Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 26.07.2002 й. 104-сон "Ўзбекистон Республикаси ФКнинг кафиллик тўғрисидаги меъёрларини қўллаш билан боғлиқ низоларни хал қилишнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

26.07.2002 й.

N 104



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИК

КОДЕКСИНИНГ КАФИЛЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

МЕЪЁРЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БИЛАН БОҒЛИҚ

НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Судлар амалиётида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг кафиллик тўғрисидаги меъёрларини қўллашда айрим муаммолар мавжудлиги сабабли ҳамда уларни бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида Олий хўжалик судининг Пленуми Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 47-моддасига асосан, қуйидаги тушунтиришларни беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Кафиллик билан боғлиқ бўлган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матн бўйича - ФК) мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш ҳақидаги 22-боби билан тартибга солинади.

Судлар шуни назарда тутишлари керакки, кафиллик тўғрисидаги шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби ФКнинг 27, 28-бобларидаги умумий қоидалар, шунингдек "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий - ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонун билан тартибга солинади.


2. Кафиллик шартномаси бошқа шахснинг кредитори ва кафил ўртасида тузилади.

Кафиллик шартномасининг предмети ҳар қандай фуқаролик-ҳуқуқий мажбурият бўлиши мумкин. Бундай мажбуриятлар доирасига, масалан, ўз ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардан келиб чиқувчи ҳақиқий бўлмаган мажбуриятлар кириши мумкин эмас. Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмас деб тан олиниши кафилликнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди (ФКнинг 293-модда 2-қисми).


3. Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкинлиги ФКда йўл қўйилади (ФКнинг 292-модда 2-қисми).

Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши мажбурийлиги, бунга риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келиши белгиланган (ФКнинг 292-модда 3-қисми). Шу билан бирга, судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, қарздор билан кафил ўртасида тузилган ёзма ҳужжатда кредиторнинг кафилликни қабул қилганлиги тўғрисида белгиси мавжуд бўлса, бу ҳолатда кафиллик битими ёзма шаклда тузилган, деб ҳисобланиши мумкин.

Кафиллик тўғрисидаги шартлар алоҳида шартнома шаклида расмийлаштирилиши ёки қайси шартнома мажбуриятлари таъминланаётган бўлса, шу шартномага киритилиши мумкин. Бу ҳолатда шартнома кредитор, қарздор ва кафил томонидан имзоланиши лозим.


4. Кафиллик шартномаларига ФК 9-бобининг битимлар тўғрисидаги умумий меъёрлари қўлланилади. Хусусан, кафиллик шартномаси битим тузиш ваколатлари таъсис ҳужжатлари ёки қонун томонидан чеклаб қўйилган шахс ёки орган томонидан ушбу ваколатлар доирасидан чиқиб кетган ҳолда тузилган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Аммо шуни эътиборга олиш лозимки, битим шахснинг ваколати доирасидан четга чиқиб тузилган бўлсада, кейинчалик уни тузилиши ваколатли орган томонидан маъқулланган бўлса, бундай битимни ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

Шу билан бирга кафил кафиллик билан таъминланган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини судлар назарда тутишлари керак.


5. Қонунга кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса (ФКнинг 293-модда 1-қисми).

Қарздорнинг асосий мажбуриятларига нисбатан кафилнинг солидар тарзда жавобгарлиги кредитор асосий мажбуриятлар бўйича ўз талабларини қарздор ёки кафилга алоҳида ҳолда ёхуд ҳар иккаласига биргаликда қарзнинг тўлиқ миқдорида ёки қисман қаратишга ҳақли эканлигини англатади. Якуний талаб тури, жавобгарларнинг таркиби ва уларнинг ҳар бири бўйича даъво предмети каби процессуал масалаларни ҳал этиш фақат даъвогар кредиторга боғлиқ.

Агар кафилга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса, у қарздорни ишда иштирок этиш учун жалб қилиши шарт (ФКнинг 294-модда 2-қисми). Кредиторнинг кафилга нисбатан қўзғатилган даъвоси бўйича ишни кўриш жараёнида асосий қарздорни ишда иштирок этиш учун жалб қилиш тўғрисида кафил томонидан илтимоснома келтирилса, суд ушбу илтимосномани қаноатлантириши шарт.

Кредиторнинг асосий қарздорга нисбатан қўзғатилган даъвоси бўйича ишни кўриш жараёнида қарздор томонидан кафилни ишда иштирок этиш учун жалб қилиш тўғрисида илтимоснома келтирилса, суд ушбу илтимосномани фақат кредиторнинг розилиги билан қаноатлантириши мумкин.

Низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари керакки, қарздор асосий мажбуриятни бажарилмаганлиги сабабли кредитор томонидан даъво бир вақтда кафил ва қарздорга нисбатан қўзғатилган бўлиб, солидар жавобгарлик қоидалари қўлланиладиган ҳолатларда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар.


6. Кафил кредиторнинг талабига қарши ўзининг эътирозларини қўйишга ҳақли эканлигини судлар эътиборга олишлари лозим. Кафилнинг имконияти фақат қарздорнинг кредиторга асосий мажбуриятлар бўйича билдириши мумкин бўлган эътирозлари билан чекланган (ФКнинг 294-моддаси). Қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафилнинг ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди (ФКнинг 294-модда 1-қисми).


7. Ўз мажбуриятини бажарган, яъни мажбуриятини бузган қарздорнинг ўрнига жавоб берган кафил, қарздорга қарши талаб қўйиш ҳуқуқига эга. Мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида (шу жумладан, гаровга берувчи учинчи шахсларга нисбатан ҳам) кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар ўтади. Кредиторнинг кафилга ўтувчи ҳуқуқлари ҳажми кафил томонидан кредитор талаблари қаноатлантирилган миқдорда аниқланади.

Асосий мажбуриятдан келиб чиқувчи ва унинг гаровини таъминловчи талаб ҳуқуқларидан ташқари, ўз мажбуриятини бажарган кафил мустақил талаб қўйиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Кафил қарздорга нисбатан кредиторга асосий мажбурият юзасидан тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни, қарздордан мулкий кўринишдаги жавобгарлик чораларини қўллашни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 295-модда 1-қисми).

Кафил мажбуриятни бажарганидан кейин кредитор қарздорга бўлган талабни тасдиқловчи ҳужжатларни кафилга топшириши ва бу талабни таъминлайдиган ҳуқуқларни бериши шартлиги тўғрисидаги қонун талаби кафилнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатини ҳимоя қилишга хизмат қилади (ФКнинг 295-модда 2-қисми).

Низоларни кўришда судлар, кафил кредитор олдидаги мажбуриятларни бажарганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиши лозим.

Асосий мажбуриятлар бўйича шартнома шартлари ўзгартирилганда, кредитор билан қарздор бу тўғрисида кафилни хабардор қилишлари керак.


8. Кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардор қилиши шартлиги тўғрисидаги меъёр кафилнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялашга хизмат қилади. Қарздор ушбу мажбуриятини бузган ҳолда, ўз навбатида мажбуриятни бажарган кафил қарздорга регресс талаб қўйишга ёки асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ҳақли. Агар кафил регресс талаб қўйиб кредиторга тўланган суммани қарздордан ундирган тақдирда, қарздор асоссиз олинганнигина кредитордан ундириб олишга ҳақли (ФКнинг 296-моддаси).

Агар қарздор мажбуриятни бажарганлиги тўғрисида кафилни хабардор қилмаган бўлса, у кредиторга нисбатан бўлган эътирозларини кафилнинг регресс талабига қарши билдиришга ҳақли эмас.


9. ФКнинг 298-моддасига кўра кафиллик қуйидаги асослар бўйича бекор бўлади:

- кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият бекор бўлса;

- кафиллик билан таъминланган мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда;

- кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганда, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса;

- кредитор қарздор ёки кафил таклиф этган ижрони қабул қилишдан бош тортса;

- шартномада кўрсатилган (ёки қонунда белгиланган) кафиллик муддати ўтганидан кейин, агар ушбу муддат ичида кредитор кафилга даъво кўзғатмаган такдирда.

Асосий мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилган тақдирда, агар кафил бунга рози бўлмаса, янги қарздор учун жавоб бермайди (ФКнинг 322-моддаси).

Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва уни аниқлаш мумкин бўлмаган ёки у талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


10. Шартномада кўрсатилган ёки ФК 298-моддасининг 3-қисмида белгиланган қоидалар асосида аниқланадиган кафилликнинг амал қилиш муддати, даъво муддати ҳисобланмайди ва тикланиши мумкин эмас.

Судлар шунга эътибор беришлари лозимки ФК (298-модда 3-қисми) кредитордан кафилликнинг амал қилиш муддатида, масалан, кафолатлардаги каби (ФКнинг 305-модда 2-қисми) ҳар қандай ёзма талабни эмас, балки даъво қўзғатишни талаб қилади.

Асосий мажбурият бўйича даъво муддатининг ўтиши билан кафилни жавобгарликка тортиш имконияти йўқолади.



Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик судининг Раиси              М. Абдусаломов



Пленум котиби, Олий

хўжалик судининг судьяси                     Т. Юсупов



















Время: 0.1751
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск