ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Ядро физикаси корхоналарида ишлар хавфсизлиги Қоидалари (АВ томонидан 27.08.2014 й. 2612-сон билан рўйхатга олинган "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 06.08.2014 й. 108-сон буйруғи билан тасдиқланган

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 27 августда 2612-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда,

кончиликда ва коммунал-маиший секторда

ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат

қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг

2014 йил 6 августдаги

108-сон буйруғига

ИЛОВА



Ядро физикаси корхоналарида ишлар хавфсизлиги

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ, ядро физикаси корхоналарида ишлар хавфсизлиги қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар ядро физикаси корхоналарига - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ва илмий-тадқиқот лабораторияларига (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, технологик жараёнларни ва цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Ушбу Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.



2-БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


6. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


9. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


10. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


11. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


12. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


13. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


14. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши керак.


15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


16. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


17. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишларни, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган резервуарлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларнинг бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


18. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


19. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


20. Ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибда ҳимояланиш воситаларини қўллаш


21. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларидаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши зарур ҳамда ташкилот биноларини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши шарт.


23. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳарорати ва намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Ходимлар Ядро хавфсизлиги хизматлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2302, 2011 йил 21 декабрь) мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларини дезинфекция қилиш, бир марта қўлланиладиган воситалар бундан мустасно.


27. Заҳарли моддалар билан ишлашда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш зарур.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


33. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиена, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситишга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги, ходимнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.

36. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда, ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


37. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


38. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


39. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


40. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


41. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


42. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


43. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


44. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


45. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


46. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


47. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


48. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


49. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


50. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


51. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


52. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


53. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда ёрдамчи бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


54. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


55. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


56. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


57. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


58. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


59. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


60. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги иш жараёни ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


61. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


62. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


63. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-2004 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


64. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


65. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


66. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


67. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


68. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


69. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


70. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


72. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


73. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 2° С гача бўлиши керак.


74. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


75. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


76. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


77. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


78. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


79. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарида ёритиш воситаларининг кўзни қамаштиришидан сақлаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


80. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


81. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 V дан ошмаслиги керак.


82. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


83. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши керак.


84. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.


85. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


86. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


87. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


88. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


89. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғу пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


90. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ТАШКИЛОТЛАРДА ИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Иш жараёнларига қўйиладиган хавфсизликнинг

умумий талаблари


91. Янги қурилган ёки реконструкция қилинган лабораторияларни фойдаланишга қабул қилиб олиш ШНҚ 3.01.04.04 "Янги қурилган объектларни фойдаланиш учун қабул қилиш"га мувофиқ амалга оширилади.


92. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғига хавф туғдирадиган лабораторияларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.


93. Ташкилотлар ишни ташкил қилиш учун унинг фаолият йўналишига боғлиқ равишда керакли миқдорда хоналар билан таъминланган бўлиши керак.


94. Лабораторияларда юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроблар билан иш олиб бориладиган хоналар алоҳида бинода ёки бинонинг ажратиб олинган қисмида жойлаштирилиши ва унда камида иккита кириш жойи бўлиши керак.


95. Заҳарли моддалар билан ишлаш учун мўлжалланган хоналар лабораториянинг бошқа хоналаридан ажратиб олинган бўлиши керак.


96. Лабораторияларда поллар металл плиткалари ёки бошқа сув ўтказмайдиган ва кислотага бардошли материал билан қопланиши керак. Махсус лабораторияларда ишнинг хусусиятларига қараб пол қопламаси сифатида бошқа материаллар ҳам ишлатилиши мумкин.


97. Лабораторияга кирмасдан лабораторияни кўздан кечириш учун унинг эшиклари (ўрта қисмида) шаффоф ойнали бўлиши керак.


98. Лаборатория ишчи хоналарининг эшиклари ундан чиқиш томонига (лаборант хонасига, препаратлар тайёрланадиган хонага, коридорга) очиладиган бўлиши керак. Қолган хоналарнинг эшиклари ҳам иложи борича ташқарига (коридорга) очиладиган бўлиши керак.


99. Ёнғин жиҳатидан хавфли ва портловчи моддалар билан иш олиб бориладиган лабораторияларнинг ишчи хоналарида иккита чиқиш йўли бўлиши керак.


100. Дераза ойналарини бўёқ билан бўяш мумкин эмас.


101. Лабораторияларнинг ишчи хоналарида тоза ҳаво берувчи ва ҳавони сўриб олувчи шамоллатиш тизимидан ташқари, ҳавони тортувчи (вентиляцияли) алоҳида шкафлар бўлиши керак.


102. Коррозияловчи моддалар билан иш олиб бориладиган хоналардаги шамоллатиш ускуналари коррозияга қарши материаллардан тайёрланган ёки коррозиядан ҳимоя қилувчи қопламали бўлиши керак.


103. Ёнғин жиҳатидан хавфли ва портловчи моддалар билан иш олиб бориладиган хоналарда барча шамоллатиш ускуналарининг каналлари ёнмайдиган материаллардан тайёрланиши керак.


104. Ёнғин жиҳатидан хавфли ва портловчи моддалар билан иш олиб бориш учун мўлжалланган иш столлари ва ҳавони тортувчи (вентиляцияли) шкафлар ёнмайдиган материал билан тўлиқ қопланиши, кислота ва ишқорлар билан ишлаш учун эса, коррозияга қарши материаллар билан қопланиши ва ён девори ёнмайдиган материалдан бўлиши керак.


105. Лабораториялар электр энергияси (ўзгарувчан ва доимий ток), газ, совуқ ва иссиқ сув, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари, зарурат туғилганда эса, радиациядан, электромагнит майдонларидан, тебранишлардан ва шовқиндан ҳимоя қилиш мосламалари билан таъминланган бўлиши лозим. Бунда электр асбоб-ускуналар ерга уланиши керак.


106. Ҳар бир лабораторияда қуйидагилар бўлиши керак:

паспорт (хоналар, асбоб-ускуналар, коммуникацияларнинг тавсифи);

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ичида керакли тиббий препаратлар, боғлаш воситалари ва асбоблари тўплами бўлган шкаф, тиббиёт қутиси;

ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари;

ёнғин ва техника хавфсизлиги ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўриқнома;

ёнғин ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқномаларни қайд этиш журнали.


107. Лабораториялар хоналари таҳлиллар ўтказилиши жараёнига кўра жойлаштирилиши ва технологик жараённинг асосий оқимлари жиҳатидан рационал жойлаштириш билан таъминланиши керак.


108. Бокс хонаси ойнабанд тўсиқ билан ажратилган икки бўлинмадан (бокс хонасининг ўзи ва бокс хонасининг олд (кириш) хонасидан) иборат бўлади.


109. Бокс хонасининг олд (кириш) хонаси кийим кийиш ва ёрдамчи ишларни бажариш учун хизмат қилади.


110. Лабораторияларнинг бино, қурилма, иншоотларга, омборхоналарга, ёнғин вақтида фойдаланиши мумкин бўлган сув ҳавзаларига, ёнғин хавфсизлиги анжомларига олиб борувчи йўллари ва йўлаклари тўсиб қўйилмаслиги керак ҳамда қиш кунлари қор ва музлардан тозалаб турилиши лозим.


111. Лабораторияларда ходимлар учун хона, кийим алмаштирадиган хона ва ходимлар овқатланадиган хона бўлиши керак.


112. Лабораториянинг ҳар бир ходими ўзига бириктирилган иш жойига эга бўлиши лозим.


113. Ходим иш бошлашдан олдин шахсий шкафларда сақланадиган махсус ҳимоя кийимини кийиши керак, ҳимоя кийимининг тури ва уни алмаштириш шартлари бажараётган ишнинг хусусиятларига кўра белгиланиши лозим.


114. Енгил алангаланувчи суюқликларнинг 100° С ҳароратгача қиздирилишини махсус сиғимларда амалга ошириш тақиқланади.


115. Спирт лампаси ёки енгил алангаланувчи суюқликлар билан ишлашда алангани тез ўчириш ва авария ҳолатларининг олдини олиш учун қўл остида жун адёл ёки қалин мато бўлиши керак.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар


116. Ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га мувофиқ таъминланиши лозим.


117. Синовдан ўтказилмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш тақиқланади.


118. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари лойиҳа ташкилоти томонидан ШНҚ 2.01.19-09 "Бино, хона ва ташқи қурилмаларнинг портлаш, ёнғин ва ёнғин хавфлилиги тоифаларини аниқлаш"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


119. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


120. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари билан таъминланган бўлиши зарур.


121. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


122. Сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


123. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ускуналар ва иш жойларида очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи ҳамда алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши зарур.


124. Аралашганда портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


125. Ишлаб чиқариш амалга ошириладиган бўлимларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.


126. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


127. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига риоя қилиниши керак.

128. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши зарур.


129. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 V ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса, IV малака гуруҳига эга бўлиши керак. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши лозим.


130. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлаши;

электр қурилма ва тармоқларида режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилиши;

электр энергияси сарфининг ҳисоби олиб борилиши;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


131. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва ишга туширувчи бошқа аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


132. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса, суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши керак.


133. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


134. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


135. Кабеллар ва электр симларининг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари ёрдамида текшириб турилиши керак.


136. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноллаш ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


137. Қуйидаги электр қурилмалари нолланиши ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 V ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 V ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 V дан юқори, лекин 380 V дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 V дан юқори, лекин 440 V дан паст ўзгармас токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


138. Номинал кучланиши 42 V гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 V гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноллаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалари, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамалари бундан мустасно.


139. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


140. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


141. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши шарт.


142. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



4-§. Лабораторияларда ўювчи, заҳарли, ёнғин ва портлаш

жиҳатидан хавфли моддаларнинг қўлланилишига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


143. Лаборатория ходимлари қўлланилаётган кимёвий моддалар, материалларнинг ёнғин жиҳатидан хавфлилик даражасини билишлари ва улар билан ишлаганда хавфсизлик талабларига риоя қилишлари шарт. Моддалар ва материаллар лабораторияда турлари бўйича сақланиши керак. Ўзаро кимёвий таъсири ёнғин ёки портлашни юзага келтириши мумкин бўлган моддаларни биргаликда сақлашга йўл қўйилмайди.


144. Лабораториядаги мебель ва ускуналар одамларнинг чиқишига тўсқинлик қилмайдиган тарзда жойлаштирилиши керак. Ускуналар оралиғидаги масофа 1 м дан кам бўлмаслиги лозим.


145. Заҳарли моддалар билан ишлашга мўлжалланган хоналар лабораториянинг бошқа хоналаридан ажратилган, тегишли тарзда жиҳозланган ва бошқа хоналарнинг вентиляциясига боғлиқ бўлмаган ҳаво тортувчи мосламаларга эга бўлиши лозим.


146. Зарарли ва ёнувчи буғ ва газлар ажралиши билан кечадиган ишлар олиб борилаётган тортувчи шкафлар юқори ва қуйи сўрмалар, шунингдек суюқликнинг полга оқиб тушишининг олдини олувчи ён деворлар билан жиҳозланиши керак.

Шкафнинг 15 - 20 см га очиб қўйилган табақалари кўндаланг кесимида ҳавонинг тезлиги 0,5 дан 0,7 м/с атрофида бўлиши лозим.

Ўта зарарли моддалар (сариқ қонсимон туз) билан ишлаганда лабораторияда ҳавонинг тезлиги 1 дан 1,2 м/с оралиғида бўлиши керак.


147. Тортувчи шкафлар герметик газ ўтказмайдиган арматура ичига жойлаштирилган электр лампочкалар билан жиҳозланиши, уларнинг улагичлари тортувчи шкафдан ташқарида, штепсель розеткалари эса, иш столининг қисқа ён томони бўйлаб тортувчи шкафдан ташқарида жойлашиши керак.


148. Олов ҳамда ёниш ва портлаш хавфи мавжуд моддалар билан ишлашга мўлжалланган иш столлари ва шкафлар ёнмайдиган материал билан тўлиқ қопланган бўлиши, кислота ва ишқорлар билан ишлашга мўлжалланган иш столлари ҳамда шкафлари эса, зангламайдиган материал билан қопланиб, ён девори ёнмайдиган материалдан бўлиши керак.


149. Иш столлари ва шкафлардаги газ ва сув кранлари уларнинг олд деворлари томонида жойлаштирилиши ва кранни тасодифан очиб юборишнинг имкони бўлмайдиган тарзда ўрнатилиши керак. Катта миқдордаги кимёвий лаборатория идишларини ювиш учун алоҳида ажратилган ювиш хонаси мавжуд бўлиб, имкон қадар лабораториянинг марказида жойлашиши керак.


150. Ювиш хонаси ювиш столлари билан жиҳозланиши керак. Улардан бири зарарли ва ҳиди кучли моддаларни йўқотиш ҳамда хромли аралашма билан ювиш учун тортувчи шкафли, иккитаси эса, содали ва тоза сув билан ювиш учун мосланган бўлиши лозим.


151. Кислота ва ишқорлар кимёвий моддалар омборида жойлаштирилиши керак. Кислота ва ишқорларни майдончаларда сақлаганда уларга ҳаво ёғинлари ва қуёш нурлари тушишининг олдини олиш учун соябон қилиниши керак.


152. Кислота ва ишқорларни подвал хоналарда сақлаш тақиқланади.


153. Кислота ва ишқорлар тўлдирилган шиша идишлар қўйиладиган поллар кислотага чидамли материалдан ишланиши ҳамда тўкилган кислотани махсус идишга йўналтирадиган тарновлар томон қияликда бўлиши лозим.


154. Кимёвий моддалар алоҳида вентиляцияга эга бўлган хонада сақланиб, рўйхатга олинган бўлиши шарт. Бунда кимёвий моддаларнинг амал қилиш муддатларига алоҳида эътибор берилиши, муддати ўтган кимёвий моддалар ўрнатилган тартибда утилизация қилиниши шарт.


155. Кимёвий моддалар омборлари тўкилган ишқор ёки кислотани нейтраллаш учун етарли даражада воситалар билан таъминланган бўлиши лозим.


156. Кислота ва ишқорлар тўлдирилган шиша идишлар дастали мустаҳкам тўқилган саватларга ёки махсус яшикларга жойланиши лозим, уларсиз мазкур суюқликларни ташиш тақиқланади.


157. Кислота ва ишқорлар тўлдирилган шиша идишларни қўлда икки киши узоғи билан 25 м масофага текис юза бўйлаб ташишига йўл қўйилади, бунда суюқлик сачрашига қарши зарур эҳтиёт чоралари кўрилиши лозим.

Кислота ва ишқорлар тўлдирилган шишаларни фақат ичига асбест тўшалган махсус (тахтадан ёки металлдан ясалган) яшикларда ташишга рухсат этилади.


158. Кислота ва ишқорлар билан ишлайдиган барча ходимлар сақлагич кўзойнаклар (гардиши теридан ёки резинадан ишланган) ва резина қўлқоплардан, зарур ҳолларда эса, резинали (ёки резина қопланган) фартук ва резина этиклардан фойдаланишлари лозим. Кислота ва ишқорлар билан сақлагич кўзойнакларсиз ишлаш тақиқланади.


159. Кислота ва ишқорларни шиша идишлардан кичик идишларга сифон ёки қўл насослари воситасида қуйиш зарур.


160. Олтингугурт кислотасига сув қуйиш тақиқланади.


161. Қаттиқ ҳолатдаги ўювчи натрийли барабанлар (бочкалар) махсус кескичлар ёрдамида, йўл-йўриқ олган тажрибали ходимлар томонидан очилиши керак. Бунда темир искана ва болға ишлатиш тақиқланади.


162. Бўшаган барабан натрийнинг кристалли қаттиқ қолдиқларидан тозаланиши лозим. Барабанни бакка жойлаш ва уни сохта тубга ўрнатиш кўтарма механизмлар (тельфер, тал ва шу каби) ёрдамида бажарилиши лозим.

Бўшаган барабанларни бакдан, уларни фақат сув билан ювгандан кейин чиқариш керак.


163. Ишқор эритишда тинмай аралаштирилаётган сувга модданинг кичик бўлакларини аста-секин қўшиб бориш зарур, бунда ишқор бўлакларини фақат қисқич билан ушлаш лозим. Ўювчи ишқорларнинг катта бўлакларини махсус ажратилган жойда, устини зич мато (бельтинг) бўлаги билан ёпиб, майда бўлакларга майдалаш зарур.


164. Тўкилган кислота ва ишқорлар устига дарҳол қум тўкилиши, нейтралланиши ва шундан сўнггина йиғиштирилиши лозим. Шиша синиқларини чўтка ва хокандоз ёрдамида йиғиб олиш зарур.


165. Ишлатилган кислота ва ишқорлар махсус идишларга алоҳида тўпланиши ва нейтралланганидан сўнг канализацияга, лойли ўрага ёки шароитдан келиб чиқиб, шу мақсадга мўлжалланган бошқа жойга тўкилиши керак.


166. Кислота ва ишқорлардан бўшаган идишлар зарарсизлантирилиб, пухта ювилиши лозим.



5-§. Қозонхонага қўйиладиган хавфсизлик талаблари


167. Қозонхонанинг иситиш ва шамоллатиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши зарур.


168. Қозонхона қурилмаси қисмларини кўрикдан ўтказиш, тартибга солиш, созлаш пайтида фойдаланиладиган ечиб олинадиган ускуналарини жипс ўрнатиш учун уларга бўёқ ёки лак суртиш тақиқланади.


169. Қозонхона биносидаги биринчи қават полининг баландлиги бино атрофидаги ҳудуд баландлигидан паст бўлмаслиги керак.


170. Қозонхонадан чиқадиган эшиклар ташқарига очилиши лозим. Эшикларда ичкаридан беркитиладиган мослама бўлмаслиги керак. Қозонхонадан чиқадиган эшиклар қозонлар ишлаб турганда беркитилмаслиги зарур.


171. Қозонхона қурилмасининг конструкцияси уни монтаж қилишда, синаш ва таъмирлашда ҳамда хизмат муддати давомида ишлатишда хавфсизликни таъминлаши лозим. Тўсиқларнинг ғилоф ва эшикларида уларнинг ишончли берк ҳолатда туришини таъминлайдиган мосламалар бўлиши шарт.


172. Қозондаги сувнинг сатҳини кўрсатувчи ускуна ясси, силлиқ ёки қўтир шаффоф шиша пластинкадан иборат бўлиб, камида 8 мм ли кўриш тирқишига эга бўлиши зарур.


173. Мазкур тўғри ҳаракатланувчи кўрсатиш мосламаси кўпи билан 2 м баландликда, олд томонга кўпи билан 300 қия қилиб, тик ҳолатда ўрнатилиши лозим.


174. Қозонга умумий буғ ўтказиш қобилияти қозоннинг бир соатлик унумдорлигидан паст бўлмаган камида иккита буғ сақлагич клапанлар ўрнатилган бўлиши керак.


175. Сақлагич клапанлари хизмат кўрсатувчи ходимларнинг тегиб кетишидан ҳимояловчи тўсиқларга (ғилоф) эга бўлиши лозим.


176. Қозон ўрнатилган бинода тез алангаланадиган ёқилғи солинган идишлар ҳамда ёнувчи мойлаш материалларининг захирасини сақлашга йўл қўйилмайди.


177. Суюқ ёқилғини ёндиришда форсункалардан томадиган ёқилғининг қозонхона полига тушишига йўл қўймаслик керак.


178. Суюқ ёқилғи келадиган ўтказгич қувурларига зарур ҳолларда қозонларга боришини тўхтатадиган, беркитиш жўмраклари ўрнатилиши зарур.


179. Қозонхонада соат фавқулодда вазиятлар учун овозли сигнализация тизими, ташкилот раҳбарияти ва буғ истеъмолчилари билан алоқа ўрнатиш учун алоқа воситалари бўлиши зарур.


180. Ходимга қозон ичида ишлаш учун наряд-рухсатнома қозон ичидаги ҳарорат 60° С дан ортиқ бўлмаганда берилиб, ушбу наряд-рухсатнома белгиланган тартибда расмийлаштирилган бўлиши шарт.


181. Газ юриш йўлларида ишлашга ундаги ҳарорат 60° С дан ортиқ бўлмаганда рухсат берилади. Иш бошлашдан олдин мазкур жойлар шамоллатилиши, ишлаб турган қозонлар газ ва чанглар кирмайдиган қилиб заслонкалар зичланиб қулфлаб қўйилиши ҳамда вақтинчалик ғишт девор билан ажратиб қўйилиши керак.

Газ юриш йўлларидаги ҳарорат 50° - 60° С бўлганда, ходимлар унинг ичида 20 дақиқадан ортиқ бўлмаслиги керак.


182. Зулфинлар орқали узиб қўйилган ўтказгич қувурлари, буғ ўтказгичлари ва газ ўтказгичлари участкаларида ҳамда қозон қурилмасининг газ юриш йўлларининг ажратилган қисмида ишлар олиб борилаётганда, уларнинг тегишли зулфинларига ва қопқоқларига ҳамда тутун сўргични, ҳаво ҳайдовчи шамоллатгични ва ёқилғи таъминлагични ишга тушириш қурилмаларига "Уламанг, одамлар ишламоқда!" деган ёзув осиб қўйиш лозим.


183. Қозонхона биносида қозон қурилмаси ва экономайзерларига хизмат кўрсатишга, қозонхона ускуналарини таъмирлашга ёки буғ ва иссиқ сув олиш технологиясига бевосита алоқаси бўлмаган машина ва асбобларни ўрнатиш тақиқланади.


184. Қозонлар ишлаб турганда қуйидагилар тақиқланади:

ўчоқда ёниш жараёни тугаб, босим атмосфера босими даражасига тушмагунча қозонни қаровсиз қолдириш;

қозоннинг босим остидаги элементларида таъмирлаш ишларини ўтказиш;

навбатчиликда турган машинистга (ўт ёқувчи) унинг ишлаб чиқариш йўриқномасида кўзда тутилмаган ишни бажаришни топшириш.


185. Арматураси, таъминот асбоблари, автоматикаси, ёнғинни ўчириш воситалари ва сигнализацияси носоз қозонларни ишга тушириш ва ишлатиш тақиқланади.


186. Қозон ишини аварияли тўхтатишда хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги чора-тадбирлар қўлланиши зарур:

ёқилғи ва ҳаво келишини тўхтатиб, тутун йўлини тортиш кучини тезда сустлаштириш;

зудлик билан ўчоқдаги ёқилғини олиб ташлаш;

ўчоқда ўт ёниши тўхтагандан кейин тутун заслонкасини, қўл билан ёқиш ўчоқларида эса, унинг эшикчаларини очиб қўйиш;

сақлагич клапанларини сал кўтариб қўйиш ёки авария жўмраги орқали буғларни чиқариш.


187. Қозоннинг ишлаши тўхтатилганда, зудлик билан ўчоққа ёқилғи ва ҳаво беришни тўхтатиш, мўрилар ва шамоллатгичларни беркитиш орқали тутун сўрилишини тўхтатиш ҳамда барча ҳаво ва газ заслонкаларини беркитиш зарур.


188. Қозонхонада ёнғин содир бўлганда, ёнғиндан сақлаш хизматини тезда чақириб, қозон ҳолатининг назоратини давом эттириш ва ёнғинни ўчириш тадбирларини қўллаш лозим. Қозонхонада ёнғин рўй берганда, қозонхона биносининг ташқарисидаги зулфин ёрдамида газ келиши тўхтатилиши керак. Ёнғин қозонларга хавф солаётган бўлса ва уни ўчиришнинг иложи бўлмаса, қозонларни авария тартибида тезда тўхтатиш, унга сув юбориб, ичидаги буғни атмосферага (бино ташқариси) чиқариб юбориш лозим.


189. Қозонхоналарда ускуналар, арматуралар, назорат ва созлаш асбобларини жорий таъмирлаш учун таъмирлаш участкаси ёки хонаси ажратилиши керак.


190. Қозонларга ва қозонхона қурилмаси ишига бевосита алоқаси бўлмаган шахсларнинг қозонхонага кириши мумкин эмас.



4-БОБ. ЛАБОРАТОРИЯЛАРДА АСБОБ-УСКУНАЛАРНИ

ТАЪМИРЛАШ ҲАМДА УЛАРГА ТЕХНИК ХИЗМАТ

КЎРСАТИШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини

амалга оширишда хавфсизликнинг умумий талаблари


191. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш хизмати асбоб-ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги талаблари, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатлари талабларига мослигини таъминлаши лозим.


192. Асбоб-ускуналарни зарур техник ҳолатда сақлаб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий таъмирлаш ишларининг бажарилиши ва уларнинг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


193. Таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва усуллари бу ишларга масъул раҳбар билан келишилиши лозим.


194. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишда қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

ток манбаидан ўчирилган бўлиши ҳамда эҳтиётсизлик туфайли ёки ўз-ўзидан ишлаб кетишининг олдини олиш;

бошқариш тизимига "Уланмасин, одамлар ишламоқда!" деган тақиқловчи белгиларни осиб қўйиш ва зарурат бўлганда тўсиқлар қўйиш;

иш бошлаш олдидан ток ўтувчи қисмларда кучланишнинг йўқлигини кучланишни кўрсатувчи асбоб ёки олиб юриладиган вольтметр ёрдамида текшириб кўриш керак.


195. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал ташкилот раҳбарияти томонидан таъмирлашда банд бўлган барча ходимларни ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажаришда хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилишини таъминлаши лозим.


196. Таъмирлашда банд бўлган ходимлар белгиланган меъёрлар бўйича махсус кийим, пойабзал ва ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


197. Оғир юкларни жойидан кўчириш ишлари юк ортиш ва тушириш ишлари учун жавобгар шахсларнинг рухсати билан бажарилиши шарт.


198. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек муддати тугаган механизмларда ишлаш тақиқланади.


199. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


200. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


201. Таъмирлаш ишлари баландликда бажарилаётганда ҳавоза ва тахта тўшамаларнинг ўрнатилиши хавфсизлик талабларига жавоб бериши ҳамда ходимлар камарлар ва арқонлардан фойдаланишлари шарт.


202. Барча таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


203. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, ускуналар, материаллар, асбоблар ва чиқиндилар олиб кетилиши ҳамда тўсиқлар, сақловчи мосламалар ва блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши лозим.


204. Асбоб-ускуналарни даврий техник кўрикдан ўтказиш ишлари ташкилотнинг таъмирлаш хизмати томонидан муҳандис-техник ходимнинг раҳбарлиги остида ўтказилиши лозим.


205. Техник кўрикдан ўтказиш пайтида асбоб-ускуналарнинг ишлашида нуқсонлар топилса, уларнинг сабабини аниқлаш ва бартараф қилиш учун дарҳол тўхтатилиши лозим.


206. Янги ишга туширилаётган асбоб-ускуналарнинг хавфсизлик талабларига мослигини таъминлаш бўйича қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

ишга тушириш-созлаш ишларидан сўнг, ташкилот раҳбари (раҳбар ўринбосари), меҳнат муҳофазаси хизмати вакили, бош мутахассислардан иборат комиссия томонидан ускунанинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари ва ушбу лаборатория асбоб-ускуналарига тааллуқли бошқа норматив техник ҳужжатларнинг талабларига мослигини текшириши;

аниқланган камчиликлар бартараф этилгач, техника такроран комиссияга қабул қилиш учун тақдим этилиши;

қабул қилиш тугагач, техникани фойдаланишга топшириш далолатномаси тузилиши лозим.



2-§. Лабораторияларнинг асбоб-ускуналарини

созлашда хавфсизлик талаблари


207. Асбоб-ускуналарнинг ишга яроқлилигини таъминлаш ишларининг хавфсизлиги учун жавобгарлик ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тегишли касб малакасига эга бўлган инженер-техник ходимларга юклатилиши лозим.


208. Асбоб-ускуналар билан ишлаш жараёнида иштирок этадиган ходимлар хавфсизлик қоидаларига амал қилиши лозим.


209. Лабораторияларда ишлатиладиган барча машиналар, механизмлар ва мосламалар бажарилаётган ишнинг характерига мос ва ҳамиша соз ҳолда бўлиши лозим.


210. Юқори кучланишда бўлган электр лаборатория асбоб-ускуналарини созлашда хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

кучланишда бўлган электр токи ўтган қисмлари созловчининг рўпарасида ёки фақат бир ёнбош томонида жойлаштирилган бўлиши;

ишлаш жараёнида аппаратурани созловчи устидан доимий назорат ўрнатиш.


211. Асбоб-ускуналарни бошқариш ишлари бошлангунга қадар, ишлаш учун қуйидаги зарур бўлган асбобларнинг мавжудлиги ва ҳимоя воситаларининг яроқлилиги текшириб кўрилиши лозим:

электр кавшарлагичнинг корпусида қисқа туташиш йўқлиги;

изоляцияланган дасталарнинг мавжудлиги ва изоляция ҳолати;

диэлектрик қўлқоплардан фойдаланишда унинг яроқлилиги;

диэлектрик резина гиламчадаги штамп бўйича яроқлилик муддати ва механик нуқсонларнинг йўқлиги;

ток ўтказувчи симларда изоляция нуқсонларининг йўқлиги.


212. Асбоб-ускуналарни созловчи юқори кучланишда бўлган ва изоляцияланмаган электр токи қисмига тўсатдан тегиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳимояловчи, изоляцияланган воситалардан ва мосламалардан фойдаланиши лозим.


213. Асбоб-ускуналардаги носозликларни аниқлашда назорат-ўлчов асбобларининг (бундан буён матнда НЎА деб юритилади) барча турдаги ўчириш-ёқиш ишлари (жиҳозлар таркибий қисмлари режимини ўлчаш) электр кучланишдан тўлиқ узилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


214. Кучланишда бўлган аппаратларни текшириш ва созлаш тақиқланади.


215. Асбоб-ускуналарни электр манбаидан ўчирмасдан туриб, шунингдек аппарат корпусларини очиб қўйган ҳолда электр токи ўтувчи қисмларга тегиш тақиқланади.


216. Электр асбоб-ускуналарни созлашда, техник хизмат кўрсатишда ва бошқа ишларда кучланиш берилишидан олдин унинг металл корпуслари ерга сим орқали уланган бўлиши лозим.


217. Асбоб-ускуналарни розеткага вилкасиз, очиқ симлар ёрдамида улаш тақиқланади.


218. Электр асбоб-ускуналарда кучланишни ўчирмасдан туриб ишларни амалга оширишнинг иложи бўлмаган ҳолларда (созлаш, режимларни ўлчаш, ўчириб-ёқиш ускунасида яхши контакт бўлмаслиги, токнинг йўқолиб қолишини ўлчаш) кучланиш остида ишлашга рухсат берилади. Бундай ҳолларда, ходим кучланиш остидаги қисмга тегиб кетишдан эҳтиёт бўлиши, хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий риоя қилиши лозим.



3-§. НЎА автоматика воситаларини таъмирлашда

хавфсизлик талаблари


219. НЎАни таъмирлаш ишлатувчи ташкилот ёки ихтисослаштирилган ташкилот ходимлари томонидан амалга оширилади.


220. НЎАларнинг бино ичига кирган, чиққан ёки тамбур ва коридор деворлари орқали ўтган кабеллари доимо соз ҳолатда бўлиши керак.


221. НЎАларни монтаж, демонтаж қилиш ва таъмирлаш уларни технологик, импульсли тармоқлардан ажратган ва электр кучланишини узиб қўйган ҳолда амалга оширилиши лозим.


222. Ёнғин ва портлаш хавфи бўлган биноларнинг бевосита ўзида НЎАларни таъмирлаш ишларини пайвандлаш, кавшарлаш, бошқа очиқ олов ва юқори ҳарорат қўлламасдан ўтказиш мумкин.


223. НЎАларни таъмирлаш ишларида қўлланиладиган, ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ҳудудлардаги очиқ ҳолда (конструкциялар, деворлар, шифтлар, каналлар ва тоннелларда) ётқизилган (жойлаштирилган) кабелларнинг устки қопламаси ёнувчи материаллардан (каноп, битум, пахта-қоғозли ўрамлар) бўлмаслиги лозим.


224. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ҳудудга жойлаштирилган, кучланиши 1 kW дан ортиқ бўлган кабелларнинг узунлиги имкон даражасида қисқартирилиши зарур.


225. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда таъмирлаш ишлари олиб борилганда, уловчи ва тақсимловчи кабель муфталарининг қўлланилиши тақиқланади.



4-§. Фавқулодда вазиятларда хавфсиз ишлашга

қўйиладиган талаб


226. Ташкилотларда эҳтимол тутилган аварияларни бартараф этиш режаси ишлаб чиқилиши лозим. Унда мавжуд шароитларни ҳисобга олган ҳолда аварияларнинг олдини олиш ва авария вазиятларини бартараф этиш, авария содир бўлганда эса, унинг оқибатларини чегаралаш ва енгиллаштириш, алангаланиш ва портлашнинг олдини олиш, аварияни бартараф этишда банд бўлмаган одамларни эвакуация қилиш юзасидан ходимларнинг тезкор вазифалари назарда тутилиши керак.



5-БОБ. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


227. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


228. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


229. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 2 сентябрь, 35-сон, 448-модда



































Время: 0.2081
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск