ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Давлат сири. Тижорат ва хизмат сири. Конфиденциал ахборот /

Ўзбекистон Республикасининг 11.09.2014 й. ЎРҚ-374-сон "Тижорат сири тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.06.2014 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2014 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.09.2014 й.

N ЎРҚ-374



ТИЖОРАТ СИРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 18 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2014 йил 28 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Тижорат сири тўғрисидаги

қонунчилик

Тижорат сири тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Қаранг: ФК*нинг 98, 1095-1097-моддалари; "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг (Янги таҳрири) 37-моддаси


Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг тижорат сири тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


тижорат сири - учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот бўлиб, ушбу ахборот мулкдори унинг маҳфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни кўради;


Қаранг: ФКнинг 98-моддаси


тижорат сирининг маҳфийлиги - тижорат сирининг тарқалиб кетиши, ошкор этилиши ва ундан рухсатсиз фойдаланилиши хавфсизлиги таъминланганлиги ҳолати;


тижорат сирининг мулкдори - тижорат сирига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этишни амалга оширувчи ва унга нисбатан тижорат сири режимини ўрнатган юридик ёки жисмоний шахс;


конфидент - тижорат сирини унинг мулкдори билан тузилган шартнома асосида эгалик қилишга ва фойдаланишга олган юридик ёки жисмоний шахс;


тижорат сирини ошкор этиш - тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг учинчи шахсларга бундай ахборот мулкдорининг ёки конфидентнинг розилигисиз ёхуд меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномага хилоф равишда, мумкин бўлган ҳар қандай шаклда (оғзаки, ёзма, бошқа шаклда, шу жумладан, техника воситаларидан фойдаланган ҳолда) маълум бўлиб қолишига олиб келадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;


тижорат сири режими - тижорат сиридан фойдаланишни чеклайдиган ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чора-тадбирлар тизими.


Қаранг: мазкур Қонуннинг 8, 9-моддалари



4-модда. Тижорат сирига доир талаблар

Тижорат сири қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли ўз мулкдори учун ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлиши;

қонунчиликка мувофиқ ҳаммага маълум ёки ҳамма учун очиқ бўлмаслиги;

унинг маҳфийлиги муҳофаза қилиш чора-тадбирлари билан таъминланган бўлиши;


Қаранг: мазкур Қонуннинг 10-моддаси


давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир белгиларига эга бўлмаслиги.


Қаранг: “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддаси


Тижорат сирининг мазмуни ва ҳажми унинг мулкдори томонидан белгиланади.



5-модда. Тижорат сирини ташкил этиши

мумкин бўлмаган маълумотлар

Қуйидаги маълумотлар тижорат сирини ташкил этиши мумкин эмас:

давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкка доир ҳуқуқлар ва бу ҳуқуқлар бўйича битимлар тўғрисидаги;


Қаранг: ФКнинг 84, 111-моддалари


юридик шахснинг таъсис ҳужжатларидаги, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжаликлари ҳақидаги ёзувлар тегишли давлат реестрларига киритилганлиги фактини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлардаги;

давлат унитар корхонасининг, давлат муассасасининг мол-мулки таркиби тўғрисидаги ва улар томонидан тегишли бюджет маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги;

атроф-муҳитнинг ифлосланиши, ёнғин хавфсизлигининг ҳолати, санитария-эпидемиологик ва радиациявий вазият, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ҳамда ишлаб чиқариш объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, ҳар бир фуқаронинг ва бутун аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳақидаги;

ходимларнинг сони ва таркиби, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги, шу жумладан, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликлари кўрсаткичлари, шунингдек бўш иш ўринлари бор-йўқлиги ҳақидаги;

иш берувчиларнинг иш ҳақи тўлаш ва ижтимоий тўловлар бўйича қарздорлиги тўғрисидаги;

қонунчилик бузилишлари ва бундай бузилишларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш фактлари тўғрисидаги;

давлат мулки объектларини хусусийлаштириш бўйича танловларнинг ёки кимошди савдоларининг шартлари ҳақидаги;

нотижорат ташкилотлар даромадларининг миқдорлари ва тузилиши, ушбу ташкилотларнинг мол-мулки миқдорлари ва таркиби ҳақидаги, уларнинг харажатлари, бу ташкилотлар ходимларининг (аъзоларининг) сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш, нотижорат ташкилотнинг фаолиятида фуқароларнинг текин меҳнатидан фойдаланилиши тўғрисидаги;

юридик шахс номидан ишончномасиз иш юритиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхати ҳақидаги;

давлат статистика ҳисоботи сифатида тақдим этилиши лозим бўлган маълумотлар.

Ошкор этилиши шартлиги ёки фойдаланишни чеклашга йўл қўйилмаслиги бошқа қонунда белгиланган маълумотлар тижорат сирини ташкил этиши мумкин эмас.



6-модда. Тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари

Тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари мулкдор томонидан ахборотга нисбатан тижорат сири режими ўрнатилган пайтдан эътиборан вужудга келади.


Қаранг: мазкур Қонуннинг 8-моддаси


Тижорат сирининг мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тижорат сири режимини ёзма шаклда белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш;


Қаранг: мазкур Қонуннинг 8, 9-моддалари


тижорат сиридан фойдаланиш тартиби ва шартларини белгилаш;

меҳнат муносабатлари жараёнида тижорат сиридан фойдаланишга ижозат бериш ёки ижозат беришни тақиқлаш;


Қаранг: мазкур Қонуннинг 11-моддаси


тижорат сиридан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

тижорат сирини унинг маҳфийлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги шартлар киритилишини назарда тутадиган шартномалар асосида фуқаролик муомаласига киритиш;


Қаранг: ФК 1097-моддасининг биринчи қисми


тасодифан ва (ёки) янглишиб амалга оширилган ҳаракатлар натижасида тижорат сирини қўлга киритган шахслардан унинг маҳфийлиги муҳофаза қилинишини талаб қилиш;

тижорат сири учинчи шахслар томонидан ошкор этилган, қонунга хилоф равишда олинган ёки ундан қонунга хилоф равишда фойдаланилган ҳолларда ўз ҳуқуқларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилиш, шу жумладан, ўз ҳуқуқлари бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш.


Қаранг: ФКнинг 14, 985, 1096-моддалари


Тижорат сирининг мулкдори қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7-модда. Тижорат сирини муҳофаза қилиш муддати

Тижорат сирини муҳофаза қилиш тижорат сирининг маҳфийлиги йўқоладиган пайтга қадар унинг мулкдори ва (ёки) конфидент томонидан амалга оширилади.



8-модда. Тижорат сири режимини ўрнатиш

Тижорат сири режими тижорат сирининг мулкдори томонидан ўрнатилади. Тижорат сири режимини ўрнатиш шартнома асосида конфидент зиммасига ҳам юклатилиши мумкин.


Қаранг: ФК 1097-моддасининг биринчи қисми


Тижорат сирининг мулкдори "тижорат сири" грифини қўйиш ва олиб ташлашни, тижорат сирини қўлга киритиш, ундан фойдаланиш ва уни ошкор этиш шартларини, муҳофаза қилиш усулларини, тижорат сирини топшириш воситаларини танлашни мустақил равишда белгилайди.

Тижорат сири режими тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент томонидан ушбу Қонуннинг 10-моддасида назарда тутилган чора-тадбирлар кўрилганидан кейин ўрнатилган деб ҳисобланади.

Тижорат сири режимидан мамлакат конституциявий тузуми асосларини ҳимоя қилиш, давлат мудофааси ва хавфсизлигини, фуқароларнинг ахлоқини, соғлиғини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш талабларига зид мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.

Маҳфийлик ҳақидаги қоидаларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларга киритиш тижорат сири режимини ўрнатишнинг зарурий шартидир.


9-модда. Тижорат сири режимини ўзгартириш ёки бекор қилиш

Тижорат сирининг мулкдори, конфидент ўзлари тузган шартномаларда қабул қилинган мажбуриятларни бузмаган ҳолда тижорат сири режимини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга. Тижорат сири режими ўзгартирилганда ёки бекор қилинганда тижорат сирининг мулкдори бу ҳақда конфидентни шартномада назарда тутилган муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.



10-модда. Тижорат сирини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари

Тижорат сирини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг рўйхати ва ҳажмини белгилаш;

тижорат сири билан муомалада бўлиш тартибини белгилаш ва бундай тартибга риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш;

тижорат сиридан фойдаланишга ижозат олган шахсларни ҳисобга олиш;

тижорат сири акс этган моддий жисмларга ёки тижорат сирини ўз ичига олган ҳужжатларнинг реквизитлари таркибига унинг мулкдорини кўрсатган ҳолда "тижорат сири" грифини қўйиш.

Тижорат сирининг мулкдори, конфидент тижорат сирини муҳофаза қилиш бўйича қонунчиликка зид бўлмаган бошқа чора-тадбирларни ҳам қўллашга ҳақли.

Тижорат сирини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилиш тижорат сирининг мулкдори ва (ёки) конфидент зиммасига юклатилади.


11-модда. Тижорат сирини меҳнат муносабатлари

жараёнида муҳофаза қилиш

Тижорат сирининг муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида иш берувчи (тижорат сирининг мулкдори, конфидент):

ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун тижорат сиридан фойдаланиши зарур бўлган ходимни тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати билан тилхат олган ҳолда таништириши;

ходимни иш берувчи томонидан ўрнатилган тижорат сири режими ва уни бузганлик учун жавобгарлик чоралари билан тилхат олган ҳолда таништириши;

иш берувчи томонидан ўрнатилган тижорат сири режимига риоя этиши учун ходимга зарур шарт-шароитларни яратиши шарт.

Ходимнинг тижорат сиридан фойдаланиши, агар бу унинг меҳнат вазифаларида назарда тутилмаган бўлса, ўзининг розилиги билан амалга оширилади.

Тижорат сирининг муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида ходим:

иш берувчи томонидан ўрнатилган тижорат сири режимига риоя этиши;

иш берувчининг розилигисиз тижорат сирини ошкор этмаслиги ва ундан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги;

меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинганда ўз фойдаланишида бўлган, тижорат сири акс этган моддий жисмларни иш берувчига топшириши ёки уни мазкур жисмлардан иш берувчининг назорати остида йўқ қилиб ёхуд ўчириб ташлаши шарт.

Тижорат сирининг муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномада қуйидагилар назарда тутилиши керак:

ходимнинг ва тижорат сири мулкдори ёки конфидент бўлган иш берувчининг тижорат сири муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича мажбуриятлари;

меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бекор қилингандан кейин собиқ ходим тижорат сирини ошкор этмаслиги шарт бўлган муддат.

Ходим меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномада назарда тутилган вазифаларни бажариши муносабати билан фойдаланишга ижозат олган тижорат сирига қонунга хилоф равишда тижорат сири режими ўрнатилганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


12-модда. Меҳнат муносабатлари жараёнида тижорат

сиридан фойдаланишни бекор қилиш учун асослар

Меҳнат муносабатлари жараёнида тижорат сиридан фойдаланишни бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

меҳнат шартномасининг (контрактнинг) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг бекор қилиниши;

тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича олинган мажбуриятларнинг бузилиши.

Қонунчиликка ёки шартномага мувофиқ бошқа ҳолатлар ҳам меҳнат муносабатлари жараёнида тижорат сиридан фойдаланишни бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Меҳнат муносабатлари жараёнида тижорат сиридан фойдаланишнинг бекор қилиниши ходимни тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод этмайди.



13-модда. Хўжалик юритувчи субъектларнинг

ўзаро муносабатларида тижорат сирининг

муҳофаза қилиниши

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо-иқтисодий, фан-техника, валюта-молиявий ва бошқа муносабатлар амалга оширилаётганда келишувчи тарафлар тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг тавсифини ва рўйхатини, шунингдек унинг муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича ўзаро мажбуриятларни алоҳида шартлашиб олади.



14-модда. Тижорат сири унинг мулкдори томонидан конфидентга

топширилганда тижорат сирини муҳофаза қилиш

Тижорат сирининг мулкдори шартномага мувофиқ ўзи томонидан конфидентга топширилган тижорат сирини ошкор этмаслиги шарт.

Конфидент ўзи шартнома бўйича олган тижорат сирининг маҳфийлигини сақлаши шарт.



15-модда. Тижорат сирини тақдим этиш

Агар тижорат сирини талаб қилиб олиш қонунчиликка мувофиқ давлат органининг ваколатига кирса, тижорат сирини тақдим этиш мазкур давлат органининг асослантирилган талабига кўра тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент томонидан текин амалга оширилади.

Тижорат сирини тақдим этиш тўғрисидаги асослантирилган талаб, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланган бўлиши, унда тижорат сирини талаб қилиб олишнинг мақсади ва ҳуқуқий асоси, уни тақдим этиш муддати кўрсатилган бўлиши керак.

Тижорат сирини тақдим этиш тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент томонидан рад этилган тақдирда, давлат органи уни суд тартибида талаб қилиб олишга ҳақли.



16-модда. Тижорат сирини тақдим этишда

унинг маҳфийлигини таъминлаш

Давлат органлари ўзларига тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент томонидан тақдим этилган тижорат сирининг маҳфийлигини таъминловчи шарт-шароитлар яратиши шарт.

Давлат органларининг ходимлари хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган тижорат сирини ошкор этишга ёки бошқа шахсларга, шу жумладан, давлат органларига топширишга, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек ундан ғаразли ёки бошқа шахсий мақсадларда фойдаланишга ҳақли эмас.

Қаранг: МЖТКнинг 46-моддаси; ЖКнинг 191-моддаси



17-модда. Тижорат сири билан судда таништириш чегаралари

Суд муҳокамаси чоғида судни ва ишда иштирок этувчи шахсларни тижорат сири билан таништиришга тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этаётган низонинг мазмунига бевосита тааллуқли бўлган қисми бўйича йўл қўйилади.

Суднинг тижорат сиридан чекланмаган ҳолда фойдаланишига фақат қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:

тижорат сири мулкдорининг ёки конфидентнинг давлат органлари билан низоларида;

тижорат сири мулкдорининг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатилганда, тижорат сирининг мулкдори тугатилганда ёхуд унинг фаолияти тугатилганда;

тижорат сири ворислик объекти бўлганда ворислик ҳуқуқи хусусидаги низоларда;

эр-хотин ёки улардан бири тижорат сирининг мулкдори бўлганда уларнинг умумий мол-мулки бўлиниши хусусидаги низоларда;

тижорат сирининг мулкдори ва конфидент ўртасидаги низоларда;

тижорат сири мулкдорининг ва (ёки) конфидентнинг муассислари ўртасидаги низоларда.



18-модда. Низоларни ҳал этиш

Тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

Қаранг: ФПК II-бўлимининг 1, 2-кичик бўлимлари; ХПКнинг 15-19-боблари



19-модда. Тижорат сири тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Тижорат сири тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Қаранг: ФКнинг 14, 985, 1096-моддалари; МЖТКнинг 46-моддаси; ЖКнинг 191-моддаси



20-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                                       И. Каримов



"Халқ сўзи", 2014 йил 12 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 15 сентябрь, 37-сон, 463-модда























































Время: 0.1340
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск