Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.08.1992 й. 362-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 3 августдаги

362-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини

бошқариш ва хусусийлаштириш

қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 10 февралдаги Фармони билан бозор муносабатларини шакллантириш чора-тадбирларини амалда рўёбга чиқариш, тадбиркорлик ва рақобатни рағбатлантириш, унумли меҳнатни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, республика ҳудудида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг ягона сиёсатини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Давлат мулки қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига ҳисоб бериб туради.


2. Қуйидагилар Давлат мулки қўмитасининг бош вазифалари ҳисобланади:

республикадаги, шунингдек унинг ташқарисидаги давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни амалга оширишда халқнинг мулкий ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат принципларини, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий мустақиллиги ва миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикасининг давлат мулкини республика мулкига ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкига (коммунал мулкка) ажратишни амалга ошириш;

давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган корхоналар ҳамда мол-мулк турлари ва гуруҳларини аниқлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлатнинг республика ва коммунал мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиқлагандан кейин рўёбга чиқариш;

республиканинг давлат мулки бўлган корхоналарини жамоа, ижара, акционерлик, хусусий корхоналарга ва мулкчиликнинг ўзга шаклларига асосланган бошқа корхоналарга айлантириш тартиби ва тизимини аниқлаш;

хорижий давлатлар юридик ва хусусий шахсларининг давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиши тартибини ва квоталар миқдорини асослаш;

тасдиқланган дастурларга мувофиқ давлат мулкининг аниқ объектларини, энг аввало, паст рентабелли ва зарар кўриб ишловчи корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

давлат мулкини қайта рўйхатдан ўтказиш, давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объектлар қийматини баҳолаш ишларини ташкил этиш;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича танловлар, кимошди савдолари ўтказиш тартибини, уларда харидорларнинг қатнашиши шартларини ишлаб чиқиш;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг махсус жамғармаларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби бўйича таклифларни асослаш;

республика ва коммунал мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнига, Давлат мулки қўмитасининг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари фаолиятига ташкилий ва методик раҳбарлик қилиш.


3. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарорлари ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. Давлат мулки қўмитаси ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:

давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг давлат дастурини ишлаб чиқади ва уни рўёбга чиқаришни амалга оширади;

давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши керак бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари мулкининг эгаси ваколатини амалга оширади, республика ҳудудида ва унинг ташқарисида давлат мулкидан фойдаланиш ва уни бошқариш ҳуқуқини давлат идоралари ва хўжалик субъектларига беради;

Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки бўлган мол-мулкдан унинг ҳудудида ва чет элда самарали фойдаланилиши ва сақланишини назорат қилишни таъминлайди;

мол-мулкни баҳолашни ўтказиш тартиби ва методикасига мувофиқ ҳақ тўлаб сотиб олиниши ёки сотилиши керак бўлган давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва қийматини баҳолаш бўйича комиссиялар ташкил этади ва уларнинг ишига раҳбарликни амалга оширади;

давлат мулки объектларини хусусийлаштиришда сотувчи функциясини бажаради;

давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган меҳнат жамоаларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахслари ва фуқароларининг, шунингдек хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида қатнашиш ҳақидаги талабномаларини рўйхатга олади, улар бўйича қарор қабул қилади;

давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича танловлар ва кимошди савдолари ташкил этади, уларда харидорларнинг қатнашиши шартларини, ҳисоб-китоблар, мулкий ҳуқуқни расмийлаштириш тартибини белгилайди;

давлат акцияларини сотишни амалга оширади, улар давлат корхоналари негизида ташкил этилганда акционерлик жамиятлари, бошқа хўжалик жамиятлари ёки ширкатлар ташкил этади, давлат акцияларини сотишни амалга оширади, давлат мулкини ижарага берувчи (шу жумладан, ҳақ тўлаб сотиб олиш ҳуқуқи билан) ролини бажаради;

давлат мулки объектини сотиш нархини, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштуриш чоғида меҳнат жамоаси аъзоларига бериладиган имтиёзларни белгилайди;

тасдиқланган дастурлар асосида объектлар рўйхатини ва уларнинг гуруҳларини, давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда устунликларни, чеклашларни белгилайди;

давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича тадбирлар режасини тасдиқлайди;

давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши керак бўлган давлат мулки объектларини сотиб олувчи хорижий давлатлар ва МДҲ мамлакатларининг жисмоний ва юридик шахслари учун квоталар миқдорини ва уларнинг акцияларини ҳамда уларнинг иштирок этиши тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасининг мухтор вакили, давлатлараро акционерлик жамиятларининг муассиси сифатида иш кўради;

давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш давомида ўз ҳудудий идоралари фаолияти устидан ташкилий, методик раҳбарликни ва назоратни амалга оширади;

Давлат мулки қўмитаси ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича республика вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, концернлари ва давлат-акционерлик уюшмалари билан, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг ҳокимликлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

кўчмас мол-мулк билан аъмолларни амалга ошириш бўйича биржа фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар беради;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини бошқариб борувчи қонунлар, конунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этади, хўжалик фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулосалар беради;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида пайдо булувчи янги бозор тузилмалари ривожланишига кўмаклашади;

хусусийлаштириш жараёнларининг илғор жаҳон тажрибасини қўллаш мақсадида ўрганади.


5. Давлат мулки қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

ўз ваколатлари доирасида давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини тартибга солувчи меъёрий ва методик ҳужжатларни тасдиқлаш;

Вазирлар Маҳкамаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига давлат органлари томонидан амалдаги қонунчиликни, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланган давлат тасарруфидан чиқаришга хусусийлаштириш дастурларини бузган ҳолда давлат мулкига эгалик қилиш ҳуқуқини ўзгартиришни бекор қилиш, шунингдек айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги тақдимномаларни белгиланган тартибда киритиш;

давлат корхонасини жамоат корхонасига айлантиришда меҳнат жамоаси балансида бўлган ижтимоий инфраструктура ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш объектларини меҳнат жамоасига текин бериш тўғрисида қарор қабул қилиш;

давлат мулки корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда меҳнат жамоаларига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган имтиёзларни бериш;

давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объект фаолияти шартлари ва ўзаро мажбуриятлар тўғрисида муайян даврга тузилган битимни имзолаш;

инвестиция жамғармалари, хўжалик ҳисобидаги маслаҳат-тадқиқот ва эксперт хизмати, холдинглар, фонд биржалари ва кўчмас мулк биржалари ташкил этиш ва уларни тугатиш, мулкий ва бошқа жамғармалар, бошқа бозор тузилмаларини ташкил этишда қатнашиш;

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушувчи маблағларнинг 5 фоизи - Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мулк эгаси вакилининг давлат мулки билан тасарруф этиш, бошқарув ва тижорат аъмолларини бажариш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш бўйича ҳаражатларини қоплаш учун фойдаланиш;

вазирликлар, давлат, қўмиталари, идоралар, ҳокимликлар, концернлар. уюшмалардан, шунингдек бевосита бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлардан ўз фаолияти учун зарур бўлган маълумотнома, статистик ва ахборот материалларини олиш;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идораларидан, илмий-тадқиқот, аудиторлик, маслаҳат ташкилотлари (шу жумладан, хорижий ташкилотлардан шартнома асосида) ва бошқа ташкилотлардан экспертлар ва мутахассисларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш билан боғлиқ меъёрий-методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва экспертиза ўтказиш учун белгиланган тартибда жалб этиш;

янги мулкдорга мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи ордер бериш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

мутахассисларни белгиланган тартибда чет элга хизмат сафарига юбориш ҳамда Давлат мулки қўмитаси фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун хорижий мутахассисларни қабул қилиш.

7. Давлат мулки қўмитаси белгиланган тартибда ўз таркибий бўлинмаларини - хусусийлаштириш ва давлат мулкини бошқариш бўйича ҳудудий бошқармаларни ташкил этади ва уларнинг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади. Ҳудудий бошқармалар Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади, бевосита Давлат мулки қўмитасига бўйсунади ҳамда амалий фаолиятларида халқ депутатлари тегишли маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг ҳокимликлари билан мустаҳкам ўзаро алоқада бўлади, юридик шахслар ҳисобланади, банкда ўзининг ҳисоб-китоб счётига ва муҳрга эга бўлади.

Ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари Давлат мулки қўмитаси раиси томонидан тайинланади. Ҳудудий бошқармалар тўғрисидаги Низом Давлат мулки қўмитаси ҳайъатининг қарори билан тасдиқланади.


8. Давлат мулки қўмитаси ўзига қарашли ташкилотларни - қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат мулкини бошқариш бўйича хўжалик ҳисобидаги марказни ҳамда давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши керак бўлган корхоналарнинг каталогларини, меъёрий-маълумотнома материалларни нашр этиш бўйича хўжалик ҳисобидаги бюрони, фонд биржасини ташкил этади ва уларнинг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.


9. Давлат мулки қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари, шу жумладан, республика давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларини бажариш бўйича қарорлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар, маҳаллий бошқарув органлари ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


10. Давлат мулки қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган раис бошчилик қилади.

Давлат мулки қўмитаси раиси қўмитага юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва унинг ўз функцияларини амалга ошириши учун шахсан жавоб беради, Давлат мулки қўмитаси марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари таркибий бўлинмалари раҳбарларининг фаолиятни алоҳида йўналишларига раҳбарлик қилишлари учун шахсан жавобгарликлари даражасини белгилайди.

Давлат мулки қўмитаси раисининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан, битта биринчи ўринбосари бўлади. Ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш қўмита раиси томонидан амалга оширилади.

Давлат мулки қўмитаси бўлимларининг бошлиқлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.


11. Давлат мулки қўмитасида Қўмита раиси (ҳайъат раиси), лавозими бўйича раис ўринбосарлари, шунингдек бошқа раҳбар ходимлардан иборат таркибда 9 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади. Давлат мулки қўмитаси ҳайъати аъзоларининг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


12. Давлат мулки қўмитаси ҳузурида маслаҳат бериш функциялари берилган мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади. Унга лавозими бўйича Давлат мулки қўмитаси раисининг ўринбосарлари, Қўмита ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари, шунингдек олимлар, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий бошқарув органларининг мутахассислари, жамоат ташкилотлари вакиллари киради. Кенгашнинг шахсий таркиби қўмита томонидан тасдиқланади. Кенгашга қўмита раиси бошчилик қилади.


13. Давлат мулки қўмитаси марказий аппаратининг тузилмаси ва ходимлари сони Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат мулки қўмитасининг раиси Қўмитанинг тасдиқланган тузилмасига белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади,

Давлат мулки қўмитаси марказий аппарати бўлимлари, унинг ҳудудий бошқармалари, унга қарашли ташкилотлар ва инвестицион жамғармалар тўғрисидаги Низом Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.


14. Давлат мулки қўмитаси органларининг ходимлари хизмат бурчларини бажариш чоғида ҳокимият органлари вакиллари мақомига тенглаштириладилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан тенг ҳолда қонун билан муҳофаза қилинадилар.

Давлат мулки қўмитаси ходими хизмат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда ҳалок бўлган тақдирда ҳалок бўлганнинг оиласига республика бюджети маблағлари ҳисобидан эллик ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўланади, кейинчалик бу маблағ айбдор шахслардан ундириб олинади.

Давлат мулки қўмитаси ходимларига профессионал фаолият билан шуғулланишни истисно қилувчи оғир тан жароҳати етказилган тақдирда уларга республика бюджети маблағлари ҳисобидан йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўланади, кейинчалик бу маблағ айбдор шахслардан ундириб олинади. Шунингдек, ҳар ойда уларнинг лавозим маошлари билан пенсиялар ўртасидаги фарқ миқдорида маблағ тўланади.

Давлат мулки қўмитаси ходимларига унча оғир бўлмаган тан жароҳати етказилганда уларга республика бюджети маблағлари ҳисобидан беш ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўланади, кейинчалик бу маблағ айбдор шахслардан ундириб олинади.


15. Давлат мулки қўмитаси раиси, унинг ўринбосарлари, Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари халқ депутатлари, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг сайлаб қўйиладиган органлари аъзолари бўлишлари мумкин эмас. Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар, маҳаллий бошқарув органлари ва фуқаролар билан тижорат ва меҳнат муносабатларига киришишлари, хизмат бурчларини бажаришдан шахсий фойда олишлари мумкин бўлган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишлари мумкин эмас. Улар бевосита ёки бошқа шахслар орқали Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан сотишга тайёрланадиган корхоналар ва қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Мазкур чеклашлар қайд қилиб ўтилгаи мансабдор шахсларнинг бутун ишлашлари муддатида ва улар эгаллаб турган лавозимларидан бўшаганларидан кейин икки йил давомида амал қилади.


16. Давлат мулки қўмитаси юридик шахс ҳисобланади, банкда ўз ҳисоб-китоб счётига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилгаи муҳрга эга бўлади.


















Время: 0.0061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск