Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси тўғрисида Намунавий Низом (ЎзР ВМ 02.12.2003 й. 538-сон қарорига 6а-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 2 декабрдаги

538-сон қарорига

6а-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва

қурилиш қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш

назорати ҳудудий инспекцияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг 25-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда "Давархитектқурилиш" қўмитаси деб аталади) давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва жавобгарлигини белгилайди.

Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига ҳисоб беради.


2. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Олий Мажлис қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасининг буйруқлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Инспекция Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси тизимига киради, қонун ҳужжатларида белгиланган ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат стандартларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилади.


4. Инспекция давлат мулки шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.



II. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

объектлар қурилишини молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, қурилишнинг барча босқичларида лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига, давлат стандартларига, қурилиш нормалари ва қоидаларига, ишларни амалга ошириш технологиясига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

молиялаштириш манбаларидан ва буюртмачининг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча қурилиш объектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатномалар бериш;

бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг, қўлланаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг давлат стандартлари талабларига ва техник шартларга мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш;

қурилиш индустрияси корхоналарида қурилиш материаллари, конструкциялари, буюмларини ишлаб чиқариш шарт-шароитларининг давлат стандартларига, норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишларида мажбурий равишда қатнашиш;

иш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, объектларни қуриш ва қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқариш сифати устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари бўйича норматив-методик ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

қурилишда стандартлаштириш ва қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини сертификатлаш бўйича ишларни амалга ошириш.


6. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги назорат функцияларини бажаради:

а) капитал қурилиш объектларини рўйхатдан ўтказади (якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектлари бундан мустасно) ва қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатнома беради;

б) қуйидагиларни:

аҳоли яшаш пунктларини қуришнинг бош режаси амалга оширилишига риоя қилинишини;

ер участкалари ажратишнинг аҳоли яшаш пунктларини қуришнинг бош режаси қоидаларига мувофиқлигини;

лойиҳа ҳужжатларининг норматив талабларга мувофиқлигини;

қизил чизиқларга риоя қилинишини;

ажратилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

бошланғич - рухсат бериш ҳужжатлари мавжудлигини назорат қилади ва бош режаларга риоя этилишини назорат қилишда аниқланган ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишни тўхтатиб қўяди, бош режаларнинг аниқланган бузилишларини таҳли қилади, тенденцияларни ҳудудлар бўйича умумлаштиради ҳамда ҳудудий архитектура ва қурилиш бош бошқармасига, ҳокимликка ва "Давархитектқурилиш" қўмитасига таҳлилий ахборот ва бош режалар бузилишини бартараф этиш юзасидан таклифлар тақдим этади;

лойиҳалаш ва пудрат ташкилотларида - ишлар ва хизматларни бажарувчиларда лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган лицензияланадиган турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензияларнинг мавжудлигини;

бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифатли ва қурилиш нормалари ва қоидаларига, норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини, шунингдек пудрат ташкилоти томонидан ижро ҳужжатлари юритилишини;

умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари, тегишли йўл инфратузилмаси қурилиши ва таъмирланишини;

норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларида назар тутилган синовлар, суратга олишлар ва ўлчашлар ўтказилишини;

қўлланаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг давлат стандартларига, нормалар ва техник шартларга мувофиқлигини

қурилиш индустрияси корхоналарида қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш шароитларининг давлат стандартлари, нормаларига ва техник шартларга мувофиқлигини назорат қилади;

в) техника комиссияларининг бинолар, иншоотлар, уларнинг қисмлари ва конструктив элементларининг авария ҳолатларини ва авариялари сабабларини текшириш бўйича ишларида қатнашади;

г) шартнома асосида мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник аҳволини уларни тиклаш ёки реконструкция қилиш мақсадида текширади ва хулосалар беради;

д) зарур ҳолларда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмларининг назорат ўлчовини амалга оширишда қатнашади;

е) қурилиш маҳсулотларининг сифатини таъминлаш, қонун ҳужжатларига риоя қилиш масалалари бўйича давлат назоратининг бошқа ваколатли органлари, илмий-тадқиқот, лойиҳалаштириш ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

ж) қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига давлат стандартлари, қурилиш нормалари ва қоидалари талабларининг бузилишига йўл қўяётган ташкилотлар ва корхоналарнинг муҳандислик-техник қидирувларни ўтказиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш фаолиятини амалга оширишга берилган лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида таклифлар киритади;

з) қонун ҳужжатларига мувофиқ қурилиш соҳасидаги қонун бузилишлари учун жарима санкциялари белгилаш тўғрисида қарор қабул қилади;

и) ўтказилган назорат натижаларини умумлаштиради ва таҳлил қилади, қурилиш сифатини яхшилаш бўйича норматив талабларни, методик ва йўриқнома ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;

к) қурилишда стандартлаш ва қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини сертификатлаш ишларини олиб боради.


7. Инспекция:

лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларининг зарур сифати таъминланиши;

бинолар ва иншоотларнинг сейсмик барқарорлигини таъминлаш тадбирларининг бажарилиши, рўйхатдан ўтказилган қурилиш объектларини архитектура жиҳатидан жиҳозлаш нормаларига, қоидалар ва стандартлар, техник шартларга риоя этилиши;

лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларининг, ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг сифатини яхшилаш масалаларини тартибга солувчи норматив талаблар, методик ва йўриқнома ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва такомиллаштирилиши;

қўлланаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг давлат стандартларига, нормалар ва техник шартларга мувофиқлиги устидан зарур назорат таъминланиши;

қурилиш индустрияси корхоналарида қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш шароитларининг давлат стандартлари, нормаларига ва техник шартларга мувофиқлиги учун жавоб беради.


8. Марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга оширилган, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олишда Инспекция вакили, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Давлат қабул комиссияси раисининг ўринбосари этиб тайинланади.


9. Марказлаштирилган манбалар ҳисобига объектларни қуришда уни рўйхатдан ўтказган Инспекция ҳар ойда буюртмачига бажарилган ишларнинг шаҳарсозлик нормалари, қоидаларига, стандартларга ва техник шартларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Қурилиш тугаллангандан кейин якуний хулоса берилади.


10. Инспекция мунтазам асосда "Давархитектқурилиш" қўмитасининг Лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифати устидан давлат назорати бош бошқармасига белгиланган шакллар бўйича ахборот ва зарур материаллар тақдим этади.



III. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


11. Инспекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юкланган вазифаларни бажариш мақсадида ташкилотларда, қурилиш объектларида ҳамда қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқарувчи корхоналарда бўлиш;

лойиҳалаштириш, пудрат ташкилотлари ва буюртмачи ташкилотлардан лойиҳа, технология ва ижро ҳужжатларини ҳамда қўлланилаётган материаллар, буюмлар, конструкциялар ва бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини текшириш учун зарур бўлган бошқа материалларни олиш;

пудрат ташкилотларига конструкциялар, узеллар ва деталларнинг айрим элементларини очишни, тагзаминдаги тупроқни синашни ва қайта ёпиб қўйишни, қўлланилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкцияларини, муҳандислик тизимларини синаб кўришни топшириш, зарурат бўлганда тегишли хулоса тайёрлаш учун экспертларни жалб қилиш;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш;

йўл қўйилган бузилишларни бартараф этиш тўғрисида ўз ваколатлари доирасида қурилиш қатнашчилари ва қурилиш материаллари, буюмлари, конструкцияларини тайёрловчилар (етказиб берувчилар) томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг объектлар қурилиши сифатини назорат қилувчи техник назорат ишлаб чиқариш хизматлари ҳамда синов лабораториялари ишини танлаб назоратдан ўтказиш;

лойиҳани ишлаб чиққан муаллифлар томонидан муаллифлик назорати юритилишини назорат қилиш, асосланган ҳолларда уларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ санкциялар қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига капитал қурилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузувчиларга нисбатанқонун ҳужжатларига мувофиқ санкциялар қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

қурилиш материаллари, конструкциялари, буюмларини тайёрлаш, юклаш-тушириш, ташиш, сақлаш бўйича давлат стандартлари талаблари ва техник шартлар бузилишлари аниқланганда уларни ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш;

тасдиқланган лойиҳа ечимлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганда, ушбу бузилишлар пишиқлик ва мустаҳкамлик тавсифларини пасайтиришга олиб келганда, шунингдек бинолар ва иншоотларда авария хавфи пайдо бўлганда, объектлар ўзбошимчалик билан қурилганда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилишини тўхтатиб туриш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши бундан мустасно;

буюртмачи ва пудратчининг ташкилотларига капитал қурилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритиш;

бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва қурилиш объектларининг ҳолати ҳақида эксперт хулосалари бериш;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда қоидалар бузилганлиги тўғрисидаги материалларни тегишли органларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган қабул қилиш қоидалари бузилган ҳолда топширилган объектларни статистика ҳисоботидан чиқариш тўғрисидаги материалларни статистика органларига бериш.



IV. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг давлат инспекторлари ўз функционал фаолиятини Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан ҳар йили ўтказиладиган аттестация натижаларига кўра бериладиган сертификатлар асосида амалга оширадилар.


13. Қурилиш объектларида назорат ишлари буюртмачи ва пудратчининг буйруқлари билан тайинланадиган уларнинг масъул вакиллари иштирокида ўтказилади.

Зарур ҳолларда назорат мақсадлари учун лойиҳалаштириш, банк ва (ёки) бошқа манфаатдор ташкилотлар мутахассислари шартнома асосида жалб этилиши мумкин.


14. Қурилиш материаллари, конструкциялари, буюмлари саноати корхоналарида назорат ишлари ишлаб чиқаришнинг техник шартларига риоя этилиши учун масъул бўлган мансабдор шахслар (бош муҳандис, цех бошлиғи, техника назорати бўлими бошлиғи ва бошқалар) иштирокида ўтказилади.


15. Назорат ишлари натижаларига кўра ишларни бажариш дафтарига тегишли ёзув ёзилади, Инспекция инспектори, буюртмачи ва пудратчининг вакиллари имзолайдиган далолатнома тузилади, зарур ҳолларда ёзма кўрсатма берилади.

Буюртмачи ёки пудратчи вакиллари далолатномада баён қилинган хулосаларга рози бўлмаган тақдирда, уни ўз эътирозларини ёзма шаклда қайд этган ҳолда имзолайдилар.


16. Инспекция инспекторлари ўз функционал вазифаларини бажаришда давлат назоратининг бошқа ваколатли органлари, солиқ инспекцияси, банк муассасалари, прокуратура органлари, судлар, ҳокимликларнинг тегишли хизматлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ва оммавий ахборот воситалари органлари билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар.


17. Инспекцияларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.


18. Инспекция инспекторлари ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ва етказилган зарар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


19. Инспекциянинг молия-хўжалик фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.

Инспекция ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига ўз даромадларининг 10 фоизи миқдорида ажратма ўтказади.


20. Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси раисининг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


21. Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.





















































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск