Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фан /

Аспирантура (докторантура) тўғрисида Низом (АВ томонидан 03.09.2007 й. 1707-сон билан рўйхатга олинган 09.08.2007 й. ОЎМТВ 164-сон, ССВ 11-сон, КСХВ 3/10-сон, ХТВ 19-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 3 сентябрда 1707-сон

билан рўйхатга олинган

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,

Халқ таълими вазирлигининг

2007 йил 9 августдаги

164, 11, 3/10, 19-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Аспирантура (докторантура) тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида", "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 августдаги "Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-436-сон қарорига мувофиқ олий ўқув юртидан кейинги таълимни аспирантура, адъюнктура ва докторантура орқали ёки мустақил таълим шаклида ташкил этиш ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш тартибини белгилайди.



I. ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

МУАССАСАСИДА АСПИРАНТУРА

(АДЪЮНКТУРА) ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§-1. Умумий қоидалар


1. Аспирантура (адъюнктура) олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар ҳамда замонавий илмий-тадқиқот базасига эга бўлган олий таълим муассасаси (бундан кейинги ўринларда ОТМ деб юритилади) ёки илмий-тадқиқот муассасасида (бундан кейинги ўринларда ИТМ деб юритилади) тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот олиб бориш усуллари ва воситаларини ўрганишлари, юқори савияда мустақил илмий, педагогик ва тарбиявий иш олиб бориш қобилиятини эгаллашлари учун очилади.


2. Тегишли ихтисослик бўйича аспирантура ОТМ ёки ИТМнинг бўйсунувига кўра мос равишда Фанлар академияси (бундан кейинги ўринларда ФА деб юритилади), вазирлик ва идоралар қарорлари билан очилади.


3. Муайян ихтисослик(лар) бўйича олий малакали кадрлар (фан докторлари ва номзодлари) ҳамда замонавий илмий-тадқиқот базасига эга бўлган ОТМ ва ИТМлари аспирантура очишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги идоравий бўйсунувига мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат этадилар. Мурожаат билан бирга ОТМ ёки ИТМ Илмий кенгашининг тегишли қарори, аспирантура (адъюнктура) очилиши режалаштирилаётган ихтисослик(лар) бўйича муассасада фаолият кўрсатаётган фан докторлари ҳамда илмий раҳбарлик ҳуқуқига эга бўлган фан номзодлари тўғрисидаги маълумот кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган ҳолда мазкур Низомда келтирилган иловага мувофиқ тақдим этилади.


4. ФА вазирлик ва идоралар ўз тасарруфидаги муассасалар аспирантура (адъюнктура)лари фаолиятини мувофиқлаштирадилар, уларнинг самарадорлиги (аспирантлар томонидан диссертацияларнинг ўз муддатида ҳимоя қилиниши ёки Ихтисослашган кенгашга тақдим этилиши) юзасидан мониторинг ва назорат ишларини олиб борадилар ҳамда уларга илмий-услубий раҳбарлик қиладилар.


5. Аспирантура (адъюнктура)га давлат грантлари бўйича йиллик қабул режалари лойиҳаси давлат аккредитациясидан ўтган ихтисосликлар бўйича ФА, вазирлик ва идоралар томонидан муассасалардаги илмий-педагогик кадрларга бўлган реал эҳтиёж, аспирантура (адъюнктура) самарадорлиги, муайян ихтисослик бўйича мавжуд илмий раҳбарлар фаолияти самарадорлиги ҳамда ҳар бир илмий раҳбарга бир вақтнинг ўзида бириктирилиши мумкин бўлган аспирантлар сони бўйича мазкур Низомда белгиланган нормалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади ва Молия вазирлиги ажратган маблағ доирасида тасдиқланади.


6. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аспирантура (адъюнктура) орқали шартнома асосида тайёрлаш ОТМ ва ИТМлар томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


7. Аспирантура (адъюнктура)ларга қабул тасдиқланган режага асосан ФА, вазирлик ва идоралар, ОТМ ва ИТМларнинг оммавий ахборот воситаларида берган эълонларига мувофиқ танлов асосида йилда бир марта сентябрь-октябрь ойларида амалга оширилади ҳамда ноябрь ойидан расмийлаштирилади. Қабул тўғрисидаги таҳлилий ҳисоботлар йилнинг 15 ноябрига қадар ФА, вазирлик ва идораларга тақдим этилади.


8. Аспирантура (адъюнктура)га олий маълумотли мутахассис дипломига ёки магистр даражасига эга бўлган, илмий изланиш олиб бориш қобилиятини намоён эта олган шахслар уч йиллик муддатга қабул қилинадилар.


9. Аспирантура (адъюнктура)га кираётган шахслар аспирантура (адъюнктура) фаолият кўрсатаётган ОТМ ёки ИТМга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

а) ариза;

б) шахсий варақа ва таржимаи ҳол;

в) иш жойидан тавсифнома (бошқа ташкилотлардан юбориладиган шахслар учун);

г) чоп этилган илмий ишлари ва ихтиролари рўйхати ҳамда уларнинг нусхалари, илмий-тадқиқот ишлари тўғрисидаги ҳисоботлар рўйхати (агар мавжуд бўлса).

Илмий ишлари эълон қилинмаган ва ихтиролари бўлмаган шахслар танлаган ихтисослиги бўйича 20 бетдан кам бўлмаган илмий маъруза (реферат) тақдим этадилар. Илмий маърузага соҳа бўйича мутахассис-олим тақризи илова қилиниши лозим;

д) аспирантура (адъюнктура)га бевосита ОТМни тугатгандан кейин ҳужжат топшираётган шахслар (магистратура талабалари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиатлари, имтиёзли диплом эгалари, ОТМ Илмий кенгаши тавсияси мавжуд даъвогарлар) учун ОТМ Илмий кенгаши мажлисининг баёнидан кўчирма;

е) олий таълимнинг барча босқичларини ўтганлигини тасдиқловчи диплом нусхаси;

ж) номзодлик имтиҳонларини топширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (агар топширган бўлса);

з) меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси (ишлаётганлар учун);

и) тиббий маълумотнома (086-шакл);

й) 4x6 ўлчамдаги 4 дона фотосурат;

к) паспорт ва ҳарбий билет (агар мавжуд бўлса) шахсан кўрсатилади.


10. Аспирантура (адъюнктура)га қабул қилиш учун ОТМ ректори ёки ИТМ директори раислигида қабул комиссияси ташкил этилади. Қабул комиссиясининг аъзолари ректор (директор) томонидан аспирантура (адъюнктура) ихтисосликлари бўйича етакчи олимлардан тайинланади. Комиссия таркибига имтиҳон топшириладиган ихтисослик бўйича фан доктори ёки профессорлар киритилади, комиссиянинг қолган аъзолари фан номзодлари бўлиши мумкин.


11. Аспирантура (адъюнктура)га кираётган шахслар мўлжалланаётган илмий раҳбар билан суҳбатдан ўтадилар. Мўлжалланаётган илмий раҳбар ОТМ ректори ёки ИТМ директорига илмий раҳбарликка розилигини ёзма равишда маълум қилади. Қабул комиссияси мўлжалланаётган илмий раҳбарнинг розилигини ҳисобга олиб, шунингдек, аспирантура (адъюнктура)га кирувчининг мутахассислик бўйича реферати ёки тақдим этган илмий ишлари, илмий-техник ҳисоботлари, ихтиролари, тажриба-конструкторлик ишлари ва нашр этилган мақолаларини таҳлил қилиб, кириш имтиҳонларини топширишга рухсат этиш тўғрисида қарор қабул қилади. ОТМ ректори ёки ИТМ директори ушбу қарор асосида аспирантура (адъюнктура)га кирувчини имтиҳонларни топширишга қўйиш тўғрисида буйруқ чиқаради ва бир ҳафталик муддатда унга маълум қилади.


12. Аспирантура (адъюнктура)га кириш имтиҳонлари рўйхати ва дастури қабул комиссияси томонидан тегишли ихтисослик моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, ФА, вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Аспирантура (адъюнктура)га кирувчилар Ўзбекистон тарихи, фалсафа, чет тили (инглиз, немис, француз ёки бошқа тиллардан бири) ва ихтисослик бўйича кириш имтиҳонларини топширадилар. Ихтисослик бўйича кириш имтиҳони бошқа фанлар имтиҳонларидан олдин топширилади.


13. Аспирантура (адъюнктура)га кириш имтиҳонларини топширувчи шахсларга имтиҳонларга тайёрланиш ва топшириш учун иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини сақланган ҳолда 12 календарь кунгача қўшимча таътил берилади. Аспирантура (адъюнктура)га кирувчилар ушбу таътилдан бир йилда бир марта фойдаланадилар. Аспирантура (адъюнктура)га кириш имтиҳонларини топширмасдан қабул қилинадиган (хусусан, номзодлик имтиҳонларини топширган) шахслар бундай ҳуқуқдан фойдаланмайдилар.

ОТМ ректори ёки ИТМ директорининг кириш имтиҳонларига қўйилганлик ҳақидаги билдириш хати қўшимча таътил бериш учун асос ҳисобланади. Кириш имтиҳонларига келиб-кетиш билан боғлиқ йўл харажатлари йўлловчи ташкилот ҳисобидан қопланади.


14. Номзодлик имтиҳонларини қисман ёки тўлиқ (мутахассисликдан ташқари) "яхши" ёки "аъло" баҳоларга топширган шахслар 5 (беш) йил давомида аспирантура (адъюнктура)га киришда тегишли кириш имтиҳонларини топширишдан озод этиладилар.

Номзодлик имтиҳонларини тўлиқ (мутахассисликдан ташқари) топширган шахслар мутахассислик бўйича кириш имтиҳонини "аъло" ёки "яхши" баҳоларга топширсалар, аспирантура (адъюнктура)га танловсиз қабул қилинадилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 25 мартдаги 157-сонли қарорига мувофиқ магистратура талабалари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиатлари магистратурани тугатганларидан сўнг 2 (икки) йил, Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек ва Имом ал-Бухорий давлат стипендиялари (бундан кейинги ўринларда Давлат стипендиялари деб юритилади) совриндорлари эса 1 (бир) йил давомида аспирантура (адъюнктура)га кириш имтиҳонларисиз қабул қилинадилар. Агар мутахассислиги тўғри келмаса, фақат мутахассислик фанидан кириш имтиҳонини топширадилар.


15. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича аспирантура (адъюнктура)га қабул қилиш давлат буюртмаси асосида ОТМ ректори ёки ИТМ директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Аспирант (адъюнкт) учун ўрнатилган тартибда фан докторлари ёки илмий раҳбарликка рухсати бўлган фан номзодлари таркибидан илмий раҳбар тайинланади. ОТМ ёки ИТМлари Илмий кенгашининг қарорига кўра аспирантга илмий раҳбарлик қилиш учун тегишли ихтисослик бўйича камида 5 йиллик илмий ва илмий-педагогик стаж, доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган фан номзодлари ҳам тайинланиши мумкин. Зарур ҳолларда аспирант (адъюнкт)га бошқа ташкилотдан ҳам илмий раҳбар тайинланиши мумкин. Ўзаро яқин ихтисосликлар орасида илмий-тадқиқот ишлари бажарилаётганда икки нафар илмий раҳбар ёки илмий раҳбар ва маслаҳатчи тайинланишига рухсат этилади, бунда уларнинг бири фан номзоди бўлиши мумкин.


16. Аспирант (адъюнкт)га аспирантура (адъюнктура)га қабул қилинган кундан бошлаб стипендия тайинланади.


17. Молия вазирлиги аспирантурага қабул бўйича тасдиқланган режа асосида тайёрланган харажатлар сметасига кўра ФА, вазирлик ва идораларга ОТМлари учун давлат бюджетининг маориф, ИТМлари учун давлат бюджетининг фан соҳаси бўйича белгиланган тартибда тегишли маблағларни ажратади ва ушбу маблағлар ҳисобидан аспирантларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича белгиланган тартибда стипендия тўланади.

Адъюнктларнинг моддий таъминоти ҳарбий таълим учун ўрнатилган тартибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг аспирантлар учун Давлат стипендиялари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ҳайъати қарорига асосан ОТМ ва ИТМ буйруғи билан тўланади.


18. Аспирантура (адъюнктура)да ўқиш муддатига ҳар йили бериладиган 30 календарь кундан иборат ҳақ тўланадиган таътил ҳам киради ва бу муддат илмий-педагогик (ҳарбий) стажга қўшилади.


19. Аспирантура (адъюнктура) муддати тегишли ҳужжатлар мавжудлигида узоқ давом этган касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда захирадаги ҳарбийларнинг чақирув билан боғлиқ таътиллари даврига узайтирилиши мумкин.


20. Аспирантлар ўқиш даври давомида илмий ва илмий-педагогик фаолият билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилинмайдилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


21. Аспирантура (адъюнктура)да таҳсил олаётган шахслар аспирант (адъюнкт)нинг шахсий иш режаларини сабабсиз бажармаслик, ОТМ ёки ИТМ ички тартиб-қоидаларини бузганлик сабаблари туфайли аспирантура (адъюнктура)дан четлаштирилишлари мумкин. Мазкур сабабларга кўра аспирантура (адъюнктура)дан четлаштирилган шахслар аспирантура (адъюнктура)га қайта тикланмайдилар.


22. Аспирантурани муддатидан илгари диссертация ҳимояси билан тамомлаган аспирантларга ОТМ ва ИТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан беш ойлик стипендия миқдорида мукофот тўланади. Диссертация ишини муддатидан илгари ҳимоя қилган аспирант 30 календарь кундан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилгандан сўнг аспирантурадан чиқарилади.


23. ОТМларида илмий раҳбарларнинг аспирантлар билан олиб борадиган иши ҳар бир аспирант учун 100 соат ҳажмида уларнинг умумий дарс соатлари ҳисобига киритилади. ИТМларида эса илмий раҳбарга ҳар бир аспирант учун давлат бюджетининг фан соҳаси маблағларидан, аспирант шартнома бўйича тайёрланаётган бўлса, шартнома суммасидан бир йилда 100 соат ҳисобидан ҳақ тўланади.


24. Диссертация ишини муддатидан илгари ёки муддатида ҳимоя қилган аспирантнинг илмий раҳбари ОТМ ёки ИТМ раҳбарияти томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан уч ойлик маош миқдорида моддий рағбатлантирилади.


25. Аспирантнинг авторефератини чоп этиш ва тарқатиш билан боғлиқ сарф-харажатлари ОТМлар томонидан давлат бюджетининг маориф, ИТМлар томонидан давлат бюджетининг фан соҳаси маблағлари ҳисобидан қопланади.


26. Аспирантурада ўқиш муддати аспирантура битирувчиларининг умумий, мутахассислиги бўйича ва илмий-педагогик стажига қўшилади.



§-2. Мақсадли аспирантура


27. Мақсадли аспирантура - олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашнинг асосий шаклларидан бири ҳисобланиб, идора ичида, вазирлик ва идоралараро ҳамда давлатлараро бўлади.

Идора ичида мақсадли аспирантура орқали кадрлар тайёрлаш - бирор ОТМ ёки ИТМ ўз вазирлиги ёки идораси тасарруфидаги бошқа ОТМ ёки ИТМ учун кадрлар тайёрлашидир.

Идоралараро мақсадли аспирантура орқали кадрлар тайёрлаш - бирор ОТМ ёки ИТМнинг бошқа вазирлик ёки идора тасарруфидаги ОТМ ёки ИТМ учун кадрлар тайёрлашидир.

Давлатлараро мақсадли аспирантура орқали кадрлар тайёрлаш - бир мамлакатнинг ОТМ ёки ИТМ бошқа мамлакатнинг ОТМ ёки ИТМлари учун кадрлар тайёрлашидир.

Аспирантларни идора ичида (муассасалар филиаллари бундан мустасно) ва идоралараро мақсадли тайёрлаш учун уларни йўлловчи ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузилади.

Аспирантларни давлатлараро мақсадли тайёрлаш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилган тартибда мамлакатларга ажратилган квоталар доирасида ёки ФА, вазирлик ва идоралар йўлланмаси асосида амалга оширилади.

Мақсадли аспирантурага ўринлар йўлловчи ва қабул қилувчи томонлар ўртасида тузилган шартнома нусхаси тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилгандан сўнг ажратилади.

ИТМ, ОТМлари ва ташкилотлар томонидан юбориладиган шахслар мақсадли аспирантурага йўлловчи ҳамда қабул қилувчи томонлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ қабул қилинадилар.


28. Мақсадли аспирантурага қабул тасдиқланган режа бўйича ОТМ ва ИТМларининг оммавий ахборот воситаларида берган эълонларига мувофиқ йилда бир марта сентябрь-октябрь ойида амалга оширилади ҳамда ноябрь ойидан расмийлаштирилади. Қабул тўғрисидаги ҳисоботлар йилнинг 15 ноябрига қадар ФА, вазирлик ва идораларга тақдим этилиши лозим.


29. Мақсадли аспирантурага юбориладиган номзодларни йўлловчи ташкилот танлайди.

Кириш имтиҳонлари қабул қилувчи ОТМ ёки ИТМда топширилади.

Мақсадли аспирантурага мўлжалланган давлат бюджети маблағлари ФА, вазирлик ва идоралар орқали мақсадли аспирантурага қабул қиладиган ОТМ ва ИТМларга ажратилади.


30. Мақсадли аспирантурага қабул қилинган шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда стипендия тўланади ҳамда мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ таътил берилади.



§-3. Аспирантурага эга олий таълим ва

илмий-тадқиқот муассасаларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


31. Аспирантурага эга ОТМ ва ИТМлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) илмий раҳбарнинг аспирантни хорижий етакчи илмий марказлар ёки ОТМларига илмий хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги илтимосномаси ва қабул қилувчи томоннинг таклифномаси мавжуд бўлган ҳолда Илмий кенгашда илмий хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

б) шахсий иш режаларини бажармаган ва тегишли ҳисоботини топшира олмаган, ОТМ ёки ИТМ ички тартиб-қоидаларини бузган аспирантни аспирантурага қайта тикланиш ҳукуқисиз аспирантурадан четлатиш ва бу ҳақда мутахассисни ўқишга йўллаган ОТМ, ИТМ ёки ташкилотга хабар бериш;

в) аспирантларни шартнома (идоралараро, давлатлараро) асосида ўқитиш учун тушадиган маблағларни белгиланган тартибда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва чет элларда ўз мутахассисларининг малакасини оширишга сарфлаш.


32. Аспирантурага эга ОТМ ва ИТМлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) аспирантурага илмий-тадқиқот олиб бориш қобилияти, олий маълумотли мутахассис дипломига ёки магистр даражасига эга бўлган шахсларни танлов асосида қабул қилишни таъминлаш;

б) Илмий кенгашларда аспирантларга фан, техника, таълим ва маданият соҳаларининг республика учун устувор йўналишлари (Давлат илмий-техника дастурлари)ни ҳисобга олган ҳолда илмий ишлар мавзусини, иш режасини ва илмий раҳбарини 3 ойдан кечиктирмай тасдиқлаш;

в) аспирантларнинг номзодлик минимумларини топшириши, умумназарий тайёргарлиги ва тажрибавий тадқиқотлар ўтказиши учун зарур шароитларни яратиб бериш, шунингдек тажрибали олимлардан илмий раҳбарлар тайинлаш ҳамда уларни стипендия билан ўз вақтида таъминлаш;

г) аспирантларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиялари танловларида ва хорижий мамлакатларда мутахассислиги бўйича ташкил этиладиган илмий анжуманларда иштирок этишини таъминлаш;

д) номзодлик минимуми бўйича имтиҳонларни топшириш билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш;

е) даврий ҳисобот орқали аспирантлар фаолиятини мунтазам назорат қилиш, Илмий кенгашларда илмий раҳбарларнинг ҳисоботларини муҳокама қилиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

ж) илмий раҳбар томонидан етарли ва малакали раҳбарлик амалга оширилмаган тақдирда Илмий кенгашда аспирантнинг илмий раҳбарни алмаштириш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.



§-4. Аспирантурага йўлловчи олий таълим,

илмий-тадқиқот муассасаси ва ташкилотларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


33. Аспирантурага йўлловчи ОТМ, ИТМ ва ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) аспирантнинг илмий фаолиятини назорат қилиш ҳамда ҳисобот материалларини сўраб олиш;

б) аспирант шартнома шартларини бажармаганда ундан аспирантурада тайёрлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар қопланишини ўрнатилган тартибда талаб қилиш.


34. Аспирантурага йўлловчи ОТМ, ИТМ ва ташкилотлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда аспирантурага қабул қилинган шахслар билан аспирантурага қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқ ёки ундан тасдиқланган кўчирма асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш;

б) шартнома шартларини бажариш ҳамда аспирантни ўқиши ва яшаши билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида тегишли маблағларни ўз вақтида аспирант тайёрлаб бераётган ОТМ ёки ИТМ ҳисоб рақамига ўтказиб бериш.



§-5. Аспирантнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


35. Аспирант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) ОТМ ва ИТМнинг ускуна, лаборатория, хона, кутубхона ва бошқаларидан фойдаланиш;

б) мутахассислиги бўйича илмий экспедиция, конференция, семинар ва бошқаларда иштирок этиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари танловида иштирок этиш;

г) илмий хизмат сафарларига, шу жумладан, хорижий мамлакатларга бориш (Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси совриндори бўлган аспирантлар ўқишни битиргандан сўнг уч йил мобайнида ўқишни давом эттириш ва тажриба орттириш учун хорижга жўнатишда имтиёзли ҳуқуқни сақлаб қоладилар);

д) илмий-тадқиқотлар бўйича етарли ва малакали раҳбарлик амалга оширилмаган тақдирда, илмий раҳбарни алмаштириш тўғрисида Илмий кенгашга ариза билан мурожаат этиш;

е) давлат грантлари ҳамда хўжалик ҳисобидаги илмий ишларни бажаришда иштирок этиш, шунингдек илмий раҳбарнинг рухсати билан бир йилда 125 соатгача бўлган ҳажмда педагогик фаолият олиб бориш.


36. Аспирант қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) ОТМ ёки ИТМ Илмий кенгаши томонидан тасдиқланган шахсий иш режаси бўйича илмий-тадқиқот олиб бориш ва уни тўлиқ бажариш;

б) кафедра, бўлим, лаборатория ва сектор мажлисларида шахсий иш режасининг бажарилиши тўғрисида мунтазам равишда (йилда камида икки марта) ҳисобот бериб бориш ҳамда йил якунида тегишли ҳисобот топшириш;

в) ОАК томонидан тасдиқланган талабларга мувофиқ равишда ўз вақтида номзодлик имтиҳонларини топшириш;

г) илмий ишлар натижаларини ОАК реестрига киритилган илмий журналларда илмий мақолалар шаклида эълон қилиб бориш;

д) касбий билимлар, мустақил илмий-тадқиқот ва педагогик иш олиб бориш малакаси, илмий-тадқиқотларни ўтказиш услубиятини эгаллаш;

е) номзодлик диссертациясини муддатида ҳимоя қилиш ва Ихтисослашган кенгашга ҳимоя учун тақдим этиш;

ж) мақсадли аспирантурани тугатгандан сўнг уни ўқишга юборган ИТМ, ОТМ ва ташкилот ихтиёрига қайтиш ва камида 3 (уч) йил ишлаб бериш.



§-6. Илмий раҳбарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


37. Илмий раҳбар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) бир вақтнинг ўзида кўпи билан 3 (уч) нафар аспирантга илмий раҳбарлик қилиш. Илмий раҳбар бир вақтнинг ўзида докторантга ҳам илмий маслаҳатчи бўлса, докторант ва аспирантларнинг умумий сони уч кишидан ошмаслиги лозим;

б) Илмий кенгашга аспирантни хорижий етакчи илмий марказлар ва ОТМларига хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосланган ёзма илтимоснома билан мурожаат қилиш.


38. Илмий раҳбар қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) аспирантнинг илмий ишига самарали илмий раҳбарлик қилиш;

б) аспирантнинг тасдиқланган шахсий иш режасини бажаришини мунтазам назорат қилиш;

в) диссертация ишининг ОАК талабларига мувофиқ равишда сифатли, ўз вақтида тугалланиши ва ҳимояга тақдим этилишини таъминлаш;

г) Илмий кенгашда аспирант ҳисоботининг муҳокамасида иштирок этиш.


39. Диссертация ишларини муддатида ҳимоя қилинишини таъминлайдиган илмий раҳбарлар Илмий кенгаш қарори билан қўшимча бир ёки икки аспирантга илмий раҳбарлик қилиши мумкин.


40. Илмий раҳбарлигида бажарилаётган диссертациялар юзасидан раҳбарлик ва назоратни ҳамда ўз муддатида уларнинг ҳимояга тақдим этилишини мунтазам таъминламайдиган илмий раҳбарларга нисбатан Илмий кенгаш қарори билан аспирантларга илмий раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишгача бўлган чоралар кўрилиши мумкин.



II. ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

МУАССАСАЛАРИДА ДОКТОРАНТУРА

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§-1. Умумий қоидалар


41. Докторантура нуфузли илмий мактаблар ва лаборатория-тадқиқот базаларига эга бўлган етакчи ОТМ ва ИТМлари қошида фан ва техниканинг энг муҳим соҳалари бўйича олий малакали илмий, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳамда биринчи навбатда, фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш, давлат илмий-техника дастурларини, шунингдек фан ва техниканинг устувор йўналишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.


42. Докторантура ФА, вазирлик ва идоралар томонидан ОАК билан келишилган ҳолда очилади.


43. Тегишли ихтисосликлар бўйича олий малакали кадрлар (фан докторлари) ҳамда замонавий илмий-тадқиқот базасига эга бўлган ОТМ ва ИТМлари докторантура очишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги мурожаатлари билан идоравий бўйсунувига мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат этадилар. Мурожаат билан бирга ОТМ ёки ИТМ Илмий кенгашининг қарори ҳамда докторантура очилиши режалаштирилаётган ихтисосликлар бўйича муассасада фаолият кўрсатаётган фан докторлари тўғрисидаги маълумот кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган ҳолда мазкур Низомда келтирилган иловага мувофиқ тақдим этилади.


44. ФА, вазирлик ва идоралар ўз тасарруфидаги муассасалар докторантуралари фаолиятини мувофиқлаштирадилар, уларнинг самарадорлиги (докторантлар томонидан диссертацияларнинг ўз муддатида ҳимоя қилиниши ёки Ихтисослашган кенгашга тақдим этилиши) юзасидан мониторинг ва назорат ишларини олиб борадилар ҳамда уларга илмий-услубий раҳбарлик қиладилар.


45. Докторантурага давлат грантлари бўйича йиллик қабул режалари лойиҳаси давлат аккредитациясидан ўтган ихтисосликлар бўйича ФА, вазирлик ва идоралар томонидан муассасалардаги илмий-педагогик кадрларга бўлган реал эҳтиёж, докторантура самарадорлиги (диссертацияларни ўз муддатида ҳимоя қилиш ёки Ихтисослашган кенгашга тақдим этиш кўрсаткичи), муайян ихтисослик бўйича мавжуд илмий маслаҳатчилар фаолияти самарадорлиги ҳамда ҳар бир илмий маслаҳатчига бир вақтнинг ўзида бириктирилиши мумкин бўлган докторантлар сони бўйича мазкур Низомда белгиланган меъёрлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади ва Молия вазирлиги ажратган маблағ доирасида тасдиқланади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни докторантура орқали шартнома асосида тайёрлаш, ОТМ ва ИТМлар томонидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


46. Докторантурага докторлик диссертациясига асос бўла оладиган салмоқли илмий ютуқларга эришган, фундаментал тадқиқотларни юксак савияда олиб бориш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган илмий муаммоларни ҳал қилишга қобилиятли, фан номзоди илмий даражасига эга бўлган истеъдодли илмий ва илмий-педагогик ходимлар қабул қилинади.


47. Докторантурага кираётган шахслар ОТМ ёки ИТМга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

а) ариза;

б) шахсий варақа ва таржимаи ҳол;

в) олий маълумот, фан номзоди дипломлари ва доцент (катта илмий ходим) аттестатлари нусхаси (агар мавжуд бўлса);

г) тадқиқот мавзуси бўйича илмий маъруза ва докторлик диссертациясининг кенгайтирилган режа-лойиҳаси;

д) чоп этилган илмий ишлари ва ихтиролари рўйхати ҳамда уларнинг нусхалари, илмий-тадқиқот ишлари тўғрисидаги ҳисоботлар рўйхати (агар мавжуд бўлса);

е) иш жойидан тавсифнома (бошқа ташкилотлардан юбориладиган шахслар учун);

ж) меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

з) тиббий маълумотнома (086-шакл);

и) 4x6 ўлчамдаги 4 дона фотосурат;

й) паспорт ва ҳарбий билет (агар мавжуд бўлса) шахсан кўрсатилади.


48. Докторантура фаолият кўрсатаётган ОТМ ёки ИТМнинг Илмий кенгаши тегишли кафедра, бўлим, лабораториянинг докторантурага тавсия этилган номзоднинг илмий маърузаси ва докторлик диссертациясининг кенгайтирилган режа-лойиҳаси бўйича хулосаларини кўриб чиқади ҳамда бажарилган тадқиқотлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда номзодни докторантурага қабул қилиш ёки қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Илмий кенгаш қарорида докторантурада ўқиш муддати табақалаштирилган тарзда бир йилдан уч йилгача белгиланади.


49. Докторантурага қабул тасдиқланган режа бўйича ОТМ ва ИТМларининг оммавий ахборот воситаларида берган эълонларига мувофиқ йилда бир марта сентябрь-октябрь ойларида амалга оширилади. Қабул тўғрисидаги ҳисоботлар йилнинг 15 ноябрига қадар ФА, вазирлик ва идораларга тақдим этилади.


50. Докторантларга диссертация тадқиқотлари ўтказишларида ёрдам кўрсатиш учун зарурият туғилганида ОТМ ректори ёки ИТМ директори буйруғи билан олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар орасидан (академик, фан доктори-профессор) илмий маслаҳатчилар тайинланади. Илмий маслаҳатчи сифатида бошқа ташкилотлардан етакчи олим ва мутахассислар ҳам жалб этилиши мумкин.


51. Докторантларни идора ичида (муассасалар филиаллари бундан мустасно) ва идоралараро мақсадли тайёрлаш учун уларни йўлловчи ҳамда қабул қилувчи ташкилот ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузилади. Докторантларни давлатлараро мақсадли тайёрлаш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилган тартибда мамлакатларга ажратилган квоталар доирасида ёки ФА, вазирлик ва идоралар йўлланмаси асосида амалга оширилади. Мақсадли докторантурага ўринлар йўлловчи ҳамда қабул қилувчи томон ўртасида тузилган шартнома нусхаси тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилгандан сўнг ажратилади.


52. Бошқа шаҳардан келган докторантлар уларни ўқишга юборган ташкилот маблағи ҳисобидан турар жой билан таъминланадилар.


53. Докторантурада ўқиш муддати илмий-педагогик стажига қўшилади. Докторантурада ўқиш муддатига ҳар йили бериладиган 30 календарь кундан иборат ҳақ тўланадиган таътил ҳам киради.


54. Докторантлар учун стипендия ва уларнинг илмий раҳбарлари учун тўловлар тасдиқланган режага асосан тегишли ОТМ ва ИТМларнинг харажатлар сметасида кўзда тутилади.


55. Докторантларга илмий-тадқиқот муассасаларида давлат бюджетининг фан, ОТМларида эса давлат бюджетининг маориф соҳаси бўйича ажратилган маблағлар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича белгиланган разрядларга мувофиқ стипендия тўланади.


56. ОТМларида илмий маслаҳатчиларнинг докторантлар билан олиб борадиган иши бир докторант учун бир йилда 100 соат ҳажмида уларнинг умумий дарс соатлари ҳисобига киритилади. Илмий-тадқиқот муассасаларида эса докторантларнинг илмий маслаҳатчилари меҳнатига давлат бюджетининг фан соҳаси бўйича кўзда тутилган маблағлардан, шунингдек, шартнома суммасидан ҳар бир докторант учун бир йилда 100 соат ҳисобидан ҳақ тўланади. Докторантнинг авторефератларини чоп этиш ва тарқатиш билан боғлиқ сарф-харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ихтисослашган кенгаш фаолият кўрсатаётган ОТМлар томонидан давлат бюджетининг маориф, ИТМлар томонидан эса давлат бюджетининг фан соҳаси маблағлари ҳисобидан қопланади.


57. Докторантларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўриндошлик бўйича ишлашга рухсат этилади.


58. Докторантурани муддатидан илгари диссертация ҳимояси билан тугатган докторантларга ОТМ ёки ИТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан беш ойлик стипендия миқдорида мукофот тўланади. Диссертациясини муддатидан илгари ҳимоя қилган докторант 30 календарь кундан иборат таътил берилгандан сўнг докторантурадан чиқарилади.


59. Докторантлар бутун ўқиш даври давомида илмий ва илмий-педагогик фаолият билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилинмайдилар, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


60. Докторантурада ўқиш муддати тегишли ҳужжатлар мавжудлигида узоқ давом этган касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бошқа фавқулодда сабабларга кўра узайтирилади, уларнинг моддий таъминоти эса қонунчиликда белгиланган тарзда амалга оширилади.



§-2. Докторантурага эга олий таълим ва

илмий-тадқиқот муассасаларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


61. Докторантурага эга ОТМ ва ИТМлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Илмий кенгашда илмий маслаҳатчининг асосланган таклифига кўра докторантни хорижий етакчи илмий марказлар ёки ОТМларига қабул қилувчи томоннинг таклифномаси мавжуд бўлган ҳолда илмий хизмат сафарига юбориш масаласини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

б) шахсий иш режаларини бажармаган ва тегишли ҳисоботни топшира олмаган, ОТМ ёки ИТМ ички тартиб-қоидаларини бузган докторантни докторантурага қайта тикланиш ҳуқуқисиз докторантурадан четлатиш ва бу ҳақда мутахассисни ўқишга йўллаган ИТМ, ОТМ ёки ташкилотга хабар бериш;

в) докторантларни шартнома (идоралар ичида, идоралараро, давлатлараро) асосида тайёрлаш учун тушадиган маблағларни белгиланган тартибда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўз мутахассисларининг малакасини оширишга сарфлаш.


62. Докторантурага эга ОТМ ва ИТМ қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) фан, техника, таълим ва маданият соҳасининг республика учун устувор йўналишлари (Давлат илмий-техника дастурлари)ни ҳисобга олган ҳолда докторантнинг диссертация мавзуси, иш режаси ва (заруриятга кўра) илмий маслаҳатчисини уч ойдан кечиктирмай тасдиқлаш;

б) докторантларнинг фаолиятини мунтазам назорат қилиш ҳамда Илмий кенгашларда илмий маслаҳатчилар, кафедра, бўлим, сектор, лаборатория мудирларининг докторантларни тайёрлаш бўйича фаолиятлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш. Докторантлар фаолияти бўйича йилда бир марта ҳисобот қабул қилиш, муҳокамадан ўтказиш ва тегишли қарор қабул қилиш.



§-3. Докторантнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


63. Докторант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) лабораториялар, ускуналар, хоналар, кутубхоналар ва бошқалардан фойдаланиш;

б) илмий сафарларга, шу жумладан, чет мамлакатларга бориш;

в) илмий экспедициялар, конференциялар, семинарлар ва бошқаларда иштирок этиш;

г) докторантурани муваффақиятли тугатгач, уни докторантурага юборган ОТМ, ИТМ ёки ташкилотга қайтиш.


64. Докторант қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) ҳар йили муассаса Илмий кенгашида шахсий иш режаларининг бажарилиши тўғрисида ҳисобот бериш;

б) диссертация ишини ОАК талабларига мувофиқ ўз муддатида тугаллаш, дастлабки экспертизадан ўтказиш ва Ихтисослашган кенгашда ҳимоя қилиш ёки ҳимояга тақдим этиш;

в) мақсадли докторантурани тугатгандан сўнг уни докторантурага юборган ОТМ, ИТМ ёки ташкилот ихтиёрига қайтиш ва камида 3 (уч) йил ишлаб бериш.



§-4. Илмий маслаҳатчининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


65. Илмий маслаҳатчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) ОТМ ректори ёки ИТМ директори томонидан тасдиқланган олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш режасини ҳисобга олган ҳолда, бир вақтнинг ўзида кўпи билан икки докторантга илмий маслаҳатчилик қилиш. Агар илмий маслаҳатчи бир вақтнинг ўзида аспирантнинг ҳам илмий раҳбари бўлса, докторант ва аспирант (адъюнкт)ларнинг сони 3 (уч) кишидан ошмаслиги лозим. Диссертация ишларининг ўз вақтида ҳимояга тақдим этилишини таъминлайдиган илмий маслаҳатчига ОТМ ёки ИТМ Илмий кенгашининг қарори билан қўшимча равишда бир ёки икки докторантга илмий маслаҳатчилик қилиш;

б) ОТМ ёки ИТМ Илмий кенгашига докторантни хорижий илмий марказлар ва ОТМларига илмий сафарга юборишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосланган ёзма илтимоснома билан мурожаат этиш.


66. Илмий маслаҳатчи қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) докторантнинг илмий ишига самарали илмий маслаҳатчилик қилиш;

б) докторантнинг тасдиқланган шахсий иш режасини бажаришини назорат қилиш;

в) ОАК талабларига мувофиқ равишда диссертация ишининг ўз вақтида сифатли тугалланиши ва ҳимояга тақдим этилишини таъминлаш;

г) ҳар йили Илмий кенгаш олдида докторант билан бирга ҳисобот бериш.


67. Мунтазам равишда диссертация ишларининг ўз вақтида ҳимояга тақдим этилишини таъминламайдиган илмий маслаҳатчига нисбатан ОТМ ёки ИТМ Илмий кенгашининг қарори билан докторантларга илмий маслаҳатчилик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилишгача бўлган чоралар кўрилиши мумкин.



III. АСПИРАНТУРА ВА ДОКТОРАНТУРАЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ШАРТНОМА

АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ


68. Давлат аккредитациясидан ўтган ОТМ ва ИТМлари олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида фуқароларни, шу жумладан, хориж фуқароларини, танланган ихтисослик бўйича аспирантура, адъюнктура, докторантурага шартнома асосида қабул қилишлари мумкин.

Ўқиш фуқаронинг истагига кўра давлат ёки рус тилида олиб борилади.


69. Хорижий давлатлар фуқароларини аспирантура, адъюнктура ва докторантурага қабул қилиш:

а) Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳукуматлараро битимлар;

б) жамоа ва якка тартибдаги шартномалар асосида амалга оширилади.


70. Хорижий давлатлар аспирантлар, адъюнктлар, докторантларнинг Ўзбекистон Республикасида ўқиш муддати ушбу Низомга мувофиқ улар қабул қилинган кундан бошлаб белгиланади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун ҳақ тўлаш тури, миқдори ва тартиби, стипендия билан таъминлаш, турар жой шароитларини яратиб бериш, тиббий хизмат кўрсатиш ва форс-мажор вазиятлари натижасида етказиладиган зарарни қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


71. Аспирантура, адъюнктура ёки докторантурада ўқишга кираётган хориж фуқаролари қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

а) аспирантура, адъюнктура ёки докторантурага қабул қилиш тўғрисида ариза;

б) ўрганилган фанлар ҳамда улар бўйича имтиҳонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган ҳолда маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари;

в) тиббиёт муассасаси хулосаси;

г) 4x6 ўлчамдаги 6 дона фотосурати;

д) миллий паспорт амалдаги виза ҳужжатлари билан шахсан кўрсатилади.


72. Аспирантура, адъюнктура ва докторантурада ўқишни истаган, ўзбек ёки рус тилини билмайдиган хориж фуқаролари мавжуд Тил марказларида ўқитиладилар.


73. ОТМ ва ИТМ ички тартиб-интизомини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган бошқа қоидаларни бузган хориж фуқаролари аспирантура, адъюнктура ва докторантурадан четлатилади.



IV. МУСТАҚИЛ ТАДҚИҚОТЧИЛИК ОРҚАЛИ

ИЛМИЙ ВА ИЛМИЙ-ПЕДАГОГИК

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ


74. Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш аспирантура ёки докторантурадан ташқари, мустақил тадқиқотчилик шаклида ҳам амалга оширилиши мумкин.


75. Фан номзоди илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчиликка олий маълумотга ёки магистр даражасига эга бўлган, номзодлик диссертацияси устида мустақил изланишлар олиб бораётган, фан ва техниканинг тегишли соҳасида етарли билимга ҳамда танлаган ихтисослиги бўйича камида бир йиллик стажга эга бўлган шахслар даъвогарлик қилишлари мумкин.


76. Фан номзоди илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчиликка даъвогарлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК томонидан ўрнатилган тартибга мувофиқ номзодлик минимуми имтиҳонларини топшириш, диссертацияни тайёрлаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ихтисосликлар бўйича аспирантурага эга бўлган ОТМ ва ИТМларга 3 йилгача муддатга бириктириладилар.


77. Фан доктори илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчиликка докторлик диссертацияси устида мустақил изланишлар олиб бораётган, фан ва техниканинг долзарб муаммолари ҳамда назарий масалалари бўйича илмий тадқиқотлари юзасидан салмоқли натижаларга эришган, шунингдек тегишли фан ва техника соҳасида чуқур билимларга эга бўлган фан номзодлари даъвогарлик қилишлари мумкин.


78. Фан доктори илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчиликка даъвогарлар тегишли ихтисосликлар бўйича докторантура фаолият кўрсатаётган, таниқли илмий мактаб ва етарли моддий-техника базасига эга бўлган етакчи ОТМ ва ИТМларга 4 йилгача муддатга бириктириладилар.


79. Мустақил тадқиқотчиликка даъвогар ОТМ ва ИТМларга қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:

а) иш жойидан тавсифнома;

б) шахсий варақа ва таржимаи ҳол;

в) илмий ишлари, патентлари ва илмий ҳисоботлари рўйхати (агар мавжуд бўлса);

г) олий маълумоти ёки магистр даражасини тасдиқловчи диплом нусхаси (фан номзоди илмий даражасига даъвогар мустақил тадқиқотчи учун);

д) фан номзоди дипломи (фан доктори илмий даражасига даъвогар мустақил тадқиқотчи учун);

е) номзодлик имтиҳонларини топширганлиги тўғрисида гувоҳнома (агар топширган бўлса);

ж) диссертациянинг кенгайтирилган иш режаси.


80. Фан доктори илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчиликка даъвогарлар аризалари ва шахсий ҳужжатларини кўриб чиқиш, уларни ОТМ ёки ИТМга бириктириш ҳамда илмий маслаҳатчиларни тайинлаш ушбу Низомнинг 50, 77, 78 ва 79-бандларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.


81. Фан номзоди илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчиликка даъвогарларни бириктириш мўлжалланаётган илмий раҳбар билан суҳбат натижаси ва тегишли кафедра (бўлим) хулосаси асосида, мустақил тадқиқотчиликка бириктириш муддати ва илмий раҳбар кўрсатилган ҳолда ОТМ ёки ИТМ раҳбари буйруғи билан расмийлаштирилади.


82. Фан номзоди илмий даражасига даъвогар мустақил тадқиқотчилар бир ойлик муддатда илмий раҳбар билан келишилган ҳолда тайёрланган шахсий иш режаларини тасдиқлаш учун кафедра (бўлим)га тақдим этадилар.


83. Мустақил тадқиқотчиларнинг диссертация мавзулари фундаментал тадқиқотлар ривожини инобатга олган ҳолда ҳамда фан ва техниканинг Республика учун устувор йўналишлари доирасида шакллантирилиб, уч ойлик муддатда муассаса Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади.


84. Фан доктори ва номзоди илмий даражасига даъвогар мустақил тадқиқотчилар мазкур Низомнинг мос равишда 35, 36, 63 ҳамда 64-бандларида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.


85. Шахсий иш режаларини муваффақиятли якунлаган ва Низомнинг тегишли талабларини бажарган мустақил тадқиқотчилар Ихтисослашган кенгашларда диссертация ҳимоясига қўйиладилар. Шахсий иш режасини бажармаётганлар эса мустақил тадқиқотчилар сафидан қайта тикланиш ҳуқуқисиз четлаштириладилар.


86. Мустақил тадқиқотчилар фаолияти юзасидан ташкилий, назорат ва мониторинг ишлари аспирантура ҳамда докторантура бўлими (мутасадди ходимлар) томонидан олиб борилади.


87. Бир вақтнинг ўзида бир нечта муассасага мустақил тадқиқотчи сифатида бириктирилишга рухсат этилмайди.


88. Аспирантура (докторантура)ни тўлиқ тамомлаган шахсларга мустақил тадқиқотчи сифатида бириктирилишга рухсат этилмайди.


89. ОТМларда илмий раҳбар ёки маслаҳатчиларнинг мустақил тадқиқотчилар билан олиб борадиган иши бир мустақил тадқиқотчи учун 50 соат ҳисобидан уларнинг умумий (ўқув) юкламасига киритилади. ИТМларда эса мазкур фаолият юзасидан илмий раҳбар ёки маслаҳатчи меҳнатига давлат бюджетининг фан соҳаси бўйича кўзда тутилган маблағлардан, шунингдек шартнома суммасидан ҳар бир мустақил тадқиқотчи учун 50 соат ҳисобидан ҳақ тўланади.


90. Ўзларининг ишлаб чиқаришдаги ёки педагогик фаолиятларини илмий ишлари билан бирга муваффақиятли олиб бораётган мустақил тадқиқотчиларга диссертацияларини якунлаш ва ҳимояга тақдим этиш учун докторлик диссертациялари бўйича 6 ойгача, номзодлик диссертациялари бўйича эса 3 ойгача ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ижодий таътил берилади.


91. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси билан келишилган.





Низомга

ИЛОВА



____________________________________________ да

(муассасанинг номи)

______________________________________ очилиши режалаштирилаётган

(аспирантура (адъюнктура) ёки докторантура)

________________________________________________________________________

(ихтисослик шифри ва номи)

ихтисослиги бўйича фаолият кўрсатаётган фан докторлари,

профессорлар ҳамда илмий раҳбарлик ҳуқуқига эга

фан номзодлари тўғрисида

МАЪЛУМОТ

Тўлиқ Ф.И.Ш.

Туғилган йили

Докторлик (номзодлик) диссертацияси бўйича ихтисослиги шифри ва номи

Илмий даражаси, унвони

Иш жойи ва лавозими

Ихтисослиги бўйича сўнгги 5 йилдаги асосий илмий ишлари рўйхати (монография, мақола)

асосий ставкада

ўриндошлик асосида

_____________________________

             (муассасанинг номи)


кадрлар бўлими бошлиғи      (имзо)           ___________________________

                                                                                                                     (Ф.И.Ш.)

М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 35-36-сон, 365-модда.









































Время: 0.0374
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск