язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим муассасаларини моддий-техник таъминлаш/ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 01.06.2006 й. ПҚ-363-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 1 июндаги

ПҚ-363-сон қарорига

3-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика

мақсадли китоб жамғармасининг маблағларини

шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси (кейинги ўринларда жамғарма) фаолиятининг мақсади ва асосий вазифалари, Жамғармани бошқариш тартиби, унинг маблағларини шакллантириш манбалари ва фойдаланиш йўналишларини белгилайди.


2. Жамғарма республика умумтаълим мактаблари, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг кутубхона фондлари учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар, кутубхона жамғармаларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлашга йўналтирилган мақсадли молия ресурсларини жамлайди.

3. Жамғарманинг ижроия дирекцияси жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.

4. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида хорижий валютада талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига, шунингдек ўз номи ёзилган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрга эга.


II. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Жамғарма фаолиятининг мақсади бюджет ва бюджетдан ташқари манбалар ҳисобига молиявий маблағларни бирлаштириш йўли орқали умумтаълим мактабларининг кутубхона фондлари учун дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг кутубхона фондлари учун чет тиллари бўйича дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни сотиб олиш ва етказиб беришни барқарор ва муттасил молиялаштиришни таъминлаш ҳисобланади.

6. Жамғарманинг асосий вазифалари:

Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар, ўқувчиларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлашга қаратилган бюджет ва ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари ва грантлари, дарсликлар учун белгиланган ижара тўловларини жамлайди, ушбу маблағларни самарали бошқаришни ташкил этиш;

умумтаълим мактаблари кутубхона жамғармалари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш ва етказиб бериш, шу жумладан, ўқувчиларни ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминлашни молиялаштириш;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ва ўқитувчиларини таъминлаш учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни сотиб олиш ва етказиб беришни бепул асосда молиялаштириш;

нашриётлар, босмахоналар ва китоб савдоси ташкилотларига дарсликларни очиқ савдосини ривожлантиришида қисқа муддатли мақсадли ссудалар ажратиш орқали ёрдам кўрсатиш;

Жамғарма молиялари киримлари, уларни мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш ҳисобланади.



III. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


7. Жамғармани бошқаришнинг юқори органи Жамғарма Васийлик кенгаши ҳисобланади.

Васийлик кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.

Жамғарма Васийлик кенгашининг йиғилишлари зарурият туғилганда, аммо йилига камида икки маротаба ўтказилади. Жамғармада кредит ва грантлари жамланган Осиё тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари вакили Васийлик кенгаши йиғилишларида кузатувчи сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга.


8. Жамғарма Васийлик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан кейинги ўқув йили учун тақдим этилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни нашрдан чиқариш ва сотиш квоталарини тасдиқлаш. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни нашрдан чиқариш ва сотиш квоталари тақдим этилади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун манфаатдор вазирликлар, муассасалар, жамоатчилик ва бошқа нодавлат ташкилотларни жалб қилиш;

Жамғарма кирим ва чиқимларининг манбалар ва фойдаланиш йўналишлари бўйича тахминий параметрларини, шунингдек Жамғарма ижроия дирекцияси киритган Жамғармага маблағнинг тушиши ва сарфланиши юзасидан ҳисоботини тасдиқлаш;

Жамғарма ижроия дирекцияси фаолиятини, жумладан, Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

дарсликлар учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилаш;

дарсликлар учун йиллик ижара тўлови ҳажмини белгилаш;

Жамғармага хорижий кредит ва грантларни жалб қилишда кўмаклашиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


9. Жамғарма ижроия дирекцияси Жамғарманинг ижрочи органи бўлиб, жорий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Жамғарма фаолияти учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Жамғарма ижроия дирекцияси харажатлари бюджет ташкилотлари учун ўрнатилган тартибда Васийлик кенгаши тасдиқлаган смета харажатларига асосан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

10. Жамғарма ижроия дирекциясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумтаълим мактаблари кутубхона жамғармасининг Дарслик ва ўқув-методик қўлланмалари йиллик балансини тузиш;

Жамғарма кирим ва чиқимларининг тахминий параметрларини, шунингдек Жамғарма Васийлик кенгашига белгиланган муддатда тақдим этиш учун уларнинг бажарилиши юзасидан ҳисобот тайёрлаш;

умумтаълим мактабларининг айрим тоифадаги ўқувчиларини бепул таъминлаш учун дарсликлар сотиб олиш ва етказиб бериш, шунингдек ижарага беришга мўлжалланган дарсликларни янгилаш харажатларини бюджет ва ижара маблағлари ҳисобидан молиялаштириш;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ва ўқитувчиларини бепул таъминлаш учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни сотиб олиш ва етказиб бериш харажатларини Жамғарманинг айланма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш;

умумтаълим мактаблари ҳисобига дарслик ижараси учун ота-оналардан келиб тушган маблағларни юқори қимматли ва ишончли активларга айлантириш йўли билан умумлаштириб бошқариш;

умумтаълим мактаблари кутубхона жамғармаларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш бўйича молия ва халқ таълими органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

нашриёт, босмахона ва китоб савдо корхоналарининг молиявий аҳволини ўрганиш асосида уларнинг айланма маблағларини вақтинчалик тўлдириш учун қисқа муддатли мақсадли ссудалар ажратиш;

дарсликлар ва ўқув методик қўлланмаларни харид этилиши ва етказиб берилиши молиялаштирилган Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат ўрнатиш;

нашриёт, босмахона ва китоб савдо корхоналарига ажратилган ссудалардан самарали фойдаланиш ва қайтарилишини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш.


11. Жамғарманинг ижрочи директори Жамғарманинг Васийлик кенгаши тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.



IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ

МАНБАЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

ВА ЖАМЛАНИШ ТАРТИБИ


12. Жамғарма маблағларининг шаклланиш манбалари қуйидагилар:

бюджет маблағлари;

дарсликларнинг ижара тўловлари;

грантлар, кредитлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари - юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг ҳомийлик ёрдамлари;

Жамғарманинг эркин маблағларини вақтинчалик жойлаштирилишидан олинадиган даромадлар;

кейинчалик фойдаланишга яроқсиз бўлган дарсликларни утилизация қилишдан тушган тушумлар, яъни уларни макулатура қабул қилиш пунктларига топширишдан олинадиган даромадлар;

ва бошқа қонунда таъқиқланмаган тушумлар.


13. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тошкент шаҳри бўйича Бош бошқармаси ҳисоб-касса марказидаги ягона ғазна ҳисобварағида маблағларни Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағи ҳисобига қўшиш орқали тўпланади.


V. ЖАМҒАРМАНИНГ ИСТИҚБОЛ ДАРОМАД

ВА ХАРАЖАТЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ,

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


14. Истиқбол тушумлар лойиҳасини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш кейинги йилга давлат бюджети параметрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларга тегишли қисмида) ҳамда Халқ таълими вазирлиги зарур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланганлиги бўйича умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари кутубхона фондларини ҳар йили инвентаризация қилиш ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва ўқитувчиларининг дарсликлар билан таъминланганлигини ўрганиш асосида кейинги календарь йили учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларга бўлган эҳтиёжнинг прогноз кўрсаткичларини чакана савдо тармоғи орқали, кутубхона фонди ҳисобидан бепул таъминланиш ва ижара асосида таъминланиш кесимида ҳар йили 1 июнга қадар Жамғарманинг ижроия дирекциясига тақдим этиш. Бунда кейинги календарь йили учун ўқувчиларнинг истиқбол контингенти Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда аниқланади.

Якуний эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан аниқланади ва кейинги ўқув йили учун предметлар бўйича таълим тили, номи, синфлар ва курслар кесимида дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқариш ва сотишга прогноз квоталар шакллантирилгандан сўнг Жамғармага тақдим этилади.

16. Ижроия дирекция Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ҳар йили 1 июлга қадар кейинги календарь йил учун Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари истиқбол параметрларини ишлаб чиқадилар ва Жамғарманинг Васийлик кенгашига кўриб чиқиши учун тақдим этади.

17. Жамғарма даромади ва харажатларининг прогноз параметрлари кейинги йил учун давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан сўнг 5 кун ичида Жамғарманинг васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.



VI. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

САРФ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


18. Жамғарма маблағлари фақат қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

ўрнатилган тартибда шакллантирилган ва тасдиқланган квоталарга асосан бюджет маблағлари ҳисобидан чоп этилиши ва қайта чоп этилиши мўлжалланган дарсликлар ва ўқув методик қўлланмаларни харид этиш ва етказиш бўйича харажатларни молиялаштиришга;

ҳар бир умумтаълим мактаби бўйича шакллантирилган квота асосида ва ижара тўловларидан тушган маблағлар доирасида ижара тизими учун дарсликларни харид қилиш ва етказиб бериш шартномаларига тўловларни амалга оширишга;

Жамғарманинг айланма маблағлари ҳисобидан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларини бепул таъминлаш учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни сотиб олиш ҳамда етказиб бериш харажатларини молиялашга;

нашриётлар, босмахоналар ва китоб савдо корхоналари учун уларнинг айланма маблағларини тўлдиришга мақсадли ссудалар ажратишга;

жамғарманинг васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган смета харажатларига кўра амалга оширилган бошқа операцион харажатларни қоплашга.


19. Жамғарма:

а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қуйидаги йўналишлар бўйича мактаб кутубхоналарини дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш харажатларини қоплашга маблағлар ажратади:

биринчи синф ўқувчилари учун;

"Меҳрибонлик" уйлари, махсус мактаб ва мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари бўлган ўқувчилар учун;

ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар учун;

ижара тизими учун;

б) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни сотиб олиш ва етказиб бериш харажатларини тўлаш учун.

19-1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан харажатлар сметасида назарда тутилмаган маблағларни (шу жумладан, нашриётлар, босмахоналар ва китоб савдоси корхоналари, шунингдек дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни етказиб беришни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмагани учун жарималар ва/ёки пеняларни қўллашдан олинган маблағлар)ни сарфлаш тақиқланади ва мазкур маблағлар Жамғармага қайтарилиши лозим.

20. Харидлар бўйича тасдиқланган квоталарига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш учун буюртмаларни танлов асосида жойлаштиради. Бунда дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларни умумтаълим мактабларига етказиб бериш "Ўқув таълим-таъминот" давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш ва етказиб бериш учун буюртмаларни танлов асосида жойлаштиришни амалга оширади.

Умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун чет тиллари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш ва етказиб бериш борасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан тузилган шартномалар бўйича харажатларни Жамғарма ҳисобидан молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

21. Чакана савдо тармоғи орқали сотиладиган дарсликларни ишлаб чиқариш учун тақсимланган ҳам квоталарига эга бўлган нашриётлар, босмахоналар ва китоб-савдо корхоналарига айланма жамғармалари етмай қолган тақдирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилаб берадиган тартиб асосида жамғарма маблағлари ҳисобидан ссудалар ажратилиши мумкин.



VII. ДАРСЛИКЛАР БЎЙИЧА ҲИСОБ

ВА ҲИСОБОТ ҲАМДА ЖАМҒАРМАГА

ИЖАРА ТЎЛОВЛАРИДАН МАБЛАҒЛАРНИНГ

КЕЛИБ ТУШИШИ УСТИДАН НАЗОРАТ


22. Дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар бўйича бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан олиб борилади.

Умумтаълим мактаблари томонидан дарсликларнинг ижара ҳақи тўловлари ва бошқа тушумлар бўйича ҳам ҳисоб ва ҳисобот олиб борилади.

23. Ижроия дирекциянинг ҳудудий вакиллари талабномалари бўйича ғазначилик бўлинмалари умумтаълим мактаблари ёки халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман ва шаҳар бўлимларининг мос ҳисоб рақамларидан кўчирмалар тақдим этади.

24. Ижроия дирекциянинг ҳудудий вакиллари:

ҳудуддаги туман ва шаҳар мактаблари бўйича ижара тизимининг юритилиши устидан ишларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ижара тўловлари тушумларининг мониторингини олиб боради, ҳисоботларни рўйхатга олади ва йиғади ҳамда халқ таълими ҳудудий органлари билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларга буюртмаларни умумлаштиради;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун чет тили бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларга буюртмаларни умумлаштиради;

ижара тизимини ишлатилиши масалалари бўйича ғазначилик бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, улардан ҳудудлар ва мактаблар кесимида ижара тўловлари тушумлари бўйича аниқ ҳисоботларни мунтазам олиб туради;

ўз фаолияти юзасидан Жамғарма ижроия дирекциясига доимий равишда ҳисобот бериб боради.

25. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Жамғарма ижроия дирекциясининг ҳудудий вакиллари ҳар ярим йилда бир маротаба тегишли ҳудудлар бўйича дарсликлар ҳаракати ва сақланиши тўғрисида умумлаштирилган ҳисоботларни, ҳисоботдан кейин келувчи ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Жамғарманинг ижроия дирекциясига тақдим этишади.

26. Жамғарма ижроия дирекцияси бухгалтерлик ҳисобини юритади ва Жамғарма ҳисоб рақамлари бўйича пул маблағлари ҳаракатлари ҳақида ҳисоботлар тузади.

27. Жамғарма ҳар йили Жамғарманинг ҳисоб рақамларини мустақил аудиторлик текширувидан ўтказади ва ҳисоботларни оммавий ахборот воситаларида чоп этади.


28. Дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш учун Жамғарма томонидан молиялаштирилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази зиммасига юклатилади.

29. Ижара ҳақларини тўлиқ ҳисобланиши ва тўловларининг йиғилиши, ўз вақтида нақд пул тушумларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўрнатган тартиблар асосида банк муассасаларига топшириш бўйича жавобгарлик умумтаълим мактаблари ҳамда халқ таълимининг жойлардаги бошқарув идоралари раҳбарлари зиммасига юклатилади.


30. Халқ таълимининг ҳудудий бошқарув идоралари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг ўз вақтида ва талаб даражасида етказилиши бўйича назорат олиб борадилар.

31. Ижара ҳақи тўловлари тушумларини, дарсликларнинг ўрнатилган тартибда сақланиши ва фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек мактаблар томонидан дарсликлар ва ижара ҳақлари бўйича дастлабки ҳисоб-китоб ҳужжатларининг юритилишини назорат қилиш тегишли ҳудудий халқ таълими ва молия органлари ҳамда Жамғарманинг ижроия дирекцияси ҳудудий вакиллари томонидан амалга оширилади;

чет тиллари бўйича дарсликларнинг ўрнатилган тартибда сақланиши ва фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан уларнинг ҳисобини юритишга оид дастлабки ҳужжатларни назорат қилиш ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тегишли ҳудудий бошқармалари ва молия органлари томонидан амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 23-сон, 204-модда.