ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш /

Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятларига қаратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.2014 й. 120-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 13 майдаги

120-сон қарорига

ИЛОВА



Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети

маблағларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий

мажбуриятларига қаратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 128 ва 129-моддаларига ҳамда "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 48-7-моддасига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджет ташкилотларининг маблағларига қаратиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


бюджет ташкилоти - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига таъминланадиган давлат функцияларини амалга ошириш учун давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра, белгиланган тартибда ташкил этилган нотижорат ташкилоти;


Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети - давлатнинг давлат вазифалари ва функцияларини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун мўлжалланган марказлаштирилган пул жамғармаси;


молиявий мажбуриятлар - бюджет ташкилотларида уларга пул маблағларини ўтказиш мажбуриятини юкловчи ҳужжатлар, шу жумладан, ижро ҳужжатлари асосида пайдо бўладиган мажбуриятлар;


харажатлар сметаси - бюджет ташкилоти томонидан молия йили учун тузиладиган ва тасдиқланадиган, унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар харажатлар моддалари бўйича акс эттириладиган ҳужжат;


бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари - қонун ҳужжатларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан бюджет ташкилоти тасарруфига тушадиган маблағлар;


ғазначилик бўлинмалари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўйича Ғазначилик бўлинмалари.


3. Ижро ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни қаратиш, ушбу Низомда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ижро ҳужжатида маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан тўлаш тўғрисидаги талаб мавжуд бўлган ёхуд ижро ҳужжатида бюджет ташкилоти қарздор сифатида кўрсатилган ҳолларда амалга оширилади.


4. Бюджет ташкилотининг - қарздорнинг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирув ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, ижро ҳужжатларини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилади.

Бюджет ташкилотларидан ижро йиғимини ундиришга йўл қўйилмайди.


5. Ушбу Низом билан зиммасига суд қарорларини ижро этиш доирасидаги муайян мажбуриятлар ва ҳаракатларни бажариш юкланган давлат органлари ва мансабдор шахсларга суд тартибидан ёхуд шикоят қилиш ёки протест келтириш тартибидан ўзгача тарзда суд ҳужжатини ижро этмаслик, ижро этишни тўхтатиб туриш ёхуд ижро этишга бошқача тарзда тўсқинлик қилиш тақиқланади.



II. УНДИРУВНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒЛАРИГА ҚАРАТИШ


6. Ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутадиган ижро ҳужжатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, мазкур Низомнинг 6-1-бандида кўрсатилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар бундан мустасно.

6-1. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган қуйидаги зарарлар (кейинги ўринларда - мулкий ва маънавий зарарлар) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан қопланади:

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар;

давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиёнлар;

турар жой инсофли эгалловчидан қонунчиликда белгиланган тартибда талаб қилиб олинишига йўл қўйилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар.

7. Ижро ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд унинг вакиллари (кейинги ўринларда ундирувчилар деб аталади) аризани:

агар ижро ҳужжатида маблағларни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ундириш назарда тутилган бўлса - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига;

агар ижро ҳужжатида маблағларни Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ёки Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан ундириш назарда тутилган бўлса - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига;

агар ижро ҳужжатида маблағларни туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан ундириш назарда тутилган бўлса - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига;

агар ижро ҳужжатида пул маблағлари тўланиши керак бўлган бюджет даражаси кўрсатилмаган бўлса - ундирувчининг - жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича ёки ундирувчи - юридик шахс органининг жойлашган жойидаги туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига тақдим этадилар.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида назарда тутиладиган режали бюджет маблағлари ҳамда Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича мақсадли жамғармалар маблағлари мулкий ва маънавий зарарни қоплаш бўйича тўловларни амалга оширишнинг манбалари ҳисобланади.

Аризага суднинг ёхуд ижро ҳужжатини берган бошқа органнинг муҳри билан тасдиқланган ижро ҳужжатининг асл нусхаси илова қилинади. Аризада унга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ўтказилиши талаб этилаётган ундирувчининг банкдаги ҳисоб рақами реквизитлари кўрсатилган бўлиши лозим.

Ижро варақаси ёки суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборилиши мумкин.

7-1. Мулкий ва маънавий зарарларга оид ижро ҳужжатлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалардан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига тегишли маблағлар ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд уларнинг вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат қиладилар.

Бунда мулкий ва маънавий зарарларга оид ижро ҳужжатларини ижросини таъминлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

8. Тегишли молия органи қуйидаги ҳолларда ижро ҳужжатини ундирувчига ижро этмасдан қайтаради:

ариза ушбу Низомнинг 7-банди талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганда ёхуд унга ижро ҳужжатининг асл нусхаси илова қилинмаганда. Агар ижро варақаси ёки суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборилган бўлса, унинг асл нусхасини илова қилиш талаб этилмайди;

ижро ҳужжати "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

ижро ҳужжати "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида назарда тутилган ижрога топшириш муддати ўтгандан кейин тақдим этилганда;

ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати ёхуд қонунга кўра ижро ҳужжати бўлган бошқа ҳужжат қонуний кучга кирмаганда, бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.

Ижро ҳужжатини ушбу бандда назарда тутилмаган асослар бўйича ижро этмасдан қайтаришга йўл қўйилмайди.


9. Ижро ҳужжатини ижро этмасдан қайтариш тўғрисидаги асосланган хат ариза тушган кундан бошлаб 3 кун мобайнида ундирувчига юборилади, унда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган талаблардан қайси бири бузилганлиги мажбурий тартибда кўрсатилади.

Ижро ҳужжати ушбу Низомнинг 8-банди учинчи хатбошида кўрсатилган асос бўйича қайтарилган тақдирда, хатда "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасида назарда тутилган талаблардан қайси бири бузилганлиги ҳам кўрсатилади.

Ижро ҳужжатини аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қайтариш ундирувчи томонидан ушбу бузилишлар бартараф этилгандан кейин ижро ҳужжатини тегишли молия органига такроран тақдим этишга тўсқинлик қилмайди.


10. Ижро ҳужжатини ижро этмасдан қайтариш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишли молия органи ариза тушган кундан бошлаб 30 кун мобайнида молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва тегишли бюджет маблағларини ариза берувчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлаш чора-тадбирларини кўради. Айни бир вақтда, ариза берувчи ва суд ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган ижро ҳужжатини ижро этиш натижалари тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади.

Ундирувни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харажатларни молиялаштириш (тўлаш) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


11. Ижро ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш, кечиктириш, бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ижро ҳужжатининг ижроси суд томонидан ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган томонидан, шу жумладан, суд ҳужжати ёки ижро ҳужжати юзасидан шикоят берилиши ёки протест келтирилиши муносабати билан тўхтатиб турилган тақдирда, ижро ҳужжатини ижро этиш бўйича барча ҳаракатлар суд ёки ижро ҳужжатини берган орган томонидан ижро этишни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади. Бунда ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган муддатнинг ўтиши ҳам тўхтатиб турилади.

Ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати, ёхуд қонунга кўра ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда тегишли молия органи ундирувчига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар тўлашни рад этиш тўғрисида хат жўнатади.



III. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ МОЛИЯВИЙ

МАЖБУРИЯТЛАРИ БЎЙИЧА УНДИРУВНИ ҚАРАТИШ


12. Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш давлат ижрочилари томонидан, ушбу Низомда назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

13. Ижро ҳужжатлари бўйича бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирув давлат ижрочисининг қарори асосида, қарзни ва ижро этиш бўйича харажатларни тўлаш учун зарур бўлган миқдорда амалга оширилади.

14. Давлат ижрочилари бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутадиган ижро ҳужжатларини (давлат ижрочисининг қарорини) тегишли ғазначилик бўлинмаларига тақдим этадилар.

15. Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш:

биринчи навбатда бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

тўланиши лозим бўлган қарз бюджет ташкилотининг харажатлар сметаси бўйича харажатлар моддасига мувофиқ бўлганда - бюджетдан ажратилган маблағлар ҳажми доирасида амалга оширилади.


16. Ғазначилик бўлинмаси давлат ижрочисининг қарори олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда:

бюджет ташкилотининг бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасининг тегишли моддаси бўйича ҳамда бюджетдан ташқари барча шахсий ғазна ҳисобварақлари бўйича тўловларни ҳамда шартномаларни рўйхатдан ўтказишни вақтинча тўхтатади, шунингдек давлат ижрочисининг қарорида назарда тутилган бюджет ташкилоти маблағларидан фойдаланиш юзасидан бошқа чекловларнинг ижросини таъминлайди;

бюджет ташкилотини, ижро ҳужжатини илова қилган ҳолда, тегишли харажатларнинг вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади;

бюджет ташкилотининг ғазначилик ҳисоб рақамидан - бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари қолдиқлари доирасида, бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармасида маблағлар мавжуд бўлмаганда ёки етарли бўлмаганда ҳамда тўланиши керак бўлган қарзлар бюджет ташкилоти харажатлари сметаси бўйича харажатлар моддасига мувофиқ бўлганда эса - ажратилган бюджет маблағлари ҳажми доирасида маблағларнинг ўтказилишини таъминлайди.


17. Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича маблағларни тўлашга доир харажатларни молиялаштириш (тўлаш) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


18. Бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ва харажатлар сметасининг тегишли моддаси бўйича бюджетдан ажратилган маблағлар қолдиғи етарли бўлмаган тақдирда, ғазначилик бўлинмаси бюджет ташкилотига харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида талабнома юборади. Бунда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамлари бўйича, шунингдек бюджет ташкилотлари харажатлар сметасининг тегишли моддалари бўйича бундан буён юридик мажбуриятлар қабул қилиш бюджет ташкилотининг харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритилгунгача ва давлат ижрочисининг қарори асосида маблағлар тўлиқ тўлангунгача тўхтатиб турилади.


IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Давлат ижрочилари, молия органлари ва ғазначилик бўлинмалари ходимлари ушбу Низом талабларининг қатъий бажарилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 19 май, 20-сон, 226-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 5-сон, 46-модда




































Время: 0.1826
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск