ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 23.05.2014 й. 07-сон "Суд ҳукми тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.05.2014 й.

N 07


СУД ҲУКМИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ, одил судловни амалга оширишда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, суд ҳукмлари сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Суд ҳукми, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ёки бошқа таъсир чораси қўлланилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги ҳақидаги жиноят суд иш юритувининг асосий вазифаларини ҳал этадиган, суд муҳокамасига якун ясайдиган Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган одил судловнинг муҳим ҳужжатидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон декларациясининг 11-моддаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 14-моддаси ҳамда ЖПКнинг 23-моддасига мувофиқ, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.


2. Судлар ҳукм чиқаришда, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва ЖПКда белгиланган суднинг ҳукми қонуний, асосли ва адолатли бўлиши, фақат судлар томонидан, ошкоралик, жиноят ишларини ҳайъатда ва якка тартибда кўриб чиқилиши, судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши, одил судловни фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, иш юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада тушунмайдиган процесс иштирокчиларига ўз она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда ва таржимон ёрдамидан фойдаланишини таъминлаш, тарафларнинг ўзаро тортишуви, далилларнинг бевосита ва оғзаки усулда текширилиши, айбсизлик презумпцияси асосида чиқарилиши ва иш бўйича ҳақиқий ҳолатни аниқлаш тўғрисидаги жиноят процессининг муҳим принципларига амал қиладилар. Ушбу принциплардан ҳар қандай асосларга кўра чекланиш, ҳукмни қонуний эмас деб топишга асос бўлади.


3. ЖПКнинг 465-моддасига мувофиқ судда иш қайси тилда кўрилган бўлса, ҳукм шу тилда, аниқ ва тушунарли ибораларда баён қилинади. Ҳукмда ноаниқ ибораларни ишлатиш, расмий ҳужжатларда ишлатиш қабул қилинмаган қисқартмалар ва сўзларни қўллашга, шунингдек ишга оид бўлмаган ҳолатларни ёритиш билан ҳукмни ортиқча тўлдиришга йўл қўйиб бўлмайди.

Ҳукм барча ҳолларда ошкора эълон қилинишини ҳисобга олган ҳолда, суд уни тузаётган вақтда қурол, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп, портловчи моддаларни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган жиноятни содир этиш усулларини батафсил ёритувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ибораларни ишлатмаслиги лозим.

Ҳукмга киритилган барча тузатишлар ҳукм эълон қилинишидан олдин изоҳланиши ва изоҳлар суд таркибининг барчаси томонидан имзоланиши лозим.


4. Иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Далиллар мақбуллиги нуқтаи назаридан баҳоланишида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги "Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини кўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган тушунтиришларга амал қилиниши лозим.

Далилларни баҳолаш жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилади.

Текширув натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлиги аниқланган далиллар ишончли деб ҳисобланади. Судланувчининг айбдорлиги (айбсизлиги) тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нафақат кўрсатилиши балки, суд томонидан нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган бўлиши лозим.

Ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозим.

Агар иш бўйича жиноят содир қилганликда бир нечта судланувчилар айбланаётган ёки судланувчи бир нечта жиноятларни содир қилганликда айбланаётган бўлса, суд ҳукмда ҳар бир судланувчига нисбатан ҳамда ҳар бир айблов бўйича далиллар келтириши ва таҳлил қилиб чиқиши ҳамда хулоса қилиши зарур.


5. Судларнинг эътибори, ЖПК 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилсин.

Судлар ҳукм ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлигини эътиборга олишлари керак. Суд ҳукмда, суриштирув, дастлабки тергов ёки бошқа суд мажлисидаги судланувчи, жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатувларига, экспертларнинг хулосаларига ва тергов ҳаракатларининг баённомаларига, ЖПКнинг 443-моддасига мувофиқ, ушбу далилларга фақатгина суд мажлисида ўқиб эшиттирилган ва текширилгандагина ҳавола қилиниши мумкин.

ЖПКнинг 104-моддасига мувофиқ, сўроқ қилинувчининг илгариги сўроқда берган кўрсатувлари фақат унинг ҳозирги сўроққа берган кўрсатувлари тинглангандан кейин, шунингдек ҳозирги ва илгариги сўроқларда берилган кўрсатувлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлганда; сўроқ қилинувчи судда кўрсатув беришдан бош тортганда; иш сўроқ қилинувчининг иштирокисиз кўриб чиқилаётган ҳолларда ўқиб эшиттирилиши мумкин.


6. Судларга тушунтирилсинки, қонунга зид равишда олинган барча далиллар юридик кучга эга бўлмаслиги ва ҳукмда акс эттирилиши, қолаверса ҳукмга асос қилиб олиниши мумкин эмас. Қонунга зид равишда олинган далилларга тергов олиб боришнинг ноқонуний (руҳий ва жисмоний куч ишлатиш) усулларини қўллаб олинган далиллар ёки жиноят-процессуал қонунининг бошқа нормалари бузилиши (масалан, ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши) натижасида олинган далиллар киради. Далил қонунга зид равишда олинган деб топилган тақдирда, суд ишдаги далиллар йиғиндисидан уни чиқариш тўғрисидаги ўзининг қарорини, қонуннинг бузилиши нимадан иборат эканлигини кўрсатган ҳолда, асослантириши лозим.

Далилни қонунга зид равишда олинган деб баҳолашда, суд ЖПКнинг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик презумпцияси принципи асосида, далилнинг мақбуллиги ва холислиги тўғрисидаги ҳар қандай шубҳа, агар уни бартараф қилишнинг имкони бўлмаса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлигидан келиб чиқиши керак. Бартараф қилишнинг имкони бўлмаган шубҳалар судланувчининг тўлиқ айби ёки айбловнинг алоҳида эпизодлари бўйича ҳам топилиши мумкин.

Ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади, бу ЖПК 464-моддаси мазмунидан келиб чиқади .

7. ЖПКнинг 462-моддасига мувофиқ, суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариши мумкин. ЖПКнинг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик презумпцияси принципи ҳукм турини аниқловчи мезон сифатида эътироф этилган.

Шу билан бирга, судлар ҳукм муайян иш бўйича чиқариладиган якуний процессуал ҳужжат эканлигини ва муайян бир шахсни жиноят содир этишда айблилигини ёки айбсизлигини белгиловчи ҳолат эканлигини фарқлашлари лозим.

Шу сабабли, судларга тушунтирилсинки, ҳар бир иш бўйича суд муҳокамасида судланувчиларнинг сонидан қатъий назар битга ҳукм чиқарилади. Агар судланувчига бир неча жиноят содир қилганликда айб эълон қилинган бўлса, суд, бунга асослар мавжуд бўлганда, унга нисбатан битта ҳукм чиқариб, айбловнинг айрим эпизодлари бўйича судланувчини оқлаши, бошқаси билан айбли деб топиши мумкин.

Бир неча шахсларга нисбатан иш кўришда суд, аниқланган ҳолатларга кўра, битта ҳукм билан барча судланувчиларни айбдор деб топиши ёки бирини оқлаши ва бошқаларини айбли деб топиши мумкин.


8. Судлар оқлов ҳукмини чиқаришга олиб келувчи, жиноий ҳодисанинг ёки жиноят таркибининг бўлмаслиги, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор эмаслиги тўғрисидаги асослар рўйхати ЖПКнинг 464-моддасида тўлиқ кўрсатилганлигини эътиборга олишлари лозим.

Оқлов ҳукми чиқарилаётганда, унинг тавсиф қисмида ЖПКнинг 469-моддасига биноан судланувчига қўйилган айбловнинг моҳияти; суд аниқлаган иш ҳолатлари, судланувчининг айбсизлиги тўғрисидаги суд хулосасини тасдиқловчи далиллар; судланувчининг жиноят содир этишда айби бор деб даъво қилишга асос бўлган далилларни суд нима учун ишонарли эмас ёки етарли эмас деб ҳисоблаши ёки нима учун суд жиноий ҳодисанинг ўзи юз бермаган ёхуд судланувчи содир этган қилмишни жиноят эмас деб ҳисоблаши; фуқаровий даъвога оид қарорнинг асослари баён қилинади.

Оқлов ҳукмига оқланганнинг айбдор эмаслигига шубҳа тугдирувчи ибораларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.

Башарти ЖКнинг бир ёки бир неча моддалари (моддалар қисмлари, бандлари) билан тавсифланган бир неча жиноятларни содир этганликда айбланган шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ҳар бир модда (модданинг қисми, банди, айблов эпизоди) бўйича оқлашнинг тегишли асосларини кўрсатиб, айбловнинг асоссиз эканлиги тўғрисида асослар келтирилган ҳолда хулосани тузиши лозим.

Ҳукмнинг қарор қисмида ЖПК 470-моддасида санаб ўтилган барча кўрсатмалар тўлигича ёритилиши лозим.


9. Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли оқлов ҳукми (ЖПК 83-модда 1-банди) агарда содир этилишида судланувчи айбланаётган қилмиш (ҳодиса) юз бермаган бўлса ёхуд назарда тутилган оқибат зиён етказилган шахс томонидан ёки кимнинг хоҳиш истаги ва ихтиёридан бўлишидан қатъий назар, масалан, табиатнинг таъсир кучи натижасида содир этилса чиқарилади.

Қилмишда жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли (ЖПК 83-модда 2-банди) оқлов ҳукми чиқарилади, агар:

жиноят сифатида назарда тутилган қилмишнинг аломатлари мавжуд бўлсада, ўзининг кам аҳамиятлилиги туфайли ижтимоий хавфли бўлмаса (ЖК 36-модда);

қилмиш зарурий мудофаа ёки охирги зарурат ҳолатида содир этилган бўлса (ЖК 37, 38-модда);

қилмиш судланувчи томонидан содир этилган бўлсада, бироқ Жиноят қонуни билан жиноят деб топилмайди (зарар ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида етказилса (ЖК 39-модда), буйруқ ёки бошқа вазифани ижро этиш (ЖК 40-модда), касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик (ЖК 41-модда), жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш (ЖК 41-1-модда);

шахс жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтганда (ЖК 26-модда) ва ҳ. к.

Агар ижтимоий хавфли қилмиш факти ва оқибатининг келиб чиққанлиги аниқланган бўлиб, бироқ суд муҳокамасида тақдим қилинган ва текширилган далиллар билан унинг судланувчи томонидан содир этилганлиги инкор этилса ёки ўз тасдиғини топмаса, суд шахснинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаради (ЖПК 83-модда 3-банди).


10. Судлар ҳукм чиқаришда ҳукмнинг фуқаровий даъво қисмини ЖПК 468, 470-моддалари талабларига сўзсиз риоя қилган ҳолда ҳал қилишлари лозим. Ушбу талабларни эътиборга олиб, суд ҳукмда даъвони тўла ёки қисман қаноатлантириш ёхуд рад қилиш сабабларини асослантириши, даъвогар талаблари қаноатлантирилган тегишли миқдорини кўрсатиши ва фуқаровий даъво қайси қонунга асосан ҳал қилинганлигини кўрсатиши лозим. Бир нечта судланувчиларга нисбатан келтирилган фуқаровий даъво қаноатлантирилганда, ҳукмда ундирилган пул суммасининг қанча қисми улардан солинар ва қанча қисми улуш тартибида аниқ кўрсатилиши лозим.

Судларнинг эътибори шунга қаратилиши лозимки, ЖПК 471-моддасининг 1-бандига асосан айблов ҳукмини чиқаришда, судлар иш бўйича келтирилган фуқаровий даъво масаласини ҳал қилишлари лозим. Фақатгина суд фуқаровий даъво билан боғлиқ қўшимча ҳисоб-китоб талаб қилиб, уни суд мажлисида бартараф этишнинг имконияти бўлмаса ва бу суд қароридаги жиноят квалификацияси, жазо меъёри (чораси) ва ҳукмда чиқаришда юзага келадиган бошқа масалаларга таъсир қилмаганда, суд фуқаровий даъвонинг ундириладиган миқдори масаласи фуқаролик иш юритуви тартибида ҳал қилинишини тушунтириши лозим.

Фуқаровий даъвогар ёки унинг вакили суд мажлисига келмаган тақдирда, фуқаровий даъво кўрилмасдан қолдирилиши мумкин, ЖПК 413-моддасининг иккинчи, учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ёки шахснинг жиноят содир этилишига дахлдор бўлмаганлиги судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги туфайли оқлов ҳукми чиқарилганда, суд фуқаровий даъвони ЖПК 283-285-моддалари қоидаларига мувофиқ ҳал этади.

Фуқаровий даъвони қаноатлантирилиши ёки рад этилиши юзасидан суднинг қарори асослантирилиши лозим.


11. Суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқараётганда, ЖПК 457-моддаси талабларига мувофиқ, қуйидаги масалаларни ҳал қилиши лозим: судланувчи айбли деб топилаётган қилмиш ҳақиқатан содир этилганми; бу қилмиш жиноят деб ҳисобланадими ва у ЖКнинг қайси моддасида назарда тутилган; бу қилмишни судланувчи содир этганми; судланувчи жиноят содир этилишида айблими; фуқаровий даъво қаноатлантирилиши керакми; фуқаровий даъвони таъминлаш учун хатланган мол-мулкни нима қилиш керак; ашёвий далилларни нима қилиш керак; процесс чиқимларини кимнинг зиммасига ва қанча миқдорда юклаш керак; судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш, илгаригисини қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш керакми.

Бундан ташқари, суд айблов ҳукми чиқаришда судланувчининг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатлар борми; судланувчи содир этган жинояти учун жазоланиши керакми; судланувчига қандай жазо тайинланиши лозим ва у шу жазони ўташи керакми; судланувчини ЖКнинг 34-моддасига мувофиқ ўта хавфли рецидивист деб топиш лозимми; озодликдан маҳрум қилинган маҳкум жазони қандай тартибли колонияда ўташи лозим ва жазо муддатининг бир қисмини турмада ўташи керакми; фуқаровий даъво қўзғатилмаган бўлса, жиноят туфайли келтирилган мулкий зарар ундирилиши керакми, судланувчилар шериклик ёки ҳиссадорлик тартибида жавобгарликка тортилишлари лозимми; судланувчига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш зарурлиги масалаларини белгилаши лозим.

ЖПКнинг 457-моддасида назарда тутилган масалаларни суд ҳар бир судланувчига ва ҳар бир жиноятга нисбатан унга эълон қилинган айб бўйича алоҳида-алоҳида ҳал қилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари экспертнинг тегишли хулосаси мавжуд бўлгандагина қўлланилиши мумкин.

ЖПК 533-моддасининг биринчи қисми 1 - 4-бандларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланса, суд ҳукмнинг ижросини қонунда белгиланган тартибда кечиктириш масаласини муҳокама қилиши шарт.

Судларга тушунтирилсинки, ЖПКнинг 563-моддасига мувофиқ, вояга етмаган судланувчига нисбатан ҳукм чиқаришда суд, ушбу Кодекснинг 457-моддасида кўрсатилган масалалардан ташқари, башарти вояга етмаган шахс шартли ҳукм қилинса, унга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланса, вояга етмаган шахсга жамоат тарбиячиси тайинлаш зарурлигини муҳокама қилишга мажбур.


12. Ҳукмнинг кириш, тавсиф ва қарор қисмларининг мазмуни бўйича қонун талабларига риоя қилиш қонуний суд қарори чиқарилиншнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Агар иш бўйича суд муҳокамаси турли жойларда ўтказилган бўлса, бундай ҳолда ҳукмнинг кириш қисмида иш сайёр суд мажлисида кўрилгани ва ҳукм чиқарилган жой акс эттирилади. Бунда ҳукм чиқарилган жой деб, ҳукм эълон қилинган жойни кўрсатилиши лозим.


13. Ҳукмнинг кириш қисмида суд ишининг рақами, ҳукм чиқарилган вақт ва жой, ҳукмни чиқарган суднинг номи, суднинг таркиби, суд мажлисининг котиби, тарафлар, таржимон кўрсатилади.

ЖПК 407-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, захирадаги халқ маслаҳатчиси ишни муҳокама қилиш бошланган пайтдан эътиборан суд мажлиси залида ҳозир бўлганлиги ҳақидаги маълумот суд таркиби билан бирга эълон қилиниши лозим.

Башарти ишни муҳокама қилиш вақтида, халқ маслаҳатчиси суд таркибидан чиқиб кетган тақдирда захирадаги халқ маслаҳатчиси унинг ўрнини эгаллайди ва ҳукмнинг кириш қисмида ҳукм чиқарган суд таркиби кўрсатилади. Захирадаги халқ маслаҳатчисининг суд муҳокамасидаги иштироки ва алмаштирилганлиги суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.

ЖПК 25-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, давлат ва жамоат айбловчилари, судланувчи, вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили, ҳимоячи, жамоат ҳимоячиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд мажлисида тарафлар сифатида иштирок этадилар ва далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга молик ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдиришда тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Шундан келиб чиқиб, агар суд муҳокамасида бир вақтнинг ўзида ёки ўзаро алмашиб бир неча суд мажлиси котиблари, давлат айбловчилари, ҳимоячилар ёки бошқа процесс иштирокчилари иштирок этганда, уларнинг барчаси ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилади.


14. Ҳар бир процесс иштирокчиси ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга эканлиги эътиборга олиниб, ҳукмнинг кириш қисмида ЖПКнинг тегишли моддаларига мувофиқ, уларнинг процессуал мақомини тўғри кўрсатиш лозим.

Ҳукмнинг кириш қисмида ҳимоячилар ва вакилларни кўрсатишда, улар кимнинг манфаатларини ҳимоя қилаётганлари ёки ифодалаётгани ҳам кўрсатилиши лозим.


15. Судларга тушунтирилсинки, ЖПКнинг 466-моддасига биноан ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши зарур бўлган судланувчи хусусидаги иш учун аҳамиятли бошқа маълумотлар деганда, қилмишни квалификация қилишда, жазодан озод қилишда ёки шартли ҳукм қилишда, жазо тури ва миқдорини тайинлашда, жазони ўташ турини аниқлашда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишда инобатга олиниши мумкин бўлган маълумотлар тушунилиши лозим. Булар қаторида судланувчи саломатлигининг аҳволи тўғрисидаги (масалан, ногиронлик), унда давлат мукофотлари, махсус унвонларнинг борлиги ҳақидаги ва бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. Шу билан бирга, қайд этилган ҳолатлар мавжуд бўлмаганда уларнинг йўқлиги ҳақида ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилмайди.

Шахснинг муқаддам судланганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, судлар ҳукмнинг кириш қисмида ҳар бир судланганлик юзасидан тўлиқ маълумотларни, жумладан: ҳукм чиқарилган аниқ санани, ҳукм чиқарган суднинг номини, шахс айбли деб топилган ЖКнинг моддаси, қисми, банди ва суд томонидан тайинланган жазони, ҳукмнинг юқори суд инстанцияларида ўзгартирилишини, жазо ижро этилган ёки тўлиқ ўталган ёхуд жазодан озод этилган санани, жазодан озод қилиш асосини, агар шахсга амнистия актлари қўлланилган бўлса, қўлланилган санаси, суднинг номи, қўлланилган амнистия актининг санаси ва бандини кўрсатиши шарт.

Агар шахснинг қонунда белгиланган тартибда муқаддам судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган бўлса, суд ҳукмнинг кириш қисмида қачон ва қайси суд томонидан судланганлик ҳолати олиб ташланганлиги ёки қайси асосларда судланганлик ҳолати тугалланганлиги кўрсатиши керак.

Судлар шуни эътиборга олиши лозимки, ЖКнинг 77-моддасига мувофиқ судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

ЖК 77-моддасининг бешинчи қисмига асосан, қонуннинг ўзгариши муносабати билан жиноийлиги бекор қилинган қилмиш учун судланган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида шахсни судланмаган деб ҳисоблаш ҳақидаги ўзининг хулосаларини асослаши шарт.


16. ЖПКнинг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама- қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим. Шундан келиб чиқиб, судланувчи томонидан терговда ёки судда айбини бўйнига олиш ҳолати у иш бўйича тўпланган ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан холисона исботланган тақдирдагина айблов ҳукми чиқаришга асос бўла олади.

ЖПКнинг 117-моддасига биноан гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари кўрсатув беришдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар. Шунинг учун ҳам суд, уларнинг суддаги ёки дастлабки терговдаги кўрсатувларига, мазкур иш бўйича дастлабки тергов босқичида ва судда ушбу шахсларга гувоҳлик кўрсатувлари беришдан бош тортиш ҳуқуқи тушунтирилган ва улар ўз хоҳишлари билан кўрсатув беришга розилик билдирган тақдирдагина асосланиши мумкин.


17. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 31-моддасининг учинчи қисми, 240-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки жиноятни яширганлик, гувоҳлик кўрсатуви беришни рад этганлик ёки бундан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилмайди. Қонун қайд этилган шахсларни ёлғон гувоҳлик берганлик учун жавобгарликдан озод этмаслиги сабабли, ўзларининг кўрсатув беришга розилиги мавжуд бўлганида, улар ЖКнинг 238-моддаси билан била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиши лозим.


18. ЖПКнинг 17-моддаси талабига биноан суд ҳукм чиқаришда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципига амал қилиши, шу сабабли унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ёки унга маънавий азоб-уқубат етказадиган маълумотларни одоб билан, агарда бундай маълумотлар ишдаги далилларга оид бўлса, ҳукмда кўрсатиши лозим.

Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, ёпиқ суд мажлисида кўрилган ишлар юзасидан хусусий ажрим чиқарилиб жамоатчиликка ошкор қилиниши тақиқланиши судларга тушунтирилсин.


19. Судларга тушунтирилсинки, ЖПК 467-моддаси мазмунига кўра, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ушбу ишда муҳокама қилинмаётган шахс (шахслар)нинг жиноятдаги иштирокини кўрсатишга ҳақли эмас. Бундай ҳолларда ҳукмда судланувчи томонидан жиноят бошқа шахс (шахслар) иштирокида, унинг исми, фамилияси ва шахсига оид бошқа маълумотлар кўрсатилмасдан, содир этилганлиги қайд қилиб ўтилиши мумкин.

Бу хилдаги хатога йўл қўйилганда, бундан кейин бундай жиноят қатнашчисига нисбатан ишни кўраётган суд ҳукм чиқаришда, биринчи ҳукмни айбдорликни тасдиқловчи далил сифатида келтиришга ҳақли эмас.


20. ЖПК 467-моддасига мувофиқ, агар жиноят олдиндан тил бириктирилган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, айблов ҳукмининг тавсиф қисмида ҳар бир жиноят иштирокчиси томонидан айнан қандай жиноий ҳаракатлар содир этилганлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

Шу билан бирга, суд ҳукмида ҳар бир судланувчининг бир хилдаги ҳаракатлари қайта такрорланмаслиги, аммо уларнинг умумий ҳаракатлари қайд этишда ҳар бирининг роли конкретлаштирилган ҳолда баён қилиниши лозим.


21. Айблов ҳукмининг тавсиф қисмида, судланувчининг эълон қилинган айбловга муносабати ёритилиши, ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важларига баҳо берилиши керак; Шу билан бирга, ҳукмда судланувчининг айбини исботлашга, жиноятнинг квалификациясига ёки жазо тайинлашга алоқадор бўлган кўрсатувларигина акс эттирилиши лозим.

Судланувчи томонидан ўзининг суриштирув ва дастлабки терговда берган кўрсатувларини ўзгартирган тақдирда суд унинг бу ва бошқа кўрсатмаларини батафсил текшириши ва уларга иш бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан биргаликда баҳо бериши лозим.


22. Айбни исботлаш ЖПКнинг 86-моддасига мувофиқ, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судга юкланганлиги сабабли, судланувчининг кўрсатув беришдан бош тортиши унинг айбини исбот қилинганини белгиламайди ва унга нисбатан жазо турини ва миқдорини белгилашда унинг шахсини салбий томондан тавсифлаш ҳолати сифатида ҳисобга олиниши мумкин эмас.

Шу сабабли, айбланувчининг дастлабки терговда ва судда берган кўрсатмаларини ўзгартириши ёки судда берган кўрсатувларини нотўғри деб ҳисобланиши шахсни салбий томондан тавсифлаш ҳолати деб ҳисобга олиниши мумкин эмас.


23. Иш бўйича айблов ҳукми чиқарилаётганда, ушбу иш бўйича чиқарилган биринчи ҳукм тайинланган жазо енгиллиги ёки оғирроқ жиноят тўғрисида қонунни қўллаш зарурлиги сабабли бекор қилинган бўлса, суд ЖПКнинг 414-моддасига биноан ҳукмнинг тавсиф қисмида судланувчининг айблилигини аввалги суд муҳокамасида текширилган далилларга таянган ҳолда, жиноятни тавсифлашга ва жазо чораларига боғлиқ бўлган ўзининг хулосаларини асослантиради.


24. Жиноятни Жиноят қонунининг у ёки бу моддаси, унинг қисми ёки банди билан тавсифлаш бўйича суднинг асослантирилган хулосаси айблов ҳукмининг тавсиф қисмининг муҳим белгиси ҳисобланади. Бунда судланувчининг ҳаракатлари нима учун айнан шу модда, қисм, банд билан тавсифланаётганлиги аниқ кўрсатилиши керак. Суд судланувчини баҳоловчи категорияларга тегишли (масалан, жиддий зиён, оғир оқибатлар ва ҳ.к) белгиларга қараб айбдор деб топишда, ушбу белгининг жиноий қилмишда мавжудлигини тасдиқловчи далилларни келтириши шарт.

ЖПК 467-моддасига биноан айбловнинг ўзгартирилиши суд томонидан ҳукмнинг тавсиф қисмида асослантирилган бўлиши керак.

ЖПК 415-моддасига биноан суд айбловни ўзгартиришга ҳақли. Бунда айбловнинг бир қисми ёки жиноятни квалификацияловчи белгилари чиқариб ташланади.

Суд ЖПК 416 ва 417-моддаларида назарда тутилган тартибда суриштирув, дастлабки тергов органлари томонидан эълон қилинган айбни ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

25. Суд судланувчига аввал эълон қилинган айбни жабрланувчининг шикоятига асосан қўзғатиладиган жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи ЖК моддасига (ЖК 105-моддасининг биринчи қисмида, 109-моддасида, 110-моддасининг биринчи қисмида, 111-моддасида, 118-моддасининг биринчи қисмида, 119-моддасининг биринчи қисмида, 121-моддасининг биринчи қисмида, 136-моддасида, 139-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 140-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 141-1-моддасининг биринчи қисмида, 149-моддасида, 167, 170, 172, 173-моддалари) ўзгартириш зарурлиги тўғрисида хулосага келганда, жабрланувчининг судланувчини жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги аризаси ишда мавжуд-мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб, қарор қабул қилади.

26. Эълон қилинган айбловнинг (айблов эпизодларининг) бир қисми судда ўз тасдиғини топмаган тақдирда, айблов ҳукмининг тавсиф қисмида судланувчининг эълон қилинган айблов қисми бўйича оқланиши сабаблари келтирилади. Ҳукмнинг қарор қисмида, суд шахсни эълон қилинган айблов қисми (эпизодлари) бўйича оқлаш тўғрисидаги қарорни қонуннинг аниқ нормаларига ҳавола қилган ҳолда чиқаради. Жиноятнинг тавсифини ўзгартиришга олиб келмайдиган айрим эпизодларнинг ёки айрим оғирлаштирувчи ҳолатларга кўрсатувларнинг, шунингдек айбдорнинг шахсини салбий баҳоловчи маълумотлар айбловдан чиқариб ташланган тақдирда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида айбловнинг қисмини асослантирилмаган деб топиш тўғрисида тегишли асослар келтирган ҳолда хулоса қилиши етарлидир.

Судланувчи томонидан содир этилган бир жиноят, жиноят қонунининг бир неча моддалари билан хато тавсифланганда, ёки бир неча содир этилган жиноятларини жиноят қонунининг оғирроқ жазони тақозо қилувчи биргина моддаси билан тавсифлаш ўрнига асоссиз равишда жиноят қонуни бир моддасининг бир неча қисмлари билан тавсифланганда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида судланувчига хато қўйилган ЖКнинг моддаси (моддаси қисми ёки банди)ни чиқариб ташлаш тўғрисида ҳам тегишли асослар келтирган ҳолда кўрсатиб ўтиши етарли.


27. Судлар айбга қўйилган айрим ҳаракатларнинг асослантирилмаганлигини оғирроқ жавобгарликни белгилайдиган қилмишдан фарқлашлари лозим. Чунончи, ЖК 33-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар шахс содир этган қилмишда ЖК Махсус қисми айни бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган жиноятларнинг аломатлари мавжуд бўлса, у модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича жавобгарликка тортилади. Бироқ, агар иш материалларида айбловнинг шу эпизоди бўйича жиноий ҳодиса юз берганлиги, шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлганлиги ва унинг содир этилган жиноятга дахли бўлганлиги ўз тасдиғини топган бўлса, бундай ҳолатда суд айбловдан ЖК моддасида енгилроқ жазо назарда тутилган қисмини чиқаришни белгиламай, ҳукмнинг тавсиф қисмида судланувчини жавобгарликка тортишга асос бўлган ЖК моддасининг оғирроқ жазо белгиланган қисми билан модданинг бошқа қисмларида назарда тутилган барча квалификация қилувчи аломатларини кўрсатиб, жавобгарликка тортилишини асослантириб бериши лозим.


28. Судларнинг эътибори, ҳукм чиқаришда уларнинг жазо тайинлашнинг умумий асослари тўғрисидаги қонун талабларига оғишмай риоя қилиш шартлигига, жиноят қонунининг асосий принципларидан бири инсонпарварлик принципи эканлигига ва унинг мазмунига кўра жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклигига қаратилсин.

Ушбу принципга биноан жазолашдан кўзланган мақсадга енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкин. Судлар жазо тайинлашда, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва хусусиятини, содир этилган қилмишнинг сабабларини, келтирилган зарарнинг миқдори ва хусусияти, айбдорнинг шахси, унинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олишлари керак. Булардан келиб чиқиб, судланувчининг жавобгарлиги даражаси хусусиятига қандай ҳолатлар таъсир этганлиги, шунингдек унинг шахсини тавсифловчи суд муҳокамасида тасдиқланган ва ЖК 54-моддасига биноан жазо тайинлашда суд томонидан ҳисобга олинган бошқа ҳолатларни ҳукмда кўрсатиб ўтиш лозим.

Жазо тайинлашнинг умумий асослари тўғрисидаги қонунни қўллаётиб, судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги 1-сонли қароридаги тушунтиришларга амал қилишлари ва ҳукмнинг тавсиф қисмида суд томонидан у ёки бу жазони тайинлаш ҳақидаги хулосага келганлик асосларини кўрсатишлари, шунингдек ушбу жиноят учун жиноят қонунида кўрсатилган жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш, қўшимча жазони татбиқ этиш, ҳарбий ҳамда махсус унвондан маҳрум қилиш асосларини кўрсатишлари зарур.

ЖКнинг 56-моддасида санаб ўтилган жазони оғирлаштирадиган ҳолатлар рўйхати қатъий бўлиб, кенгайтирилган талқинга йўл қўйилмайди, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эса суд томонидан аниқ иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳукмнинг тавсиф қисмида асослар келтирилган ҳолда кенгайтирилиши мумкин. Жиноятни тавсифлаш белгилари, шунингдек шахснинг судланганлик ҳолатининг қонунда кўрсатилган тартибда тугалланиши ёки олиб ташланиши жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида келтирилмаслиги керак. Ҳукмда айбдорнинг биргина шахсини инобатга олган ҳолда жазо тайинланганлиги тўғрисида қайд этиш етарли бўлмайди.

Хавфли рецидивист томонидан жиноят содир этилиши бир қатор жиноятларнинг тавсифлаш белгиси ҳисобланади ва бу ҳолат шахс дастлабки тергов органи томонидан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинаётганида кўрсатиб ўтилган бўлиши лозим ва кейинчалик бу суд ҳукмининг тавсиф қисмида ҳам асослантирилган бўлиши керак.


29. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Агарда ЖК моддасининг санкциясида асосий жазо билан бирга мажбурий қўшимча жазони қўллаш кўзда тутилган бўлса, суд томонидан қўшимча жазо фақат ЖК 45-моддасининг бешинчи қисми ва 57-моддасида кўрсатилган асослар бўйича қўлланмаслиги мумкин.

Агар ЖК моддаси санкциясида кўрсатилган асосий жазога қўшимча жазо мажбурий тарзда тайинланиши белгиланган бўлса, суд ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда, бошқа енгилроқ асосий жазо тайинлаган тақдирда, қўшимча жазо фақат ЖКнинг 45-моддасини қўллаган ҳолда тайинланиши, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида шундай қарор қабул қилганлигини асослантириши лозим.

Шу сабабли, аниқ жиноят учун тайинланадиган асосий ва қўшимча жазолар бирга бир бутун жазони ташкил қилади. Агар қўшимча жазо ЖКнинг алоҳида моддаси билан тайинланмаган бўлса, у ЖКнинг 59-моддаси тартибида жиноятлар мажмуи бўйича ёки ЖКнинг 60-моддаси тартибида бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш тартибида қўлланиши мумкин эмас.

Ҳукмнинг тавсиф қисмида ундирилиши лозим бўлган моддий зарарни қоплаш миқдори, айбдорни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисида, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш, ашёвий далиллар тақдирини, фуқаровий даъво ёки етказилган зарар масаласи ёки жиноят оқибатида моддий зарар масаласини қаноатлантириш ёхуд рад қилиш хулосаси асослантирилган бўлиши керак.

Суд етарли асослар мавжуд бўлганда ҳукмнинг тавсиф қисмида маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллаш ёки қўлламаслик, маҳкумни жазодан озод қилиш ёки жазо тайинламаслик, синов муддати белгилаган ҳолда шартли ҳукм қилиш, вояга етмаган маҳкумга жазо тайинламасдан бошқа мажбурлов чоралари қўллашни муҳокама қилиши лозим.


30. Айблов ҳукмининг қарор қисмида ЖПК 468-моддасига биноан судланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, ЖКнинг уни айбли деб эътироф этишга асос бўлган моддаси (моддалари, модданинг қисми, банди), судланувчининг ўта хавфли рецидивист деб топилганлиги (башарти суд шундай қарор қабул қилган бўлса), судланувчига ҳар бир жинояти учун тайинланган жазо тури ва меъёри, узил-кесил тайинланган ўталиши лозим бўлган жазо чораси, озодликдан маҳрум этиш жазо тури қўлланилганда жазони ўташ лозим бўлган тегишли тартибли колония тури; озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм этилган шахс учун белгиланадиган тақиқлар (чеклашлар); судланувчи шартли равишда ҳукм қилинганда, синов муддати ва маҳкумнинг устидан кузатув олиб бориш вазифаси юклатилган жамоа ва шахс; ушлаб турилган, қамоқда ёхуд уй қамоғи сақланган вақтни жазо муддати ҳисобига киритиш тўғрисида қарор; ҳукм қонуний кучга киргунига қадар судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасига оид қарор; маҳкумнинг зиммасига юклатилган мажбуриятлар, ЖПК 533-моддаси асослари бўйича ҳукмнинг ижросини кечиктириш тўғрисидаги қарор ёритилиши лозим.

Бундан ташқари, айблов ҳукмининг қарор қисмида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ жойи, жазо ва синов муддатларини ҳисоблаш, маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллашлик, қонуннинг тегишли нормаларига биноан маҳкумни жазодан озод этиш тўғрисидаги қарор кўрсатилиши зарур.

Айрим жиноятлар учун қонун моддасида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлашда, ҳукмнинг қарор қисмида ушбу жазо ЖКнинг тегишли моддаси (модданинг қисми, банди) билан ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда белгиланаётгани тўғрисида кўрсатиб ўтилиши керак.

Судланганга жазони ўташ колония тури жиноятлар мажмуи бўйича узил- кесил жазо белгилангандан кейингина тайинланади. Агар шахс жазони ўташдан озод қилинган ёки синов муддати белгиланган ҳолда шартли ҳукм қилинган бўлса, жазони ўташ колония тури тайинланмайди.

Суд жазони шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариш пайтида, судланганга нисбатан жазони ўташ колониясини ҳам белгилайди.


31. ЖПКнинг 471-моддаси талабига кўра, айблов ҳукмининг ҳам, оқлов ҳукмининг ҳам қарор қисми судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни, қўзғатилган фуқаровий даъво ёки суднинг ташаббуси билан зиённи қоплаш тўғрисидаги қарорни, ашёвий далиллар ҳамда ишга илова қилинган бошқа нарсалар ва ҳужжатлар тўғрисидаги қарорни, процессуал чиқимлар тўғрисидаги қарорни, шунингдек ҳукм устидан апелляция шикояти бериш, протест билдириш тартиби ва муддатларини ўз ичига олиши лозим.

32. Агар ҳукм чиқаришда, башарти: мазкур ҳукм билан судланувчига тайинланган жазони қўллашдан озод қилувчи амнистия акти эълон қилинган бўлса; шахснинг ҳукм чиққунга қадар қамоқда бўлган ва уй қамоғи қўлланилган вақти ЖКнинг 62-моддасида назарда тутилган дастлабки қамоқни ҳисобга олиш қоидаларини назарда тутиб суд томонидан тайинланган жазо чорасига тенг ёки бу чорадан ортиқ бўлса, суд айблов ҳукмини чиқаради ва тавсиф қисмида қабул қилинган қарорни асослантиради, қарор қисмида судланувчини айбдор деб топиб, унга ЖК тегишли моддаси (моддалари) билан жазо тайинлайди, сўнгра қонунга асосланган ҳолда тайинланган жазодан озод қилади.

Агар ҳукм чиқариш пайтида, башарти: маҳкум содир этган жиноят учун жазо тайинлашни истисно этадиган амнистия акти эълон қилинган бўлса; мазкур жиноят учун айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш муддати ўтиб кетган бўлса; ҳукм чиқариладиган вақтга келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотса ёки уни содир этган шахс ижтимоий хавфли бўлмай қолса; маҳкумнинг тузалишига жамоат бирлашмалари ва жамоалар томонидан қўлланиладиган жамоат таъсир чоралари ёки маъмурий жазо чоралари кўриш йўли билан эришиш мумкин бўлса; ҳукм чиқариш вақтигача судланувчи вафот этган бўлса; ЖКнинг 71-моддасига мувофиқ, шахсни ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли озод қилиш учун асослар мавжуд бўлса суд жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқаради.


33. ЖПКнинг 473-моддасига мувофиқ, суд ҳукмни имзолаганидан кейин суд мажлиси залига қайтиб чиқади ва раислик қилувчи ёки халқ маслаҳатчиси ҳукмнинг қарор қисмини эълон қилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси, шу жумладан суд таркиби ҳам ҳукмни тик туриб эшитадилар.

Агар ҳукм судланувчи билмайдиган ёки етарлича билмайдиган тилда баён қилинган бўлса, ҳукмнинг қарор қисми эълон қилингандан кейин, мазкур қисм таржимон томонидан судланувчининг она тилида ёки у тушунадиган бошқа тилда ўқиб эшиттирилиши керак.

Раислик қилувчи судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати ва тартибини тушунтиради. Башарти судланувчи фавқулодда жазо чораси - умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган бўлса, унга афв этишни сўраб илтимос қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилади.

Агар суднинг суд мажлиси залига қайтиб чиқиш вақтидан илгари хабардор қилинган судланувчи ҳукмни эълон қилинишига келмаса, суд ҳукмнинг қарор қисмини унинг иштирокисиз эълон қилади. Суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилгунга қадар, маҳкумни қидириш, ушлаш, уни тергов ҳибсхонасига жойлаштириш ёки ҳукм нусхасини топшириш учун судга келтириш ҳақида ЖПКнинг 423-моддаси тартибида ажрим чиқаради.


34. Судларга тушунтирилиши лозимки, ЖПКнинг 473-моддаси фақат ҳукмнинг қарор қисмини эълон қилиш тартибини назарда тутади.

Бунда, ҳукмни чиқариш, тузиш ва имзолаш тартиби ЖПКнинг 454 - 460, 465, 472-моддалари талаблари асосида юритилади.


35. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг вояга етмаган болалари, кекса ота-оналари, қарамоғида бошқа шахслар бўлса ва улар қаровсиз ҳамда ёрдамсиз қолаётган бўлса, суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 476-моддасига мувофиқ айблов ҳукмини чиқариш билан бир вақтда уларни қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг ва муассасаларнинг васийлигига ёки ҳомийлигига топшириш, маҳкумнинг қаровсиз қолаётган мол-мулки ёки уй-жойи бўлса, уларни қўриқлаб туриш чораларини кўриш тўғрисида ажрим чиқаради. Агар ушбу масалалар айрим сабабларга кўра ҳукм чиқариш билан бир вақтда суд томонидан ҳал қилинмаган бўлса, улар суднинг тақдимномаси асосида умумий асосларда қонунда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Шунингдек, судлар ушбу масалани манфаатдор тарафларнинг тақдимномаси ёки аризасига асосан ЖПКнинг 541, 542-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартибида кўриб чиқиши мумкин. Бунда суд ушбу масалани шу тартибда кўрилиши лозимлигини асослантириши керак.


36. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 майдаги "Суд ҳукми тўғрисида"ги 2-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги "Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 10-сонли қарорининг 12-банди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан қабул қилинган айрим қарорларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 20-сонли қарорининг 3-банди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан қабул қилинган айрим қарорларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 5-сонли қарорининг 13-банди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан қабул қилинган айрим қарорларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 17-сонли қарорнинг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

               

                 

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

       

Б. Мустафаев

Пленум котиби в.б.,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси

    

    

О. Хайитов

      

      










































Время: 0.1784
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск