язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Судьяларни танлаш ва тайинлаш тартиби. Судьяларнинг мақоми. Халқ маслаҳатчилари/ Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида Низом (Янги таҳрири) (ЎзР 22.04.2014 й. ЎРҚ-368-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикасининг

2014 йил 22 апрелдаги

ЎРҚ-368-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида

НИЗОМ

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Низом Судлар судьяларининг олий малака ҳайъати (бундан буён матнда Судьяларнинг олий малака ҳайъати деб юритилади), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьялари малака ҳайъатларининг (бундан буён матнда қуйи турувчи судьяларнинг малака ҳайъатлари деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

2-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати, судьяларнинг малака ҳайъатлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади:

судьянинг интизомий жавобгарлиги;

судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш;

судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;

судьяга малака даражаси бериш;

халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш ишларини ташкил қилиш;

судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига (бундан буён матнда Судьялар олий кенгаши деб юритилади) унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашади.

3-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, шунингдек ушбу Низом асосида амалга оширади.



2-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ МАЛАКА ҲАЙЪАТЛАРИНИ

САЙЛАШ ТАРТИБИ, УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


4-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари орасидан Судьялар олий малака ҳайъатининг раиси, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда беш йил муддатга сайланади.

Қуйи турувчи судьяларнинг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг конференцияларида туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар ҳамда тегишли юқори турувчи судларнинг судьялари орасидан судьялар малака ҳайъатларининг раиси, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда беш йил муддатга сайланади.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва судьяларнинг конференцияси, агар уларда пленумни ёки конференцияни ташкил этувчи судьяларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, судьяларнинг малака ҳайъатларини сайлашга ваколатлидир.


6-модда. Судьялар малака ҳайъатларининг сон жиҳатдан таркиби уларнинг иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, бироқ судьялар малака ҳайъати раиси ва унинг ўринбосари билан биргаликда тўққиз кишидан ортиқ бўлмаслиги керак.


7-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари аъзолигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзолари ёки судьялар конференциясининг иштирокчилари томонидан кўрсатилади.


8-модда. Агар судья овоз бериш натижаларига кўра овоз беришда иштирок этган судьялар овозининг ярмидан кўпини олган бўлса, у судьяларнинг малака ҳайъатига сайланган ҳисобланади.


9-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари ўз фаолияти тўғрисида ўзини сайлаган органларга йилига камида бир марта ахборот беради.


10-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати:

1) Судьялар олий кенгашига тақдим этиш учун судьяларни танлаш механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

2) Судьялар олий кенгашига янги ваколат муддатига ёхуд бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилаётган номзодлар (судьялар) бўйича тегишли хулосалар тақдим этади;

3) судьяларни, шунингдек биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилган ҳамда ўқиш ва стажировкани ўтаган шахсларни бўшаб қолган судьялик лавозимлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтида ахборот жойлаштириш орқали хабардор қилиб боради;

4) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисига нисбатан шикоятлар ва тақдимномаларни кўриб чиқади, хизмат текширувлари ўтказади;

5) судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни ва судьяларни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ваколатларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

6) тегишли судлар судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида хулосалар беради;

7) тегишли судлар судьяларининг судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади;

8) судьяларга малака даражалари беради.

Судьяларнинг олий малака ҳайъати судьялар малака ҳайъатларининг қарорлари устидан берилган шикоятлар ва тақдимномаларни кўриб чиқади.

Судьяларнинг олий малака ҳайъати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Қуйи турувчи судьяларнинг малака ҳайъатлари:

1) Судьялар олий кенгашига тақдим этиш учун судьяларни танлаш механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашда иштирок этади;

2) биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун тавсия этилаётган шахсларнинг аризаларини ва уларга илова қилинадиган материалларни қабул қилишни, рўйхатдан ўтказишни, текширишни, шунингдек уларни Судьялар олий кенгашига юборишни ташкил этади;

3) ўзларини биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш ҳақида ариза берган шахсларни ҳамда судьялик лавозимларига номзодлар таклиф этган органларни биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш рад этилганлиги ва ушбу захирадан чиқарилганлиги ҳақида хабардор қилади;

4) биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилган ҳамда ўқиш ва стажировкани ўтаган шахсларни бўшаб қолган судьялик лавозимлари ҳақида хабардор қилади;

5) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, шунингдек ҳарбий судлар судьяларига нисбатан шикоятлар ва тақдимномаларни кўриб чиқади, хизмат текширувларини ўтказади;

6) судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни ва судьяларни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, шунингдек ҳарбий судлар судьяларининг ваколатларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

7) тегишли судлар судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида хулосалар беради;

8) тегишли судлар судьяларининг судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади;

9) халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш ҳамда уларни ўқитиш ишларини ташкил этади.

Қуйи турувчи судьяларнинг малака ҳайъатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

12-модда. Судьялар малака ҳайъатининг раиси:

судьяларнинг малака ҳайъати фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

таклифлар, аризалар ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда рўйхатдан ўтказишга, биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун тавсия этилаётган шахсларга ёки янги ваколат муддатига ёхуд бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилаётган судьяларга доир тақдим этилган материалларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилишига доир ишларни ташкил этади;

судьялар малака ҳайъатининг мажлисларини чақиради, уларга тайёргарлик кўрилишини таъминлайди ва уларда раислик қилади;

судьяларнинг малака ҳайъати кўриб чиқиши учун унинг ваколатига тааллуқли масалаларни киритади;

судьялар малака ҳайъатининг раиси ўринбосари ва аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

фуқароларни қабул қилишни амалга оширади ҳамда судьяларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;

судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилишига доир ишларни ташкил этади;

судья томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар ҳақидаги хабарлар юзасидан хизмат текширувларини ўтказиш тўғрисида фармойишлар қабул қилади, мазкур текширувларни ўтказиш режасини ва текширувлар натижаларига доир хулосаларни тасдиқлайди;

Судьялар олий кенгашига судьялар малака ҳайъатининг фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

Судьялар малака ҳайъатининг раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Судьялар малака ҳайъатининг раиси бўлмаган тақдирда раиснинг вазифасини унинг ўринбосари амалга оширади, ўринбосар бўлмаган тақдирда эса, судьяларнинг малака ҳайъатига раҳбарлик қилиш судьялар тегишли малака ҳайъатининг қарорига кўра вақтинча судьялар малака ҳайъати аъзоларидан бирининг зиммасига юклатилади.


13-модда. Судьялар малака ҳайъатининг котиби тегишли суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Судьялар малака ҳайъатининг котиби:

судьялар малака ҳайъатлари фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлашни, таклифлар, аризалар ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда рўйхатдан ўтказишни, биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун тавсия этилаётган шахсларга, шунингдек янги ваколат муддатига ёхуд бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилаётган судьяларга доир тақдим этилган материалларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текширишни амалга оширади;

судья кадрларнинг статистик ва шахсий ҳисобини юритади;

судьяларнинг малака ҳайъатини зарур ахборот-таҳлил материали билан таъминлайди;

судьялар малака ҳайъатининг мажлислари баённомасини юритади.

Судьялар малака ҳайъатининг котиби қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


14-модда. Судьялар малака ҳайъатларининг раислари (уларнинг вазифаларини вақтинча бажариб турган шахслар) ва котиблари Судьялар олий кенгашига юбориладиган судья кадрларга доир материалларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун ўз ваколатлари доирасида шахсан жавобгар бўлади.

15-модда. Судьялар малака ҳайъатларининг мажлислари заруриятга қараб ўтказилади.

Судьялар малака ҳайъатининг мажлиси ҳайъат аъзоларининг камида ярми иштирок этган тақдирда ваколатлидир.

Судьялар малака ҳайъатининг мажлисини тайёрлаш судьялар малака ҳайъатининг раиси ёки унинг ўринбосари, улар бўлмаган тақдирда эса, судьяларнинг тегишли малака ҳайъати раиси вазифаларини бажариш вақтинчалик зиммасига юклатилган судьялар малака ҳайъатининг аъзоси томонидан таъминланади.

Судьялар малака ҳайъатининг мажлиси тегишли ариза (материаллар), тақдимнома ёки судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги иш судьялар малака ҳайъатига келиб тушган кундан эътиборан бир ой муддат ичида ўтказилиши керак.

Судьялар малака ҳайъатининг раиси мажлис ўтказиладиган жой ва вақтни белгилайди, кўриладиган масалага алоқадор бўлган шахслар бу ҳақда олдиндан хабардор қилинади.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари ўз ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни судларнинг, бошқа давлат органларининг, шунингдек жамоат бирлашмаларининг раҳбарларидан, мансабдор шахслар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.


16-модда. Судьялар малака ҳайъатининг мажлисига раислик қилувчи белгиланган вақтда мажлисни очади, қандай масалалар кўрилишини ва судьялар малака ҳайъатининг таркибини эълон қилади.

Судьялар малака ҳайъатининг мажлисида иштирок этаётган судьялар малака ҳайъатининг аъзоси ўзини ўзи рад этиши мумкин, мажлисда масаласи кўрилиши керак бўлган судья ёки номзод эса судьялар малака ҳайъатининг аъзоларини рад этишга ҳақли.

Ўзини ўзи рад этиш ёки судьялар малака ҳайъатининг аъзосини рад этиш масаласи ёпиқ маслаҳатлашувда ҳал қилинади.

Масалаларни кўриб чиқиш раислик қилувчининг ёки судьялар малака ҳайъатининг тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни олдиндан ўрганиб чиққан аъзоларидан бирининг маърузаси билан бошланади.

Судьялар малака ҳайъатининг ваколатларига тааллуқли ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларнинг ўзига хос хусусиятларига қараб, бундай ҳайъат мажлисига таклиф қилинган шахслар эшитилади, зарур ҳужжатлар ва материаллар ўрганилади, шундан сўнг судьяларнинг малака ҳайъати хулоса беради ёки тегишли қарор қабул қилади. Судьялар малака ҳайъатининг мажлисида баённома юритилади, у раислик қилувчи ва судьялар малака ҳайъатининг котиби томонидан имзоланади.


17-модда. Судьяларнинг малака ҳайъати судьяни маъмурий жавобгарликка тортиш учун розилик бериш тўғрисидаги, унинг интизомий жавобгарлиги ҳақидаги, ваколатларини тўхтатиб туриш тўғрисидаги, судьяларга малака даражаси бериш ҳақидаги масалалар кўрилганда қарор қабул қилади, бошқа масалалар кўрилганда эса хулоса беради.


18-модда. Судьялар малака ҳайъатининг қарори ёки хулосаси унинг мажлисда иштирок этган аъзоларининг кўпчилик овози билан ёпиқ маслаҳатлашувда қабул қилинади, чиқарилган хулоса баён этилиб, мазкур аъзолар томонидан имзоланади ҳамда ўқиб эшиттирилади.

Судьялар малака ҳайъатининг аъзоси иш бўйича қабул қилинган қарорга ёки хулосага рози бўлмаган тақдирда судьялар малака ҳайъатининг қарорини ёки хулосасини имзолайди ҳамда ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён этади, ушбу фикр мажлис баённомасига қўшиб қўйилади.


19-модда. Судьялар малака ҳайъатининг қарорида ёки хулосасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

судьялар малака ҳайъатининг номи, таркиби, судьялар малака ҳайъатининг мажлиси ўтказилган жой ва вақт;

интизомий жавобгарлиги ҳақида иш ёки материал кўрилаётган судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

тақдимнома киритган ёки судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

иш ҳолатлари;

судьянинг тушунтиришлари ва унинг шахсини тавсифловчи маълумотлар;

қабул қилинган қарорнинг ёки хулосанинг далиллар кўрсатилган асоси;

интизомий жазо чораси ёки интизомий жавобгарлик тўғрисидаги ишни тугатиш асослари;

қарор ёки хулоса устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари.


20-модда. Судьялар олий малака ҳайъатининг қарорлари ва хулосалари манфаатдор шахсларнинг шикоятига ёки тақдимномасига кўра улар томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ўзига нисбатан қарор қабул қилинган ёки хулоса берилган судья томонидан, шунингдек тақдимнома киритган ёки судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатган шахс томонидан қуйи турувчи судьялар малака ҳайъатларининг қарорлари ва хулосалари устидан Судьяларнинг олий малака ҳайъатига шикоят қилиниши мумкин.

Судьялар малака ҳайъатларининг қарорлари ёки хулосалари ўзига нисбатан қарор қабул қилинган ёки хулоса берилган судьяга, шунингдек Судьялар олий кенгашига уч кунлик муддатда юборилади.

Судьялар малака ҳайъатининг қарорини ёки хулосасини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги шикоят ёки тақдимнома қарор қабул қилинган ёки хулоса чиқарилган кундан эътиборан ўн кун ичида қарорни қабул қилган ёки хулосани чиқарган судьяларнинг малака ҳайъати орқали берилади.

Қуйи турувчи судьялар малака ҳайъатининг қабул қилинган қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги шикоят ёки тақдимнома тушиши билан судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги иш материаллари манфаатдор шахслар хабардор қилинган ҳолда беш кунлик муддатда Судьяларнинг олий малака ҳайъатига юборилиши керак.

21-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни ёхуд шикоят ёки тақдимнома билан келиб тушган материални бир ой муддат ичида кўриб чиқади.

Судьяларнинг олий малака ҳайъати:

қарорни ёки хулосани ўзгаришсиз, шикоятни ёки тақдимномани қаноатлантирмасдан қолдиришга;

қарорни ёки хулосани бекор қилишга ва материални янгидан кўриб чиқиш учун юборишга;

қарорни ёки хулосани бекор қилишга ва материални ўз иш юритувига олишга;

қарорни бекор қилишга ва судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни тугатишга;

қарорни ўзгартиришга ва судьяга бошқа интизомий жазо чораси қўллашга ҳақлидир.

Судьялар олий малака ҳайъатининг қарорлари ёки хулосалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига, қуйи судларнинг судьяларига тааллуқли масалалар бўйича эса, судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юборилади.


3-БОБ. СУДЬЯЛАР МАЛАКА ҲАЙЪАТЛАРИНИНГ

БИРИНЧИ МАРТА СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМЛАРИГА

ТАЙИНЛАНАДИГАН НОМЗОДЛАР ЗАХИРАСИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШДАГИ ИШТИРОКИ


22-модда. Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш ишлари Судьялар олий кенгаши томонидан судьяларнинг малака ҳайъатлари кўмагида адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари, шунингдек фуқаролар иштирокида амалга оширилади.

23-модда. Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин.


24-модда. Адлия, прокуратура, суд, ички ишлар органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари ўз ходимлари орасидан биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун номзодларга доир таклифлар ва зарур материалларни қуйи турувчи судьяларнинг малака ҳайъатларига йилнинг ҳар чорагида алоҳида-алоҳида юборади.

Ўз ходимлари орасидан биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун номзодлар бўйича таклифлар ва зарур материаллар судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги томонидан юборилиши мумкин.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Судьялар олий кенгашига бевосита ёхуд судьяларнинг тегишли малака ҳайъати орқали ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш ҳақидаги аризага номзод томонидан ўз қўли билан тўлдирилган кадрларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақаси ва таржимаи ҳол, фотосуратлар, паспортнинг кўчирма нусхаси ва баҳолар тўғрисидаги маълумотлар илова қилинган олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси, меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма, соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотнома, иш жойидан маълумотнома-тавсифнома, ташкилот номидан тавсиянома, фикрномалар (камида уч кишиники) илова қилинади.

Адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодларга доир материалларга қўшимча равишда идоравий инспекциянинг ёки кадрлар бўлимининг номзоднинг обрў-эътибори, хизматига оид рағбатлантирилишлар, интизомий жазолар ҳақидаги маълумотномаси ҳамда номзоднинг касбий, ишчанлик ва шахсий фазилатларини тавсифловчи бошқа маълумотлар, мазкур органлар раҳбарининг номзод судьялик лавозимига муносиблиги ҳақидаги хулосаси илова қилинади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун номзодлар бўйича таклифлар бевосита тегишли судларнинг раислари, адлия, прокуратура ва ички ишлар органлари республика ёки ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан имзоланади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш ҳақида ушбу Низом талабларига риоя этилган ҳолда берилган таклифни (материални) ёки аризани қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.


25-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари бир ойлик муддатда номзодларга тааллуқли таклифлар ва аризалар бўйича тақдим этилган материалларни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг номзодлар хусусида хулосаларини умумлаштиради, биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун тавсия этилаётган шахсларнинг рўйхатларини шакллантиради ҳамда мазкур рўйхатларни тегишли материалларни илова қилган ҳолда Судьялар олий кенгашига юборади.

26-модда. Шахсларни биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш тартиби "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламенти билан тартибга солинади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилган шахсларнинг рўйхатлари номзодларнинг ўқиши ва стажировкасини ташкил этиш учун Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилади.

Шахсларнинг биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилганлиги тўғрисидаги ахборот белгиланган тартибда номзодларга ва манфаатдор органларга етказилади.

Шахсни биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш рад қилинган тақдирда, унга тааллуқли материаллар кейинчалик бу ҳақда ариза берган шахсни ва манфаатдор органларни хабардор қилиш учун Судьялар олий кенгаши томонидан судьяларнинг тегишли малака ҳайъатига қайтарилади.

27-модда. Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида (бундан буён матнда Юристлар малакасини ошириш маркази деб юритилади) ўқитилади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг тегишли судларида стажировкадан ўтади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Юристлар малакасини ошириш марказида ўқиш, шунингдек тегишли судларда стажировкадан ўтиш даврида меҳнат вазифаларини бажаришдан асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда озод этилади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахсга ўқиш ва стажировка натижаларига кўра Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан сертификат берилади, Судьялар олий кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Олий судига эса номзоднинг назарий ва амалий жиҳатдан тайёрлиги ҳақида хулоса тақдим этилади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахснинг стажировкани ўташи учун масъул бўлган раҳбар томонидан Юристлар малакасини ошириш марказига хулоса берилади.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахснинг ўқиши ва стажировкаси, шунингдек уни ҳар томонлама ўрганиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди шахсни биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасидан чиқариш тўғрисида Судьялар олий кенгашига таклифлар киритиши мумкин.

Ўқиш ва стажировкадан ўтиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Юристлар малакасини ошириш маркази билан биргаликда белгиланади.

28-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодларнинг тайёргарлигини доимий асосда мониторинг қилиб боради, уларнинг малакасини оширишга қаратилган семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказади.

Адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган ножўя хатти-ҳаракатлари, шунингдек номзод ва унинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида судьяларнинг малака ҳайъатларига кейинчалик Судьялар олий кенгашини бу ҳақда хабардор қилиш учун ўз вақтида ахборот беради.

29-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари бўшаб қолган судьялик лавозимлари тўғрисида биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахсларни Судьялар олий кенгашининг топшириғига кўра хабардор қилиб боради.

Биринчи марта судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахс бўшаб қолган судьялик лавозимларини эгаллаш учун ўтказиладиган танловда иштирок этиши тўғрисида бевосита ёки судьяларнинг малака ҳайъатлари орқали Судьялар олий кенгашига ариза беради.

30-модда. Биринчи марта судьялик лавозимига тайинланадиган номзодни кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.


4-БОБ. СУДЬЯЛАРНИ ЯНГИ ВАКОЛАТ

МУДДАТИГА ВА БОШҚА СУДЬЯЛИК

ЛАВОЗИМЛАРИГА КЎРСАТИШ


31-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига кўрсатиш ишларини Судьялар олий кенгаши билан биргаликда ташкил этади.

32-модда. Судьялар ваколат муддати тугашидан камида олти ой олдин янги ваколат муддатига кўрсатилиш ёхуд кўрсатилишдан воз кечиш тўғрисидаги аризалар ва зарур ҳужжатларни бевосита ёки судьяларнинг тегишли малака ҳайъати орқали Судьялар олий кенгашига беради.

Бошқа судьялик лавозимларига ўз номзодини кўрсатиш истагини билдирган судьялар аризалар ва зарур ҳужжатларни бевосита ёки судьяларнинг тегишли малака ҳайъати орқали Судьялар олий кенгашига беради.

Илгари судья бўлиб ишлаган шахсларни судьялик лавозимларига кўрсатиш судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига кўрсатиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Судьяларнинг тегишли малака ҳайъати судьялик лавозимига тавсия этилаётган номзод бўйича Судьялар олий кенгашига хулоса тақдим этади.

33-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати Судьялар олий кенгаши билан биргаликда янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилган судьяларнинг касбий, ишчанлик ва шахсий фазилатлари даражасини ўрганиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширади.

Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига кўра Судьяларнинг олий малака ҳайъати юқори кўрсаткичларга эга бўлган судьяларни юқори турувчи судьялик лавозимларига тайёрлаш мақсадида алоҳида дастур бўйича судьяларнинг малакасини оширишни, уларни ўқитишни ва уларнинг стажировкадан ўтишини таъминлайди.

34-модда. Судьяларни янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига кўрсатиш масалалари Судьялар олий кенгашининг Судьяларнинг олий малака ҳайъати билан қўшма мажлисларида кўриб чиқилади. Янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилаётган судьялар хусусида тақдим этилган материаллар қўшма мажлис давомида ўрганиб чиқилади, суҳбат ўтказилади ва тегишли хулоса қабул қилинади.

35-модда. Қўшма мажлислар янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилаётган судьяларга тааллуқли материаллар тайёр бўлишига қараб ўтказилади.

Қўшма мажлис Судьялар олий кенгаши ва Судьяларнинг олий малака ҳайъати аъзоларининг кўпчилиги иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Судьялар олий кенгашининг ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлисда иштирок этаётган аъзолари биттадан овозга эга бўлади.

Қўшма мажлис қарори мажлис иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолганида раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

Овоз бериш чоғида Судьялар олий кенгашининг ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлисда иштирок этаётган аъзоларидан ташқари бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.


5-БОБ. СУДЬЯЛАРГА МАЛАКА

ДАРАЖАЛАРИ БЕРИШ ТАРТИБИ


36-модда. Судьяларга малака даражалари судьяларнинг сифат таркибини яхшилаш, уларнинг касбий малакасини баҳолаш ва касбий малакасини оширишни рағбатлантириш, одил судловни амалга ошириш борасидаги масъулиятини ошириш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва Судьяларнинг малака даражалари тўғрисидаги низом асосида берилади.


37-модда. Малака даражалари Судьяларнинг олий малака ҳайъати томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раисига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига кўра;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судьяларига нисбатан - тегишли судьялар малака ҳайъатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг раислари тақдимномалари асосида қабул қилинган хулосасига кўра;

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг судьяларига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьялари малака ҳайъатининг Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг тақдимномаси асосида қабул қилинган хулосасига кўра берилади.

38-модда. Биринчи марта судьялик лавозимига тайинланган (сайланган) шахсларга малака даражаси бериш тўғрисидаги масала улар иш фаолиятининг дастлабки уч ойи ичида кўриб чиқилади.

Судьяларга навбатдаги малака даражаси бериш судьянинг аввал берилган малака даражасида бўлиш муддати тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.

Судьяга малака даражаси бериш унинг аввал берилган малака даражасида бўлиш муддатининг ярми ўтганидан кейин муддатидан олдин амалга оширилиши мумкин.


39-модда. Малака даражаси бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилишидан камида бир ой олдин тегишли суд раиси томонидан судьяга, унинг касбий фаолиятига, ишчанлик ва шахсий сифатларига баҳо берилган тавсифнома, шунингдек унинг иши ҳақида маълумотнома тузилади.

Тегишли суднинг раиси судьяга малака даражаси бериш тўғрисидаги тақдимномани судьяларнинг малака ҳайъатига юборишдан олдин судьяни тавсифнома ва унинг иши ҳақидаги маълумотнома билан таништириши лозим.

Судья малака даражаси бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқиладиган жой ва вақт ҳақида судьялар малака ҳайъатининг мажлиси ўтказилишидан камида икки ҳафта олдин судьяларнинг малака ҳайъати томонидан хабардор қилиниши керак.


40-модда. Малака даражаси бериш, қоида тариқасида, малака даражаси бериш тўғрисидаги тақдимнома келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда судьянинг ҳозирлигида ўтказилади.


41-модда. Судьяга малака даражаси бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш раислик қилувчининг ёки судьялар малака ҳайъатининг тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни олдиндан ўрганиб чиқишни амалга оширган аъзоларидан бирининг маърузаси билан бошланади. Шундан сўнг судья, зарурат бўлганда эса, малака даражаси бериш тўғрисида тақдимнома юборган мансабдор шахс эшитилади.


42-модда. Судьялар малака ҳайъати судьянинг касбий билимлари даражасига, ишчанлик сифатларига, иш стажи ва тажрибасига, эгаллаб турган лавозимига қараб қуйидаги хулосалардан бирини беради:

судьяга тақдимномада кўрсатилган малака даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;

судьяга юқорироқ малака даражаси бериш мумкинлиги ҳақида;

судьяни унга илгари берилган малака даражасида қолдириш тўғрисида.

Қуйи турувчи судьялар малака ҳайъатининг судьяларга малака даражалари бериш масалаларига доир хулосаси барча зарур материаллар билан бирга уч кунлик муддатда Судьяларнинг олий малака ҳайъатига юборилади.

43-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати судьяга малака даражаси бериш тўғрисидаги масалани зарур материаллар келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўриб чиқади.

Судья малака даражаси бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида олдиндан хабардор қилинади.


44-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати судьяга малака даражаси бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

судьяга тақдимномада ва судьялар малака ҳайъатининг хулосасида кўрсатилган малака даражаси бериш тўғрисида;

судьяга юқорироқ малака даражаси бериш ҳақида;

судьяни унга илгари берилган малака даражасида қолдириш тўғрисида.

Судьялар олий малака ҳайъатининг судьяларга малака даражаси бериш масалалари бўйича қарори судьяларнинг тегишли малака ҳайъатига юборилади.

46-модда. Судьялар олий малака ҳайъатининг судьяга малака даражаси бериш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси Олий судининг матбуот органларида эълон қилинади, шунингдек судьянинг меҳнат дафтарчасига тегишли ёзув киритилиб, шахсий ишига қўшиб қўйилади.


6-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ

ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


47-модда. "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 73-моддасига мувофиқ, судья қуйидаги ҳолларда фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига кўра интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин:

одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;

суд ишини ташкил этишдаги бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганлиги учун;

судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги учун.

Суд қарори бекор қилинишининг ёки ўзгартирилишининг ўзи ушбу қарорни чиқаришда иштирок этган судьянинг, агар у атайлаб қонунни бузмаган бўлса ёхуд жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгарлигига сабаб бўлмайди.


48-модда. Судьяларнинг олий малака ҳайъати:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларининг;

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Қуйи турувчи судьяларнинг малака ҳайъатлари судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади.

49-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларига нисбатан судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳуқуқига эга.

50-модда. Олий суднинг раиси судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради, унда судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатишнинг асослари кўрсатилиши керак.

Судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси судьяни жавобгарликка тортиш асосларига тааллуқли маълумотларни олдиндан текширади ва ундан ёзма шаклда тушунтириш талаб қилади.

Ўзига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган судья иш материаллари билан улар судьяларнинг малака ҳайъатига юборилгунига қадар таништирилиши керак. Бунда судья қўшимча тушунтиришлар тақдим этишга ёхуд қўшимча текширув ўтказиш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақли.

Судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор зарур материаллар билан бирга судьяларнинг тегишли малака ҳайъатига кўриб чиқиш учун юборилади.


51-модда. Судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор ишни судьяларнинг малака ҳайъатида кўриб чиқиш бошлангунига қадар чақириб олиниши мумкин.

Ўзига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор чақириб олинаётган судья ишнинг судьяларнинг малака ҳайъати томонидан мазмунан кўриб чиқилишини талаб қилишга ҳақли.


52-модда. Судья ножўя хатти-ҳаракат қилганлиги аниқланган кундан эътиборан хизмат текширувларига кетган вақтни, судьянинг узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган вақтини ҳамда судьяларнинг малака ҳайъатида судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга кетган вақтни ҳисобламаганда, кечи билан бир ой ичида, аммо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай интизомий жазога тортилиши мумкин.


53-модда. Зарурат бўлганда, судьяни интизомий жавобгарликка тортиш асослари судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш бошлангунига қадар қўшимча текширув ўтказилади, бундай текширувни судьялар малака ҳайъатининг раиси судьялар малака ҳайъатининг аъзоларидан бирига топширади. Бунда қўшимча ҳужжатлар ва материалларни, шунингдек кўриб чиқишда судья қонун бузилишига йўл қўйган суд ишларини талаб қилиб олишга йўл қўйилади.


54-модда. Судьяларнинг малака ҳайъати судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича судьяга нисбатан қуйидаги қарорлардан бирини чиқариши мумкин:

интизомий жазо бериш тўғрисида;

судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни тугатиш ҳақида;

судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида тақдимнома киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун Судьялар олий кенгашига судьянинг интизомий жавобгарлиги ҳақидаги иш материалларини юбориш тўғрисида.

Агар Судьялар олий кенгаши судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш учун асослар топмаса, судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги иш судьяларнинг малака ҳайъатига қайтарилади ва иш юритиш қайта тикланади. Дастлабки қарор чиқарилган пайтдан то материаллар қайтарилгунига қадар ўтган вақт судьяни интизомий жавобгарликка тортиш муддатига кирмайди.

55-модда. Судьяларнинг малака ҳайъати интизомий жавобгарликка тортилган судьяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин:

ҳайфсан;

ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.

Интизомий жазо чораси қўлланилаётганида қоидабузарликнинг хусусияти ва оқибатлари, ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллиги, судьянинг шахси, айбдорлик даражаси инобатга олинади.


56-модда. Судьяларнинг малака ҳайъати судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни қуйидаги асосларга кўра тугатади:

судья интизомий жавобгарликка асоссиз тортилган бўлса;

судьяни интизомий жавобгарликка тортишнинг ушбу Низомнинг 52-моддасида назарда тутилган муддатлари ўтказиб юборилган бўлса;

судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги иш материалларини судьяларнинг малака ҳайъати мажлисида кўриб чиқиш билангина чегараланиш лозим топилган ҳолларда интизомий жазо чорасини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлмаса.



7-БОБ. СУДЬЯНИНГ ВАКОЛАТЛАРИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА МУДДАТИДАН

ИЛГАРИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


57-модда. "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 71-моддасига мувофиқ, судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига кўра судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин, агар:

судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;

судья тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган бўлса;

судья суд қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса.

Судьяларнинг малака ҳайъати судьянинг ваколатларини тўхтатиб туришга сабаб бўлган асослар бекор бўлгунига қадар унинг ваколатларини тўхтатиб туради, ушбу асослар бекор бўлганидан кейин эса судьянинг ваколатлари тўхтатиб турилишини олиб ташлайди.


58-модда. "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 72-моддасида назарда тутилган асосларга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисининг ва раис ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ваколатлари - Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьясининг, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисининг ва судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Судьялар олий кенгаши томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьясининг ваколатлари - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Судьялар олий кенгашининг хулосасига асосан киритиладиган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан муддатидан илгари тугатилади.

Судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

1) судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;

2) ёзма ариза берган тақдирда;

3) судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ўз ваколатлари тўхтатиб турилганидан кейин у судья лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;

4) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;

5) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;

6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

7) вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

8) соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт мобайнида судьялик вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда;

9) суд раисининг ваколат муддати тугаши муносабати билан, агар у бошқа судьялик лавозимига ўтишга розилик бермаса.

Судьянинг ваколатларини ушбу модда иккинчи қисмининг 1, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори асосида муддатидан илгари тугатишга йўл қўйилади.

Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьялар малака ҳайъатининг қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича муддатидан илгари тугатилади, бундан ушбу модда иккинчи қисмининг 1 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар мустасно.


59-модда. Судьялар олий кенгашининг судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги масала бўйича тақдимномалари судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилади.

60-модда. Судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақидаги тақдимномалар ва материаллар:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раисига нисбатан - Судьяларнинг олий малака ҳайъатига;

бошқа судларнинг судьяларига нисбатан - судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юборилади.


61-модда. Судьяларнинг малака ҳайъати судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатишга розилик бериш ёки розилик бермаслик тўғрисида хулоса беради.

Судьялар малака ҳайъатининг хулосаси беш кундан кечиктирмай Судьялар олий кенгашига юборилади.


8-БОБ. ХАЛҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ

САЙЛОВИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


62-модда. Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчиларининг сони жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.


63-модда. Халқ маслаҳатчилари сайлови жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг тегишли малака ҳайъати томонидан туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан, ҳарбий қисмларда эса, ҳарбий қисмлар қўмондонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади.


64-модда. Жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати:

халқ маслаҳатчилари сайловини ўтказиш жараёни устидан назоратни амалга оширади;

халқ маслаҳатчилари сайловини ўтказиш масалаларига доир аризалар ва шикоятларни кўриб чиқади;

халқ маслаҳатчилари сайлови якунларини чиқаради;

сайланган халқ маслаҳатчиларининг рўйхатини тузади ва тасдиқлайди;

сайланган халқ маслаҳатчиларига тегишли гувоҳномалар беради;

халқ маслаҳатчиларини ўқитишни ташкил этади.

Жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати халқ маслаҳатчиларини танлаш ҳамда уларнинг сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


65-модда. Халқ маслаҳатчилари сайлови фуқароларнинг иш ёки яшаш жойидаги ёхуд ҳарбий қисмларнинг ҳарбий хизмат жойидаги йиғилишларида ўтказилади.


66-модда. Йиғилишлар камида юз нафар сайловчи бўлган меҳнат жамоаларида, ҳарбий қисмларда ва аҳоли пунктларида ўтказилади. Агар уларда сайловчиларнинг сони юз кишидан кам бўлса, сайлов бошқа меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмлар ҳамда бошқа аҳоли пунктларида яшовчи сайловчилар билан биргаликда ўтказилади.

Йирик корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ҳарбий қисмларда халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилишлар уларнинг сайловчилар сони камида юз кишини ташкил этувчи таркибий бўлинмаларида ўтказилиши мумкин. Халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилишлар ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида фуқаролар йиғилишдан уч кун олдин хабардор этилади.


67-модда. Халқ маслаҳатчилигига номзодлар кўрсатиш меҳнат жамоалари, фуқароларнинг яшаш жойидаги сайловчилар томонидан, шунингдек ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишлари томонидан амалга оширилади.


68-модда. Халқ маслаҳатчилари сайлови ҳар бир номзод бўйича алоҳида-алоҳида, очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилади. Меҳнат жамоасининг, ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг ёки фуқаролар яшаш жойидаги сайловчиларнинг йиғилишлари иштирокчиларининг ярмидан кўп овозини олган шахслар халқ маслаҳатчилари этиб сайланган деб ҳисобланади.


69-модда. Халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилишда раис, котиб ҳамда беш - етти нафар аъзодан иборат таркибда раёсат сайланади.

Халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилишда баённома юритилиб, унга овоз бериш натижалари киритилади. Баённома раёсат таркибининг барчаси томонидан имзоланади. Халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилиш баённомасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

корхонанинг, муассасанинг, ташкилотнинг, ҳарбий қисмнинг ёки аҳоли пунктининг номи;

йиғилиш ўтказилган жой ва вақт;

сайловчиларнинг сони;

халқ маслаҳатчилигига ҳар бир номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми;

халқ маслаҳатчилигига ҳар бир номзодни ёқлаб ёки унга қарши берилган овозлар сони;

сайланган ҳар бир халқ маслаҳатчисининг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган йили, машғулоти тури, яшаш жойи.

Халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилиш баённомаси имзоланганидан кейин судьяларнинг тегишли малака ҳайъатига топширилади.


70-модда. Жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати халқ маслаҳатчилари сайлови бўйича йиғилиш баённомалари асосида сайлов натижаларини аниқлайди ҳамда ҳар бир суд учун алоҳида-алоҳида халқ маслаҳатчилари рўйхатини тузади.


71-модда. Халқ маслаҳатчиларининг рўйхати судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан тасдиқланганидан кейин тегишли судга юборилади.


72-модда. Жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъатлари халқ маслаҳатчилари сайлови натижалари тўғрисидаги маълумотларни Судьялар олий кенгашига тақдим этади, шунингдек халқ маслаҳатчиларини ўқитиш ишлари қандай бораётганлиги ҳақида вақти-вақти билан Судьялар олий кенгашига ахборот бериб боради.


9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


73-модда. Судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини молиявий ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг, шунингдек ҳарбий судларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

74-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари ўз фаолиятини амалга оширишда тегишли судларнинг иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳридан, штампларидан фойдаланишга ҳақлидир.


75-модда. Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 28 апрель, 17-сон, 190-модда