язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.08.2005 й. ПҚ-143-сон "Иқтисодий тадқиқотларни ташкил қилишни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.08.2005 й.

N ПҚ-143



ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ТАШКИЛ

ҚИЛИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Илмий тадқиқотларни ташкил қилиш тизимини такомиллаштириш ва ўтказилаётган иқтисодий тадқиқотларнинг амалий йўналишини кучайтириш, уларни иқтисодиётни ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштиришнинг асосий устувор йўналишлари ва мақсадли вазифаларини амалга оширишга йўналтириш, мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришни прогноз қилишнинг мустаҳкам илмий-методологик базасини яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкининг тугатилаётган Марказлар - Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Самарали иқтисодий сиёсат маркази, Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ-бюджет сиёсати маркази, Марказий банк ҳузуридаги Пул-кредит сиёсати маркази, Банк-молия тизими ривожланишини прогнозлаш ва эркинлаштириш институти негизида Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази (бундан буён матнда - Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаментига ҳисобот беради.


2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

табиий, минерал-хомашё, ёқилғи-энергетика ва ер-сув ресурсларини узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича чуқур таҳлил қилиш, таклифлар ишлаб чиқиш ва прогнозларни шакллантириш;

макроиқтисодий параметрлар ва пропорцияларни тизимли таҳлил қилиш, кўп вариантли узоқ ва ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни шакллантириш, йиғма қиймат баланслари тизимини ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, иқтисодиётда тўлов ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш, турли даражадаги бюджетлар ўртасида ўзаро муносабатларни мақбуллаштириш, солиқ маъмуриятчилигининг илғор усулларини амалиётга жорий этиш жараёнларини таҳлил этиш ва таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек пул муомаласини мустаҳкамлаш, солиқ, бюджет ва кредит сиёсатини, инфляцияни жиловлаш механизмини такомиллаштириш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш масалалари;

тармоқ ва ҳудудий пропорцияларни чуқур таҳлил этиш, шу асосда иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар ва уларни белгиловчи омиллар, рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларини асослаб бериш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

оила истеъмол бюджетини белгиловчи омилларни тадқиқ этиш, даромадлар ва харажатлар, реал иш ҳақи манбаларини шакллантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш соҳасида ижтимоий ва иқтисодий сиёсатии ишлаб чиқиш борасида чуқур асосланган таклифлар тайёрлаш;

демографик жараёнларни тадқиқ қилиш, оқилона бандликни ва минтақалар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришни таъминлайдиган чора-тадбирларни асослаш;

халқаро ҳисоб ва ҳисобот тизимини жорий этиш, миллий ҳисобварақлар тизимини такомиллаштириш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш ва таклифлар ишлаб чиқиш.


3. Қуйидагилар белгилансин:

Марказ тадқиқотларининг 2-бандда кўрсатилган энг муҳим функционал йўналишлари бўйича шакллантириладиган лойиҳалар Марказнинг асосий таркибий бўлинмаларини ташкил этади;

тадқиқот лойиҳаларига илмий ишларда тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислардан танлов асосида тайинланадиган лойиҳа раҳбарлари бошчилик қилади;

Илмий кенгаш қарорига биноан лойиҳаларнинг раҳбарлари ва ижрочилари билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ бир йилга меҳнат шартномаси (контрактлар) тузилади, уларда лойиҳа темаси, мақсади, вазифалари ва уни амалга оширишнинг асосий босқичлари аниқ кўрсатилади;

лойиҳа раҳбарларининг ҳисоботлари Илмий кенгаш мажлисларида мунтазам тинглаб борилади, кенгаш йил якунларига кўра ўтказилган тадқиқотларнинг натижалари ва сифатига баҳо беради ҳамда лойиҳа доирасида тадқиқотларни давом эттириш ёки уни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Марказ ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш шартлари жорий этилади.


4. Қуйидагилар:

умумий чекланган ходимлар сони 166 нафар, шу жумладан илмий ходимлар сони 130 нафар бўлган Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар марказининг тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази тўғрисидаги низом 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Марказ директорига Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти билан келишилган ҳолда зарурат туғилганда Марказнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Белгилансинки, Марказ директори Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаментининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади.


5. Марказга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тадқиқотларга тармоқ экспертлари сифатида контракт асосида давлат бошқаруви органлари, идоралар, банкларнинг мутахассисларини, тадқиқот марказлари ходимларини, олий ўқув юртлари, шу жумладан чет эл олий ўқув юртларининг олимлари ва ўқитувчиларини жалб этиш;

бошқа илмий тадқиқот ташкилотлари, жамғармалар, университетлар, шу жумладан халқаро ва хорижий ташкилотлар, жамғармалар, университетлар билан қўшма тадқиқотлар ўтказишга шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш муаммолари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳ ва маълумотномалар чоп этиш;

Марказ зиммасига юкланган вазифалар доирасида марказий иқтисодий органлар, вазирликлар, идоралар, банклар ва бошқа ташкилотлардан зарур норматив, статистик ва таҳлилий ахборотларни талаб қилиб олиш.


6. Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

мақсадли бюджет маблағлари, вазирликлар, идоралар ва банкларнинг буюртманомалари бўйича тадқиқотлар ўтказишга улар томонидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари доирасида Марказнинг ўз фаолиятидан оладиган даромадлари.

Марказ даромадлари солиққа тортиш объекти эмаслиги белгилаб қўйилсин.


7. Марказ:

Ўзбекистон Республикаси Президентинипг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис материаллари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, вазирликлар ҳамда идораларнинг норматив ва йўриқнома ҳужжатлари юборилиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат мулки қўмитасининг статистик ахборотномалари юборилиши шарт бўлган рўйхатга киритилсин.


8. Марказ:

Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ҳафта муддатда Марказнинг лавозимлар рўйхатини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

бир ой муддатда Марказ бўлинмалари республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг моҳиятини чуқур англайдиган юқори малакали, тажрибали мутахассислар билан контракт асосида тўлдирилишини таъминласин.


9. Белгилансинки, Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Самарали иқтисодий сиёсат маркази, Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ-бюджет сиёсати маркази, Марказий банк ҳузуридаги Пул-кредит сиёсати маркази, Банк-молия тизими ривожланишини прогнозлаш ва эркинлаштириш институтининг шартномалари ҳамда мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.


10. Марказ қуйидаги манзилда жойлаштирилсин: Тошкент шаҳри, А. Қаюмов кўчаси, 2, мазкур бино Ўзбекистон Республикаси Марказий банки балансидан Марказ балансига бепул ўтказилади, ва Ғуломов кўчаси, 1.


11. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Иқтисодий тадқиқотларни ташкил қилишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2000 йил 29 ноябрдаги 464-сонли қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг "Банк-молия соҳасидаги тадқиқотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2002 йил 18 ноябрдаги 398-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


12. Ушбу қарорининг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Голишев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 30-31-сон, 226-модда.