ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Нефть саноатида ёнғин хавфсизлиги Қоидалари (АВ томонидан 31.07.2014 й. 2605-сон билан рўйхатга олинган "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 11.07.2014 й. 90-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 31 июлда 2605-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ер қаърини геологик ўрганиш,

саноатда, кончиликда ва

коммунал-маиший секторда

ишларнинг бехатар олиб

борилишини назорат қилиш

Давлат инспекцияси бошлиғининг

2014 йил 11 июлдаги

90-сон буйруғига

ИЛОВА



Нефть саноатида ёнғин хавфсизлиги

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ нефть саноатида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар нефть саноатида фаолият юритаётган барча ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидалар талаблари ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, технологик жараёнларни ва цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.



2-БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


6. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса, бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


9. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


10. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


11. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


12. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


13. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


14. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши керак.


15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


16. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


17. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишларни, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган резервуарлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларнинг бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


18. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


19. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


20. Ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибда ҳимояланиш

воситаларини қўллаш


21. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларидаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши зарур ҳамда ташкилот биноларини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши шарт.


23. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳарорати ва намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Ходимлар Нефть ва газ ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 2132, 2010 йил 13 август) мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларини дезинфекция қилиш, бир марта қўлланиладиган воситалар бундан мустасно.


27. Заҳарли моддалар билан ишлашда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш зарур.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


32. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги керак.



7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


33. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиена, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситишга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги, ходимнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш муассасаси билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.


36. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда, ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


37. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


38. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўлади.


39. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


40. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


41. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


42. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


43. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


44. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


45. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


46. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


47. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


48. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


49. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


50. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


51. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


52. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


53. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда ёрдамчи бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


54. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


55. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


56. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


57. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


58. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


59. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


60. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги иш жараёни ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


61. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


62. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


63. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


64. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


65. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


66. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


67. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


68. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


69. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


70. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


72. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


73. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


74. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


75. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


76. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


77. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


78. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


79. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарида ёритиш воситаларининг кўзни қамаштиришидан сақлаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


80. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


81. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 V дан ошмаслиги керак.


82. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


83. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши керак.


84. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.


85. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


86. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


87. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


88. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


89. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғу пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


90. Ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


91. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитни оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


92. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши керак. Ушбу идишлар чиқиндилар бўшатилганда хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



18-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


93. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. АСОСИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Нефть бурғқудуқларини бурғулаш


94. Бурғқудуқларни бурғулашдаги ишларнинг хавфсиз бажарилишини махсус бурғулаш бригадалари амалга ошириши керак.


95. Маҳсулдор қатламни очишдан олдин (камида 50 м қолганда) корхонадаги махсус комиссия нефть фаввораларининг рўй беришини ва бартараф этишнинг олдини олувчи ҳарбийлашган отряд ходимлари иштирокида бурғқудуқ ҳолатини ўрганиб чиқиши ҳамда унинг тайёрлиги ҳақида далолатнома тузишлари лозим.


96. Очиқ фавворага сабаб бўладиган хатолик (камчилик)лар аниқланганда улар бартараф этилмагунча иш бажаришни тўхтатиб туриш зарур.


97. Эритма (гил) қоргичда эритма тайёрлашда кўпик ҳосил бўлишига йўл қўймаслик керак.


98. Бурғулаш жараёнида бурғқудуқдан чиқаётган эритманинг ҳарорати ва бошқа параметрларни мунтазам равишда ўлчаб туриш лозим.


99. Бурғулаш олиб борилаётган ҳудуд доимий равишда углеводородли эритма маҳсулотларидан тозаланиб турилиши керак.


100. Газсимон агентларни қўллаб бурғулаганда, бурғқудуқ оғзини герметикловчи зичлагич қурилма элементлари ишга яроқли бўлиши ҳамда суюқлик, шлам, чанг ва газнинг иш майдончасига тушишига йўл қўймаслик лозим.


101. Бурғқудуқ оғзига уланган ташлама қувурўтказгич шамол эсаётган томонга тескари қаратилган бўлиши зарур.


102. Мазкур қувурўтказгичнинг узунлиги камида 100 м бўлиши керак.


103. Қатламдаги газ бурғулаш қувурларига кириб қолишининг олдини олиш учун бурғулаш қувурлари колоннасига тескари клапан ўрнатиш зарур.


104. Ушбу клапаннинг ҳолатини ҳар сафар бурғулаш қувурларини бурғқудуққа туширишдан олдин текшириш керак.


105. Тескари клапан носозлиги туфайли қатлам гази бурғулаш қувурлари орқали ишчи майдонга тушганда (қувурларни тушириш ёки кўтариш пайтида) ҳодиса ҳолатига кўра, эритмани бурғулаш қувурларига қайта ҳайдаш керак.


106. Газсимон агентларни қўллаб ишлаганда превенторларнинг герметиклиги ва ишончлилигини, ҳар сафар қувурларни тушириш ёки кўтариш давомида (ҳар сменада камида бир марта) текшириб, натижаларини вахта журналига қайд қилиб бориш лозим.


107. Бурғулашни бошлашдан олдин, бурғқудуқ оғзини герметикловчи қурилмани газсимон агентни бурғқудуққа салт ҳолатда пуфлаш йўли билан мустаҳкамлигини текшириш зарур. Бунда носозликлар аниқланганда мазкур зичлагич элементни алмаштириш керак.


108. Газсимон агентларни қўллаб бурғулаганда, газ намоён бўлиши ҳолатларида иш майдонида ва газ пайдо бўлган жойлардаги ҳавони газ таҳлиллагич ёрдамида текшириб туриш зарур. Бурғқудуқдан чиқаётган эритма таркибида газ борлигини ҳам узлуксиз равишда таҳлил қилиб бориш керак.


109. Ўрнатилган газтаҳлиллагич аппарат бурғуловчига яхши кўриниб туриши лозим.


110. Иш майдончасида табиий газ миқдори алангаланиш чегарасининг 20 фоизини ташкил этувчи даражада бўлганда бурғулаш ишларини тўхтатиб, газ сизиб чиқиши бартараф этилиши зарур.


111. Газ сизиб чиққанда унинг овози (пишиллаши) ва ҳиди, совун кўпиги ҳамда кўчма газтаҳлиллагичлар ёрдамида аниқланиши зарур. Мазкур жойларни очиқ олов (машъала) ёрдамида аниқлаш тақиқланади.


112. Иш жойидаги ҳаво таркибини назорат қилиш учун бурғулаш жойига турғун (стационар) ёки кўчма газтаҳлиллагичлар ўрнатилиши керак.


113. Иш жойидаги ҳаво таркибидаги газни мунтазам назорат қилиш зарур. Бунда унинг даврийлиги маҳсулдор қатламни очиш ёки бурғулашда ҳар сменада камида бир марта, бурғқудуқда газ намоён бўлганда эса, ҳар икки соатда камида бир марта назорат қилиниши лозим.


114. Бурғулаш эритмалари циркуляциясининг ҳар бир циклидан сўнг тозалаш қурилмаларини текшириш, уларни сув ёрдамида шлам ва бошқа чиқиндилардан тозалаш зарур.


115. Бурғқудуқ оғзида ёки бошқа тўпланиши мумкин бўлган жойларда алангаланиш концентрациясининг қуйи чегарасидан 20 фоиз юқори миқдорда газ йиғилиб қолган бўлса, бурғулаш ишларини бажариш тақиқланиши лозим.


116. Бурғулаш қурилмаси ҳудудида ёнғин содир бўлганда уни сув таъминоти тизимига уланган қувурлар ёрдамида ўчирилиши зарур. Бунда сув таъминоти тизимига уланган цистернанинг сиғими камида 2 куб.м бўлиши лозим.



2-§. Кон-геофизика ишлари


117. Кон-геофизика ишларини ўтказишдан олдин электр ускуналардаги изоляциянинг созлигини, бурғулаш қурилмасидаги ёки бурғқудуқдаги ертуташтиргич қурилмасининг созлигини текшириш лозим.


118. Лаборатория ва каротаж станцияси кўтаргичининг металл кузови иш майдонига ўрнатилиши ва бурғқудуқдаги ишлар тўлиқ тўхтатилгандан кейин ерга туташтирилиши керак.


119. Каротаж ва газкаротаж станциясининг кузовида очиқ оловдан фойдаланиш тақиқланади.


120. Момақалдироқ пайтида ҳамда бурғқудуқдан газ чиқаётган ёки бурғқудуққа эритма ютилаётганда кон-геофизика ишларини ўтказиш тақиқланиши зарур.


121. Иш жойларини ёритиш ва иситишда фақат каротаж ва газ каротаж станциялари учун тузилган лойиҳада назарда тутилган асбоблардан фойдаланиш лозим.


122. Каротаж ва газ каротаж станциялари ва лабораторияларда ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларни очиқ идишларда сақлаш тақиқланади.


123. Транспорт воситаларида жойлашган каротаж станцияси тутун чиқариш қувурларига учқун ўчиргичлар ўрнатилиши керак.


124. Каротаж ва газ каротаж станциялари ва лабораториялари ўрнатилган транспорт воситаларини ишлатиш бўйича йўриқномаларига мувофиқ бирламчи ўт ўчириш воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


125. Бурғқудуқларда кон-геофизика ишларини ўтказишда зулфинлар, қувурлар, фланецлар ва арматуралар ҳамда геофизик ускуналарни иситишда очиқ оловдан фойдаланиш тақиқланади.


126. Каротаж ишларини ўтказишда газ намоён бўлиши белгиланган меъёрдан юқори бўлса, навбатчи оператор дарҳол бурғулаш бригадасига хабар бериши, газ отилиб чиққанда эса, каротаж станциясини хавфсиз жойга олиб чиқишга оид чора-тадбирларни амалга ошириши зарур.


127. Ортиқча босим остида ишлаб турган бурғқудуқларда геофизик тадқиқотларни ўтказишда ўзини-ўзи зичловчи сальникли лубрикатор ёрдамида бажариш керак. Бунда сальникли лубрикатор бурғқудуқнинг юқори қисмида содир бўлиши мумкин бўлган босимдан кам бўлмаган босим остида синалган бўлиши лозим.


128. Углевород юқори босим билан оқиб чиқаётган бурғқудуқлардаги лебёдка (чиғир) ва унинг қисмлари носоз бўлса, геофизик тадқиқотларни ўтказиш тақиқланиши зарур.


129. Радиоактив моддаларни ёнувчи ва портлаш хавфи мавжуд бўлган бошқа моддалар билан бирга сақлаш тақиқланади.


130. Қатлам синагичлари билан ишларни бажаришда геофизика корхонаси ҳамда буюртмачи корхона томонидан тасдиқланган режа асосида бажарилади.


131. Бурғқудуқни синашда бурғулаш ускуналарини таъмирлаш ҳамда электрпайвандлаш ва бошқа оловли ишларни ўтказиш тақиқланади.


132. Бурғқудуқдан газ ва нефть юқори босимда оқиб чиқиши кутилаётганда, бурғулаш жойида ҳарбийлашган қисм вакиллари иштирок этиши ҳамда превенторнинг бирор тармоғига уланган цементлаш агрегати бўлиши зарур.


133. Бурғқудуқни пакерлаш ва қатлам маҳсулдорлигини тадқиқ қилиш ишлари фақат куннинг ёруғ вақтида ўтказилиши керак.


134. Бурғқудуқ дебитини ўлчашда қатламдан чиқаётган флюидни йиғиб олиш учун омбор ёки резервуар бурғқудуқдан камида 100 м масофада жойлашган бўлиши лозим.


135. Синов пайтида олинган намуналарни ташишда, уларнинг тўкилишининг олдини олиш керак.



3-§. Нефть қудуқларини ишлатишда қўйиладиган талаблар


136. Ишлатиш колоннасини перфорация қилишдан олдин бурғқудуқ атрофидаги резервуарлар қудуқдан чиқадиган маҳсулотни қабул қилишга тайёр бўлиши керак.


137. Очиқ ариқлар орқали умумий омборга ва тутқичларга нефть оқимини чиқариб юбориш тақиқланади.


138. Бурғқудуқларда перфорация ишларини бажаришдан олдин буюртмачи корхонанинг геологини ҳамда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматини огоҳлантириши зарур.


139. Бурғқудуқларда перфорацияни ўтказишдан олдин отқинга қарши ускуналар текширилиши, фаввора арматураси босим остида герметикликка синалиши лозим.


140. Бурғқудуқни ишлатишда фаввора арматурасининг ишчи босими қудуқнинг юқори қисмида содир бўлиши мумкин бўлган босимга мос келиши керак.


141. Фавворали бурғқудуқни ўзлаштиришда насос-компрессор қувурларини тушириш ва кўтариш фақат қувурча ва бураладиган зулфин мавжудлигида бажарилиши лозим.


142. Бурғқудуққа қувурларни тушириш ёки кўтаришда нефть ва газ намоён бўлганда ҳамда кечки пайтда авария ёриткичлари ўчиб қолганда, қудуқ оғзига зудлик билан авария зулфинини ўрнатиш ва барча ишларни тўхтатиш лозим. Узоқ вақтга тўхтатилганда бурғқудуқ оғзини беркитиш зарур.


143. Колоннани тушириш-кўтариш билан боғлиқ ишларни бажаришда унинг фланецига учқундан хавфсиз материалдан ясалган воронка ўрнатиш лозим.


144. Бурғқудуқни кўчма агрегатлар ёрдамида ўзлаштириш ва беркитишда ишчи манифолдга зарур миқдордаги агрегатларни улаш имкони назарда тутилиши керак.


145. Фавворали бурғқудуқни ўзлаштириш вақтида танаффус ёки тўхталишлар бўлганда, фаввора арматурасидаги марказий зулфин ва крестовинадаги зулфинларни беркитиш зарур.


146. Газли ва газконденсатли қудуқларни сваблаб ўзлаштириш тақиқланади.


147. Фавворали бурғқудуқни сваблашдан олдин қуйидаги ишларни бажариш зарур:

агрегатни бошқариш пультини ҳимоялаш учун қурилган айвончанинг ёнадиган конструкцияларига оловдан ҳимояловчи моддани шимдириб олиш (ушбу модда билан ишлов бериш);

кўчма кўтаргич лебедкани бурғқудуқ оғзидан камида 25 м масофада ўрнатиш.


148. Бурғқудуқни сваблаш фақат фаввора арматураси ўрнатилгандан кейин амалга оширилади.


149. Фавворали бурғқудуқни сваблаб ўзлаштиришда бурғқудуқ оғзидан камида 10 м масофада фаввора арматурасига штурвал ўрнатиш ва уни шчит билан ҳимоялаш зарур.


150. Бурғқудуқда сваблаш ишлари олиб борилаётганда, бошқа ишларни тўхтатиш лозим.


151. Фаввора аломатлари сезилганда, бурғқудуқдан зудлик билан свабни кўтариб чиқариш керак.


152. Бурғқудуқни кўпик ёрдамида ўзлаштиришда фақат оловдан хавфсиз ва заҳарли бўлмаган сиртфаол моддаларнинг сувли эритмаларидан фойдаланиш керак.


153. Бурғқудуқни кечки вақтда ўзлаштиришда иш жойлари белгиланган ёритиш меъёрларига мувофиқ ёритилиши лозим. Бурғқудуқ оғзига яқин жойлардаги ёриткичлар портлашдан ҳимояланган бўлиши зарур.


154. Синалган барча бурғқудуқлар оғзи зичланган ва тегишли арматуралар билан жиҳозланиши керак.


155. Бурғқудуқдан чиқаётган нефть ва газдан компрессорни ҳимоялаш мақсадида бурғқудуқ яқинидаги газ-ҳаво тақсимлагич будкаси тармоғига тескари клапан ўрнатиш лозим.


156. Кўчма компрессорларнинг ички ёнув двигателларидаги тутун чиқарувчи қувурлари овоз ва учқунсўндиргичлар билан жиҳозланиши зарур.


157. Насослар ёрдамида ишлатиладиган бурғқудуқларнинг оғзи зичловчи арматура билан жиҳозланиши керак.


158. Тебранма дастгоҳ ишлаётганда узатмалар тасмаси салт ҳолатида шкивни айлантирмай ўтишининг олдини олиш учун тасманинг таранг тортилганлигига эътибор бериб туриш зарур.


159. Бурғқудуққа марказдан қочма электр насосларни тушириш учун электр ускуналар жойлаштириладиган будка ёнмайдиган материалдан ясалиши керак.


160. Бошқариш станциялари ва автотрансформаторларни ҳар қандай кучланишдаги электр тармоқлари тагига ўрнатиш тақиқланади.


161. Бурғқудуққа электр насосни туширишдан олдин унинг кабелини элеватор таъсиридан сақлаш мақсадида фланецга ҳимоялаш мосламасини ўрнатиш зарур.


162. Бурғқудуқ оғзи яқинида жойлашган кабелли барабаннинг электр узатмасини бошқариш тугмачаси портлашдан ҳимояланиб ясалган бўлиши лозим.


163. Бурғқудуқ оғзидаги кабель ўтадиган жой зичланган осма шайба билан жиҳозланиши керак.


164. Бурғқудуқни синашда унга олиб борадиган барча йўлларда чекиш ва олов ёқишни тақиқловчи постлар ва кўрсаткичлар ўрнатилиши лозим.


165. Бурғқудуқда пуфлаш ва ўлчашлар ўтказилаётганда бурғулаш қурилмасининг двигатели, қудуқ яқинидаги барча транспорт воситалари ҳамда қозонхоналарнинг ўчоқлари ўчирилиши зарур.



4-§. Нефть қазиб чиқаришга қўйиладиган талаблар


166. Кимёвий реагентлар сақланадиган жой тўсилган ҳамда у ерга қизил байроқчалар ва хавфсизлик белгилари ўрнатилиши керак.


167. Кўчма насос агрегатлари, автоцистерналардаги тутун чиқариш қувурларига овозсўндиргич ва учқунсўндиргич ўрнатилиши зарур.


168. Қудуқ оғзидаги ускуналарнинг герметиклиги бузилганда, дамлагич қудуқни суюқлик билан тўлдириб, ускунани алмаштириш лозим.


169. Сепараторларнинг буфер суюқлиги идишларини пуфлаш автоматлаштирилган бўлиши зарур. Машъалани ёқиш мосламаси масофадан туриб бошқарилиши керак.


170. Ёниб турган машъаланинг атрофи 50 м радиусда тўсиқ билан ўралган бўлиши лозим. Мазкур ҳудудга кириш жойига "Бегоналар кириши ман этилади!" деган ёзув илиб қўйилиши зарур.


171. Машъала атрофидаги ўралган ҳудудда қудуқлар, чуқурчаларни қазиш тақиқланиши лозим.


172. Нефтни иситувчи қурилма шамол эсаётган томонга жойлаштирилган нефть сақланаётган резервуардан камида 25 м оралиғида ўрнатилиши зарур.


173. Нефть солинган резервуар ҳамда нефтни иситувчи қурилма ўрнатилган аравачалар портлашдан ҳимояланиб ясалган бўлиши керак.


174. Иссиқ нефть резервуарини ташувчи транспорт воситасининг тутун чиқадиган қувурига учқунсўндиргич ўрнатиб, транспорт воситасини қудуқ оғзидан камида 10 м масофада шамол эсаётган томонга жойлаштириш лозим.


175. Қудуққа ишлов беришда фақат газсизлантирилган конденсатни ишлатиш лозим.


176. Конденсатни автоцистернадан қуйиб олиш ёки бўшатишда автоцистерна ертуташтиргич мосламасига уланиши зарур. Агар мазкур ертуташтиргич бўлмаса, ерга 0,5 м чуқурликка металл таёқчани қоқиб, унга улаш керак. Ертуташтиргич мосламасини конденсатни қуйиш-тўкиш ишларини тугатмасдан ечиб олиш мумкин эмас.


177. Автоцистернадан газконденсатни қуйиш-тўкиш жараёнида газконденсат билан қудуққа ишлов беришни фақат кундуз куни очиқ олов йўқлигида ўтказиш лозим.


178. Қудуққа газконденсат билан ишлов беришда газконденсатни автоцистернадан бункерга ва агрегатга ҳайдаш тақиқланади.


179. Электр иситгичга киритилган кабель учидаги узел ҳамда клеммалар (уланган жойлар) камераси тўлиқ герметикланган бўлиши керак.


180. Кабель бутун узунлиги бўйлаб яхлит ҳамда нефть ва иссиқликка бардош бериши лозим.


181. Кабель кўчма кўтарма лебедканинг чамбарагига равон ва изоляциясига путур етмайдиган қилиб ўралиши зарур.


182. Кабелни бурғқудуққа туширишдан олдин унинг ишга яроқлилиги текширилиши лозим. Толаси узилган кабелни бурғқудуққа тушириш мумкин эмас.


183. Углеводородли ва азотли суюқликларни ҳайдаш тармоқларига сақлагич ва тескари клапанларни ўрнатиш лозим.


184. Углеводородли ва азотли суюқлик солинган резервуар ёнида ёнғин пости бўлиши зарур.


185. Углеводородли ва азотли суюқликларни бурғқудуққа ҳайдашда маҳсулотнинг босими ва ҳароратини доимий назорат қилиш лозим. Босим ва ҳарорат лойиҳада белгиланган меъёрдан ортиқ бўлмаслиги керак.


186. Углеводородли ва азотли суюқликлар билан ишлов берилган бурғқудуқни ҳаво билан ўзлаштириш тақиқланади.


187. Гидравлик усулда қатламни ёришда ишлатилаётган агрегатлар ва ускуналарнинг тутун чиқариш қувурларига учқунсўндиргич мосламалар ўрнатиш зарур.


188. Қатламни гидравлик усулда ёриш қурилмаларини қудуқ оғзидан камида 10 м оралиғида ўрнатиш ва улар орасидаги масофа камида бир 1 м бўлиши керак.


189. Мазкур ишларни бажараётганда бурғқудуқ ҳудудида очиқ оловдан фойдаланиш ёки бурғқудуқни ишлатиш тақиқланади.


190. Қатлам ичида ёндиришни амалга оширишда бурғқудуқ ҳудуди хавфли ҳудуд ҳисобланади. Бунда "Эҳтиёт бўлинг! Қатлам ёндирилаяпти" - деган огоҳлантирувчи плакат ва кўрсаткичлар билан жиҳозланиши керак.


191. Қатлам ичида ёндириш ўтказилаётган участкадаги ҳайдаш, кузатиш ва қазиб чиқариш бурғқудуқларининг оғзини зичлашни кўзда тутиш зарур.


192. Бурғқудуқлар, ўлчов қурилмалари ва қатлам ичида ёндириш таъсирида бўлган бошқа объектлари босим ва ҳароратни масофадан туриб бошқариш воситалари билан жиҳозланиши керак.



5-§. Таркибида водород сульфиди мавжуд бўлган

нефть конларига қўйиладиган талаблар


193. Таркибида водород сульфиди мавжуд бўлган нефть конларини ишлатишда хавфсиз иш юритишни таъминловчи барча тадбирларга қатъий риоя қилиниши зарур.


194. Ҳавода водород сульфиди концентрацияси мунтазам равишда назорат қилиниши керак.


195. Бино (хона)лар, иш майдончалари ҳавосидаги водород сульфидининг концентрациясини мунтазам текшириб туриш мақсадида мазкур жойларга овозли сигнал берадиган газтаҳлиллагичлар ва шамол йўналишини кўрсатувчи белгилар ўрнатилиши лозим.


196. Водород сульфидининг хавфли концентрацияси аниқланганда, хизмат кўрсатувчи ходим зудлик билан корхона раҳбарига, газдан қутқариш хизматига хабар бериши, заҳарланишнинг олдини олиш ва авария вазиятига барҳам бериш чораларини кўриши лозим. Водород сульфидининг хавфли концентрацияси бор жойларга "Оловдан хавфли!", "Заҳарли моддалар!", "Ўтиш ва юриш ман этилади!", "Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади!" деган огоҳлантирувчи кўрсаткичлар ўрнатилиши зарур.


197. Бурғқуқдуқни таъмирлашда ажралиб чиқаётган водород сульфиди шамоллатиш агрегати ёрдамида сўриб олинади.



4-БОБ. АСОСИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Резервуар ва резервуарлар парклари


198. Резервуарлар атрофидаги марзалар ва тўсиқлар доимо соз ва ҚМҚ 2.09.19-97 "Нефть ва нефть маҳсулотлари омборлари" талабларига мувофиқ бўлиши зарур. Резервуарлар парки ҳудудига механизациялашган ўт ўчириш воситаларининг кириши учун махсус ўтиш жойлари қурилиши керак.


199. Марзаланган ҳудуд энг катта резервуар ҳажмидаги маҳсулот сиғадиган қилиб қурилиши зарур.


200. Резервуарлар умумий ҳажмининг 95 фоизигача нефть ёки нефть маҳсулотлари билан тўлдирилиши лозим.


201. Суюлтирилган газларга мўлжалланган ўтказгич қувурлардаги беркитувчи ва тартибловчи ускуналар пўлатдан ясалиши керак.


202. Резервуарлар паркидаги барча ўтказгич қувурлар ва уларга ўрнатиладиган гидравлик затворлар, марзанинг ташқарисидан ўтиши лозим.


203. Ҳажми 50 куб.м дан ортиқ бўлган резервуарларни диаметрал қарама-қарши томонидан камида иккита жойини ертуташтириш зарур.


204. Резервуарларни кўрикдан ўтказишда, намуна олишда ёки суюқлик сатҳини ўлчашда учқун чиқармайдиган мосламалардан фойдаланиш керак.


205. Резервуарларга ўрнатилган нафас олиш арматуралари тўғри созланган ва доимо соз ҳолда бўлиши керак. Нафас олиш (сақлагич) клапанларини баҳорги-ёзги мавсумда камида икки марта, ҳаво ҳарорати нолдан паст бўлганда - ҳар ўн кунда бир марта текшириб туриш ва уларнинг натижаларини журналда қайд этиб бориш лозим.


206. Нафас олиш арматуралари музлаб қолмаслиги учун резервуарлардаги клапанларнинг мембраналари фторпластик қопламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.


207. Нефть ва нефть маҳсулотларини иситиш жараёнини суюқлик сатҳи иситгичдан камида 50 см юқорида бўлгандагина амалга ошириш мумкин.


208. Резервуарлардаги қовушқоқ нефть ва нефть маҳсулотларини иситишда фақат буғли ёки сувли змеевиклардан фойдаланиб, доимий назорат қилиб туриш лозим.


209. Резервуарлар парки ва унинг яқин атрофидаги ҳудудларда яшинқайтаргич, статик электр ҳодисасидан ва яшиннинг иккиламчи намоён бўлишидан сақловчи қурилмалар ўрнатилиши лозим.


210. Резервуарлар парки ҳудудида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш тўғрисидаги кўрсаткичлар ўрнатилиши керак.


211. Резервуарлар паркига транспорт воситаларини фақат резервуарлар таъмирланаётганда корхонанинг бош муҳандисининг рухсати билан киритиш мумкин.


212. Марзалар орасидан ўтган қувурлар фланецли боғламаларга эга бўлмаслиги керак.


213. Қувурларнинг марзалардан тешиб ўтган жойлари зичланган бўлиши керак.



2-§. Насос станциялари


214. Насос станциясининг эшик ва деразалари ташқарига очиладиган ҳамда эшиклари остонасиз (бўсағасиз) бўлиши керак. Ёруғлик тушадиган тирқишлар тўсилмаган бўлиши, дераза ойналари ва фонарлар тозалаб турилиши зарур.


215. Айвонларга жойлаштирилган очиқ насос станцияларидаги ён тўсиқларининг юзаси унинг ўша ён томони полдан томнинг ёки насосхона айвонининг энг юқори нуқтасигача ҳисоблаганда умумий юзасининг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

Насос станцияларининг ён томонидаги ҳимоя тўсиқлари ёнмайдиган материалдан ясалиб, табиий шамоллатиш шартларига кўра полдан (ердан) камида 30 см кўтарилиб турган бўлиши керак.


216. Тез алангаланадиган суюқликларни ҳайдаш (дамлаш) учун икки ёнлама, зарур ҳолларда эса, бир ёнлама ва қўшимча зичлагичли сальниксиз марказдан қочма насослар ишлатилиши лозим.


217. Транспортировка қилинаётган (ҳайдалаётган) нефть маҳсулотининг орқага қараб ҳаракатланишининг олдини олиш учун ўтказгич қувурининг дамлаш тармоғига тескари клапан ўрнатиш лозим.


218. Насосларнинг хавфсиз ишлатилишини таъминлаш мақсадида уларни сигнализация ва блокировка тизими билан жиҳозлаш лозим.


219. Нефть ва нефть маҳсулотларини ҳайдовчи насослар қаерга ўрнатилишидан қатъи назар, маҳаллий ва масофадан туриб бошқарувга эга бўлиши зарур.


220. Насосларнинг сўрувчи ва ҳайдовчи тармоқларида масофадан туриб бошқариладиган беркитувчи ёки узиб қўювчи қурилма кўзда тутилиши лозим. Масофадан узиб қўядиган мослама ҳар бир муайян ҳолат учун ўтказгич қувурнинг диаметри ва узунлигига қараб лойиҳаловчи ташкилот томонидан белгиланади.


221. Насос станциясининг поллари ёнмайдиган ва нефть маҳсулотлари таъсирига дош берадиган материаллардан ясалиши лозим. Полда дренаж лотоклари бўлиб, улар яхши ёпиладиган лотокнинг таги ва деворларини сув ва нефть маҳсулоти ўтказмайдиган қилиб ясалиши керак. Лотоклар оқова тизим томонга гидрозатвор орқали қиялатиб ўрнатилиши зарур.


222. Насос станциясидаги ўтказгич қувурлар лотокларга жойлаштирилиши ва деворлар (тешиклари) орқали ўтган жойларининг зичлагич мосламаларини қўллаб беркитиш лозим.


223. Насос ёки компрессорнинг сўрувчи ва ҳайдовчи ўтказгич қувурлардаги беркитиш, ажратиш ва сақлагич қурилмаларини қоида тариқасида, насос ёки компрессорга яқинроқ, хизмат кўрсатиш учун қулай ва хавфсиз жойга ўрнатиш керак.


224. Ёнма-ён жойлашган насосларнинг қисмлари ўртасидаги ҳамда насослар билан бино деворлари ўртасидаги масофа камида 1 м, икки қатор қилиб ўрнатилганда эса, қаторлар ораси камида 2 м бўлиши лозим.

Насосларнинг қисмлари, ўтказгич қувурлари ва бошқа ускуналар эшикдан камида 1 м масофада ўрнатилган бўлиши керак.


225. Ускуналар ва ўтказгич қувурларнинг 45° С гача қизийдиган юзалари тўсилган ёки ходимлар текканда куйиб қолишининг олдини олувчи изоляцияловчи материал билан қопланган бўлиши лозим.


226. Насос станциясида жойлашган асосий ва ёрдамчи ускуналар технологик схема асосида тартиб рақамлар билан белгиланиши керак. Тартиб рақамларни кўринарли жойга оқ бўёқ билан ёзиш зарур. Двигатель билан насос ўртасида девор бўлса, тартиб рақам ҳам насосга, ҳам двигателга ёзилади. Насос агрегати бир хонада жойлашган бўлса, рақам фақат двигателга ёзилади.


227. Насос станциясидаги асосий ва ёрдамчи қурилмалар ҳамда сув таъминоти, шамоллатиш, оқова, ҳаво таъминоти ва ёнғин ўчириш тизимлари бир-биридан фарқланадиган рангларга бўялиши керак. Ўтказгич қувурларининг сиртларида уларнинг вазифалари ҳамда ҳайдалаётган нефть маҳсулотининг йўналиши кўрсатилиши лозим.


228. Двигатель ва насосларда, улардаги айланма ҳаракатнинг йўналишини кўрсатувчи стрелкалар, ишга тушириш қурилмасида эса "Ишга тушириш" ва "STOP" ёзувлари бўлиши лозим.


229. Насос станциясидаги кнопкалар (тугмачалар) ва қайта улагичлар ёнғин ва портлашдан ҳимояланиб ҳамда нам ўтказмайдиган қилиб ясалган бўлиши зарур. "Ишга тушириш" кнопкаси (тугмачаси) пульт юзасидан 3 - 5 мм пастроқ қилиб, "STOP" кнопка (тугмача)си эса, қўзиқорин шаклида бироз катталаштирилган бўлиб, пульт юзасидан (панелдан) бўртиб чиқиб турган бўлиши керак.


230. Ҳар бир насос агрегатига манометр ўрнатилиши лозим. Манометрсиз ёки носоз манометрли насосларни ишлатиш тақиқланади.


231. Насос агрегатида уни ерга туташтирувчи тизимга улашга хизмат қилувчи мослама бўлиши, унинг устига ертуташтиргич белгиси қўйилиши лозим.


232. Берк бинодаги насос станцияларида мажбурий оқимли-сўрувчи шамоллатиш тизими ва ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари бўлиши лозим.


233. Насос станцияларидаги мойлаш воситаларининг миқдори сутка эҳтиёжи даражасида беркитиладиган металл идишларда сақланиши керак.


234. Артиш материалларини қопқоқли металл қутиларга йиғиб, кейинчалик қайта ишлатишга тайёрлаш ёки йўқ қилиб юбориш мумкин. Мойлаш воситаларини узоқ муддат сақлашга рухсат этилмайди.


235. Насосларни ишлатишда подшипниклар ва сальниклар ҳолатига алоҳида эътибор бериш зарур. Подшипниклар етарли даражада мойланган бўлиши лозим ва улар 60° С дан ортиқ қизиб кетмаслиги керак. Подшипниклар ҳароратини ҳар соатда камида бир марта текшириб туриш керак.


236. Насослар ва ўтказгич қувурларнинг иссиқ юзасига артиш материаллари ёки нефть маҳсулотлари шимилган буюмларни қўйиш тақиқланади.

237. Насосларни ишлатишда насослар ва ўтказгич қувурлари герметик бўлиши ҳамда сальникли зичлагичлар ва бошқа жойларида нефть маҳсулотларининг меъёрдан ортиқ миқдорда сизиб чиқиш ҳолатлари дарҳол бартараф этилиши зарур.


238. Насос станциясидаги барча ускуналарнинг ишқаланувчи деталлари ўз вақтида мойланиши керак. Мойлаш пайтида нефть маҳсулотининг сачраб, оқиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


239. Ишлаб турган насослар иш режимида бирор носозликлар (шовқин, ҳаддан ташқари кучли тебраниш, подшипниклар қизиши, сальниклардан нефть маҳсулоти сизиб чиқиши ва дарзликлар) аниқланганда, насосларнинг ишлашини дарҳол тўхтатиш зарур. Носозлик сабаблари аниқланиб, улар бартараф этилмагунча насосларни ишлатиш тақиқланади.


240. Насослар ишини автоматик тарзда назорат қилиш воситалари бўлмаса, асбоб-ускуналарнинг ишлашини мунтазам равишда назорат қилиб туриш зарур.


241. Насос станциясига электр энергияси тўсатдан келмай қолганда, двигателларни электр тармоғидан тезда узиб қўйиш керак.


242. Ҳар бир насос станциясида авария ҳолати учун асбоб-ускуналар комплекти ва аккумуляторли фонарлар захираси бўлиши ҳамда улар махсус жавонларда сақланиши керак.



3-§. Иссиқлик алмаштиргичлар


243. Иссиқлик алмаштиргич ўрнатилган майдонча гидравлик затвор орқали саноат канализацияси тизимига нефтни туширувчи ариқчага эга бўлиши лозим. Майдонча нефтни ювиб юборишга мослашган ва баландлиги 0,15 м дан кам бўлмаган тўсиқ билан ўралган бўлиши керак.


244. Ҳароратнинг кескин ўзгаришидан содир бўладиган зўриқиш таъсирида шикастланишларнинг олдини олиш мақсадида иссиқлик алмаштиргични бир маромда қиздириш ва совутиш лозим.


245. Иссиқлик алмаштиргичнинг қувурларидаги ва қувурлари орасидаги ёнувчи суюқликларни аппарат тўлиқ совугандан кейингина чиқариш керак.


246. Ёнғин содир бўлганда ҳаво билан совутиш аппаратларига технологик регламентларга мос равишда оператор хонасига масофадан бошқариш мосламасини ўрнатиш зарур.



4-§. Оловли иситгичли қурилмалар (қувурсимон

печлар, блокли оловли иситгичлар)


247. Форсунка олдидаги майдонча қаттиқ қопламага ва гидравлик затвор орқали саноат канализациясига уланган нишабли ариқчага эга бўлиши керак. Тўкилган суюқ ёнилғини ювишга мўлжалланган сувўтказгич устуни ўрнатилган бўлиши зарур.


248. Форсункаларни ёндиришда тез алангаланадиган суюқликлар шимдирилган материаллардан фойдаланиш тақиқланади.


249. Ёнилғи келадиган қувурўтказгичга қуйидагиларни ўрнатиш керак:

форсункалардан камида 10 м оралиқда барча форсункаларга келаётган ёнилғини беркитувчи зулфин;

горелкаларнинг ёниши учун зарур бўлган босимни тартибга солувчи редуктор қурилмаси ҳамда назорат-ўлчов асбобларининг автоматик тизимига ва горелкаларга конденсат тушишининг олдини олувчи конденсаттўплагичлар. Редуктор қурилмаси бино ташқарисига ўрнатилиши зарур.


250. Автоматик қурилмаларнинг авария сигнализация тизими оператор хонасига уланган бўлиши лозим.


251. Печларнинг буғўчириш тизими доимо ишга яроқли бўлиши керак. Носоз буғўчириш тизимини ишлатиш тақиқланади.


252. Буғ ўчириш коллектори қулай жойга ўрнатилиши ва қизил рангга бўялиши лозим.


253. Печ ўчоғини буғ билан шамоллатмасдан горелкаларни ёндириш тақиқланади. Ўчиб қолган горелкаларни ёндиришда қизиган панеллар ёки печ ўчоғидаги ғиштлардан фойдаланиш тақиқланади.


254. Форсункаларга келадиган газ қувурлари газни машъала тизимига чиқарувчи пуфлагич тармоқ билан жиҳозланиши керак.


255. Авария ёки ёнғин вазиятларида нефтни тўкишга мўлжалланган қурилмалар соз ҳолатда бўлиши лозим. Авария вазиятларида нефтни тўкиш тизимининг зулфинларига таниқлик белгилари ўрнатилган ҳамда зулфинларга олиб борадиган йўллар тўсилмаган бўлиши керак.


256. Авария вазиятларида нефтни тўкиш ишларини цех, қурилма бошлиғи ёки аварияни бартараф этишга жавобгар шахснинг кўрсатмаларига мувофиқ амалга ошириш зарур. Мазкур ишларни бажариш тартиби махсус йўриқномаларда назарда тутилиши лозим.


257. Авария вазиятларида нефтни тўкиш сиғимига печдаги иссиқ суюқликни тўкишдан олдин, ундаги сув ва маҳсулотлар қолдиғини чиқариб ташлаш ҳамда конденсатдан тозаланган сув буғи билан буғлаш керак. Буғўчириш қурилмасини масофадан туриб ишга тушириш зарур.


258. Қўшалоқ камералардаги печ форсункалари олдида ёнғин рўй берганда, ўчоқдаги ва мўридаги қурум ёна бошлаганда буғўчириш тармоғи орқали буғ юбориш ва ёнғин хавфсизлиги хизматини чақириш керак.


259. Қувурсимон печларни ишлатганда унинг қувурлари ҳолатини назорат қилиш лозим. Қувурларда бўртиб чиқиш ҳамда емирилиш чегараси рухсат этилган меъёрдан ошган ҳолатларда печни ишлатиш тақиқланади.


260. Печ змеевикларига ва бошқа қурилмаларга буғ узатувчи қувурларда конденсатни тўкиб олиш қурилмаси бўлмаса, уларни ишлатиш тақиқланади.


261. Печларни иситиш тизими горелкаларга суюқ ёки газсимон ёнилғининг келиши тўхтаганда ёки тармоқдаги босим белгиланган меъёрдан пасайганда сигнал берувчи мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


262. Печларда аланга ўчиб қолганда форсункаларга ёнилғи келишини автоматик тарзда тўхтатувчи ҳамда печдаги ҳарорат ўзгарганда сигнал берувчи мосламалар ўрнатилиши зарур.



5-§. Технологик ўтказгич қувурлар


263. Ўтказгич қувурлардаги маҳсулот турига кўра ГОСТ 12.4.026-76 "Сигнал ранглари ва хавфсизлик белгилари"га мувофиқ равишда таниқли бўёқ ва рақамли белгиларига эга бўлиши керак.


264. Резервуарларни аппаратуралар, қурилмалар ва бошқа иншоотлар билан боғловчи барча ўтказгич қувурлар учун технологик схема тузилган бўлиши лозим. Мазкур схемага кўра, ҳар бир ўтказгич қувурда муайян белги, беркитиш арматуралари эса рақамланган бўлиши зарур.


265. Нефть ўтказгичларни пуфлаш ва мустаҳкамликка синаш, герметиклигини текшириш ишларини маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, техника ва ёнғин хавфсизлигига доир тадбирлар назарда тутилган йўриқнома асосида амалга ошириш лозим.


266. Зулфинлар, жўмраклар ва ўтказгич қувурлардаги бошқа беркитиш қурилмалари доимо ишга яроқли, қулай ишлатиладиган, ўтказгич қувурнинг айрим участкаларига нефтнинг боришини кафолатли тўхтатиб оладиган бўлиши керак.


267. Нефть ўтказгичларда ҳосил бўлган тиқинларни бартараф этишда учқун чиқарувчи пўлат таёқчалар ёки бошқа мосламалардан фойдаланиш тақиқланади.


268. Зулфинлар ва жўмраклар осон ва равон очилиши ва ёпилиши керак. Уларни очиш ёки ёпишда лом, қувурлар ва бошқа асбобларни қўллаш тақиқланади.


269. Фланецли уланмалардаги қистирмалар юқори ҳароратда бузилмайдиган ва шаклини ўзгартирмайдиган материалдан ясалиши лозим.


270. Бандаж ўрнатилган нефть ўтказгичларни ишлатиш тақиқланади.


271. Авария вазиятларида маҳсулотни чиқариб ташлашга мўлжалланган қувурларни ишга туширишдан олдин ҳамда ишлатганда вақти-вақти билан текшириб туриш лозим.


272. Технологик ўтказгич қувурларда ҳосил бўлган тешикчаларни дарҳол бартараф этиш зарур. Уларни хомутлар билан беркитиш тақиқланади.


273. Ўтказгич қувурлар ва зулфин узелларини қиздиришда фақат буғ, иссиқ сув ёки қиздирилган қум, шунингдек портлашга хавфсиз қилиб ишланган электр қиздириш ускуналаридан фойдаланиш лозим.



6-§. Темир йўлнинг қуйиш-тўкиш эстакадалари


274. Темир йўлнинг қуйиш-тўкиш эстакадалари ҚМҚ 2.09.19-97 "Нефть ва нефть маҳсулотлари омборлари" талабларига мувофиқ жойлашиши, темир йўл рельсидан эстакадагача бўлган оралиқ масофа ГОСТ 9238-83 "Иншоотлар ва темир йўл ҳаракатлануви таркиб изларининг яқинлашиш габаритлари 1520 (1524) мм" талабларига мос ҳолда бўлиши лозим.


275. Нефть маҳсулотларини ортиш ёки тушириш учун келтирилаётган темир йўл вагон-цистерналар махсус композицион тормоз колодкалари билан жиҳозланиши керак. Нефть маҳсулотини қуйиш пайтида темир йўл вагон-цистерналарининг тошиб кетишига йўл қўймаслик зарур.


276. Нефть маҳсулотларини темир йўл вагон-цистерналарига қуйиш-тўкишда уларни темир йўл омборлари, турғун иншоотлар, асосий (магистрал) йўллар, юк ортиш-тушириш умумий жойлари ҳамда турар жойлардан камида 100 м масофада жойлаштириш зарурлигини инобатга олиш шарт.

Темир йўл вагон-цистерналарига тез алангаланадиган суюқликларни қуйишда уни бир маромдаги оқим билан цистерна ичидаги суюқликнинг сатҳидан пастга қуйиш зарур.

Нефть ва нефть маҳсулотларини эркин тушириб (оқизиб) қуйиш мумкин эмас. Қуйиш мосламасининг учи вагон-цистернанинг тубидан 20 см баландликда ўрнатилиши керак.


277. Авария вазиятларида носоз темир йўл вагон-цистерналарни нефть маҳсулотларидан бўшатиш учун махсус жиҳозланган жой ажратилиши лозим. Авария шароитлари асосланган ҳамда қуйиш-тўкиш эстакадаси махсус воситалар билан жиҳозланган бўлса, носоз темир йўл вагон-цистерналардаги нефть маҳсулотларини бевосита эстакаданинг ўзида бўшатишга рухсат этилади.


278. Дренаж идишида тўпланган ифлос нефть маҳсулотларини ажратувчи идиш-резервуарларга ёки ишлатилган нефть маҳсулотлари сақланадиган идиш-резервуарга йўналтириш керак.


279. Темир йўл эстакадаси ҳудудида нефть маҳсулотлари тўкилишига йўл қўймаслик лозим.


280. Темир йўл вагон-цистерналарига нефть маҳсулотини қуйиш пайтида темир йўл эстакаси атрофидаги 100 м радиусли ҳудудда барча таъмирлаш ишлари тўхтатилиши зарур.


281. Темир йўл эстакадаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:

темир йўл вагон-цистерналарини профилактик таъмирлаш ва тозалаш;

саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган (портлашдан ҳимояланмаган) кўчириб юрилувчи ёриткичларни ва чироқларни ишлатиш;

момақалдироқ пайтида тез алангаланадиган нефть маҳсулотларини қуйиш ёки тўкиш;

носоз темир йўл вагон-цистерналарига нефть маҳсулоти қуйиш;

темир йўл эстакадаси ва цистерна устида туриб деталлар ва бошқа буюмларни ерга ташлаш.


282. Темир йўл эстакадаси бўйлаб темир йўл вагон-цистерналарининг ҳар қандай ҳаракати нефть маҳсулоти қуйиш-тўкиш (цехи) участкаси оператори унинг кўрсатмаси асосида амалга оширилиши керак.



7-§. Яшиндан ва статик электр ҳодисасидан

муҳофаза қилиш қурилмалари


283. Бевосита яшин уришидан ва статик электр ҳодисаси туфайли бузилиш, алангаланиш ва портлашдан одамларни, бино, иншоот ва ускуналарни сақлаш мақсадида яшин қайтаргич ўрнатилиши лозим.


284. Яшин ҳодисасининг иккиламчи намоён бўлиши ва статик электр разрядларидан ҳимоялаш мақсадида барча металл аппаратуралар, резервуарлар, газгольдерлар, нефть ўтказгичлар, қуйиш-тўкиш қурилмалари, бино ичида ёки ташқарисида жойлашган қурилмалар, тез алангаланадиган ва ёнувчи суюқликлар сақланадиган идишлар ертуташтирувчи қурилмага ёки бино ва иншоотнинг темир-бетон пойдеворига уланган бўлиши керак.


285. Яшин қайтаргичнинг ертуташтириш қисми бошқа ертуташтиргичлардан алоҳида бўлиши керак. Яшин қайтаргичларнинг ертуташтириш мосламалари сифатида ишлаб чиқаришнинг ўтказгич қувурларидан фойдаланиш тақиқланади.


286. Тез алангаланадиган ва ёнувчи суюқликларни резервуарлар, цистерналар ва идишларнинг тўкиш қувури орқали қуйиш керак. Бунда тўкиш қувури резервуардаги суюқликнинг ўлик қолдиқ сатҳидан пастроқда бўлиши лозим.


287. Автоцистерналар ва темир йўл цистерналаридан тез алангаланадиган ва ёнувчи суюқликларни қуйиш-тўкишда улар ертуташтирилиши зарур. Ертуташтирувчи ўтказгич сифатида кўндаланг кесими камида 16 мм бўлган, кўп толали, эгилувчан мис ток ўтказгичлардан фойдаланиш лозим. Мазкур ток ўтказгичларни автоцистерналарга ва темир йўл цистерналарига яхши контакт ҳосил қилувчи болтлар ёрдамида улаш керак. Ертуташтиргич носоз бўлганда қуйиш-тўкиш ишлари тўхтатилиши ҳамда носозликлар бартараф этилиши лозим.


288. Темир йўл эстакадаси бўйлаб ўтган ўтказгич қувурлар ертуташтирилиши зарур.


289. Ёнғин ва портлашдан хавфли ҳудудлар ҳосил қилувчи ҳамда ёнувчи газлар, суюқликлар ёки қаттиқ моддалари мавжуд бўлган ШНҚ 2.01.19-09 "Портлаш-ёнғин ва ёнғиндан хавфли бино, иншоотлар ва ташқи қурилмаларнинг тоифаларини аниқлаш" талабларига мос равишда мансуб бинолар ва иншоотлар ҳамда ташқи қурилмалар ва эстакадалардаги, шунингдек технологик ускуналар, аппаратлар, резервуарлар, ҳаво ўтказгичлар ва ўтказгич қувурларнинг ертуташтириш қурилмаси носоз бўлганда уларни ишлатиш тақиқланади.



5-БОБ. ТАЪМИРЛАШ-МОНТАЖ ИШЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ

ТАЛАБЛАРИ



1-§. Оловли ишларни бажариш бўйича техник тадбирлар


290. Барча оловли ишлар фақат иш жойлари ва аппаратура (пайвандлаш агрегатлари, шланглар, кавшарлаш лампалари ва шунга ўхшашлар) диққат билан тайёрлангандан кейин, шунингдек қурилмалар, резервуарлар ва қувурлар тез алангаланадиган ва ёнувчи суюқликлардан, турли моддаларнинг буғи ва чангларидан, шунингдек 5 м дан кам бўлмаган радиусда ёнувчи суюқликлардан тозалангандан кейин ўтказилиши керак.


291. Тез алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар ва газлар солинган резервуарларнинг (цистерналар, баклар, ресиверлар ва шунга ўхшашлар) устида ёки уларнинг ичида ва қувурларда оловли ишларни бажаришдан олдин, улар барча коммуникациялардан узиб (ўчириб) қўйилиши ва қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

энг яқин жойлашган сурилма қопқоқлар ёки шиберларни ёпиш, қулфлаб беркитиш ва плакатларни осиш;

тиқинларни ўрнатиш (зарур бўлганда);

барча люклар ва туйнукларни очиш. Зарур бўлган ҳолларда вақтинчалик маҳаллий вентиляцияни (айниқса резервуарларда) ўрнатиш назарда тутилиши зарур.


292. Оловли ишларни олиб борганда қуйидагилар ман қилинади:

носоз аппаратура билан ишлаш;

янги бўялган конструкцияларда ва бошқа буюмларда бўёқ бутунлай қуригунга қадар ишларни олиб бориш;

пайвандлаш симларининг уланишлари изоляция қилинмаганда ишларни бошлаш;

пайвандланган симларни умумий оқимларда ўтказиш ёки кабель трассаларини, шунингдек ёнувчи газ ва суюқликлар мавжуд бўлган қувурларни кесиб ўтиш. Кабель трассаларини ёки кўрсатилган қувурларни кесиб ўтиш зарур бўлганда, пайвандланган симларнинг изоляцияси кучайтирилиши ва улар изоляция қилинган материалда ўтказилиши керак;

ёнувчи ҳамда заҳарли моддалар билан, шунингдек босим остидаги ёнмайдиган суюқлик ва газлар, буғлар ва ҳаво билан тўлдирилган аппаратларни ва қувурларни (газ қувурларидан ташқари), шу жумладан, кучланиш остидаги электр ускуналарни пайвандлаш, кесиш, кавшарлаш ёки қиздириш;

мой, ёғлар ва бошқа ёнувчи суюқлик юқи бўлган кийим ва қўлқоплардан фойдаланиш;

махсус кийим ва пойабзалсиз, шунингдек ҳимоя кўзойнакларисиз (ёки ҳимоя ниқобисиз) электр ва газ билан пайвандлаш ишларини бажаришга киришиш.


293. Ёнувчи суюқликни тўкиш эстакадаларидан 5 м дан яқин масофада бажариладиган оловли ишлар, ёнғин-техник маҳсулотларининг тайёрланиши, зарур бўлган ёнғинга қарши ва техник тадбирларнинг бажарилиши ҳамда тегишли рухсатнома (наряд) расмийлаштирилгандан кейин олиб борилиши зарур. Ишлаш зонасида тўкиш эстакадаси суюқлик, ёнувчи материал қолдиқларидан тозаланган ва учқун учишига қарши чоралар кўрилган бўлиши лозим.


294. Тез алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар (масалан, мазутли резервуарларда) сақланадиган резервуарлардан 10 м яқинида ёки бевосита резервуарларни ўзида пайвандлаш ва бошқа оловли ишларни бажаришга, ишлаш учун тегишли рухсатнома (наряд) расмийлаштирилиши; ёнғинга қарши тадбирлар бажарилиши; ишлаш зонасида йўл қўйилишига рухсат этилган концентрацияни аниқлаш учун ҳаво муҳити таҳлил қилиниши; технологик қурилмаларнинг люклари ва бошқа тешиклари учқун тушиши ва суюқлик буғларидан (кўрсатилган масофа чегарасида) ҳимоялангандан кейин рухсат берилади.


295. Нефть саноати корхоналарининг ёнилғи узатиш трактларида ишлашга рухсат бериш ва оловли ишлар, ускуналарнинг тўхтатилиши, ёнғин-техник маҳсулотларининг тайёрланиши, қурилиш конструкциялари, ускуналар, пол ёнилғи кукуни ва чангидан тозалангандан кейин амалга оширилади. Барча тешик ва туйнуклар беркитилган бўлиши, шунингдек қия галерея, конвейер тасмаси бўйлаб ва пастдаги белгиларда учқуннинг ҳар томонга учишига қарши чоралар кўрилган бўлиши шарт.

Пайвандлашдан олдин ва кейин радиус бўйлаб 10 м дан кам бўлмаган иш зонаси (қурилиш конструкциялари, пол ва намдан ҳимояланган ускуналар ҳам) катта миқдордаги сув билан ювилиши шарт.


296. Электр пайвандлаш симларининг (кабеллари) кесимлари ва изоляцияси ток ва кучланишнинг максимал катталигига мос равишда қўлланиши керак.

Камайтирилган кесим ва пасайтирилган изоляция синфини қўллашга рухсат берилмайди.


297. Кесими максимал пайвандлаш токига тўғри келиши шарти билан, пўлат тасмалар, пайвандлаш плиталари, пайвандлаш конструкциясининг ўзи қайтувчи сим сифатида хизмат қилиши мумкин.

Бу шартни бажариш мумкин бўлмаганда - пайвандлаш бир хил кесимли ва изоляцияли иккита симларни (келувчи ва қайтувчи) қўллаб амалга оширилиши зарур.

Қайтувчи сим сифатида ички темир йўллари, ноллаш тармоғи, технологик қурилмалар ва қувурлардан фойдаланиш тақиқланади.


298. Пайвандлаш агрегатларининг алоҳида қисмларининг (трансформаторлар, подшипниклар, чёткалар, иккиламчи занжир контактлари ва шунга ўхшашлар) қизиш ҳарорати 75° С дан ошмаслиги шарт. Юқори ҳарорат аниқланганда, агрегат дарҳол тўхтатилиши (ўчирилиши) шарт ва қизиш сабаблари аниқланади. Пайвандлаш агрегатлари (трансформаторлар) нотўғри эксплуатация қилинганда, уларнинг ўзлари ёнғинга сабаб бўлишлари мумкин.


299. Нефть саноати корхоналарининг ёнилғи узатиш трактларида пайвандлаш агрегатларини (трансформаторларни) очиқ ҳолда ўрнатиш тақиқланади. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда пайвандлаш агрегатларини (трансформаторларни) ёнмайдиган, зич беркитиладиган шкафларда ўрнатиш мумкин. Мўлжалланган ишлар тугагандан кейин пайвандлаш аппаратлари доимий сақлаш жойларига олиб чиқилиши зарур.


300. Ёнувчи суюқликни қўллаб кавшарлаш ва бошқа оловли ишлар олиб борилганда, ёнилғининг фақат суткалик захирасини ёпиқ ва синмайдиган идишларда, иш жойидан 10 м дан кам бўлмаган масофада сақлашга рухсат берилади. Кавшарлаш лампаларига, ёнувчи материаллар ва қурилиш конструкцияларидан 3 м дан кам бўлмаган масофада, ёнувчи суюқликни қуйишда хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда, шунингдек ишчи бочкаларнинг номинал босимида ёнилғи қуйиш ва олов ёқиш мумкин. 3 литр дан ортиқ бўлган резервуарлар (кичкина баклар) манометрга эга бўлиши керак.


301. Ҳар бир кавшарлаш лампаси ва суюқ ёнилғи билан оловли ишлар олиб бориладиган бошқа аппаратлар тартиб рақамига ва паспортга эга бўлиши, ҳар йили техник шартларга мувофиқ босим остида синовлардан ўтказилиши зарур.


302. Суюқ ёнилғида ишлайдиган аппаратлар портлаб кетишининг олдини олиш учун қуйидагилар тақиқланади:

кичкина бакларда ва келтирувчи шлангларда босимни кўпайтириш ва рухсат этилган қийматдан юқори босимда ишлаш;

кичкина ишчи баклар ҳажмининг 3/4 қисмидан кўпроғини суюқ ёнилғи билан тўлдириш;

технологик шароит бўйича ишлаш учун мўлжалланмаган ёнувчи суюқликларни қўллаш;

аппаратлар ишлаб турганда ёки совумаган горелкада ёнилғи тўлдириш ёки майда таъмирлаш ишларини бажариш;

келтирувчи шлангларни қисиш, айлантириш ёки букиш;

очиқ олов ёнида аппаратурага ёнилғи тўлдириш, таъмирлаш ва тозалаш ёки чекиш.


303. Технологик қувурларни ва қурилмаларни очиқ оловни қўллаб иситиш тақиқланади.


304. Газ баллонлари, шунингдек ёнувчи суюқлик солинган аппаратлар иситиш асбобларидан ҳамда иссиқликни тарқатиш манбаи ва очиқ оловли ўчоқлардан 5 м дан яқин бўлмаган масофада ўрнатилиши шарт.


305. Газ баллонларини узоқ масофага ташиш ва сақлаш учун фақат уларнинг бўйнига сақлаш қопқоқлари бураб киргизилиши шарти билан рухсат берилади. Баллонлар пайвандлаш жойларига махсус аравачалар, замбиллар, чаналар ва бошқа қурилмаларда олиб келинади. Баллонларни елкада ва қўлларда ташиш тақиқланади.


306. Баллонларга уларнинг шикастланишига олиб келадиган зарбалар бериш ва механик таъсир кўрсатиш тақиқланади.


307. Битумни иситиш учун қурилма (қозонлар) махсус жиҳозланган майдончаларда, ёнувчи материаллар, бинолар ва иншоотлардан камида 50 м масофада ўрнатилиши керак.


308. Биноларнинг ёнувчан томида битумли қозонларни ўрнатиш тақиқланади.


309. Битумли қозонлар ишлаганда унинг атрофида камида 2 м масофада ёнувчи чиқиндилар ва қуруқ битум бўлмаслиги керак.


310. Битумни иситиш учун газсимон ёнилғидан фойдаланилганда, ёнилғили баллонларни шамоллатиладиган металл шкафларда иккитадан кўп бўлмаган миқдорда, қозондан камида 20 м масофада жойлаштириш керак.


311. Ишлаётган битумли қозонларни назоратсиз қолдириш, шунингдек иссиқ битум массасига сувнинг тушиши тақиқланади. Иш сменаси тугагач, қозоннинг ўчоқлари ўчирилиши ва унга сув сепилиши лозим.



6-БОБ. ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар


312. Ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га мувофиқ таъминланиши лозим.


313. Белгиланган тартибда синовдан ўтказилмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш тақиқланади.


314. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари лойиҳа ташкилоти томонидан ШНҚ 2.01.19-09 "Бино, хона ва ташқи қурилмаларни портлаш, ёнғин ва ёнғин хавфлилиги тоифаларини аниқлаш"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


315. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


316. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари билан таъминланган бўлиши зарур.


317. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


318. Ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


319. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ускуналар ва иш жойларида очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи ҳамда алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши зарур.


320. Аралашганида портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


321. Ишлаб чиқариш амалга ошириладиган бўлимларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.


322. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



2-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


323. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларига риоя қилиниши керак.


324. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши зарур.


325. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 V ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши лозим.


326. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини;

электр энергияси сарфининг ҳисоби олиб борилишини;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


327. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


328. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши керак.


329. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


330. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


331. Кабеллар ва электр симларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари ёрдамида текшириб турилиши керак.


332. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноллаш ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


333. Қуйидаги электр қурилмалари нолланиши ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 V ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 V ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 V дан юқори, лекин 380 V дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 V дан юқори, лекин 440 V дан паст ўзгармас токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


334. Номинал кучланиши 42 V гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 V гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноллаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамалари бундан мустасно.


335. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


336. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


337. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши шарт.


338. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



7-БОБ. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


339. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


340. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


341. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 4 август, 31-сон, 390-модда





































Время: 0.2326
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск