ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик тўғрисида умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 14.05.2014 й. ЎРҚ-371-сон "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 30.10.2013 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 10.04.2014 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.05.2014 й.

N ЎРҚ-371

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 30 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2014 йил 10 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

тўғрисидаги

қонунчилик

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш - ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига, ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;

ғайриижтимоий хулқ-атвор - шахснинг жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини бузувчи турмуш тарзи, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги;


ҳуқуқбузарлик - содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган айбли ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик);


ҳуқуқбузарликдан жабрланувчи - жисмоний, маънавий ёки мулкий зарар етказилганлиги оқибатида ҳуқуқбузарликдан жабрланган шахс;


ҳуқуқбузарликлар профилактикаси - ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари тизими;


ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахс - ўзининг ғайриижтимоий хулқ-атвори хавфлилиги туфайли ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли ҳолатида бўлган жисмоний шахс.



4-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг

асосий вазифалари

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан, илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш;

жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.


5-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг

асосий принциплари

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик;

тизимлилик;

ишонтириш усулининг устуворлиги;

таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини фарқлаш ва якка тартибдаги ёндашиш.


6-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг турлари

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг турлари қуйидагилардан иборат:

ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикаси;

ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси;

ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси;

ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси.


2-БОБ. ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ВА УНДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ

ОРГАНЛАР ҲАМДА МУАССАСАЛАР, УЛАРНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг самарали ишлаб туришига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожланиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир тегишли чора-тадбирларни кўради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги

ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

аҳолининг ижтимоий муҳофаза қилинишини таъминлашга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўради;

тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита

амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига қуйидагилар киради:

ички ишлар органлари;

прокуратура органлари;

Давлат хавфсизлик хизмати органлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари;

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;

адлия органлари;

давлат божхона хизмати органлари;

давлат солиқ хизмати органлари;

меҳнат органлари;

таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари;

давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари;

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган органлар ва муассасалар ҳуқуқбузарликлар профилактикасида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этади.


10-модда. Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ички ишлар органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

мамлакатдаги, айрим минтақалардаги, туманлар ва шаҳарлардаги криминоген вазиятни ўрганади, мавжуд кучлар ва воситалардан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишда фойдаланилиши самарадорлиги таҳлилини амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

ҳуқуқбузарликларнинг, уларни содир этган шахслар ва ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;

ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширади;

фаолияти тақиқланган ташкилотларга ва диний-экстремистик йўналишдаги гуруҳларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлайди, уларга нисбатан чора-тадбирлар кўради;

паспорт-виза режимига, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш қоидалари ҳамда тартибига риоя қилиниши устидан назоратни таъминлайди;

жиноятларни фош этишда ва терговга, судга келишдан бўйин товлаётган шахслар ҳамда бедарак йўқолган фуқаролар қидирувида иштирок этади;

ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Ички ишлар органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11-модда. Прокуратура органларининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Прокуратура органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, шу жумладан солиқ, валютага оид ҳуқуқбузарликлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;

аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Прокуратура органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-модда. Давлат хавфсизлик хизмати органларининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги

ваколатлари

Давлат хавфсизлик хизмати органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

халқаро жиноий ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва таҳлил қилишни, миллий хавфсизликка улардан келиб чиқувчи таҳдид даражасини баҳолашни амалга оширади, тегишли органлар ва муассасаларга зарур ахборотни тақдим этади;

тинчлик ва хавфсизликка қарши ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳисобини юритади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат

хавфсизлик хизмати органларининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

қўриқланувчи шахсларнинг манфаатлари, хавфсизлиги ва дахлсизлигига қарши ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳисобини юритади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши

курашиш агентлигининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

мамлакатдаги коррупция ҳолати тизимли таҳлил қилинишини таъминлайди, шунингдек коррупцияга оид хавф-хатарлар энг юқори бўлган соҳаларни, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлайди;

давлат харидлари ва бюджет маблағларидан, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотни тарқатиш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиради;

вазирликлар ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Адлия органларининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Адлия органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятни амалга оширади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Адлия органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


14-модда. Давлат божхона хизмати органларининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги

ваколатлари

Давлат божхона хизмати органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади;

божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

божхона соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат божхона хизмати органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Давлат солиқ хизмати органларининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги

ваколатлари

Давлат солиқ хизмати органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат солиқ хизмати органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16-модда. Меҳнат органларининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Меҳнат органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини кўради, ишсизларни ҳисобга олишни ва ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади;

меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ҳамда уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Меҳнат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


17-модда. Таълимни давлат томонидан бошқариш

органларининг ва таълим муассасаларининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

таълим олувчилар, уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

таълим олувчилар, уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

таълим олувчиларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришга, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга йўналтирилган дастурлар ҳамда услубларни ишлаб чиқади ва таълим муассасаларининг иш амалиётига жорий этади;

таълим олувчилар орасида ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлайди ҳамда уларга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўради;

таълим олувчиларнинг бандлигини ва бўш вақти мазмунли ўтказилишини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларида ҳаммабоп спорт секциялари, техник ва бошқа тўгараклар, клублар ташкил этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ички ишлар органларига:

ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳақида;

одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида;

таълим олувчи шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида;

ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақида хабар қилиши шарт.

Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


18-модда. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш

органлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

аҳоли ўртасида санитария-гигиенага оид билимларни тарқатиш бўйича ишларни, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни ташкил этади;

аҳоли ўртасида мунтазам тиббий текширувларни ташкил этади;

алкоголизмга, гиёҳвандликка, заҳарвандликка, руҳий касалликларга, ОИВ инфекциясига, таносил касалликларига ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликларга чалинган шахсларни аниқлайди, уларни ҳисобга олиш, текширувдан ўтказиш, шунингдек ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришни амалга оширади;

ОИВ инфекцияси, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик тарқалишининг олдини олишга доир чора-тадбирларни бажариш учун мутахассисларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади;

одам савдосидан жабрланганларни белгиланган тартибда ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўради;

ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари ички ишлар органларига:

ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида;

баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этганлиги ҳақида;

одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида;

вояга етмаган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида;

ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида хабар қилиши шарт.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


19-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


19-1-модда. Ўзбекистон Республикаси

Ёшлар ишлари агентлигининг ва унинг ҳудудий

бўлинмаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашда ҳамда бартараф этишда кўмаклашади;

ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни (ёшларни) ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

ёшлар ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга, шунингдек коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



20-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича

идоралараро комиссиялар

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар ўз ваколатлари доирасида:

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, юридик шахсларнинг, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилишни таъминлашни;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этишни;

ваколатли органлар ва муассасаларнинг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлигини ва уюшган ҳолда ишлашини таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларни баҳолашни, мониторинг қилишни ва уларнинг самарадорлигини оширишни;

жиноятларни фош этиш, тергов қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш амалиётини ўрганишни;

жиноятларнинг фош этилишини ҳамда суриштирув, тергов органларидан ва суддан яширинган шахсларнинг қидирувини таъминлаш мақсадида тезкор-қидирув ва профилактика тадбирлари самарадорлигини оширишни;

тизимли камчиликлар юзага келишига имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашни, таҳлил қилишни ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан бартараф этишни;

органлар ва муассасаларнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш борасидаги ҳамкорлигини яхшилаш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш юзасидан чораларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга доир ахборотни тўплашни, сақлашни, уларга ишлов беришни, уларни таҳлил қилишни, шунингдек тегишли органлар ва муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ушбу ахборотдан фойдаланишни амалга оширади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.


21-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари,

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг

ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

тегишли ҳудудда жамоат тартибини таъминлашда, шу жумладан, фуқароларнинг келиши ва кетиши ҳисобга олинишини ташкил этишда, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашади;

рўйхатдан ўтказилмаган диний ташкилотлар фаолиятига чек қўйиш, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлигига бўлган ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашларни мажбурлаб сингдиришга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўради, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади;

ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари билан биргаликда "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси аъзолари фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

яраштириш комиссиялари ва бошқа комиссияларни тузади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасаларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдамни кўрсатиш йўли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этиши мумкин.


3-БОБ. ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ

УМУМИЙ ПРОФИЛАКТИКАСИ

22-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг умумий

профилактикаси тушунчаси

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш бўйича фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикасидир.



23-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг умумий

профилактикаси чора-тадбирлари

Ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикаси чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

аҳоли ўртасидаги ҳуқуқий тарғибот;

ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

Ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикаси қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


4-БОБ. ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ

МАХСУС ПРОФИЛАКТИКАСИ

24-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси

ва уни амалга ошириш асослари

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, бу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга, айрим тоифадаги шахсларни аниқлаш ва уларга профилактик таъсир кўрсатишга қаратилган махсус тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга доир фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасидир.

Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:

айрим турдаги ҳуқуқбузарликларнинг, шахслар тоифаларининг кўпайиши;

жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, шахс, жамият ва давлат манфаатларига тажовуз қилувчи хатарлар ва таҳдидларнинг юзага келиши.



25-модда. Илгари судланган шахслар ўртасида

ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси

чора-тадбирлари

Илгари судланган шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш, бартараф этиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича махсус тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган шахсларни ижтимоий реабилитация қилишга ва ижтимоий мослаштиришга тайёрлаш бўйича махсус тадбирларни амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини ташкил этаётган ташкилотларни рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Илгари судланган шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


26-модда. Алкоголни суиистеъмол қилувчи ёки гиёҳвандлик

воситаларини, психотроп моддаларни ва ақл-ирода фаолиятига

таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилувчи шахслар

ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси

чора-тадбирлари

Алкоголни суиистеъмол қилувчи ёки гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилувчи шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишининг, улар истеъмол қилинишининг, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилинишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мастлик ҳолатида, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсири остида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва шарт-шароитларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича профилактика тадбирларини ўтказиш;

гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни сақлаш, ташиш, реализация қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Алкоголни суиистеъмол қилувчи ёки гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилувчи шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


27-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик

ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ушбу Қонун ва бошқа қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


5-БОБ. ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ЯККА

ТАРТИБДАГИ ПРОФИЛАКТИКАСИ

28-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги

профилактикаси, уни қўллаш шартлари ва асослари

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга тарбиявий таъсир кўрсатишга доир фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасидир.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси шахснинг, унинг ижтимоий муҳитининг ўзига хос хусусиятлари, ижтимоий-маиший шароитлари ва турмуш тарзи, шахснинг ғайриижтимоий хулқ-атворини, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллигини, шунингдек содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини тавсифловчи бошқа омиллар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини қўллаш учун шахснинг ғайриижтимоий хулқ-атвори тўғрисида, унинг ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги ёхуд у ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳақида далолат берувчи ишончли маълумотларнинг мавжудлиги асос бўлади.

Ҳуқуқбузарликларнинг мажбурловчи ва чекловчи хусусиятдаги якка тартибдаги профилактикаси қонунда назарда тутилган асосларда қўлланилади.



29-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги

профилактикаси чора-тадбирлари

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

профилактика суҳбати;

расмий огоҳлантириш;

ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш;

ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш;

профилактик ҳисобга олиш;

мажбурий даволанишга юбориш;

маъмурий назорат.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


30-модда. Профилактика суҳбати

Профилактика суҳбати шахсни жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтиришдан, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтиришдан иборат бўлади.

Профилактика суҳбати шахсни профилактик ҳисобга қўйишда ҳам ўтказилади.

Профилактика суҳбати ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасанинг ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширишга масъул бўлган вакили томонидан ўтказилади.

Профилактика суҳбати ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса жойлашган ерда, шунингдек шахснинг яшаш, ўқиш, иш жойида ёхуд бевосита ғайриижтимоий хулқ-атвор ёки ҳуқуқбузарлик аниқланган жойда ўтказилади.

Профилактика суҳбати давомида шахснинг ўзига хос хусусиятлари, унинг турмуш тарзи ва ижтимоий-маиший яшаш шароитлари, шунингдек ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ёки содир этилган ҳуқуқбузарликнинг сабаблари ва шарт-шароитлари аниқланади.

Илгари ўтказилган профилактика суҳбати ижобий натижа бермаган ва шахс ғайриижтимоий хулқ-атворни ёки ҳуқуқбузарлик содир этишга мойилликни давом эттирган ҳолларда, унга нисбатан расмий огоҳлантириш қўлланилади.



31-модда. Расмий огоҳлантириш

Расмий огоҳлантириш шахсга унинг ғайриижтимоий хулқ-атворни давом эттиришига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида ёзма равишда тушунтиришдан, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсни ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиришдан иборат бўлади.

Расмий огоҳлантириш ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасанинг ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширишга масъул бўлган мансабдор шахси томонидан чиқарилади ҳамда шахсга имзо қўйдириб эълон қилинади, у имзо қўйишдан бош тортган тақдирда эса, расмий огоҳлантиришга бу ҳақда ёзиб қўйилади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасанинг ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширишга масъул бўлган мансабдор шахси расмий огоҳлантириш чиқарилганлиги тўғрисида у қайси шахсга эълон қилинган бўлса, ўша шахснинг иш (ўқиш) жойидаги иш берувчига (маъмуриятга) ёки яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилишга ҳақли.

Расмий огоҳлантиришнинг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



32-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари

ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида

хабардор қилиш

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ёки унда иштирок этувчи орган ёки муассаса, ўз ваколатлари доирасида, ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида иш (ўқиш) жойидаги иш берувчини (маъмуриятни), яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ва содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ҳолатларини, шунингдек уларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни кўрсатган ҳолда хабардор қилишга ҳақли.



33-модда. Ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий

мослаштириш чора-тадбирларини қўллаш

Ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса томонидан қўлланилади.


34-модда. Профилактик ҳисобга олиш

Профилактик ҳисобга олиш ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган шахсларга нисбатан уларнинг тузалиши ва такроран ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган профилактика тадбирлари мажмуидир.

Профилактик ҳисобга олишни амалга ошириш тартиби ва шартлари ушбу Қонун ва бошқа қонунчиликда белгиланади.


35-модда. Ўзига нисбатан профилактик ҳисобга

олиш юритиладиган шахслар

Профилактик ҳисобга олиш қуйидаги шахсларга нисбатан юритилади:

илгари судланганларга улар жиноий жазони ўтаганидан сўнг, ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган шахслар бундан мустасно;

ўзига нисбатан суднинг жазо тайинланмаган айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларга;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига мувофиқ айбдорлик тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан туриб ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор чиқарилган шахсларга;

ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган жиноят содир этишда айбланувчиларга;

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41, 45, 47, 52, 56, 58, 61, 106, 131, 165-1, 183, 184, 184-1, 184-2, 184-3, 187, 188, 188-1, 189, 189-1, 190, 191, 201, 202, 202-1, 240, 241-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганларга;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтганларга.



36-модда. Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш асослари

Шахсни профилактик ҳисобга қўйишга қуйидагилар асос бўлади:

ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг ушбу Қонун 35-моддасининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори;

ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори;

ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги терговчининг ёки прокурорнинг қарори;

суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми;

шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганлиги тўғрисидаги маълумотнома;

болалар масалалари бўйича комиссиянинг қарори.

Бир шахсни профилактик ҳисобга қўйиш учун бир қанча асослар мавжуд бўлган тақдирда, асосларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида профилактик ҳисобга олиш амалга оширилади.



37-модда. Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тартиби

Ушбу Қонун 36-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослардан бири мавжуд бўлганда, профилактик ҳисобга олишни амалга ошириш учун масъул бўлган шахс шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисида ички ишлар туман, шаҳар бўлимининг, бошқармасининг бошлиғи томонидан тасдиқланадиган қарор чиқаради. Мазкур қарор шахсни профилактик ҳисобга қўйиш учун асослар мавжудлигидан далолат берувчи ҳужжатлар мансабдор шахс томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун ичида чиқарилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга нисбатан шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қарор улар яшаш жойига етиб келган кундан эътиборан уч кун ичида чиқарилади.

Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қарорда қарорни чиқарган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми, у чиқарилган сана ва жой, у қайси шахсга нисбатан чиқарилган бўлса, ўша шахс тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш, иш, ўқиш жойи) ва профилактик ҳисобга қўйиш асослари кўрсатилади. Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қарор мазкур қарорни чиқарган шахс томонидан имзоланади.

Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қарор профилактик ҳисобга қўйилган шахсга имзо қўйдириб эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради. Қарор ушбу шахсга тасдиқланган пайтдан эътиборан уч кун ичида, у яшаш жойида бўлмаган ҳолларда эса, унинг турган жойи аниқланган пайтдан эътиборан уч кун ичида эълон қилиниши керак. Қарор эълон қилинганда шахсга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиб, бу ҳақда қарорда қайд қилинади.

Шахснинг хулқ-атворини назорат қилиш ва унга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари ўз вақтида қўлланилишини таъминлаш мақсадида шахс профилактик ҳисобга қўйилган кунда ички ишлар органлари томонидан профилактика иши очилади.



38-модда. Шахсни профилактик ҳисобга олиш муддати

Шахсни профилактик ҳисобга олиш у профилактик ҳисобга қўйилган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида амалга оширилади.

Агар профилактик ҳисобга олишни амалга ошириш даврида ушбу Қонун 36-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган янги асослар вужудга келса, шахсни профилактик ҳисобга олиш муддатини ҳисоблаш шахс янги вужудга келган асослар бўйича профилактик ҳисобга қўйилган пайтдан эътиборан амалга оширилади.



39-модда. Шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш асослари

Шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда амалга оширилади:

профилактик ҳисобга олиш муддатининг тугаши;

реабилитация қилувчи асосларга кўра жиноят ишини тугатиш тўғрисида терговчи ёки прокурор томонидан қарор қабул қилиниши ёки суднинг оқлов ҳукмининг қонуний кучга кириши;

суднинг шахсни озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилиш тўғрисидаги айблов ҳукмининг ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги суд ажримининг қонуний кучга кириши;

қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиши;

шахснинг муддатидан олдин тўлиқ тузалганлиги тўғрисида далолат берувчи маълумотларнинг мавжудлиги;

профилактик ҳисобда турган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига қонунда белгиланган тартибда чиқиб кетган тақдирда;

профилактик ҳисобда турган шахснинг вафот этиши.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослардан бири мавжуд бўлганда, профилактик ҳисобни амалга ошириш учун масъул бўлган шахс шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш тўғрисида ички ишлар туман, шаҳар бўлимининг, бошқармасининг раҳбари томонидан тасдиқланадиган қарор чиқаради.

Профилактик ҳисобда турган шахс озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган тақдирда, унга нисбатан тўпланган материаллар суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш кун ичида ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларини қўллаш учун тегишли жазони ижро этиш муассасасига юборилади.

Профилактик ҳисобда турган шахс доимий яшаш жойини ўзгартирган тақдирда, уни ҳисобга олиш янги доимий яшаш жойи бўйича амалга оширилади.



40-модда. Шахсни мажбурий даволанишга юбориш

Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка чалинган шахс томонидан жамоат тартиби, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилган ёхуд у аҳолининг хавфсизлиги, соғлиғи ва жамиятнинг ахлоқига таҳдид солган тақдирда ички ишлар органлари "Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонунчиликка мувофиқ уни мажбурий даволанишга юбориш бўйича чора-тадбирларни кўради.


41-модда. Ички ишлар органларининг маъмурий назорати

Ички ишлар органларининг жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар устидан маъмурий назорати тарбиявий-профилактик таъсир кўрсатиш чора-тадбирлари мажмуидан иборат бўлади ва назорат остидагиларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чекловларни қўллашдан иборат бўлади.

Маъмурий назоратни ўрнатиш, амалга ошириш ва тугатиш тартиби, шунингдек қўлланиладиган чекловлар рўйхати жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисидаги қонунчиликда белгиланади.


42-модда. Ўзига нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг

якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари

қўлланилаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ўзига нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар:

ўзига нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларининг асослари ва ҳуқуқий оқибатларини билишга;

ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишишга;

илтимослар қилишга;

юридик ёрдам олишга;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

Ўзига нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши шарт.

Ўзига нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


6-БОБ. ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ

ВИКТИМОЛОГИК ПРОФИЛАКТИКАСИ

43-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик

профилактикаси тушунчаси

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасанинг муайян шахснинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтиришга қаратилган профилактика чора-тадбирларини қўллашга доир фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикасидир.


44-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик

профилактикаси чора-тадбирлари

Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга нисбатан шахснинг индивидуал ва ижтимоий-психологик хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда профилактика тадбирларини ўтказиш;

аҳолига, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга шахслар ўртасидаги низоларни ҳал этиш усулларини ўргатиш;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларни аниқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасаларни ташкил этиш;

ҳуқуқбузарликдан жабрланувчининг жисмоний ва психологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган махсус комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уни қонунда назарда тутилган ўзини ўзи мудофаа қилиш усуллари ва воситалари тўғрисида хабардор қилиш;

ғайриижтимоий хулқ-атвор нисбатан тез-тез кузатиладиган ёки ҳуқуқбузарликлар тез-тез содир бўлиб турадиган жойларни (ҳудудларни) мунтазам равишда назорат қилиш;

ҳужум қилинган тақдирда зарурий мудофаа ва охирги зарурат ҳақидаги маълумотларни кенг тарқатиш йўли билан аҳолига ҳуқуқий тарбия ва таълим бериш;

ғайриижтимоий хулқ-атвор, тайёрланаётган, содир этилаётган ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса ҳузурида ишонч, тезкор алоқа телефонларини, қутқарув хизматларини ташкил этиш;

профилактика дастурлари ва тадбирлари лойиҳаларининг оммавий муҳокамаларини ташкил этиш, уларни амалга ошириш жараёнида муаммолар ва камчиликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида жаҳон Интернет ахборот тармоғида веб-сайтлар, блоглар, чатлар ташкил қилиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг замонавий усуллари тўғрисида электрон адабиётларни тарқатиш.

Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


45-модда. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ёрдам

кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасалар

Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасалар тузиши мумкин. Ихтисослаштирилган муассасалар ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатади.

Ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасаларни тузиш ва уларнинг ишини ташкил этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

46-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга

оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари

ва қонуний манфаатлари кафолатлари

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари чекланишига, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишга, шахсий ҳаёт, ёзишмалар, телефонда сўзлашувлар, почта, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар сир сақланиши, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва яшаш жойини танлаш, шунингдек шахсий дахлсизлиги, уй-жой дахлсизлиги бузилишига йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўзига нисбатан профилактика чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда назарда тутилган тартибда шикоят қилишга ҳақли.


47-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга

оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар

фаолиятининг молиявий ва моддий-техника таъминоти

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар фаолиятининг молиявий ҳамда моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Фаолияти ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат ижтимоий буюртмани жойлаштириш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар воситасида қўллаб-қувватлайди.


48-модда. Низоларни ҳал этиш

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


49-модда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


50-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



51-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Халқ сўзи", 2014 йил 15 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 19 май, 20-сон, 221-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2014 йил, 5-сон, 129-модда































Время: 0.1801
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск