язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.02.1992 й. ПФ-350-сон "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

21.02.1992 й.

N ПФ-350



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ

ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАР ВАЗИРЛИГИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи иқтисодий сиёсатини ўтказиш, ташқи бозорда умумдавлат манфаатларини таъминлаш, чет мамлакатлар билан иқтисодий, техникавий ва савдо ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, бу соҳада бошқарувни такомиллаштириш ва халқаро миқёсдаги самарали ишда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига зарур шарт-шароит яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо ва хорижий алоқалар давлат комитети негизида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ташкил этилсин.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги қошида Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси негизида Тижорат-реклама маркази ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ишлаб чиқариш фирмалари амалга оширадиган четга чиқариладиган ва четдан олинадиган товарлар экспертизасини ўтказиш, чет элларда кўргазмалар ва ярмаркалар ташкил этиш, шунингдек реклама хизматлари кўрсатиш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ўтказилсин.


2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликнинг республика учун устувор йўналишларини белгилаш асосида давлат ташқи иқтисодий сиёсатини шакллантириш ва ўтказиш, ташқи савдони рағбатлантириш воситаларини ишлаб чиқиш;

ташқи иқтисодий фаолиятни давлат йўли билан тартибга солиб туриш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг Ўзбекистон ҳудудида иш кўраётган қатнашчилари ана шу фаолиятни амалга оширишнинг белгиланган тартибига қандай риоя этаётганликларини назорат қилиш;

Ўзбекистонда ва ундан ташқарида республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини ифодалаш;

ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ташкилий ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиш;

Ўзбекистонни жаҳон хўжалик алоқаларига фаол жалб этиш йўли билан республика халқ хўжалиги ва аҳолисининг хорижий мамлакатлар маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш;

ташқи иқтисодий алоқалар тармоқлари мажмуини ривожлантириш, жумладан ахборот тизимларини вужудга келтириш, транспорт-экспедиторлик хизматини таъминлаш, четга чиқариладиган ва четдан олинадиган товарларга шаҳодатнома бериш;

республиканинг четга мол чиқариш қувватини оширишга оид таклифларни ишлаб чиқиш;

республика иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш, жумҳуриятнинг маблағларини чет элларда оқилона жойлаштириш;

жумҳуриятда, шунингдек чет элларда Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолияти қатнашчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган давлатлар билан, шунингдек бошқа хорижий мамлакатлар билан ташқи иқтисодий алоқалар масалаларида ҳамжиҳатликни таъминлаш.


3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, корхоналар ва муассасалар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари, мансабдор шахслар ва фуқаролар ижро этиши учун мажбурийдир.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин, вазирлик тузилмасини ва унинг ҳақидаги низомни тасдиқласин, республика ҳукуматининг меъёрий ҳужжатларини ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.

5. "Ўзбекистон ССР Ташқи савдо ва хорижий алоқалар давлат комитетини ташкил этиш тўғрисида" 1990 йил 12 июлдаги Фармон ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов

"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1992 й., 4-сон, 202-модда