ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Олий таълим (бакалавриат, магистратура) /

Олий таълим муассасасининг васийлик кенгаши тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 23.05.2014 й. 129-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 23 майдаги

129-сон қарорига

ИЛОВА


Олий таълим муассасасининг

васийлик кенгаши тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом Олий таълим муассасасининг васийлик кенгаши фаолиятини тартибга солади.


2. Ушбу Намунавий низомнинг амал қилиши олий ҳарбий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.


3. Олий таълим муассасасининг васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади ва олий таълим муассасасининг жамоатчилик бошқаруви органларидан бири ҳисобланади.


4. Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир олий таълим муассасасида ташкил этилади.

Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди. Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


5. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


6. Таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш, олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва таълим жараёнини такомиллаштириш Кенгашнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.


7. Кенгаш таркибига давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, ҳомийлар, шунингдек олий таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришдан манфаатдор бўлган бошқа юридик ва жисмоний шахслар кириши мумкин.


8. Кенгашнинг таркиби тасарруфида тегишли олий таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идора томонидан тасдиқланади, ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Кенгаш таркибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари киритиладиган ҳолатларда Кенгаш таркиби тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

Кенгаш таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларининг, ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот берадиган давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари киритиладиган ҳолатларда тасарруфида тегишли олий таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоранинг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритилади.

Нодавлат олий таълим муассасасининг Кенгаши таркиби унинг муассислари томонидан тасдиқланади.


9. Кенгаш тўғрисидаги Низом ушбу Намунавий низом талабларини ҳисобга олган ҳолда Кенгаш томонидан тасдиқланади.



II. КЕНГАШНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


10. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

олий таълим муассасаларининг моддий-техника, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва маиший инфратузилмасини яхшилаш, биноларини мувофиқлаштириш ва ҳудудларини ободонлаштириш;

таълим жараёнини ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек олий таълим муассасалари битирувчиларини келгусида ишлаб чиқариш, фан ва таълимни интеграциялашни ривожлантириш орқали ишга жойлаштириш;

бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш сифатини ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини баҳолаш ишларини ташкил этиш;

таълим жараёни сифати ва натижадорлигини ошириш, келгусида меҳнат бозори ривожланишини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техника кадрларини тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш;

мутахассислар тайёрлаш сифатига кўмаклашадиган истиқболли дастурларни молиялаштириш ва амалга ошириш;

олий таълим муассасасида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш, фундаментал (амалий) илмий-техника ишланмаларини амалга ошириш, ўқув ва илмий жараёнларни оқилона интеграциялаш;

талабаларнинг бевосита ишлаб чиқаришдаги амалий машғулотларини ўтказишни ташкил этиш;

ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги малакали ва тажрибали мутахассисларни таълим жараёнига жалб этиш;

олий таълим муассасалари педагог кадрларининг меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда уларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтишларини ташкил этиш;

олий таълим муассасалари фаолиятининг изчил ривожлантирилишини таъминлаш учун ҳомийлик эҳсонларини, техникавий кўмаклашиш (грантлар) маблағларини ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

энг аввало, етим болалар жумласидан бўлган талабаларни ижтимоий ҳимоялашни таъминлаш, иқтидорли талабаларга стипендиялар ажратиш, талабаларнинг яшаши учун хонадонларда яшаш ва фойдали ҳордиқ чиқариш шароитларини яхшилаш, шунингдек таътиллар даврида талабаларнинг дам олишини ташкил этиш;

ўқитишнинг илғор шакллари ва методларини, компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини, электрон таълим ресурсларини таълим жараёнига жорий этиш, шу жумладан, интернет тармоғидан фойдаланилишини таъминлаш, олий таълим муассасасини замонавий ўқув-лаборатория анжомлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, олий таълим муассасасининг замонавий илмий лабораторияларини шакллантириш ва ривожлантириш;

олий таълим муассасасида соғлом интеллектуал ва маънавий-психологик, педагоглар ва талабалар ўртасида ўзаро ҳамфикрлик муҳитини шакллантиришга, уларда касбий, маънавий, интеллектуал ва жисмоний такомиллашувга доимий интилишни тарбиялашга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

муаллифлик ўқув дастурлари, методик қўлланмалар, тавсияномалар, дидактик материаллар ҳамда бошқа ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш;

иқтидорли талабаларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тажриба орттиришга юбориш бўйича таклифларни шакллантириш, улар учун махсус стипендиялар таъсис этиш;

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби, катта илмий ходимлари - изланувчилари ва талабалари учун халқаро тажриба алмашувларни ташкил этиш борасида кўмаклашиш.


11. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида:

олий таълим муассасасидан Кенгашга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур маълумотлар ва ахборотларни белгиланган тартибда олади;

Кенгаш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

олий таълим муассасасининг иш режаларини, тадбирлар режаларини, дастурларини ва бошқа ҳужжатларини муҳокама этишда қатнашади, уларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

олий таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шу жумладан, олий таълим муассасасининг раҳбарлик лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш юзасидан давлат органларига мурожаат қилади;

олий таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар киритади, шунингдек олий таълим муассасасининг ректорига (директорига) олий таълим муассасасининг ходимлари ва талабаларини моддий ва маънавий рағбатлантириш тўғрисида тавсияномалар тақдим этади;

Кенгашнинг маблағ тушумлари ва маблағларнинг сарфланиши бўйича молиявий режасини тасдиқлайди;

Кенгаш маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

Кенгаш маблағлари бўйича молиявий режанинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади;

Кенгаш маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текшириш учун назорат-тафтиш комиссиясини тайинлайди.

Кенгаш амалдаги қонун ҳужжатларига, ўз Низомига ва олий таълим муассасасининг уставига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.



III. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Кенгаш иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва Кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.

Кенгаш, қоидага кўра, Кенгаш раиси, раиснинг ўринбосари, котиб ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Кенгашнинг сон таркиби тартибга солинмайди. Кенгашнинг шахсий таркиби ва раҳбариятидаги ўзгаришлар, қоидага кўра, бир йилда бир марта амалга оширилади.

Олий таълим муассасасининг ректори (директори) лавозимига кўра Кенгаш аъзоси ҳисобланади.


13. Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари Кенгашнинг биринчи ташкилий мажлисида сайланади, мажлисда олий таълим муассасасининг ректори (директори) раислик қилади.

Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари Кенгаш аъзолари орасидан сайланади.

Кенгаш аъзоларининг фаолияти муддатлари, Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарини қайта сайлаш Кенгаш тўғрисидаги Низомда белгиланади.

Кенгаш ўз ваколатларини олий таълим муассасасининг ректорига (директорига) бериш ҳуқуқига эга эмас.


14. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши назорат қилинишини ташкил этади;

Кенгашнинг йиллик иш режасини тасдиқлайди, шунингдек Кенгашнинг йиллик иш режаси бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни Кенгашга тақдим этади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда Кенгаш номидан вакиллик қилади;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Кенгаш раиси ўринбосарининг ваколатлари Кенгашнинг қарори билан белгиланади.


16. Кенгаш аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда қатнашиш;

олий таълим муассасасида таълим жараёнини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича хулоса тақдим этиш.

Кенгаш аъзолари Кенгаш таркибида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашиши керак. Бундай қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини Кенгашга ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.


17. Кенгаш ўз ишларини ўзи тасдиқлаган режалар асосида амалга оширади ва ўз мажлисларини заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади. Кенгаш раиси томонидан унинг аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин. Илтимосномаларда навбатдан ташқари мажлисни чақиришнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.


18. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса - Кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.

Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


19. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, олий таълим муассасасининг ходимлари, айрим жисмоний шахслар таклиф этилиши мумкин.


20. Кенгаш котиби:

Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;

кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, кун тартиби лойиҳаси, мажлисни ўтказиш вақти ва жойидан хабардор қилади;

Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.


21. Кенгаш ўз фаолиятини таълим муассасасининг ректори (директори) билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



IV. КЕНГАШ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Тушумлар ва сарфларнинг йиллик молиявий режасини, шунингдек Кенгаш маблағларидан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарор Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзолари учдан икки қисмининг овозлари билан қабул қилинади.


23. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.


24. Кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унинг материаллари олий таълим муассасасида сақланади.

Олий таълим муассасасининг ректори (директори) Кенгаш ҳужжатларининг сақланиши ва уларнинг сақланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.


25. Кенгаш котиби Кенгаш аъзоларининг ёрдамида Кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлганда, Кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.

Кенгаш қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


26. Кенгашнинг иш тартиби Кенгаш тасдиқлайдиган регламентда белгиланади.



V. КЕНГАШ МАБЛАҒЛАРИ


27. Кенгаш маблағлари вакиллари Кенгаш аъзолари ҳисобланадиган ташкилотларнинг, шунингдек Кенгаш аъзоларининг хайрия эҳсонлари, ихтиёрий бадаллари шаклида Кенгаш томонидан олий таълим муассасасига жалб этиладиган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига шакллантирилади.

Кенгаш маблағлари мол-мулк, пул маблағлари, бошқа моддий ва номоддий активлар шаклида киритилади.


28. Кенгаш маблағларидан Кенгашнинг мақсадлари, вазифалари ва ваколатларини амалга ошириш ва уларга эришиш учун фойдаланилиши мумкин.


29. Кенгаш маблағлари Олий таълим муассасасини ривожлантириш жамғармасининг бюджетдан ташқари шахсий ҳисоб рақамида жамланади, Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасига киритилади ва улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Олий таълим муассасасига бериладиган активлардан фойдаланиш тартиби Кенгашнинг қарори билан белгиланади.


30. Кенгашнинг келгуси йилги даромадлари ва маблағлари сарфларининг ҳажми Кенгаш мажлисида тасдиқланган молиявий режага мувофиқ Олий таълим муассасасини ривожлантириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари сметасига киритилади.

Кенгаш тушумлари ва маблағлари сарфининг молиявий режасига олий таълим муассасасидаги Кенгаш фаолияти билан боғлиқ жорий харажатлар киритилади.


31. Кенгашнинг даромадлари ва маблағлари сарфлари сметаси Кенгашнинг қарори асосида олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланади.

Зарурият бўлганда Кенгашнинг даромадлари ва маблағлари сарфлари сметасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


32. Кенгаш маблағларининг бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, маблағлар зарур тарзда расмийлаштирилиши ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш учун олий таълим муассасасининг ректори (директори) ва бош бухгалтери жавоб беради.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтади.


33. Кенгашнинг маблағларидан ходимларнинг қўшимча сони таъминоти учун фойдаланиш тақиқланади.


34. Кенгаш Кенгаш маблағларидан тўғри, мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан молиявий назоратни амалга оширади.

Назоратни амалга ошириш учун Кенгаш томонидан Кенгашнинг назорат-тафтиш комиссияси тайинланади.

Кенгаш назорат-тафтиш комиссиясининг раиси ва аъзоларини тайинлаш тартиби, уларнинг ваколатлари муддатлари ва тафтишларни ўтказиш даврийлиги Кенгашнинг регламентида белгиланади.


35. Кенгашнинг назорат-тафтиш комиссияси:

бир йилда камида бир марта ҳисоб рақамининг тўғрилигини текширади, Кенгаш маблағлари ҳисобига амалга оширилган сарф-харажатларни тафтиш қилади, йиллик ҳисоботлар ва баланс бўйича хулоса тайёрлайди;

Кенгашнинг келгуси йилги тушумлари ва маблағлари сарфларининг молиявий режасини уни тузишнинг тўғрилиги ва асосланганлиги юзасидан кўриб чиқади;

Кенгаш маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилгани юзасидан Кенгаш олдида ҳисобот беради.


36. Кенгашнинг келгуси йилги тушумлари ва маблағлари сарфларининг молиявий режаси кўриб чиқилгандан ва назорат-тафтиш комиссияси томонидан маъқуллангандан кейин Кенгаш томонидан тасдиқланади.


37. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.



VI. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ


38. Кенгашни тарқатиб юбориш тасарруфида тегишли олий таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларнинг қарорлари асосида амалга оширилади.


39. Кенгаш тарқатиб юборилган тақдирда унинг Кенгаш маблағларини бошқариш бўйича ваколати вақтинча олий таълим муассасасининг Кенгашига берилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 2 июнь, 22-сон, 254-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 5-сон, 51-модда




































Время: 0.1995
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск