Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Коммунал хўжалик /

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш Қоидалари (ЎзР ВМ 15.07.2014 й. 194-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 15 июлдаги

194-сон қарорига

3-ИЛОВА


Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш

ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Истеъмолчи - Ижрочи билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари бўйича белгиланган тартибда шартнома тузган юридик ёки жисмоний шахс;


Ижрочи - тузилган шартнома асосида Истеъмолчиларга қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;


қаттиқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек юридик шахсларнинг фаолияти (озиқ-овқат, шишалар, резиналар, қоғозлар, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш материаллари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор асбоблари, супуринди чиқиндиларининг, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида вужудга келадиган чиқиндилар) натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар;


суюқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек юридик шахсларнинг фаолияти (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилиб қолган турли хил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари) натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар;


қурилиш чиқиндилари - қурилиш, тиклаш, таъмирлаш ва турар жой уйларини, маъмурий биноларни, кўп қаватли уйнинг хонадонларини бузиш ишлари чоғида вужудга келадиган чиқиндилар;


ободонлаштириш объектлари - кўчалар, тор кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, ер ости йўллари, йўловчилар ер ости ўтиш йўллари, кўчалар, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва уларнинг дам олишлари учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, боғлар, хиёбонлар, скверлар), цемент суғориш ариқлари тармоқлари;


смёт - йўл қопламаларининг емирилиш ва едирилиш маҳсули, чанг-тупроқ, ташлаб юборилган нарсалар, тўкилган хазонлар, ахлатдонлар ичидаги чиқиндилар, сув оқиб тушадиган қудуқлардаги чўкиндилар;


қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати - санитария ва экология талабларига мувофиқ қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, транспорт воситасида ташиш, жойлаштириш, фойдаланиш, зарарсизлантириш, зарарли микроблардан тозалаш, уларни полигонларда кўмиб ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, транспорт воситасида ташиш ва кўмиб ташлашни ўз ичига оладиган санитария жиҳатидан тозалаш бўйича хизматлар мажмуи;


чиқиндиларни утилизация қилиш - чиқиндилардан зарурий компонентлар ишлаб чиқариш ёки чиқиндилардан иккиламчи хом ашёлар, ёқилғи, ўғит сифатида ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш;


чиқиндиларни қайта ишлаш - экологик хавфсиз сақлашга, транспорт воситасида ташишга ёки улардан фойдаланишга тайёрлаш мақсадида чиқиндиларнинг табиий, кимёвий ёки биологик хусусиятларини ўзгартириш билан боғлиқ технологик операцияларни амалга ошириш;


хавфли чиқиндилар - таркибида ушбу хавфли хусусиятлардан фақат биттаси бўлган (токсинлилик, юқумлилик, портлаш хавфи бўлган, ёниш хавфи бўлган, юқори реакционлик хоссасига эга бўлган, радиоактивлик) ва нафақат мустақил равишда, балки бошқа моддалар билан бириктирилганда ҳам фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги учун бевосита ёки яширин хавфни ўзида намоён қиладиган чиқиндилар;


"сигнал" усули - хусусий сектордаги шохобчани чиқинди йиғувчи автомашинада айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш.


3. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида амал қилади, барча ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари учун, уларнинг мулкий шаклидан, идоравий мансублигидан ва истеъмолчиларидан қатъи назар, мажбурийдир.


4. Мазкур Қоидалар радиоактив чиқиндилар, биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атроф-муҳит (атмосфера)га чиқариб ташлаш ва зарарли моддаларни сув объектларига оқизиб юбориш билан боғлиқ бўлган ишлар соҳасидаги қонун билан тартибга келтирилган муносабатларга татбиқ этилмайди.


5. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар қуйидагилар:

шаҳарларда - ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан;

туман марказларида, шаҳар типидаги қишлоқларда ва қишлоқ аҳоли пунктларида - туман ободонлаштириш бошқармалари ёки ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.


6. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг сифати мазкур Қоидаларнинг, санитария, экологик ва қонунчиликда белгиланган бошқа мажбурий талабларга, шунингдек қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги шартнома талабларига жавоб бериши лозим.



II. ҚАТТИҚ ВА СУЮҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ


7. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш мазкур Қоидаларга ва шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Зарур бўлган ҳолларда, шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланишда вужудга келган чиқинди ва смётларни олиб чиқиб кетиш учун ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари билан алоҳида шартномалар тузишлари мумкин.


8. Кўчмас мулкдан фойдаланилганда қаттиқ маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келувчи ва ушбу кўчмас мулк ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотларининг хизмат кўрсатиш доирасида жойлашган бўлса, ушбу мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар) улар билан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатилиши юзасидан шартнома тузишлари шарт.

Кўчмас мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар)нинг қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси бўлса, мулкдор қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва уларни ихтисослаштирилган полигонларда кўмиб ташлаш учун шартнома тузади.


9. Олиб чиқиб кетилаётган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажми қаттиқ ва маиший чиқиндилар вужудга келишининг тасдиқланган меъёрлари (кейинги ўринларда тўпланиш меъёрлари деб аталади) бўйича аниқланади.

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёрлари Ижрочи буюртмаси бўйича, шартнома асосида "Ўзкоммунхизмат" агентлигида ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этиб, хронометраж ўрганишларини ўтказган ҳолда, ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги махсус давлат органлари билан келишилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Тўпланиш меъёри ўзгарувчан катталик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятларга, хизмат кўрсатилаётган объектлар демографик хусусиятларининг ҳамда ободлик даражаси ўзгариши билан боғлиқ бўлган ҳолатларда вақти-вақти билан, камида беш йилда бир маротаба қайта кўриб чиқилиши керак.


10. Кўп квартирали ва хусусий турар жой уйлари бўйича қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёри - уйнинг ободлик даражасига (иссиқлик, газ таъминоти, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация мавжудлигига) қараб бир кеча-кундузда бир киши ҳисобига белгиланади.


11. Суюқ чиқиндилар миқдори канализация тизими мавжуд бўлмаган уйларда тўпланиш меъёридан ва истиқомат қилувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Суюқ чиқиндиларнинг тўпланиш меъёри чиқинди ташланадиган ўранинг ўтказувчанлик даражасига, тупроқнинг фильтрлаш коэффициенти, сизот сувларнинг сатҳи ва ҳар бир жисмоний шахс томонидан ишлатилган сувга боғлиқ ҳолда белгиланади.


12. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги аҳоли яшаш пунктлари, шаҳарнинг санитария ҳолати таъминланишини ва касаллик пайдо қилувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, жойлардаги иқлим шароитлардан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади, бунда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг охирги муддати ўтиб кетмаслиги лозим. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги: чиқинди йиғиш пунктларидан - ҳар куни, хусусий сектордан "сигнал" усулида - уч кунда бир маротаба.


13. Ижрочининг иш жадвали (куни, вақти) Истеъмолчи билан тузилган шартнома шартларига, умумий фойдаланиш объектларида эса - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорига мувофиқ белгиланади, бунда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг охирги муддати ўтиб кетмаслиги лозим.


14. Буюртманома, алоҳида тўлов бўйича қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатаётган Ижрочи:

йирик ва габаритли чиқиндилар (мебель, совутгичлар, велосипедлар, газ плиталари, болалар аравалари)ни;

қорамол гўнгини , қурилиш чиқиндиларини, тупроқни;

агротехника ишлари натижасида пайдо бўладиган чиқиндилар (новдалар, дарахт таналари, тўнкалар ва шох-бутоқлар)ни олиб чиқиб кетишни амалга ошириши мумкин.


15. 14-бандда кўрсатиб ўтилган чиқиндилар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, профессионал бошқарув ташкилотлари томонидан тайинланган, вақтинчалик махсус ажратилган жойларга йиғиб турилиши керак.


16. Кузги ялпи хазонрезги мавсумида дарахтлардан тўкилган баргларни ёқиш қатъиян тақиқланади, улар махсус ажратилган жойлардан кўчадаги, уйлар олдидаги смётлар билан бирга олиб чиқиб кетилади.


17. Ижрочи маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома тузиши ва Истеъмолчига тегишли хизматлар кўрсатиши шарт.


18. Ижрочи тушунарли тарзда, шунингдек Интернет тармоғи (коммунал тармоқ учун ихтисослаштирилган сайтлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари сайтлари) орқали Истеъмолчини мазкур Қоидалар, кўрсатилаётган хизматлар, улар учун белгиланган тарифлар, тўлаш шартлари, хизматлар кўрсатиш режими тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаши шарт.

Истеъмолчи учун фойдали бўлган ахборот Ижрочи, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, профессионал бошқарув ташкилотлари томонидан стендда, эълонлар пешлавҳасида қулай тарзда жойлаштирилиши, унда қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

мазкур Қоидалар;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома намунаси;

хизматлар таркиби, уларни тақдим этиш шакли;

тақдим этиладиган хизматларнинг амалдаги тарифлари;

тўлов чипталари ва бошқа тўлов ҳужжатларининг намуналари;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг энг сўнгги муддати тўғрисидаги маълумотлар.



III. ҚАТТИҚ ВА СУЮҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

САҚЛАШ ВА УТИЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ


19. Чиқиндиларни кўмиш учун жойлар (хавфли чиқиндилар бундан мустасно) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланиб, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ажратилади.


20. Ижрочи чиқиндиларни сақлашни санитария меъёрлари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ, чиқиндилардан оқилона фойдаланишни таъминловчи усулларда ёки уларни бошқа шахсларга топширишни амалга оширади.


21. Ижрочи томонидан чиқиндиларни аҳоли яшаш жойларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ерларда, сувни ҳимоя қилиш зоналари ва сув объектларининг санитария-қўриқлаш зоналари чегараларида, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги учун хавф вужудга келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ҳамда табиати махсус қўриқланадиган ҳудудларда ва объектларда сақлаш ва кўмиш тақиқланади.


22. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ижрочи қуйидагиларга мажбур:

эгаси ўзлари бўлган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш чораларини кўриш;

ишлаб чиқариш технологиясида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари, 24-бандда кўрсатилган чиқиндиларнинг аралаштирилишига йўл қўймаслик;

рухсат этилмаган жойларда ёки объектларда чиқиндиларнинг сақланишига, уларни қайта ишлашга, утилизация қилишга ва кўмиб ташлашга йўл қўймаслик;

чиқиндилар жойлаштириладиган хусусий объектларнинг санитария ва экология ҳолатлари устидан назоратни амалга ошириш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ишлатишда бузилган ер участкаларини қайта тиклаш ишларини амалга ошириш;

чиқиндиларни максимал утилизация қилиш учун комплекс чораларни амалга ошириш, чиқиндиларни сотиш ёки уларни тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш, шунингдек утилизация учун мос келмайдиган чиқиндиларнинг экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда кўмиб ташланишини таъминлаш.

Саноат корхоналари (мамлакатнинг ўз ишлаб чиқарувчилари) маҳсулотни қабул қилиб олишнинг махсус механизмини ишлаб чиққан ҳолда, ўзлари ишлаб чиқарган, маънавий эскирган ва ишдан чиққан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳисобидан утилизация қилиш учун Истеъмолчилардан қабул қилиб олишлари шарт.


23. Ижрочи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни максимал утилизация қилиш учун сотиш ёки уларни тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш комплекс чораларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.



IV. ҚАТТИҚ ВА СУЮҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ТЎПЛАШ, САРАЛАШ ВА САҚЛАШГА ОИД ТАЛАБЛАР


24. Истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни бир маротаба ишлатиладиган пакетларга алоҳида-алоҳида жойлаб дастлабки саралашни ва уларни қуйидаги турларга ажратишни амалга оширишлари шарт:

1) пластмасса (пакетлар, идиш, тара, ўйинчоқлар, бутилкалар):

қаттиқ пластмасса - пластмассадан ясалган мебель, резина пойабзал;

юмшоқ пластмасса - шампундан бўшаган флаконлар, идишлар ва ҳоказолар;

2) металл чиқиндилари (металлдан ишланган турли маиший маҳсулотлар ва идиш-товоқ чиқиндилари, таралар, жумладан консерва банкалари):

қора металл чиқиндилари (панжаралар, сим тўсиқлар, қувур қийқиндилари, арматура, маиший жиҳозлар ва хўжалик анжомлари);

рангли металл чиқиндилари (алюминий симлар, мис симлар, алюминийдан ишланган идишлар, уй-рўзғор буюмлари);

шиша (шишадан тайёрланган турли маиший маҳсулотлар ва идишлар чиқиндилари, таралар, бутилкалар);

3) қоғоз чиқиндилари (қоғоз, картон ва қоғоз маҳсулотига тенглаштирилган бошқа маҳсулотлар чиқиндилари), ип-газламаларнинг қийқимлари ва бўлаклари, эски увада латталар;

4) қайта ишлашга ва утилизация учун ярамайдиган биологик ва бошқа чиқиндилар (кундалик ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндилари, жумладан турли хил озуқа, янги мева, полиз ва сабзавот маҳсулотларининг пўстлоқлари).

Ахлат тўплаш шохобчалари қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплаш учун ажралиб турувчи ранг ва белгили махсус контейнерлар билан жиҳозланган бўлиши керак (юқорида кўрсатилган турларга мувофиқ ёзувлари билан).

Контейнерларда механик пишиқлигини таъминловчи усулда чиқиндиларнинг тури, контейнернинг инвентарь рақами, контейнер эгаси тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

Контейнерларнинг хизмат кўрсатиш (фойдаланиш) муддатини уларни тайёрловчи завод белгилайди. Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг морфологик таркибига ва контейнерларнинг ҳақиқий техник ҳолатига (механик ва бошқа шикастларга) қараб улар санитария талабларига жавоб берувчи, бузилмаганларига алмаштирилиши лозим.

Ахлат тўплаш шохобчаларида (ахлат тўплаш шохобчасининг рақами) ахлат тўплаш шохобчасидан фойдаланувчи ташкилотнинг номи, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали каби ахборотлар мавжуд бўлади.


25. Таркибида симоб бўлган лампалардан ёритиш учун фойдаланувчи Истеъмолчилар таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини махсус ажратилган жойда тўплашни амалга оширадилар.

Таркибида симоб бўлган лампаларни тўплаш лампаларга шикаст етказилишига имкон бермайдиган ва ундаги симобли моддаларнинг ҳаво муҳитига, сув таъминоти манбаларига, тупроқ ва озиқ-овқат маҳсулотларига тегиб кетишидан сақловчи махсус тараларда амалга оширилади, сўнгра Ижрочининг маиший чиқиндилар қабул қилиш шохобчасида бунинг учун махсус ўрнатилган контейнерларга жойлаштирилади. Ижрочи томонидан маиший чиқиндиларни "сигнал" усулида олиб чиқиб кетиш, таркибида симоб бўлган лампаларни тўплаш уларни автотранспортга алоҳида ва хавфсиз жойлаштиришни таъминлаган ҳолда бажарилади.

Ахлат тўплаш шохобчаларида тўпланган, таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини транспорт воситасида ташиш утилизация қилишдан олдин Ижрочи ва утилизация қилувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.


26. Чиқиндиларни ахлат тўплаш шохобчаларига жойлаштириш учун кўп квартирали уйлардаги Истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни турлари бўйича пакетларга жойлаб, тегишли контейнерларга ташлайдилар. Хусусий уйларда яшовчи Истеъмолчилар эса - сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз уйларида сақлаб, Ижрочининг жадвал бўйича "сигнал" усулида келган махсус автотранспорт воситасига жойлаштирадилар.

Истеъмолчилар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни кўчаларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиб ташлаш учун ажратилмаган жойларга, шунингдек ҳаракатдаги автотраспорт воситасидан йўлаклар ва кўчаларнинг транспорт юрадиган қисмига ташлаш тақиқланади.


27. Ахлат тўплаш шохобчаларининг санитария ҳолати ва сақланиши бўйича жавобгарлик Ижрочи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва профессионал бошқарув ташкилоти зиммасида бўлади.


28. Ижрочи мазкур Қоидаларнинг 24-бандида кўрсатиб ўтилган сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг махсус автотранспортга алоҳида-алоҳида жойлаштирилган ҳолда олиб кетилишини, шунингдек иккиламчи хом ашёларни қабул қилувчи ихтисослаштирилган корхонага белгиланган тартибда сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг топширилишини таъминлаши лозим.


29. Кўп квартирали уйнинг хоналарида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплашни ва сақлашни ташкиллаштириш тақиқланади.

Кўп квартирали уйнинг хоналарида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш ташкиллаштирилган ҳолатлар аниқланганда, қоидалар бузилганлиги тўғрисида далолатнома тузилиб, айбдор шахслар аниқланиши, сўнгра қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу фуқароларга жарима солиш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва профессионал бошқарув ташкилоти икки соат муддатда профилактика инспекторини бу ҳақда огоҳлантириши шарт.


V. ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ОЛИБ ЧИҚИБ

КЕТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


30. Ижрочилар ҳудудларга махсус автотранспорт воситаларини бириктириб, аҳоли яшаш жойларидаги ҳудудларнинг навбати билан қамраб олинишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган кундалик жадвалга биноан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишган ҳолда, чиқиндиларни олиб кетиш муддатларини белгилайдилар.


31. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалининг бажарилишини, махсус автотранспорт воситасининг муайян ҳудудга ўз вақтида етиб боришини ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ҳисобини олиб борадилар ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатадилар.


32. Ижрочи томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали бажарилмаган ҳолларда, Истеъмолчи Ижрочининг диспетчерлик хизматига буюртманома беришга ҳақлидир, у эса ўз навбатида, оператив тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўриши лозим.



VI. ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР БИЛАН

ИШЛАШ СОҲАСИДА БОШҚАРУВ


33. Қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги бошқарув бўйича муносабатлар "Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонун талабларини таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Ижрочиларнинг, Истеъмолчиларнинг ва чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетишда иштирок этувчи шахсларнинг биргаликдаги ҳаракатларини белгилайди.


34. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қуйидаги вазифаларни амалга оширадилар:

чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш бўйича турли мулкчилик шаклларидаги корхоналарнинг ташкил этилишига кўмаклашадилар;

чиқинди тўплаш шохобчаларини ташкил этиш жойларини белгилайдилар, давлатнинг бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан чиқинди тўплаш шохобчаларини қуришни амалга оширадилар, чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун уларни хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бериш шартларини аниқлайдилар ёки бошқарувчи ташкилотларга ижарага топширадилар;

мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширадилар;

хронометраж текширувлари асосида ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиғилиш меъёрларини тасдиқлайдилар;

шаҳар, туман марказлари, шаҳар посёлкалари, қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини қаттиқ маиший чиқиндилардан санитария-тозалаш схемасининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил қиладилар;

шаҳар, туман марказлари, шаҳар посёлкалари, қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларида Истеъмолчиларда чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва ташилиши ҳисобга олинишини ташкил қиладилар;

тегишли ҳудудларда чиқиндилар билан ишловчи объектлар ва субъектларни жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар;

қонунчилик ва мазкур Қоидаларга биноан, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш мақсадида Истеъмолчилар, Ижрочилар билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш ва утилизация қилишни ташкил этишга доир комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқадилар;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш жойларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил қиладилар;

чиқиндиларни тегишли равишда тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича Истеъмолчилар ва Ижрочилар билан тушунтириш ишларини олиб борадилар;

чиқиндилар билан ишлаш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароитлар яратадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ чиқиндилар билан ишлаш соҳасида бошқа вазифаларни ҳам амалга оширадилар.



VII. АХЛАТ ТЎПЛАШ ШОХОБЧАСИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ


35. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (профессионал бошқарув ташкилоти)нинг мурожаати бўйича тегишли ҳудудда чиқиндилар билан ишлаш соҳаси объектларини (ахлат тўплаш шохобчасини) жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар.


36. Ахлат тўплаш шохобчасини жойлаштириш, белгиланган тартибда комиссия тузган ҳолда, Ижрочининг иштирокида амалга оширилади.


37. Қурилиши кўзда тутилган иншоотларни жойлаштириш жойларини олдиндан келишиш, Ўзбекистон Республикасининг минтақалари ва аҳоли яшаш жойлари ҳудудларини режалаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


38. Чиқинди тўплаш шохобчаси майдони ва уларда ўрнатиладиган контейнерлар сони санитария қоидалари меъёрларига мувофиқ (истиқомат қилувчилар сони, чиқиндиларнинг тўпланиши ва сараланиши меъёрларини ҳисобга олган ҳолда) аниқланади.


39. Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерлар уларнинг сақланишини, коммунал тўловлар тўланишини, жорий ва мукаммал таъмирлашнинг бажарилишини таъминлайдиган Ижрочига тегишли бўлиши лозим.


40. Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларидан турар жой хоналарининг деразалари ва кириш йўлларигача бўлган масофа санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ белгиланади.



VIII. КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


41. Юридик шахслар қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўловни, кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ ҳисоб-китобини эса - календарь ой тугагандан кейин 30 кун давомида амалга ошириши шарт.


42. Жисмоний шахслар томонидан қабул қилинган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар, тасдиқланган тарифлар ва чипталарнинг белгиланган намуналарига асосан, тугаган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай амалга оширилади.

Истеъмолчилар (жисмоний шахслар) мажбурий тўловларни аванс тариқасида тўлаганларида, ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда қўшимча тўловлардан тўлов амалга оширилган санадан ўн икки ойдан ошмайдиган даврга озод этилади.

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун тўловни ҳисоблаш тегишли даврларда амалда бўлган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тарифлар бўйича амалга оширилади.

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов Истеъмолчи томонидан чекланмаган ҳолда ўз хоҳиши бўйича, ҳар қандай тўловларни қабул қилувчи банк муассасаси ва кассалари орқали нақд ва пул ўтказиш шаклида, шу жумладан, пластик карточкадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.


43. Марказий канализация (оқова сув тармоғи) мавжуд бўлмаган жойларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар, нархларни тартибга солувчи органлар билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича амалга оширилади.


44. Ижрочи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг қайта ҳисоб-китобини қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолларда амалга оширади:

ҳисоб-китоб қилиш вақтида арифметик хатога йўл қўйилганда;

истеъмолчига зарур даражадаги ёки тегишли сифатда бўлмаган хизматлар кўрсатилганда.


45. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги ёки белгиланган муддатлардан ортиқ узилишлар билан хизматлар кўрсатилганда, ушбу даврда хизматлар учун тўловлар камайтирилади.


46. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш натижаларига кўра Истеъмолчи, Ижрочининг вакили, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакили томонидан имзоланадиган, хизматлар кўрсатилмаганлигини, тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганини тасдиқловчи факт бўйича далолатнома тузилади.

Хизматлар кўрсатилмаганлиги, тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилгани тўғрисида тузилган далолатнома қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек ўз мажбуриятларини бузгани сабабли Ижрочининг жарима тўлаши учун асос ҳисобланади.

Ижрочи томонидан Истеъмолчининг ҳаёти, саломатлиги ва мулкига зиён етказилган ҳолатларда етказилган зарар факти қайд этилган далолатнома тузилади, у Ижрочи ва Истеъмолчиларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Истеъмолчи, Ижрочининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилларининг имзолари бўлгандагина далолатнома ҳақиқий ҳисобланади.

Ижрочи вакили келмаган тақдирда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилининг имзоси етарли бўлади.

Ижрочи вакили далолатномани имзолашдан бош тортса, мазкур далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлик сабабларини ёзма равишда асослаши шарт. Акс ҳолда, Истеъмолчи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни суд қарори қабул қилингунгача тўхтатишга ҳақлидир.


47. Истеъмолчи билан бирга рўйхатда бошқа шахслар ҳам бўлса ва улар ҳақида Ижрочи ўз вақтида огоҳлантирилмагани аниқланганда, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқатда яшаб келаётган даврдан бошлаб қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ ҳисоб-китоби амалга оширилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда - ўтган 3 ой учун ҳисоб-китоб қилинади.



IX. ИСТЕЪМОЛЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


48. Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартнома асосида, ўзига зарур бўлган, белгиланган сифатдаги, ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсиз бўлган, мулкига зарар бермайдиган ҳажмдаги хизматлардан фойдаланиш;

шартномаларда кўзда тутилган шартлар ва муддатларга мувофиқ қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларидан фойдаланиш;

12 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун олдиндан ҳақ тўлаш, кейинчалик тегишли тарифлар ошганда қайтадан ҳисоб-китоб қилмаслик;

Ижрочидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларининг ҳажми ва сифати, уларнинг кўрсатилиши шартлари, хизматлар учун тўлов миқдорларининг ўзгаргани ва тўлов тартиби тўғрисидаги ахборотларни олиш;

Ижрочи томонидан шартнома мажбуриятлари сифатсиз бажарилган ҳолларда Ижрочига ёзма ёки оғзаки шаклларда шикоятлар тақдим этиш ва Ижрочидан хизматлар тўлиқ кўрсатилмагани фактини тасдиқловчи далолатномани тузишни, шунингдек аниқланган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилишини талаб қилиш;

хизматлар кўрсатилаётганда Ижрочи айби билан юзага келган камчиликларнинг бепул бартараф этилишини ва шартномада келишилган миқдорларда неустойка (жарима ёки пеня) тўланишини талаб қилиш;

мазкур Қоидаларга ёки шартномага мувофиқ, доимий яшаш жойида вақтинча бўлмагани ҳужжатлар билан тасдиқланган давр ёки шартномада белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилмаган давр учун қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлаш мажбуриятларидан тўлиқ ёки қисман озод қилиниш;

шартнома тузилаётганда, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб юбориш заруриятидан келиб чиққан ҳолда, санитария меъёрлари ва қоидаларида белгиланган сўнгги муддатлардан кечиктирмай хизматлар кўрсатиш муддатларини белгилаш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари сифатсиз амалга оширилса, агар Ижрочи ўз вақтида шартномани бажаришга киришмаса ёки сифатсиз хизмат кўрсатса, зарарлар ундирилишини талаб қилиб судга мурожаат этиш.

Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


49. Истеъмолчи қуйидагиларга мажбур:

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун шартнома тузиш ва унинг талабларини бажариш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни, уларни тегишли турларга ажратган ҳолда, бир маротаба ишлатиладиган алоҳида пакетларга дастлабки саралашни амалга ошириш;

контейнер тартибида тўплашда - чиқинди тўплаш шохобчаларида чиқиндиларни жойлаштиришда пакетларни тегишли контейнерларга қаттиқ маиший чиқиндиларнинг турлари бўйича ташлаш;

тўплашнинг "сигнал усулида" - сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз уйларида сақлаш ва жадвалга биноан етиб келган Ижрочининг махсус автотранспорт воситасига жойлаштириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни кўчаларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиб ташлаш учун ажратилмаган жойларга, шунингдек ҳаракатдаги автотранспорт воситасидан йўлаклар ва кўчаларнинг транспорт юрадиган қисмига ташламаслик;

қаттиқ маиший чиқиндиларни Ижрочининг махсус автотранспорт воситасига ортиш учун ортиш жойига бемалол ўтишни таъминлаш;

чиқинди тўплаш контейнерлари, чиқинди тўплаш шохобчалари, чиқинди тўпловчи камера ва бошқа ускуналарнинг носозликлари аниқланганда, бу тўғрида Ижрочини дарҳол хабардор қилиш.

Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар бўйича ҳам жавоб беради.



X. ИЖРОЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


50. Ижрочи шартнома мажбуриятларига риоя қилмагани учун Истеъмолчига нисбатан чоралар кўришга, шунингдек қонунчиликда ёки шартномада белгиланган неустойка (жарима ёки пеня) тўланишини талаб қилишга ҳақли.

Ижрочи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


51. Ижрочи қуйидагиларга мажбур:

белгиланган муддатларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни амалга ошириш;

қонунчиликда, мазкур Қоидаларда ва шартномада белгиланган шартларга мувофиқ Истеъмолчига зарур сифатдаги қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

қонунчиликда ёки шартномада белгиланган муддатларда Истеъмолчининг буюртманомаларини бажариш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун электрон тўлов тизимини татбиқ этиш ва реал вақт режимида шахсий ҳисобварақаларининг ҳолатини кузатиб бориш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларининг амалга ошириладиган режими ва сифати бўйича Истеъмолчиларнинг мурожаатлари (аризалари, таклифлари, шикоятлари), шунингдек уларнинг ижроси ҳисобини олиб бориш;

аҳолининг тўлиқ қамраб олинишини таъминловчи ва қонунчилик талабларига мувофиқ, зарур миқдордаги чиқинди тўплаш шохобчалари қурилишини амалга ошириш;

чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларининг ҳолатини назорат қилиб бориш, уларнинг тегишли ҳолатда бўлишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун контейнерларнинг зарур миқдорда бўлишини таъминлаш;

аҳолининг ҳаёти, саломатлиги, шунингдек атроф-муҳит учун хавфли бўлган бактерияларнинг ва бошқа зарарли моддаларнинг ривожланишига, чиқиндиларнинг кўплаб тўпланиб қолишига қарши режали ишларни олиб бориш (контейнерлар ва ахлат тўплаш шохобчаларини дезинфекциялаш ёки ювиб туриш йўли билан);

мазкур Қоидаларнинг 24-бандида кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг иккиламчи хом ашёларини қабул қилиш бўйича ихтисослаштирилган корхоналарга белгиланган тартибда топширилишини таъминлаш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби ва тарифларининг ўзгаргани тўғрисида ушбу тарифлар қонуний кучга киришидан 15 кун аввал Истеъмолчининг абонентлик пунктларида эълонлар осиш йўли билан, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали Истеъмолчига маълум қилиш;

Истеъмолчига кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш чораларини қўллаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари учун тўловлар ҳисоб-китобининг ҳолати, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни Истеъмолчига бепул тақдим этиш.

Ижрочи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар бўйича ҳам жавоб беради.

Ижрочи даъво муддати доирасида Истеъмолчилардан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун қарзларни ундиришнинг барча чораларини қўллаши шарт.


52. Ижрочи тузилган шартномага асосан қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида Истеъмолчига ахборот беради;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш жадвалининг бажарилишини таъминлайди;

қонунчиликда белгиланган тартибга биноан, пайдо бўладиган чиқиндиларнинг ҳисобини олиб боради;

кўп квартирали уйлар ҳудудларидаги чиқиндиларни вақтинча сақлашнинг махсус жойлари ва бириктирилган ҳудуднинг санитария ҳолатининг зарур даражада бўлишини таъминлайди;

чиқиндиларни саралашни, уларнинг хавфсиз ва алоҳида-алоҳида сақланишини, тўплашни ва чиқиндиларнинг утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлаш ёки кўмиб ташлаш жойларига олиб кетилишини таъминлайди;

Истеъмолчилар билан тегишли шартномаларнинг мавжуд бўлишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига биноан чиқиндилар билан ишлаш соҳасида бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.



XI. ИСТЕЪМОЛЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


53. Истеъмолчи қуйидагилар бўйича жавоб беради:

шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки зарур даражада бажармаслик;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш;

хонадонда ёки хусусий уй-жойда истиқомат қилувчиларнинг ҳақиқий сони ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш;

шартнома шартларида кўзда тутилган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни махсус ажратилган жойларда тўплаш тартибининг бузилиши.



XII. ИЖРОЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


54. Ижрочи қуйидагилар бўйича жавоб беради:

шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки зарур даражада бажармаслик;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар муддатининг ва мазкур хизматлар кўрсатилаётганда аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддатларининг бузилиши;

хизматлар кўрсатиш ва камчиликларни бартараф этиш муддатларининг бузилганлиги учун жариманинг ўз вақтида тўланмаганлиги;

ўз фойдаланишида бўлган қўриқланувчи ва қўриқланмайдиган контейнерли чиқинди тўплаш шохобчаларининг техник ҳолати;

хизмат кўрсатмаслик ёки сифатсиз кўрсатилган хизматлар натижасида Истеъмолчининг ҳаёти, саломатлиги ва мулкига етказилган зарар.



XIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


55. Томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар ва низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


56. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 июль, 30-сон, 368-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 7-сон, 72-модда






































Время: 0.2087
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск