ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 02.07.1992 й. 625-XII-сон "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири) (ЎзР 12.09.2014 й. ЎРҚ-375-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.07.1992 й.

N 625-XII

БИРЖАЛАР ВА БИРЖА

ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади биржаларнинг ташкил этилиши ва фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Биржалар ва биржа фаолияти

тўғрисидаги қонунчилик

Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Биржа


Биржа - олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс.

Биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади.

Биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси турида амалга оширади.

Биржанинг фирма номида "биржа" сўзи бўлиши керак.

Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз фирма номида "биржа" сўзидан, ундан ҳосил бўлган сўзлардан ва сўз бирикмаларидан фойдаланишга ҳақли эмас, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Биржалар белгиланган тартибда лицензия олганидан кейин биржа фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритади.


4-модда. Биржа устави


Биржа уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

биржанинг тўлиқ ва қисқартирилган фирма номи, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили;

биржа устав фондининг (устав капиталининг) миқдори;

биржа томонидан чиқариладиган акцияларнинг сони, номинал қиймати, турлари (оддий, имтиёзли);

биржа бошқарувининг тузилмаси, биржа кузатув кенгашининг, тафтиш комиссиясининг ва ижроия органининг аъзолари сони, ушбу органларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколатлари.

Биржа уставида қонунчиликка мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.


5-модда. Биржанинг бошқарув органлари


Биржа акциядорларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи биржанинг бошқарув органларидир.

Биржа акциядорларининг умумий йиғилиши биржанинг кузатув кенгашини (бундан буён матнда биржа кенгаши деб юритилади) сайлайди.

Биржа кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:

биржани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

биржа савдоси қоидаларини тасдиқлаш;

биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, тугатиш тартибини тасдиқлаш;

биржа фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

биржа савдоси қоидаларини бузганлик учун жарималарнинг миқдорларини ва уларни ундириш тартибини белгилаш;

аъзолик бадалларининг ва биржа томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг миқдорини белгилаш;

тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш фондини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш.

Биржа кенгаши қонунчиликка ва биржа уставига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Жорий фаолиятга раҳбарлик қилиш ваколатлари биржа уставида белгиланадиган биржанинг ижроия органи томонидан амалга оширилади.


6-модда. Биржанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Биржа:

котировкалаш, арбитраж, листинг, назорат ва бошқа биржа комиссияларини ташкил этишга;

агар биржа товарларининг котировкалари (нархлари) биржа томонидан белгиланган чегаравий миқдордан ўзгариб кетса, биржа савдоларини тўхтатишга;

қонунчиликка мувофиқ танлов, кимошди, кўргазма-ярмарка савдоларини, давлат харидлари ва корпоратив харидларни ташкил этиш ҳамда ўтказишга;

биржа ахборотномалари, маълумотномалари ҳамда бошқа ахборот ва реклама материалларини чиқаришга ҳақли.

Биржа қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Биржа:

биржа савдоларини ташкил этиши;

биржа товарларига бўлган талаб ва таклифнинг нисбати асосида уларни котировкалашни (уларнинг нархини белгилашни) амалга ошириши;

савдо майдончаларида ва секцияларда биржа савдолари ўтказиш жойи ҳамда вақти тўғрисида биржа аъзоларини ўз вақтида хабардор қилиши;

тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши;

биржа аъзоларининг ва улар мижозларининг ўзаро мажбуриятларини белгилашни, аниқлаштиришни ҳамда ҳисобга олишни (клиринг), шунингдек банкда очилган махсус ҳисобварақлар орқали улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириши;

биржа, биржа аъзолари ва уларнинг мижозлари пул маблағларининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши;

мунтазам равишда (ҳафтасига камида бир марта) ўз расмий веб-сайтида биржа товарларининг котировкаларини (нархларини) жойлаштириши, шунингдек биржа аъзоларини ҳар бир биржа савдосининг якунлари тўғрисида хабардор қилиб бориши шарт.

Биржанинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


7-модда. Биржа фаолияти тушунчаси


Биржа фаолияти биржа товарлари бозорини ташкил этиш ва тартибга солишга ҳамда талаб ва таклиф асосида биржа товарларининг нархларини ушбу бозорда шакллантиришга қаратилган фаолиятдир.



8-модда. Биржа фаолиятининг асосий принциплари


Биржа фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

биржа савдоларини ўтказишнинг ошкоралиги ва оммавийлиги;

биржа савдоларида нархлар шаклланишининг эркинлиги;

биржа битимларини тузишнинг ихтиёрийлиги;

биржанинг барча аъзолари учун биржа савдоларида иштирок этишда шарт-шароитларнинг тенглиги;

тузилган биржа битимлари бажарилишининг таъминланиши.



9-модда. Биржалар фаолиятини тартибга солиш


Товар-хом ашё ва фонд биржаларининг фаолиятини тартибга солиш ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда амалга оширилади.

Валюта биржаси фаолиятини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.


10-модда. Биржа товари


Белгиланган тартибда биржа савдоларига қўйилган муайян турдаги ва сифатдаги товар, шу жумладан, ҳосила молиявий воситалар (деривативлар) биржа товаридир.

Ер, ер ости бойликлари, сув, бошқа табиий ресурслар, маданий мерос ва интеллектуал мулк объектлари, ишлар ва хизматлар, хусусий белгили ашёлар, кўчмас мулк, шунингдек қонунчиликка мувофиқ фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк биржа товари бўлиши мумкин эмас.


11-модда. Биржа савдолари


Биржа савдолари биржа томонидан биржа савдоси қоидаларига мувофиқ ташкил этиладиган биржа товари савдоларидир.

Биржа савдолари биржада биржа аъзоларининг барчасига ушбу савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконияти берилган ҳолда, марказлаштирилган тарзда электрон шаклда ўтказилади.



12-модда. Биржа савдоси қоидалари


Биржа савдоси қоидаларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

биржа аъзолари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги низом;

биржа аъзоларининг биржа савдоларида иштирок этишига рухсат бериш тартиби;

товарларни биржа савдоларига қўйишга рухсат беришни амалга ошириш тартиби;

биржа битимларининг турлари;

биржа савдоларида муомалада бўладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) тавсифи;

тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш тартиби;

биржа савдоларини ўтказиш тартиби;

биржа битимларини ва биржа савдолари натижаларини рўйхатга олиш ҳамда расмийлаштириш тартиби;

клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;

биржа товарларини котировкалаш (уларнинг нархини белгилаш) тартиби;

биржада нархларнинг шаклланиш жараёни устидан назорат қилиш тартиби;

биржа савдолари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тартиби;

биржа савдоси қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қоидалар;

биржада низоларни ҳал этиш тартиби.

Биржа савдоси қоидаларида қонунчиликка мувофиқ бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.


13-модда. Биржа аъзолари


Биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда дилерлар, маркет-мейкерлар ва брокерлар сифатида биржа битимларини тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар биржа аъзоларидир.

Биржа битимларини ўз номидан ва ўз ҳисобидан тузувчи биржа аъзоси дилердир. Биржа товарлари нархларининг, талаб ва таклифнинг даражасини сақлаб туриш учун ўз зиммасига биржа битимларини тузиш мажбуриятини олган дилер маркет-мейкердир.

Мижознинг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан биржа битимларини тузувчи биржа аъзоси брокердир.

Дилер ва брокер вазифалари биржанинг битта аъзоси томонидан қўшиб амалга оширилишига йўл қўйилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари биржа аъзолари бўлиши мумкин эмас, валюта биржаси бундан мустасно.

Биржа аъзолари биржа савдоларида уларнинг номидан биржа битимлари тузишга ваколатли бўлган ўз ходимлари (трейдерлар) орқали иштирок этади.



14-модда. Биржа аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Биржа аъзолари:

биржа савдоларида иштирок этиш ва биржа битимларини тузиш;

биржа комиссиялари фаолиятида иштирок этиш;

биржа савдоси қоидаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

биржа томонидан тақдим этиладиган хизматлардан фойдаланиш;

ҳар бир биржа савдосининг якунлари тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Биржа аъзолари қонунчиликка ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Биржа аъзолари:

биржада ўз фаолиятини қонунчиликка ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ амалга ошириши;

мижозга унинг манфаатларини кўзлаб тузиладиган биржа битимлари, шунингдек унинг топшириқлари бажарилиши билан боғлиқ тўлиқ ахборотни ўз вақтида тақдим этиши;

биржага ўзларининг биржа савдоларида иштирок этганлиги ҳамда биржа битимларини тузганлиги билан боғлиқ тўлиқ ахборотни ўз вақтида тақдим этиши;

мижоз билан шартнома тузаётганда уни биржа савдоси қоидалари ҳамда клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш шартлари билан таништириши;

ўз ҳисобидан ва мижознинг ҳисобидан тузилган биржа битимларининг алоҳида ҳисобини юритиши;

ўз мижозлари пул маблағларининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт.

Биржа аъзоларининг зиммасида қонунчиликка ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


15-модда. Биржанинг котировкалаш варағи.

Товарни биржа савдоларига қўйишга рухсат

беришни амалга ошириш


Дастлабки кўздан кечиришни талаб этмайдиган, сифат кўрсаткичлари ўзгармаслиги ва биржа битимлари мунтазам равишда тузилиши билан тавсифланадиган, биржа савдоларига қўйилган муайян турдаги товарлар рўйхати биржанинг котировкалаш варағидир.

Товарни биржа савдоларига қўйишга рухсат беришни амалга ошириш қуйидаги тартиб-таомилларни ўз ичига олади, қимматли қоғозлар бундан мустасно:

товар ишлаб чиқарувчининг ёки етказиб берувчининг товарни биржанинг котировкалаш варағига киритиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш;

товарнинг ушбу Қонуннинг 10-моддаси ва мазкур модданинг биринчи қисми талабларига мувофиқлигини текшириш;

товарнинг ликвидлилигини баҳолаш;

товарни биржанинг котировкалаш варағига киритиш ва уни биржа аъзоларига етказиш.

Қимматли қоғозларни биржа савдоларига қўйишга рухсат беришни амалга ошириш (биржа листинги) қуйидаги тартиб-таомилларни ўз ичига олади:

қимматли қоғозлар эмитентининг ўз қимматли қоғозларини биржанинг котировкалаш варағига киритиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш;

қимматли қоғозлар эмитентининг молиявий ҳолатини баҳолаш;

қимматли қоғозларнинг ликвидлилигини баҳолаш;

қимматли қоғозларни биржанинг котировкалаш варағига киритиш ва уни биржа аъзоларига етказиш.

Биржанинг котировкалаш варағига киритилган товар биржа савдоларига қўйилган ҳисобланади.

Чет эл валютаси ва давлат қимматли қоғозлари биржанинг котировкалаш варағига товарни биржа савдоларига қўйишга рухсат беришни амалга ошириш ва биржа листинги тартиб-таомилисиз киритилади.



16-модда. Биржа битимлари ва уларнинг турлари


Биржа битими биржа томонидан рўйхатга олинган, биржа савдосининг биржада қайд этилган натижаси бўйича тузилган биржа товарига доир олди-сотди шартномасидир.

Биржада биржа битимлари, шу жумладан:

биржа товарларининг уларни кечиктирмасдан етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари (спот);

биржа товарларининг уларни кечиктириб етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари (форвардлар);

биржа товарини етказиб беришни (етказиб бериш фьючерси) ёки биржа товарини етказиб бермаган ҳолда битим тарафлари ўртасида пул ҳисоб-китоблари амалга оширилишини (ҳисоб-китоб фьючерси) назарда тутадиган, келгусида бажариш мажбурияти билан тузиладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) олди-сотди битимлари (фьючерслар);

биржа товарларини ёки ҳосила молиявий воситаларни (деривативларни) келгусида сотиб олиш ёхуд сотиш ҳуқуқи билан тузиладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) олди-сотди битимлари (опционлар);

валюталарни бир вақтда олиш-сотишга доир битимлар бўйича ҳисоб-китобларни муайян муддат ўтгач, аввалдан белгиланган валюта курси бўйича амалга ошириш шарти билан тузиладиган валюталарни бир вақтда олиш-сотишга доир битимлар (валюта своплари);

қимматли қоғозларни муайян муддат ўтгач, аввалдан белгиланган нарх бўйича қайта сотиб олиш шарти билан тузиладиган қимматли қоғозларга доир олди-сотди битимлари (репо) тузилиши мумкин.

Биржада қонунчиликка мувофиқ бошқа биржа битимлари ҳам тузилиши мумкин.

Биржа битими тўғрисидаги ахборот (биржа товарининг номи, сони, котировкаси (нархи), биржа битими тузилган сана бундан мустасно) учинчи шахсларга ошкор қилиниши мумкин эмас. Биржа битими тўғрисидаги ахборот судларга тақдим этилади, суриштирув ва тергов органларига эса, қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилади.

Биржа битимининг мазмуни ҳақидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборот қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.

Биржа битими тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига қонунчиликка мувофиқ ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида унинг сўровига кўра тақдим этилади.


17-модда. Биржа савдоларини ўтказиш

ва биржа товарини котировкалаш


Биржа савдолари биржа аъзолари томонидан берилган буюртмалар асосида, биржа савдоси қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Биржа товарини котировкалаш биржа савдоларида биржа товарининг биржа нархини белгилаш мақсадида автоматик режимда, биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Биржа савдолари якунларига кўра олинган қимматли қоғозларнинг, давлат қимматли қоғозлари бундан мустасно, биржа нархи мазкур қимматли қоғозларнинг биржа савдолари санасидаги бозор нархидир.



18-модда. Биржа битимини рўйхатдан

ўтказиш ва расмийлаштириш


Биржа битимини рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш биржа савдолари натижалари бўйича ёзма ёки электрон шаклда амалга оширилади.

Қимматли қоғозларга доир биржа битимларини ёзма равишда расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Биржа битимлари нотариал тартибда тасдиқланмайди.



19-модда. Тузилган биржа битимларининг

бажарилишини таъминлаш


Биржалар тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун қуйидагилар орқали шарт-шароитлар яратади:

клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

агар биржа битими шартларида назарда тутилган бўлса, биржа товарларини етказиб беришни назорат қилишни ва ҳисобга олишни амалга ошириш;

пул маблағларини ва биржа товарларини олдиндан депонентга қўйишни назарда тутувчи механизмларни белгилаш;

биржа савдоси қоидаларига ва биржа битимлари бўйича мажбуриятларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Биржа банкрот деб топилган тақдирда, биржа аъзоларининг ва улар мижозларининг биржа ҳисобварақларидаги мол-мулки тугатиш массасига киритилмайди ҳамда биржа аъзоларига ва уларнинг мижозларига уларнинг биржа битими бўйича мажбуриятлари бажарилганидан кейин қайтарилиши лозим.

Биржанинг мажбуриятлари бўйича ундирувни биржа аъзоларининг ва улар мижозларининг мол-мулкига қаратишга йўл қўйилмайди.

Биржа аъзоларининг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, биржа битими бўйича мажбуриятларни бажариш тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш фондининг пулли ва қайтариб бериш асосида биржа аъзоларига тақдим этиладиган маблағлари орқали таъминланиши мумкин.

Биржалар тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун қонунчиликка мувофиқ бошқа шарт-шароитларни ҳам яратиши мумкин.


20-модда. Биржа фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар


Биржа қуйидагиларга ҳақли эмас:

ишлаб чиқариш, савдо, савдо-воситачилик фаолиятини бевосита амалга оширишга, шунингдек биржа фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа юридик шахсларнинг муассиси (акциядори) бўлишга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

биржа аъзоларининг ва улар мижозларининг пул маблағларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга, қонунчиликда ва биржа савдоси қоидаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Биржада:

биржанинг котировкалаш варағига киритилмаган биржа товарларини муомалага киритишга;

биржа аъзоларининг нархларнинг сунъий равишда ўзгартирилишига ёки қатъий қилиб қўйилишига олиб келиши мумкин бўлган келишилган хатти-ҳаракатларига;

бозор конъюнктурасини сунъий равишда ўзгартиришга сабаб бўлиши мумкин бўлган нотўғри ва атайлаб ёлғон маълумотларни тарқатишга;

биржа савдолари ўтказилмаган ҳолда биржа аъзолари ўртасида тузилган биржа товарига тааллуқли битимларни биржа томонидан рўйхатдан ўтказишга йўл қўйилмайди.



21-модда. Низоларни ҳал этиш

Биржа фаолияти соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


22-модда. Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Халқ сўзи", 2014 йил 13 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 22 сентябрь, 38-сон, 481-модда
























Время: 0.2016
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск