


маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши - маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига уларни шартлашиб қўйилган муддатда қайтариб олиб кириш мажбурияти билан божхона чегараси орқали олиб ўтиш;

маданий бойликларнинг вақтинча олиб кирилиши - маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига уларни шартлашиб қўйилган муддатда қайтариб олиб чиқиш мажбурияти билан божхона чегараси орқали олиб ўтиш.



4-модда. Мазкур қонуннинг таъсири остида

бўладиган маданий бойликлар

Қуйидагилар мазкур Қонуннинг таъсири остида бўлади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан яратилган маданий бойликлар;

чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яратилган маданий бойликлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида топилган маданий бойликлар;

музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида, архивларда, идоравий архивларда, кино-, фото-, фонотекаларда, суратлар галереяларида ва бошқа сақлаш жойларида тўпланган маданий бойликлар;

қайси давлатларга мансуб бўлса, ўша давлатларнинг ваколатли органлари розилиги билан археологик, этнологик ва табиий-илмий экспедициялар томонидан қўлга киритилган маданий бойликлар;

ихтиёрий равишда айирбошлашлар натижасида олинган маданий бойликлар;

қайси давлатларга мансуб бўлса, ўша давлатларнинг ваколатли органлари розилиги билан мерос, ҳадя сифатида олинган ёки қонуний қўлга киритилган маданий бойликлар;

чет эллик юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган маданий бойликлар.


5-модда. Давлат органларининг маданий бойликларнинг

олибчиқилиши ва олиб кирилиши соҳасидаги ваколатлари

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган тартибда маданий бойликлар сирасига кирувчи ашёларнинг тоифасини аниқлайди;

маданий бойликларнинг олиб чиқилиши, вақтинча олиб чиқилиши мумкинлиги тўғрисида қарорлар қабул қилади;

олиб чиқилаётган ва олиб кирилаётган, шунингдек вақтинча олиб чиқилаётган ва вақтинча олиб кирилаётган маданий бойликларни рўйхатга олади;

олиб чиқилади, вақтинча олиб чиқилади деб эълон қилинган, шунингдек вақтинча олиб чиқилганидан кейин қайтариб олиб келинган маданий бойликларни экспертизадан ўтказишни таъминлайди;

маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва вақтинча олиб чиқилиши ҳуқуқини берувчи сертификатлар беради;

ушлаб қолинган ёки мусодара қилинган маданий бойликларни тегишли давлат органларидан қабул қилиб олади, уларни экспертизадан ўтказади ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қонунчиликка мувофиқ маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби устидан назоратни амалга оширади.

Маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини назорат қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


6-модда. Олиб чиқилаётган ва олиб кирилаётган

маданий бойликларга бўлган мулк ҳуқуқи

Олиб чиқилаётган ва олиб кирилаётган маданий бойликларга давлат мулки ҳуқуқи ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мулк ҳуқуқи юзага келишига қуйидагилар асос бўлади:

маданий бойликлар давлат бюджети ҳисобига яратилганлиги;

маданий бойликлар юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз фаолияти ҳисобига яратилганлиги;

маданий бойлик яратилиши ёки қўлга киритилишига асос бўлган битимлар;

мерос олиш.

Айни пайтда интеллектуал мулк объекти ҳам бўлган маданий бойликларга мулк ҳуқуқи қонунчилик билан тартибга солинади.


7-модда. Мулкдорнинг маданий бойликларнинг

олиб чиқилишига бўлган ҳуқуқи

Маданий бойликларнинг ўз мулкдори ёки у ваколат берган шахс томонидан олиб чиқилиши қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бериладиган олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат асосида амалга оширилади.

Муаллиф ўзи яратган, ўз мулки бўлган маданий бойликларни олиб чиқишга ҳақли.



8-модда. Ўзбекистон республикасидан олиб чиқилиши

мумкин бўлмаган маданий бойликлар

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас:

эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар;

давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар;

музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар, идоравий архивлар ва бошқа сақлаш жойларида доимий сақланаётган маданий бойликлар.


9-модда. Маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши

Маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши юридик ва жисмоний шахслар томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:

кўргазмалар ташкил этиш учун;

қайта тиклаш-таъмирлаш ишларини ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун;

театр, концерт ва бошқа санъаткорлик фаолияти муносабати билан;

Ўзбекистон Республикасининг элчихоналари ва ваколатхоналарини жиҳозлаш учун;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Вақтинча олиб чиқилаётган маданий бойликлар кредитни таъминлаш воситаси сифатида ишлатилиши ёки гаров нарсаси бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.


10-модда. Маданий бойликларнинг вақтинча

олиб чиқилиши шартлари

Маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бериладиган сертификат асос бўлади.

Маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши ҳуқуқини берувчи сертификатни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


11-модда. Маданий бойликларнинг вақтинча олиб

чиқилиши тўғрисидаги сертификатни олиш учун

тақдим этиладиган ҳужжатлар

Музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар, идоравий архивлар ва бошқа сақлаш жойлари томонидан маданий бойликларни вақтинча олиб чиқиш тўғрисида сертификат олиш учун ариза берилиб, унга қуйидагилар илова қилинади:

маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилишининг мақсадлари, муддатлари ва шартлари тўғрисида қабул қилувчи томон билан тузилган шартнома;

суғурта хавфларининг барча ҳоллари таъминланган ҳолда вақтинча олиб чиқилаётган маданий бойликлар мулкий суғурта шартномасининг суғурта полиси (гувоҳнома, сертификат, квитанция);

қабул қилувчи томон давлат органларининг вақтинча олиб чиқилаётган маданий бойликларнинг сақланиши ва ўз вақтида қайтарилиши хусусидаги ёзма кафолатлари.

Бошқа юридик шахслар томонидан маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши тўғрисидаги сертификатни олиш учун аризага ушбу модданинг биринчи қисми иккинчи ва учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади.

Жисмоний шахслар томонидан маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши тўғрисидаги сертификатни олиш учун аризага ушбу модданинг биринчи қисми учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади.


12-модда. Маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши

тўғрисидаги сертификат беришни рад этиш

Маданий бойликларнинг вақтинча олиб чиқилиши тўғрисидаги сертификат қуйидаги ҳолларда берилмайди, агар:

ушбу Қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;

вақтинча олиб чиқилади деб эълон қилинган маданий бойликларнинг ҳолати уларни сақлаш шароитларини ўзгартириш имкониятини бермаса;

вақтинча олиб чиқилади деб эълон қилинган маданий бойликларнинг мулкдори аниқланмаган бўлса;

маданий бойликлар мулк ҳуқуқи тўғрисидаги низо мавзуи бўлса;

маданий бойликларни вақтинча олиб чиқишга мўлжалланаётган мамлакатда вақтинча олиб чиқилаётган маданий бойликларнинг сақланишини таъминлашга тўсқинлик қиладиган табиий офат содир бўлган ёки бошқа ҳолатлар юзага келган бўлса.


13-модда. Вақтинча олиб чиқилган маданий

бойликларни муҳофаза қилиш

Ўзбекистон Республикасидан вақтинча олиб чиқилган маданий бойликларни муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли мамлакатдаги дипломатия ваколатхоналари томонидан амалга оширилади.



14-модда. Вақтинча олиб кирилган маданий

бойликлар сақланишининг кафолатлари

Давлат Ўзбекистонга вақтинча олиб кирилган маданий бойликларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда сақланишини кафолатлайди.



15-модда. Ашёларнинг маданий бойликлар ниқоби

остида олиб кирилишини тақиқлаш

Конституциявий тузум ва давлат мустақиллигига путур етказишга, ҳудудий яхлитликни бузишга қаратилган, урушни, террорчиликни, зўравонликни, диний экстремизмни, ирқчиликни тарғиб қилувчи ашёларнинг, шунингдек порнографик мазмундаги материалларнинг маданий бойликлар ниқоби остида олиб кирилиши тақиқланади.


16-модда. Маданий бойликларнинг қонунга хилоф равишда

олиб кирилиши ва қўлга киритилишининг олдини олиш

Маданий бойликларга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлса, улар кейинчалик қонуний мулкдорларига қайтариш мақсадида ушлаб қолиниши керак.

Бошқа мамлакатлардан қонунга хилоф равишда олиб чиқилган, ўғирланган ёки қонунга хилоф равишда қўлга киритилган маданий бойликларни қўлга киритишнинг олдини олиш мақсадида музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар, идоравий архивлар ва бошқа сақлаш жойлари уларнинг келиб чиқиши тўғрисида зарур ахборотга эга бўлиши шарт.



17-модда. Маданий бойликларни реализация қилиш

Олиб чиқилиши мумкин бўлмаган маданий бойликларни реализация қилиш бу бойликларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқилиши мумкин эмаслиги тўғрисида харидор ёзма равишда огоҳлантирилганидан кейингина амалга оширилади.

Маданий бойликларни кимошди савдосига (аукционга) қўйиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишувга кўра амалга оширилади. Маданий бойликларни реализация қилишда иштирок этувчи юридик шахслар ўз фаолиятини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигини хабардор қилган ҳолда амалга оширади.


18-модда. Маданий бойликлар транзити ва уларни

почта жўнатмаларида юбориш

Маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тартибида олиб ўтишда Ўзбекистон Республикаси божхона органларига маданий бойликлар фақат транзит тартибида олиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланадиган шартларда олиб кирилаётганлигидан далолат берувчи ҳужжат тақдим этилади.

Маданий бойликларни почта жўнатмаларида юбориш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


19-модда. Маданий бойликларни инсофли

эгалловчининг ҳуқуқлари

Бошқа мамлакатлардан қонунга хилоф равишда олиб чиқилган, бошқа давлатларда ўғирланган ёки йўқолган маданий бойликларни инсофли эгалловчи уларни қонуний мулкдорига қайтариши лозим. Бундай ҳолларда инсофли эгалловчига белгиланган тартибда компенсация тўланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ қайтарилган маданий бойликлар божхона тўловлари ва бошқа йиғимлардан озод қилинади. Талаб қилувчи тараф қайтаришга доир бошқа харажатларни кўтаради.



20-модда. Маданий бойликларни қайтариш

Давлат қонунга хилоф равишда олиб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасига қайтарилиши лозим бўлган маданий бойликларни талаб қилиб олиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан унинг мустақиллиги эълон қилингунга қадар қонунга хилоф равишда олиб чиқилган маданий бойликларни қайтариш тўғрисидаги талабларга нисбатан даъво муддати татбиқ этилмайди.

Қайтарилган маданий бойликларнинг мулкдорлари уларни қайтариб олиб киришда божхона тўловлари ва махсус йиғимни тўлашдан озод қилинади.



21-модда. Маданий бойликларни бадиий экспертизадан

ўтказганлик учун махсус йиғим

Маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказганлик учун махсус йиғим тўланади.

Маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказганлик учун махсус йиғимнинг миқдори ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


22-модда. Маданий бойликлар учун божхона тўловлари

Маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилишида қонунчиликда белгиланган тартибда божхона тўловлари олинади.


23-модда. Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши

ва олиб кирилиши тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1998 й., 9-сон, 178-модда
















































Время: 0.1433
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск