ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 12.12.2002 й. 436-II-сон "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.12.2002 й.

N 436-II



УМУМИЙ ҲАРБИЙ МАЖБУРИЯТ

ВА ҲАРБИЙ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий ҳарбий мажбуриятни бажариши ва ҳарбий хизматни ўташи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий

хизмат тўғрисидаги қонунчилик

Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонундан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланадиган бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


3-модда. Умумий ҳарбий мажбурият ва Ватанга қасамёд

Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга мажбурий, ҳарбий тайёргарлигидан иборат бўлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари (бундан буён матнда Қуролли Кучлар деб юритилади) сафини тўлдиришни ва уларнинг резервини тайёрлашни таъминлаш мақсадида жорий этилади.

Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлашни, ҳарбий хизматга чақиришни (киришни), чақирув ёки контракт бўйича ҳарбий хизмат ўташни, резервдаги хизматни, муқобил хизматни, ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишни, фавқулодда вазиятларда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз бўлган тақдирда аҳолини муҳофаза этиш тадбир-чораларини қамраб олади.

Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқаролари, хусусан:

ҳарбий хизматга чақириладиган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд этилган шахслар - чақирилувчилар;

ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар - ҳарбий хизматчилар;

Қуролли Кучларнинг резерви ёки захирасидаги шахслар - ҳарбий хизматга мажбурлар;

турли сабабларга кўра ҳарбий рўйхатга олинмаган ёки ҳарбий рўйхатдан чиқарилган, шу жумладан истеъфодаги шахслар - ҳарбий хизматга мажбур бўлмаган шахслар деб аталади.

Ҳақиқий ҳарбий хизмат чақирув ёки контракт бўйича оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизматдир.

Умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилмайди.

Ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида қуйидаги мазмунда Ватанга қасамёд қабул қиладилар:

"Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, давлатим тимсоли бўлмиш муқаддас байроқни ўпиб, буюк аждодларимнинг пок руҳлари олдида, ватаним олдидаги бурчимни ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждоним, ор-номус ва шаънимни ўртага қўйиб:

Ўзбекистон Республикасига, халқимга ва Президентимга бир умр содиқ бўлишга,

Ватанимнинг мустақиллигини, унинг сарҳадларини, она халқимнинг тинчлиги ва осойишталигини, миллий манфаатларини сўнгги нафасимгача ҳимоя қилишга,

Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган ҳар қандай тажовузва ғаразли ҳаракатларга қарши аёвсиз курашишга,

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунлари ва умумҳарбий низомларга қатъий амал қилишга, давлат ва ҳарбий сирларни сақлашга,

Қуруқликда, сувда, ҳавода - ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчимни виждонан бажаришга,

Ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртимнинг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда қасамёд қиламан!.

Муқаддам Ватанга қасамёд қабул қилмаган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий йиғинларга жалб этилганларида ёки сафарбарлик бўйича чақирилганларида Ҳарбий қасамёд қабул қиладилар.

Ватанга қасамёд қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат низоми билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шу каби бошқа органларига хизматга кириш тақиқланади.


4-модда. Ҳарбий хизмат турлари

Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир.

Ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари жорий этилади:

муддатли ҳарбий хизмат;

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;

контракт бўйича ҳарбий хизмат;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақириладилар.


5-модда. Муддатли ҳарбий хизмат

Муддатли ҳарбий хизмат чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг қонунчиликда белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.

Муддатли ҳарбий хизмат муддати календарь ҳисобида ўн икки ой этиб белгиланади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартиби қонунчилик билан белгиланади.


6-модда. Сафарбарлик чақируви

резервидаги ҳарбий хизмат

Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига шахслар йигирма етти ёшга тўлгунга қадар олинадилар ва ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилишлари мумкин, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда эса ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар.

Сафарбарлик чақируви резервида ойлик йиғинни ўтаган фуқаролар Қуролли Кучлар резервига ўтказиладилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига олинган шахслар тўлайдиган пул бадаллари миқдори ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган алоҳида низом билан белгиланади. Бу маблағлар сафарбарлик чақируви резервидаги хизматчилар билан йиғинларни ўтказишга боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплашга, қайси тегишли вазирликлар ва идораларда муддатли ҳарбий хизмат назарда тутилган бўлса, ўша вазирликлар ва идораларнинг муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилари ҳарбий хизматдан бўшатилганида хизматдан бўшатиш нафақасини тўлашга, йиғинлар маъмуриятининг таъминотига, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга, шу жумладан биноларни таъмирлаш ва қуришга, мудофаа ишлари органларидаги сафарбарлик чақируви резервидаги хизматчиларни ҳисобга олувчи ходимларнинг таъминотига, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун қурол-яроғ, ҳарбий-техника мол-мулки ва ўқ-дориларни харид қилишга мақсадли тартибда йўналтирилади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил этиш ва ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.


7-модда. Контракт бўйича ҳарбий хизмат

Контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

Ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар.

Ҳарбий хизматни ўташ муддатлари ва асосий шартлари контрактда белгиланади. Бунда ҳақиқий ҳарбий хизматга контракт бўйича кираётган шахслар билан дастлабки контракт беш йилга тузилади; контракт бўйича ҳарбий хизматчилар (резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар) билан янги контракт беш йилга ёки агар ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етишига беш йилдан кам қолган бўлса, камроқ муддатга тузилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан ўқиш даври учун келгусида уларнинг офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни камида беш йил мажбурий ўташи шарти билан контрактлар тузилади.

Ҳарбий хизматнинг контрактда назарда тутилган муддати тугаганидан кейин тарафларнинг келишуви билан бу муддат янги контракт тузиш орқали узайтирилиши мумкин. Контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.


8-модда. Қуролли Кучлар сафида ҳарбий

хизматни ўтаган резервчилар хизмати

Резервчилар хизмати ҳақиқий ҳарбий хизматни, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар жумласидан бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар учун Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш мақсадида умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган ҳарбий хизмат туридир.

Резервчилар сифатида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматга мажбурлар тинчлик даврида, қоида тариқасида, қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб туриш, резервчиларнинг ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича мажбуриятларни тинчлик ва уруш даврида бажариши учун зарур бўлган кўникмаларини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида ҳарбий қисмлар базасида ҳудудий принцип асосида ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик бўйича ҳарбий йиғинларни ўташга жалб этилишлари мумкин.

Ҳарбий йиғинларни ўташ муддатлари ушбу Қонуннинг 32-моддасида белгиланади.

Резервчилардан уруш даврида ҳам, тинчлик даврида ҳам Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз таҳдиди ва мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғилганида, табиий офатлар ҳамда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан қўшилмалар ва қисмлар таркибида жанговар мақсадлар бўйича фойдаланилиши мумкин.

Қуролли Кучлар резервчиларининг хизматни ўташ тартиби қонунчилик билан белгиланади.


9-модда. Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга

мажбурлар таркиби. Ҳарбий унвонлар

Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига бўлинади.

Офицерлар таркиби кичик офицерлар, катта офицерлар ва генераллар таркибига бўлинади.

Ҳар бир ҳарбий хизматчи ва ҳарбий хизматга мажбурга тегишли ҳарбий унвон берилади. Қуролли Кучлардаги ҳарбий унвонлар қўшин унвонлари ва кема таркибидаги унвонларга бўлинади.

Қуролли Кучларда қуйидаги ҳарбий унвонлар жорий этилади:

Қўшин унвонлари

Кема таркибидаги унвонлар

I. Оддий аскарлар таркиби

оддий аскар

матрос

II. Сержантлар таркиби

кичик сержант

III даражали сержант

II даражали сержант

I даражали сержант

катта сержант

старшина

III даражали старшина

II даражали старшина

I даражали старшина

бош старшина

III. Офицерлар таркиби

Кичик офицерлар таркиби

лейтенант

катта лейтенант

капитан

лейтенант

катта лейтенант

капитан-лейтенант

Катта офицерлар таркиби

майор

подполковник

полковник

III ранг капитани

II ранг капитани

I ранг капитани

Генераллар таркиби

генерал-майор

генерал-лейтенант

генерал-полковник

армия генерали


Қуролли Кучлардаги олий ҳарбий унвон армия генерали бўлиб, бу унвон (уруш даврида) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондонига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирига берилади.

Юридик ёки тиббий йўналишдаги ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликка эга бўлган офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчи ва ҳарбий хизматга мажбурнинг ҳарбий унвонига тегишинча "адлия" ёки "тиббий хизмат" сўзлари қўшилади.

Резервдаги, захирадаги ёки истеъфодаги фуқароларнинг ҳарбий унвонига тегишинча "резервдаги", "захирадаги" ёки "истеъфодаги" деган сўзлар қўшилади.

Ҳарбий унвон бериш ва ҳарбий унвондан маҳрум қилиш, шунингдек ҳарбий унвонини пасайтириш ҳамда ҳарбий унвонини тиклаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Ҳарбий бурчни жиддий тарзда бузганлик, ҳокимиятни суиистеъмол қилганлик, қонунлар ва умумҳарбий низомлар билан ўз зиммасига юклатилган талаблар ва мажбуриятларни фавқулодда вазиятларда бажармаганлик учун генераллар таркибидаги шахсларнинг ҳарбий унвони Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан пасайтирилиши мумкин.

Офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларни, шу жумладан резерв ёки захирадаги шахсларни ҳарбий унвондан улар оғир ёки ўта оғир жиноят учун ҳукм этилганида фақат суднинг қарорига кўра маҳрум этиш мумкин.

Сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларни ҳарбий унвондан ҳарбий хизматчи томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги учун бошқа интизомий жазо чоралари етарли бўлмаган тақдирда, суднинг ёки вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг қарорига кўра маҳрум этиш мумкин.


10-модда. Ҳарбий лавозимлар

Ҳарбий лавозимлар (ҳарбий хизматчилар эгаллаши лозим бўлган штат лавозимлари) ва уларга мувофиқ келадиган ҳарбий унвонлар ҳарбий қисмларнинг, ҳарбий хизмат назарда тутилган бошқарув органларининг вазирликлар ва идоралар муассасаларининг штатларида назарда тутилади.

Ҳарбий лавозимлар оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларига бўлинади.

Қуролли Кучларда олий қўмондонлик лавозимларига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.

Ҳарбий хизматчиларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг хизмат жойини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳарбий хизматда қолдирилган, шунингдек ҳарбий хизматчилар учун белгиланган таъминотнинг барча турлари, кафолатлар ва имтиёзлар сақланган ҳолда давлат-ҳуқуқ ҳамда мудофаа йўналишидаги ишларни бажариш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, бошқа ташкилотларга юборилиши мумкин.


11-модда. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий

кийим-кечак ва фарқловчи нишонлари

Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий кийим-кечак ва фарқловчи нишонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ҳарбий хизматчилар, шунингдек ҳарбий йиғинларга жалб этилган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий унвонни ва қўшин турини фарқловчи нишонлари бўлган ҳарбий кийим-кечакда юрадилар.

Ҳарбий кийим-кечакда юриш қоидалари ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари томонидан белгиланади.

Ҳарбий кийимда юриш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий кийим-кечагини кийиб ва фарқловчи нишонларини тақиб юриши тақиқланади.



II. ФУҚАРОЛАРНИ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТГА ТАЙЁРЛАШ

12-модда. Чақирилувчиларни

ҳарбий хизматга тайёрлаш

Чақирилувчилар билан олиб бориладиган ҳарбий хизматга тайёргарлик ишлари қуйидагиларни қамраб олади:

чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик;

чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги;

олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёргарлик;

жисмоний тайёргарлик, даволаш-соғломлаштириш ишлари;

умумтаълим тайёргарлиги;

ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг умумий раҳбарлиги остида ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишлари молиялаштирилиши ҳамда моддий-техника жиҳатидан таъминланишини амалга оширадилар, ўқув-моддий базасини барпо этадилар, бундай тайёргарликнинг ташкил этилиши учун жавобгар бўладилар.

Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлашнинг ташкил этилишини, амалга оширилишини ва натижаларини назорат қилиб бориш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилади.


13-модда. Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, шу жумладан фуқаро муҳофазаси ва тиббий билим асослари бўйича тайёргарлик ўқув дастуридаги мажбурий фан бўлиб, умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларида чақирувга қадар тайёргарлик ўқитувчилари томонидан битириш йили арафасидаги курслардан ёки синфлардан бошлаб ўтилади.

Чақирувга қадар тайёргарлик даражаси паст бўлган чақирилувчилар чақирилишдан олдин қўшимча равишда бундай тайёргарликдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ташкил этиладиган мудофаа-спорт соғломлаштириш лагерларида ўтишлари мумкин.



14-модда. Чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника

мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги

Чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида (бундан баён матнда мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказлар деб юритилади) амалга оширилади.

Йўналиши бўйича ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликларга турдош ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида таълим олаётган чақирилувчилар ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича бевосита шу муассасаларда тайёргарликдан ўтадилар.

Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка ўн етти ёшга тўлган, саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли ҳамда тайёргарлик тугаганидан кейин ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган чақирилувчилар жалб этилади.

Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтишга жалб этилган фуқароларнинг машғулотларда иштирок этиши мажбурийдир.

Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган чақирилувчиларнинг сони, шунингдек уларнинг тайёргарлик дастурлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланади.

Чақирилувчиларнинг мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказлардаги тайёргарлигини молиялаштириш Мудофаа вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва молиялаштиришнинг қонунчиликда назарда тутилган бошқа манбалари ҳисобидан амалга оширилади.


15-модда. Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга

ва ҳарбий хизматга тайёргарлик. Жисмоний тайёргарлик.

Даволаш-соғломлаштириш ишлари. Умумтаълим

тайёргарлик даражасини ошириш. Чақирилувчиларни

ватанпарварлик руҳида тарбиялаш

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган фуқаролар ҳарбий лицейларда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида, мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда ёки мустақил равишда тайёргарликдан ўтадилар.

Чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги таълим муассасаларининг ўқув дастурлари доирасида, шунингдек спорт жамиятлари ва клублари, даволаш муассасалари, мудофаа-спорт соғломлаштириш лагерларида амалга оширилади.

Чақирилувчилар билан олиб бориладиган даволаш-соғломлаштириш ишлари уларнинг турар жойларида, ўқиш ёки иш жойларида соғлиқни сақлаш органлари томонидан даволаш, даволаш-профилактика ва даволаш-соғломлаштириш муассасаларида ўсмирлар хоналарини ташкил этган ҳолда уюштирилади ҳамда ўтказилади.

Ўн беш ва ўн олти ёшдаги ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказиш чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишга мудофаа ишлари органлари томонидан жалб этиладиган мутахассис врачлар томонидан ҳар йили амалга оширилади.

Халқ таълими органлари чақирилувчиларнинг умумтаълим тайёргарлик даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришлари шарт.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасалари томонидан амалга оширилади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этишлари мумкин.


16-модда. Олий таълим муассасаларида резервдаги

ва захирадаги офицерларни тайёрлаш

Олий таълим муассасаларининг талабалари орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш мазкур муассасаларда ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув марказлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курсларда) амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимда ўқиётган эркак талабалари, шунингдек тиббий олий таълим муассасаларининг талабалари жинсидан қатъи назар ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар.

Ҳарбий тайёргарликка йигирма етти ёшгача бўлган саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли талабалар жалб қилинадилар.

Талабаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтишга қабул қилиш уларнинг шахсий аризаларига биноан ихтиёрий асосда амалга оширилади. Ҳарбий хизматни ўтаб келган талабалар ҳам резервдаги ва захирадаги офицерлар таълими дастури бўйича ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари мумкин.

Олий таълим муассасаларининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган, таълим дастурини ўзлаштирган ва белгиланган давлат имтиҳонларини топширган талабалар уларга лейтенант унвони берилганидан кейин ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар ёки резерв ёхуд захирага ўтказиладилар.

Олий таълим муассасаларининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарлик таълимидан ўтмаган талабалар таълим муассасасини тамомлаганларидан кейин ушбу Қонунга мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақириладилар.

Офицерларни тайёрлаш дастурларини олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги зиммасига юклатилади.

Олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмалари йўналиши, резервдаги ва захирадаги офицерлар тайёрлашда асосланиладиган ихтисосликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, агар бу таълим муассасалари базасида ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмалари ташкил этилган бўлса, мазкур таълим муассасаларининг аниқ мақсадли молиялаштирилишини амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кўмагида зарур ўқув-моддий базасини яратади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги талабаларнинг ҳарбий тайёргарлиги устидан назоратни, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига офицерларни олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда танлаш ва тайинлашни амалга оширади. Ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг ўқитувчилигига ва бошқа лавозимларга ҳарбий хизматчиларни тайинлаш олий таълим муассасаларининг ректорлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг ҳарбий лавозимларига тайинланган ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар учун белгиланган кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланадилар.


17-модда. Чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматга

тайёргарлик кўришдаги кафолатлари

Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтаётган чақирилувчиларнинг иш жойи ва эгаллаган лавозими, шунингдек ўртача иш ҳақи уларнинг бутун тайёргарлик даврида, шу жумладан ўқиш (йиғинлар) ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш даврида сақланиб қолади.

Чақирилувчиларга уларнинг таълим олиш (йиғинлар) даврида уй-жой ижарасига кетган харажатлари қопланиши, ўқиш ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш (агар бу бошқа аҳоли пунктига бориш билан боғлиқ бўлса) йўл кираси ҳамда ўртача иш ҳақи тўланиши уларнинг асосий иш жойида амалга оширилади. Ишламайдиган чақирилувчиларнинг ана шундай харажатлари, шунингдек қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизи миқдоридаги нафақа тегишли ҳокимликлар томонидан қопланади (тўланади).


III. ФУҚАРОЛАРНИ ЧАҚИРУВ УЧАСТКАЛАРИДА

ҚАЙД ЭТИШ, ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА

ЧАҚИРИЛИШ ВА КИРИШ

18-модда. Фуқароларни чақирув

участкаларида қайд этиш

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш уларни ҳарбий рўйхатга олиш, уларнинг сонини, ҳарбий хизматга қай даражада яроқли эканлигини, умумтаълим ва жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Фуқароларни қайд этиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари ҳузурида ташкил этиладиган чақирув участкаларида амалга оширилади ва рўйхатга олинаётганларнинг турар жойларида ўтказилади.

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасасидаги охирги ўқув йилининг октябрь-ноябрь ойларида амалга оширилади.

Чақирув участкасида қайд этилиш учун фуқаролар чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда мудофаа ишлари органларига келишлари ва зарур ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

Фуқароларни туманлардаги (шаҳарлардаги) чақирув участкаларида қайд этиш учун таркибига мудофаа ишлари органлари вакиллари, мутахассис врачлар киритиладиган фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш комиссиялари тузилади.

Чақирув участкаларида қайд этиладиган фуқароларни тиббий кўрикдан турли йўналишдаги врачлар, шу жумладан жарроҳ, терапевт, невропатолог, психиатр, кўз касалликлари, қулоқ, томоқ, бурун касалликлари, тиш касалликлари мутахассислари, зарурат бўлганда эса, бошқа ихтисосдаги врачлар ўтказади.

Зиммасига ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг рўйхатини юритиш вазифаси юклатилган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган муддатларда тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига чақирув участкаларида қайд этилиши лозим бўлган фуқароларнинг рўйхатини берадилар.

Чақирилувчиларга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга тайёргарлик тартиби тушунтирилади. Қайд этилган вақтдан бошлаб фуқаролар ҳарбий рўйхатга киритиладилар.


19-модда. Фуқароларнинг муддатли ҳарбий

хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви

резервидаги хизматга чақирилиши

Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта - март-апрель ойларида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори чақирув бошланишига камида бир ой қолганида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинганидан кейин чақирилувчилар, шу жумладан, вақтинча рўйхатда турган, чақирилувчилар чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда чақирув пунктида ҳозир бўлиши шарт. Муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтамаган ва ҳарбий рўйхатда турмаган чақирилиш ёшидаги фуқаролар, шунингдек доимий турар жойидан вақтинча бошқа жойга жўнаб кетган ва ўша ерда ҳарбий рўйхатда турмаган чақирилувчилар турар жойларидаги мудофаа ишлари органларида ҳозир бўлиши шарт.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва таълим муассасаларининг раҳбарлари хизмат сафарида бўлган чақирилувчиларни чақиртириб олишлари ва уларнинг чақирув участкасида ўз вақтида ҳозир бўлишини таъминлашлари шарт.

Ўн саккиз ёшга тўлган ва ёши ўн саккиздан ошган чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхатда туриш жойини ўзгартиришига Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги чақирув тўғрисидаги қарори эълон қилингунига қадар йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинганидан кейин чақирилувчилар ҳарбий рўйхатда туриш жойини фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартириши мумкин:

бошқа жойдаги ишга ўтказилган бўлса;

янги турар жойга кўчиб ўтган бўлса;

таълим муассасасига ўқишга кирган ва таълим олишни давом эттириш учун кетаётган бўлса.

Ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатилган асосларнинг мавжудлиги мудофаа ишлари органига тақдим этиладиган тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.

Фуқаролар мудофаа ишлари органлари томонидан белгиланган муддатларда чақирув участкаларида ҳозир бўлмаганда қуйидагилар узрли сабаб ҳисобланади:

фуқаронинг чақирув участкасига келишига имкон бермаган касаллиги;

яқин қариндошининг (отаси, онаси, ака-укаси, опа-синглиси, хотини, боласи) вафот этганлиги ёки оғир касаллиги;

фуқарога боғлиқ бўлмаган ҳолда, унинг чақирув участкасига келишига имкон бермаган табиий офат ёки бошқа ҳолатлар.

Ҳозир бўлмаганлик сабаблари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.

Тинчлик даврида қуйидагилар муддатли ҳарбий хизматга чақирилмайди:

ушбу Қонуннинг 21 ва 22-моддаларига мувофиқ чақирилиш муддати кечиктирилган ва чақирилишдан озод этилган шахслар;

иши юзасидан суриштирув ёки дастлабки тергов олиб борилаётган ёки жиноят иши судда кўрилаётган шахслар.



20-модда. Чақирувни ўтказиш бўйича комиссиялар

Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш учун қуйидаги комиссиялар ташкил этилади:

1) муддатли ҳарбий хизматга чақириш учун:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши (бундан буён матнда Раҳбарият кенгаши деб юритилади);

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларида - ҳарбий-тиббий комиссия (бундан буён матнда ҳарбий-тиббий комиссия деб юритилади);

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси (бундан буён матнда бутлаш комиссияси деб юритилади);

2) муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш учун - туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий комиссия (бундан буён матнда ҳудудий комиссия деб юритилади);

3) чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлиғининг даражасини аниқлаш ва даволанишга юбориш учун - мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий тиббий комиссия (бундан буён матнда ҳудудий тиббий комиссия деб юритилади).

Чақирувни ўтказиш бўйича комиссияларнинг тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. Чақирувни ўтказиш бўйича комиссияларнинг шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар. Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Ҳарбий ва муқобил хизматга чақирилаётган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт.



20-1-модда. Раҳбарият кенгашининг, ҳарбий-тиббий комиссиянинг,

бутлаш комиссиясининг, ҳудудий комиссиянинг, ҳудудий тиббий

комиссиянинг асосий вазифалари

Раҳбарият кенгашининг асосий вазифаларн қуйидагилардан иборат:

чақирув тадбирларини сифатли ташкил этиш;

чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, фикрлаш қобилияти, фидойилиги, қизиқишлари ва бошқа хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, уларнинг бутлаш комиссияси томонидан қўшин турларига тўғри тайинланганлигига баҳо бериш;

ҳарбий-тиббий комиссия томонидан соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчиларни Қуролли Кучларнинг қўшин турлари командаларига тайинлаш ёки тайинламаслик тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш;

чақирилувчиларни йиғиш ва тантанали равишда ҳарбий қисмларга юборишга доир тадбирларни ўтказиш чоғида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини ташкил этиш;

жамоат тартибини сақлаш ишларини ташкил этиш ҳамда бутлаш комиссиялари, ҳарбий-тиббий комиссиялар, ҳудудий тиббий комиссиялар фаолият олиб бориши учун жойларда зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни дори воситалари, тиббий инвентарлар ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш;

муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг ошкоралигини, шунингдек чақирувга оид тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш;

ҳарбий-тиббий комиссияларнинг, бутлаш комиссияларининг ва ҳудудий тиббий комиссияларнинг қарорларидан норози бўлган чақирилувчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш, шунингдек уларни кўриб чиқиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;

муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Қуролли Кучлар сафидан муддатидан аввал қайтарилганлиги бўйича текширув ўтказиш, унинг сабабларини аниқлаш ва якунлари бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш.

Ҳарбий-тиббий комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

бутлаш комиссияси томонидан қўшин турларига тайинланган чақирилувчиларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш;

чақирилувчиларнинг ҳисоб карталарига шифокор-мутахассислар томонидан киритилган ёзувлар ва хулосаларнинг тўғрилигини текшириш;

Раҳбарият кенгаши раиси билан биргаликда чақирилувчиларни қўшимча текширув ва даволашга юбориш, шунингдек уларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишни давом эттириш учун ҳарбий-тиббий комиссияга қайтиб келишлари устидан назорат ўрнатиш;

чақирилувчилар соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқлилиги тўғрисида якуний тиббий хулоса чиқариш;

тиббий комиссиялар фаолиятида аниқланган камчиликларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

Қуролли Кучларни бутлаш якунларига кўра тиббий комиссиялар иши натижаларини умумлаштириш, тегишли ҳисоботни тайёрлаш ва белгиланган тартибда Раҳбарият кенгаши раисига, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиш.

Бутлаш комиссиясининг асосий вазифаларн қуйидагилардан иборат:

муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун тавсия этилган ва ҳудудий тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиш, шунингдек улар соғлиғининг ҳолатини, жисмоний тайёргарлигини, фикрлаш қобилиятини ва бошқа сифатларини инобатга олган ҳолда, қўшин турларига тайинлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

тегишли тоифа ва чекланиш даражаси бўйича ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида қабул қилинган қарорларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ва чақирилувчиларнинг йиғма жилдларида сақлаш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг ошкоралиги ва холислигини таъминлаш;

чақирилувчиларни йиғиш ва тантанали равишда ҳарбий қисмларга юборишга доир тадбирларни ўтказишда жойлардаги тегишли идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини ташкил этиш;

чақирилувчиларнинг, улар ота-оналарининг чақирувга оид мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, шунингдек тегишли қарорлар қабул қилиш.

Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

чақирилувчиларни муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш;

чақирилувчиларни йиғиш, муқобил хизматга юбориш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш, шунингдек Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни доимий яшаш жойларига қайтарилишига оид тадбирларни тантанали равишда ўтказишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни ташкил этиш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш. шунингдек Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни доимий яшаш жойларига қайтарилиши бўйича тадбирларни ташкил этиш:

чақирувнинг ва комиссия фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш.

Ҳудудий тиббий комиссиянинг асосий вазифаларн қуйидагилардан иборат:

чақирилувчиларни бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш;

психиатрия, наркология, тери-таносил диспансерларида, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида, фтизиатрия ва пульмонология марказида ҳисобда турадиган чақирилувчилар тўғрисида ахборот йиғиш;

чақирилувчиларни қўшимча текширувга ва даволанишга юбориш, шунингдек уларнинг тиббий кўрикдан ўтишни давом эттириш учун ҳудудий тиббий комиссияга қайтиб келиши устидан назоратни ўрнатиш;

чақирилувчилар соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқлилиги тўғрисида хулоса бериш;

ҳудудий тиббий комиссия фаолиятида аниқланган камчиликларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича ҳисобот тайёрлаш ва мазкур ҳисоботни ҳарбий-тиббий комиссияга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармасига (органига) ҳамда мудофаа ишлари бошқармасига тақдим этиш.



20-2-модда. Раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий

комиссия, бутлаш комиссияси, ҳудудий комиссия,

ҳудудий тиббий комиссия томонидан қабул

қилинадиган қарорлар (хулосалар)

Раҳбарият кенгаши қуйидаги қарорларни қабул қилади:

ҳарбий-тиббий комиссия томонидан соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчиларни Қуролли Кучларнинг қўшин турлари командаларига тайинлаш ёки тайинламаслик тўғрисида;

муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳақида.

Ҳарбий-тиббий комиссия қуйидаги хулосаларни чиқаради:

ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида; айрим чекловлар билан ҳарбий хизматга яроқлилик ҳақида;

ҳарбий хизматга чекланган равишда яроқлилик тўғрисида;

ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик ҳақида;

тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсизлик, уруш даврида чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида;

ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда, ҳарбий хизматга яроқсизлик ҳақида.

Бутлаш комиссияси муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун тавсия этилган ва ҳудудий тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчиларни қўшин турларига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ҳудудий комиссия қуйидаги қарорларни қабул қилади:

ҳарбий хизматга яроқлилик ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқлилик ва муқобил хизматга чақириш ҳақида;

соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик тўғрисида;

ушбу Қонуннинг 21 ва 22-моддаларига мувофиқ ҳарбий хизматга чақиришини кечиктириш тўғрисида ёки ҳарбий хизматга чақирилишдан озод қилиш ҳақида;

йигирма етти ёшга тўлганлиги муносабати билан Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш тўғрисида;

соғлиғининг ҳолатига кўра тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсизлик, уруш давридаги ҳарбий хизматга чекланган равишда яроқлилик ва захирага ўтказиш ҳақида;

ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда, ҳарбий хизматга яроқсизлик ҳақида.

Ҳудудий комиссия қарор қабул қилишда чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш хулосаси, уларнинг маънавий етуклиги ва касбий тайёргарлиги, оилавий ва моддий ҳолатини ўрганиш натижаларига асосланади.

Ҳудудий тиббий комиссия қуйидаги хулосаларни чиқаради:

ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида;

айрим чекловлар билан ҳарбий хизматга яроқлилик ҳақида;

ҳарбий хизматга чекланган равишда яроқлилик тўғрисида;

ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик ҳақида;

тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсизлик, уруш даврида чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида;

ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда, ҳарбий хизматга яроқсизлик ҳақида.

Ҳарбий хизматга чақирилган ва қўшинлар сафига юборилган шахсларни, шунингдек тиббий кўрик натижаларидан ва чақирувни ўтказиш бўйича комиссияларнинг қарорларидан норозилигини билдирган шахсларни назорат тартибида тиббий кўриклардан ўтказишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий тиббий комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Раҳбарият кенгашининг, ҳарбий-тиббий комиссиянинг, бутлаш комиссиясининг, ҳудудий комиссиянинг ва ҳудудий-тиббий комиссиянинг қарорлари (хулосалари) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



21-модда. Муддатли ҳарбий хизматга ҳамда

сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга

чақирилиш муддатини кечиктириш

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ҳудудий комиссиянинг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига кўра, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини оилавий шароитга кўра кечиктириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса.

Ота-онанинг меҳнатга қобилиятсизлиги қонунчиликка мувофиқ аниқланади;

2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;

3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;

4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;

5) чақирилувчининг биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.

Чақирилувчини унинг ота-онаси вафот этганлиги, улар узоқ муддат бетоблиги муносабати билан ёки бошқа узрли сабабларга кўра камида беш йилдан бери ўз қарамоғида сақлаётган шахслар унинг ота-онасига тенглаштирилади.

Ушбу модда иккинчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган чақирилувчилар ўз розилиги ва ота-онасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) розилиги билан ҳарбий хизматга чақирилиш муддати кечиктирилмаган ҳолда чақирилиши мумкин.

Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган чақирилувчилар, шунингдек олий таълим муассасаларида кундузги ўқишда таҳсил олаётган талабалар ўқишни давом эттиришлари учун уларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунларига қадар кечиктирилади.

Олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-августда жалб этилади.

Таълим муассасаларидан ўқишдан чиқарилган шахслар чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Чақирилиш муддатини кечиктириш асосларини йўқотган чақирилувчилар, шунингдек ушбу Қонунга мувофиқ чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига ёхуд чақирилишдан озод этиш учун асосларга эга бўлмаган ва турли сабабларга кўра муддатли ҳарбий хизматга ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилмаган шахслар чақирилиш куни йигирма етти ёшга тўлгунига қадар Қуролли Кучлар сафига навбатдаги чақирув пайтида чақириладилар.



22-модда, Муддатли ҳарбий хизматга ҳамда

сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга

чақирилишдан озод этиш

Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар:


1) саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;

2) яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;

3) рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

Ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.

Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.


23-модда. Захирадаги офицерларнинг

ҳарбий хизматга чақирилиши

Қирқ ёшгача бўлган, муддатли ҳарбий хизматни, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ёки контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтамаган ва ушбу Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ чақирилиш муддатини кечиктириш асосларига эга бўлмаган офицерлар тинчлик даврида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғига биноан офицерлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилишлари мумкин.


24-модда. Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш

Контракт бўйича ҳарбий хизматга қуйидаги талабларга жавоб берувчи фуқаролар киради:

ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар ва аёллар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар - оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларига;

муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган оддий аскарлар ва сержантлар таркибидаги қирқ ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар - оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларига;

муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган ва олий маълумотга эга ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар - оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларига;

ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган фуқаролар, шунингдек ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, ўқишга қабул қилинган йили мазкур ёшга тўлган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек йигирма олти ёшгача бўлган ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг талабалари - олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига;

қирқ ёшгача бўлган резервдаги ва захирадаги офицерлар - офицерлар таркиби лавозимларига.

Юқори профессионал тайёргарликка ва катта иш тажрибасига эга фуқаролар ҳам контракт бўйича ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етгунига қадар контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиниши мумкин.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган фуқаролар мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар.

Фуқаролар ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик ва идора билан ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида контракт тузадилар.

Контрактлар тузиш, шу жумладан олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан контрактлар тузиш, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга саралаб олиш ва уни ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.


25-модда. Ҳарбий хизматга чақирилиш ёки

кириш муносабати билан бериладиган кафолатлар

Ҳарбий хизматга чақирилган ёки кирган фуқароларга ишдан бўшатиш нафақаси қонунчиликка мувофиқ иш жойида тўланади.

Фуқаролар ҳарбий рўйхатдан ўтиш, ҳарбий хизматга чақирилиши ёки кириш билан боғлиқ вазифаларни бажариш учун зарур вақт давомида ишдан (ўқишдан) озод этилади, уларнинг иш (ўқиш) жойидаги ўртача иш ҳақи (стипендияси) сақланиб қолади.

Ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кираётган фуқаролар кириш имтиҳонларини топшириш учун зарур вақт давомида ишдан озод этилади, иш жойидаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги органлари томонидан диспансер ёки стационар текширувига юборилган фуқароларнинг тиббий муассасада бўлган бутун даври мобайнида иш жойи, эгаллаган лавозими, ўртача иш ҳақи сақланиб қолади ҳамда текширув жойига бориш ва у ердан қайтиб келишга кетган харажатлари иш (ўқиш) жойида қопланади. Стационар даволанишга юборилганда уларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш жойида қонунчиликда белгиланган тартибда тўланади.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга кирган фуқароларга қонунчиликка мувофиқ бошқа имтиёзлар ва кафолатлар ҳам белгиланиши мумкин.


IV. ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАШ

26-модда. Ҳарбий хизматни ўташ тартиби.

Ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси:

контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар (матрослар), сержантлар (старшиналар) ва кичик офицерлар учун - қирқ беш ёш;

катта офицерлар учун - эллик ёш, полковниклар (I ранг капитанлари) учун - эллик беш ёш;

генерал-майор, генерал-лейтенант ва генерал-полковник ҳарбий унвонидаги офицерлар учун - олтмиш ёш этиб белгиланади.

Ҳарбий хизматда бўлиш ёши чегарасига етган, илмий даражаси ва илмий унвони, шунингдек эгаллаб турган лавозимида юксак касбий тайёргарлиги, катта амалий иш тажрибаси бўлган, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддати ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ёки шундай ваколатлар берилган бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасидан беш йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.


27-модда. Ҳарбий хизматнинг бошланиши ва тугаши

Ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлишнинг бошланиши деб:

муддатли ҳарбий хизматга чақирилган чақирилувчилар ҳамда захирадаги офицерлар учун - ҳарбий қисмга жўнаш мақсадида мудофаа ишлари органида ҳозир бўлган кун;

контракт бўйича ҳарбий хизматга кирган шахслар учун - ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контракт кучга кирган кун;

олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек вазирликлар ва идораларнинг ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган таълим муассасаларига ўқишга кирган чақирилувчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар учун - тегишли таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган кун;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳарбий лавозимга тайинланган шахслар учун - тегишли фармон, қарор ёки фармойиш имзоланган кун ҳисобланади.

Ҳарбий хизматдан резервга бўшатилиши ёки истеъфога чиқарилиши муносабати билан ҳарбий қисм командирининг буйруғига биноан шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилган кун ҳарбий хизматчи учун ҳарбий хизматда бўлишнинг тугаши ҳисобланади.

Ҳарбий хизматчи унинг ҳарбий хизмат муддати тугаган куни шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилиши шарт, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно, агар ҳарбий хизматчи:

стационар даволанишда бўлса;

ҳомиладорлик ва туғиш таътилида (ҳарбий хизматчи аёллар) ёки болани парваришлаш таътилида бўлса;

асирда бўлса, гаровда ушлаб турилган бўлса;

бедарак йўқолган бўлса - қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган бошқа ҳолларда.


28-модда. Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари

ва тингловчиларининг ҳарбий хизмати

Олий ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек вазирликлар ва идораларнинг ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган таълим муассасаларида таҳсил олаётган фуқаролар курсант (тингловчи) тариқасида ҳарбий хизматда бўладилар ҳамда улар, агар офицерлик таркиби унвонларига эга бўлмасалар, курсант ва бундай унвонларга эга бўлсалар, тингловчи деб юритиладилар.

Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киргунга қадар ҳарбий унвони бўлмаган фуқаролар ўқишга қабул қилинганда уларга оддий аскар ҳарбий унвони берилади. Ҳарбий-таълим муассасасига ўқишга киргунга қадар берилган ҳарбий унвонлар сақланиб қолади.

Курсантларнинг (тингловчиларнинг) ҳарбий хизматни ўташ тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Олий ҳарбий таълим муассасасидан, шунингдек ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилган курсантлар резервга бўшатилади ёки истеъфога чиқарилади ёхуд улар, агар муддатли ҳарбий хизмат учун белгиланган муддатларни ўтамаган бўлсалар, муддатли ҳарбий хизматни ўташни давом эттириш учун қўшин қисмларига юборилади.

Олий ҳарбий таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилган кунда чақирилиш ёшига етмаган курсантлар ҳарбий рўйхатда туриш учун турар жойларидаги мудофаа ишлари органларига юборилади.

Ўқишнинг иккинчи йилида олий ҳарбий таълим муассасасидан четлаштирилган курсантлар (бундан интизомсизлиги туфайли ва соғлиғининг ҳолатига кўра четлаштирилганлар мустасно) оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириши мумкин.


29-модда. Ҳарбий хизматдан бўшатиш

Ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

1) ёш бўйича - у ҳарбий хизматда бўлиш ёши чегарасига етганида, шу жумладан унга белгиланган тартибда узайтирилган ҳарбий хизмат муддати тугаганда;

2) муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганда - чақирув бўйича муддатли ҳарбий хизматнинг қонунчиликда белгиланган муддати тугаганда (бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда);

3) контракт муддати тугаганда - бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда, агар амалдаги контрактнинг тугаши пайтига келиб ҳарбий хизматчи ёки вазирлик ва идора томонидан янги контракт тузмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;

4) ташкилий-штат тадбирлари муносабати билан - ҳарбий хизматчидан хизматда фойдаланиш мумкин бўлмаган тақдирда, уни бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда;

5) соғлиғининг ҳолатига кўра - у ҳарбий-тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганлиги муносабати билан;

6) тарафлардан бирининг ташаббусига кўра контракт муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан;

7) интизомсизлиги сабабли олий ҳарбий таълим муассасасидан четлаштирилиши муносабати билан - уни бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда;

8) ҳарбий хизматчи номига доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракат содир этганда;

9) давлат сирларидан фойдаланишдан маҳрум қилинганда;

10) озодликдан ёки ҳарбий унвондан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазо чоралари тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирганда;

11) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлиги ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролиги мавжудлиги муносабати билан.

Ҳарбий хизматчиларни ҳарбий хизматдан бўшатиш уларни тегишли лавозимларга тайинлаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдан резервга, ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолларда эса истеъфога бўшатилади.

Резервда бўлиш ёши чегарасига етган ёки соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий-тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролигига эга бўлган ҳарбий хизматчилар истеъфога бўшатилади.



V. РЕЗЕРВДАГИ ХИЗМАТ

30-модда. Резервда бўлиш ёшининг

чегараси. Резерв даражалари

Резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар ёшига қараб икки даражага бўлинади.

         

Таркиб

Чегара ёши

1-даража

2-даража

Оддий аскарлар ва сержантлар

35 ёшгача

45 ёшгача

Кичик офицерлар

40 ёшгача

50 ёшгача

Катта офицерлар

50 ёшгача

55 ёшгача

Генераллар


55 ёшгача

60 ёшгача

Иккинчи даража резервида бўлиш ёшининг чегараси резервдаги ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси ҳисобланади.

Резервда бўлиш ёшининг чегарасига етган ёки саломатлигига кўра белгиланган тартибда ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган ҳарбий хизматга мажбурлар мудофаа ишлари органлари томонидан истеъфога чиқарилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилади.


31-модда. Резерв тоифалари

Қуролли Кучлар резервидаги ҳарбий хизматга мажбурлар биринчи ва иккинчи тоифага бўлинади.

Биринчи тоифали резерв чақирув ёки контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган ҳамда хизматни ўташ даврида ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликни эгаллаган биринчи даражадаги ҳарбий хизматга мажбурлар орасидан умумий ҳарбий мажбурият асосида тўлдирилади.

Биринчи тоифали резерв Қуролли Кучларнинг жанговар қўшилмалари, қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш учун мўлжалланган.

Иккинчи тоифали резерв чақирув ёки контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган, шунингдек сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган иккинчи даражадаги ҳарбий хизматга мажбурлар орасидан умумий ҳарбий мажбурият асосида тўлдирилади.

Иккинчи тоифани резерв Қуролли Кучларнинг қисмлари ҳамда ички ва техник таъминот бўлинмаларини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш учун, фавқулодда вазиятлар рўй берган ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз юзага келган тақдирда уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш учун мўлжалланган.

Резервга ўтказилган шахслар вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишга юборилиши мумкин.


32-модда. Ҳарбий йиғилишларда қатнашиш

Ҳарбий хизматга мажбурлар резервда бўлиш вақтида сафарбарлик тадбир-чоралари режалари бўйича ҳарбий йиғинларга жалб этилади.

Ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий хизмат шартларидан келиб чиқадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ушбу Қонун билан белгиланади.

Резервдаги ҳарбий хизматга мажбурларга мўлжалланган ҳарбий йиғинларнинг муддати ҳар йили биринчи тоифали резервдагилар учун ўттиз суткага қадар, иккинчи тоифали резервдагилар учун ўн беш суткага қадар бўлиши мумкин.

Резервдаги ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар Ўзбекистон Республикасининг нормал ҳаётий фаолиятига таҳдид солаётган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида икки ойга қадар муддатга ҳарбий йиғинларга жалб этилиши мумкин.

Ҳарбий йиғинларга жалб этилган ҳарбий хизматга мажбурлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ва миқдорларда пул ҳамда бошқа турдаги таъминот оладилар. Ҳарбий йиғинлар даврида, шу жумладан улар ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш даврида ҳарбий хизматга мажбурларнинг иш жойи (лавозими) ва иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. Мазкур шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси чақирув қоғози олинган кундан ҳарбий йиғинлардан қайтилгунга қадар бўлган даврда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмас, корхона, муассаса ва ташкилот тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар ҳарбий хизматга мажбур ҳарбий йиғинлар вақтида касал бўлиб қолса ва ҳарбий йиғинлар тугаганидан кейин ҳам касаллиги давом этса, унинг иш жойи (лавозими) сақланиб қолади, ҳарбий йиғинлар тугаган кундан бошлаб иш ҳақи ўрнига қонунчиликка мувофиқ вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳарбий йиғинлар ўтказиладиган жойга темир йўл ва автомобиль транспортида (таксидан ташқари) бепул бориш ва қайтиб келиш;

ҳарбий қисмлар томонидан жўнатиладиган хатларни бепул юбориш;

ҳарбий-тиббий муассасаларда бепул тиббий хизмат билан таъминланиш.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий йиғинларда қатнашаётган даврда уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан мажбурий суғурталанади. Ҳарбий хизматга мажбурларни давлат томонидан мажбурий суғурталаш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳарбий йиғинларни ўтказиш тартиби ва муддати, уларга чақириладиган ҳарбий хизматга мажбурлар сони қонунчилик билан белгиланади.


33-модда. Ҳарбий йиғинларда

қатнашишдан озод қилиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатда белгиланадиган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун бронлаштириб қуйилган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий йиғинларда қатнашишдан озод этилади.


34-модда. Резервдаги ҳарбий хизматга

мажбурларга ҳарбий унвонлар бериш

Ўқув-машқ ҳарбий йиғинларида қатнашган ва таълим дастури бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган ҳарбий хизматга мажбурларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда навбатдаги ҳарбий унвонлар резервдаги подполковникликка қадар бўлган ва подполковник унвонлари берилиши мумкин.


35-модда. Ҳарбий хизматни ўтамаган

ҳарбий хизматга мажбурлар

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилишдан (саломатлигига кўра ҳарбий рўйхатдан чиқарилганлардан ташқари) ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматдан озод этилган ҳарбий хизматга мажбурлар, ҳарбий хизматни ўтамаган офицерлар, ҳарбий ҳисобдаги ихтисослиги бўлган аёллар, шунингдек муқобил хизматни ўтаган фуқаролар захирадагилар ҳарбий рўйхатига қўйилади.

Захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар, зарурат бўлган тақдирда сафарбарлик бўйича ва Қуролли Кучларни кучайтириш тадбир-чораларига фавқулодда вазиятларда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда аҳолини муҳофаза қилишга жалб этилади.

Ҳарбий хизматга мажбурларнинг захирада бўлиш ёши чегараси ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ белгиланади.



36-модда. Ҳарбий хизматга мажбурларни

истеъфога чиқариш

Резервда ва захирада бўлиш ёшининг чегарасига етган ёки саломатлигига кўра белгиланган тартибда ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган ҳарбий хизматга мажбурлар мудофаа ишлари органлари томонидан истеъфога чиқарилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилади.


VI. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ

37-модда. Муқобил хизмат тушунчаси

Муқобил хизмат фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида туридир.

Ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, ҳарбий рўйхатда турувчи ва хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролар, агар улар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат ҳуқуқига эга.

Муқобил хизматнинг муддати йигирма тўрт ойни, олий маълумотли фуқаролар учун эса ўн саккиз ойни ташкил этади.


38-модда. Муқобил хизматга чақирилиш,

уни ўташ тартиби

Фуқароларнинг муқобил хизматга чақирилиши муддатли ҳарбий хизматга чақириладиганлар учун белгиланган тартибда амалга оширилади, чақирувни ташкил этиш ва ўтказиш эса ҳудудий комиссиялар ва туман (шаҳар) ва ҳокимликлари зиммасига юклатилади.

Фуқаролар муқобил хизматни турар жойларидаги ёки мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ўтайдилар. Бундай корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхати, шунингдек муқобил хизматдаги хизматчилар шуғулланиши мумкин бўлган ишлар ва касбларнинг турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга иш ҳақининг саксон фоизи тўланади.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинаётган суммалар республика бюджетига ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги муқобил хизмат тузилмаларига раҳбарликни мудофаа ишлари органлари амалга оширади.

Муқобил хизматни ташкил этиш ва ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


39-модда. Муқобил хизматдаги хизматчиларнинг

ҳарбий тайёргарлиги

Муқобил хизматдаги хизматчилар ҳарбий тайёргарлик йиғинларига (машғулотларига) жалб этиладилар, улар шу асосда қурол-яроғдан фойдаланиш, уларни қўлланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликни эгаллайдилар ва Ватанга қасамёд қабул қиладилар. Ҳарбий тайёргарлик дастури Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.

Муқобил хизматдан бўшатилган фуқаролар Қуролли Кучлар захирасига ўтказилади.



40-модда. Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларнинг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этилади. Муқобил хизмат муддати меҳнат стажига қўшилади.

Муқобил хизматни ўтаётганда меҳнат қобилиятини йўқотган фуқаролар ва ҳалок бўлган фуқароларнинг оилалари, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар учун белгиланган нафақалар ва пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро уни белгиланган жойда ўташи, қонунчиликда назарда тутилган талабларга, иш жойида амал қиладиган ички меҳнат тартиби қоидаларига, шунингдек меҳнат шартномаси (контракти) шартларига риоя этиши шарт.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро раҳбарлик ва сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, таълим муассасаларига ўқишга кириши мумкин эмас.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар фалокатлар, ҳалокатлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф қилиш ишларига жалб этилган тақдирда юзага келган вазиятдан келиб чиқадиган ҳамда ана шу оқибатларни бартараф этиш комиссиялари ёки штабларининг жойлардаги раҳбарлари томонидан белгиланадиган махсус вазифаларни бажарадилар.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро ушбу хизматдан бўшатилганидан кейин илгариги ишига ёки унга тенг ишга (лавозимга), шунингдек чақирилишга қадар ўзи ўқиган таълим муассасасига қайтиш ҳуқуқига эга.



41-модда. Муқобил хизматдан бўшатиш

Муқобил хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқароларни хизматдан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида амалга оширилади.

Фуқаро оилавий аҳволи ўзгарганлиги муносабати билан, агар бу ҳол унга қонунчиликка мувофиқ чақирилиш муддатини кечиктириш ёки чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқини берадиган бўлса, муқобил хизматдан муддатидан олдин бўшатилиши мумкин.

Муқобил хизматдан муддатидан олдин бўшатиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қабул қилади.


VII. ҲАРБИЙ РЎЙХАТ

42-модда. Ҳарбий рўйхатнинг умумий қоидалари

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан ўтишлари зарур. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатдан ўтказиш давлатдаги мавжуд ва ҳарбий хизматга яроқли чақирилувчилар ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда таҳлил қилишнинг умумдавлат тизими ҳисобланади. Рўйхатга олиш тизимининг фаолият кўрсатиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар. туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Тиббий тайёргарликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган рўйхатдаги тегишли ҳарбий ихтисосликка турдош касб бўйича тайёргарликка эга бўлган аёллар ҳарбий рўйхатга киритилади. Улар туман, шаҳар мудофаа ишлари органларининг чақирувига биноан тиббий кўрикдан ўтиш ва ҳарбий рўйхат қоидаларини бажариш учун ҳозир бўлишлари шарт.

Ҳарбий рўйхатга олиш тартиби ва уни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ҳарбий рўйхатга олиш тўғрисидаги низом билан белгиланади.


43-модда. Ҳарбий рўйхат турлари

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхати уларнинг турар жойлари бўйича олиб борилади ҳамда умумий ва махсус рўйхатга бўлинади.

Умумий ҳарбий рўйхатда чақирилувчилар, шунингдек сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бронлаштириб қўйилмаган ҳарбий хизматга мажбурлар турадилар.

Махсус ҳарбий рўйхатда сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бронлаштириб қўйилган ҳарбий хизматга мажбурлар турадилар.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни шахсий рўйхатга олиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ишлайдиган ёки ўқийдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.


44-модда. Ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин турар жойига етиб борган шахслар уч кунлик муддат ичида тегишли мудофаа ишлари органларига келишлари шарт.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар турар жойи бир ярим ойдан кўпроқ муддатга ўзгарган, уч ойдан кўпроқ муддатга хизмат сафарига, ўқиш, таътил ёки даволанишга борган тақдирда турар жойларидаги ҳарбий рўйхатдан чиқишлари, янги турар жойга (доимий ёки вақтинчалик) келганларидан кейин уч кунлик муддат ичида ҳарбий рўйхатдан ўтишлари шарт.

Уруш даврида ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг туман (шаҳар) мудофаа ишлари органи бошлиғининг рухсатисиз доимий турар жойидан бошқа жойга кетиши ман этилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ҳолларда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан чиқиш ва ҳарбий рўйхатда туриш учун ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини мудофаа ишлари органига топширишлари лозим. Қишлоқ жойларга борган ёки у ерлардан жўнаб кетаётган ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига топширишлари керак.

Ҳарбий хизматга чақирилган ёки кирган шахслар, шунингдек вазирликлар ва идораларга хизматга махсус унвонлар берилган ҳолда, ходимлар лавозимларига кирган шахслар резервдагилар ва захирадагиларнинг ҳарбий рўйхатидан чиқарилиши лозим.

Ҳарбий рўйхатдан қуйидагилар чиқарилиши шарт:

1) тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилган фуқаролар;

2) резервда ёки захирада бўлиш ёшининг чегарасига етган фуқаролар;

3) чет элга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган фуқаролар;

4) вафот этган ёки қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаролар.


45-модда. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар, мансабдор шахслар, ҳарбий

хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг

ҳарбий рўйхат қоидаларига риоя этиш

борасидаги мажбуриятлари

Зиммасига ҳарбий рўйхатни юритиш юклатилган жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар ва таълим муассасаларининг раҳбарлари мудофаа ишлари органлари талаби билан ҳарбий рўйхатда турган шахслар тўғрисидаги зарур маълумотларни тақдим этишлари, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни чақирилаётганликларидан хабардор этишлари ҳамда уларнинг чақирув бўйича ўз вақтида ҳозир бўлишларини таъминлашлари шарт.

Ички ишлар органлари:

чақирилувчиларга идентификацияловчи ID-карталарни ёки хорижга чиқиш учун биометрик паспортларни бериш, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тўғрисидаги ахборотни туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига реал вақт режимида электрон тизим орқали юбориши;

ўсмирларни ҳарбий рўйхатга олишда, фуқароларнинг ҳарбий хизматга (йиғинларга) чақирувини ўтказишда, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхат қоидаларига риоя этишлари устидан назорат қилишда ҳамда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар орасидан ҳарбий рўйхатнинг белгиланган қоидаларини бузаётган шахсларни аниқлашда мудофаа ишлари органларига ёрдам кўрсатишлари ва кўмаклашишлари;

умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришдан бўйин товлаётган шахсларни қидириб топиш, ушлаш ва мудофаа ишлари органларига олиб боришни ташкил этишлари шарт.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар фамилияси, исми ва отасининг исмини ўзгартирганлиги тўғрисида, фуқаролик ҳолатини қайд этиш ҳужжатларига уларнинг туғилган санаси ва жойига оид ўзгартиришлар киритилганлиги ҳақида, шунингдек ҳарбий хизматга мажбур ёки чақирилувчининг вафоти қайд этилган ҳоллар тўғрисида туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига етти кунлик муддат ичида маълум қилишлари шарт.

Суриштирув ва дастлабки тергов органлари суриштирув ва дастлабки тергов олиб борилаётган ишга дахлдор чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар тўғрисида, судлар эса чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларга дахлдор ўзлари кўраётган жиноят ишлари ва қонуний кучга кирган ҳукмлар тўғрисида туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига етти кунлик муддат ичида маълум қилишлари шарт.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган (шу жумладан, шартли ҳукм қилинган) ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий гувоҳномалари ва чақирилувчиларнинг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалари судлар томонидан тегишли мудофаа ишлари органларига юборилади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ногиронлиги бўлган шахс деб топилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисида, уларнинг ногиронлик гуруҳидан қатъи назар, тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига етти кунлик муддат ичида маълум қилиши шарт.

Чақирув ўтказилаётган вақтда даволаш муассасалари стационар даволаниш учун қабул қилинган чақирилиш ёшидаги фуқаролар тўғрисида тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига уч кунлик муддат ичида маълум қилишлари шарт.

Уй-жойдан фойдаланиш органлари раҳбарлари ҳамда уй эгалари ҳарбий рўйхатни юритиш вазифаси юклатилган тегишли мудофаа ишлари органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи талабига биноан уй дафтарлари, қайд этиш варақалари, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга доир ҳарбий-ҳисоб ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишлари, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни мудофаа ишлари органларига чақиртирилганликларидан хабардор этишлари шарт.

Ҳарбий хизматга мажбурлар, чақирилувчилар оилавий аҳволи, саломатлиги, турар жойи, маълумоти, иш жойи ва лавозими ўзгарган тақдирда ўзлари ҳарбий рўйхатда турган жойдаги органларга бу ҳақда етти кунлик муддат ичида шахсан маълум қилишлари шарт.


VIII. САФАРБАРЛИК БЎЙИЧА ЧАҚИРИЛИШ

ТЎҒРИСИДА ВА ҲАРБИЙ ХИЗМАТДАН БЎШАТИШ

46-модда. Сафарбарлик бўйича ва уруш

даврида ҳарбий хизматга чақирилиш

Фуқароларнинг сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари асосида ўтказилади.

Сафарбарлик эълон қилинган тақдирда бу вақтда ҳарбий хизматда ва ҳарбий йиғинларда бўлган барча фуқаролар алоҳида фармойиш берилгунига қадар хизматни давом эттириб туради, ҳарбий хизматга мажбурлар эса ҳарбий хизматга чақирилади. Ҳарбий хизматчиларнинг таътиллари бекор қилинади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ўзлари доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари органида, ҳарбий хизматчилар эса хизматни ўтаётган жойда ҳозир бўлиши шарт. Сафарбарлик эълон қилиниши билан ҳудудий комиссияларнинг чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг чақирилиш муддатини кечиктириш ва уларни чақирилишдан озод этиш тўғрисидаги қарорлари бекор қилинади. Чақирилиш муддатини кечиктириш ҳамда чақирилишдан озод этиш бундан кейин фақат саломатлиги ҳолатига кўра ва махсус ҳисобда турганлигига қараб қўлланилиши мумкин.

Сафарбарлик эълон қилинганида ва уруш даврида ҳарбий хизматга ўн саккиз ёшдан бошлаб ушбу Қонунда белгиланган резерв ва захирада бўлиш ёши чегарасига қадар ёшдаги ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳамда ҳарбий рўйхатда турмаган ўн саккиз ёшдан қирқ беш ёшгача бўлган аёллар (ўн олти ёшгача бўлган болалари бор аёллар бундан мустасно) чақирилишлари мумкин.

Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилиш фақат мудофаа ишлари органлари томонидан амалга оширилади.



47-модда. Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий

хизматга чақирилиш муносабати билан фуқароларни

моддий жиҳатдан таъминлаш

Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар билан иш (хизмат) жойида тўла ҳисоб-китоб қилинади. Уларга амалда ишлаган вақтлари учун иш ҳақи, ишдан бўшатиш нафақаси ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўланади.

Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилганларнинг эгаллаб турган турар жой майдони сақланиб қолади.

Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг оилаларини давлат томонидан таъминлаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


48-модда. Сафарбарликдан бўшатиш

Сафарбарликдан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан амалга оширилади.

Ҳарбий хизматчиларни сафарбарликдан бўшатиш билан боғлиқ харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


VIII-1. ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ, ОЛИЙ

ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ КУРСАНТЛАРИНИНГ

(ТИНГЛОВЧИЛАРИНИНГ), ҲАРБИЙ ЙИҒИНЛАРГА ЧАҚИРИЛГАН

ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА МАЖБУРЛАРНИНГ ВА САФАРБАРЛИК

ЧАҚИРУВИ РЕЗЕРВИДАГИ ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН ШАХСЛАРНИНГ

МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ


48-1-модда. Ҳарбий хизматчиларни, олий ҳарбий таълим

муассасалари курсантларини (тингловчиларини), ҳарбий

йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларни

ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган

шахсларни моддий жавобгарликка тортиш шартлари


Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар ҳарбий хизмат мажбуриятларини (хизмат мажбуриятларини) бажариш чоғида ҳарбий мол-мулкка (Қуролли Кучлар тасарруфидаги ҳарбий объектларга, бинолар ва иншоотларга, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, жанговар ва бошқа техника, ўзга моддий-техник воситалар ва пул маблағларига (қимматликларга) етказилган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар учун моддий жавобгарликка тортилади.

Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар, агар зарар командирнинг (бошлиқнинг) буйруғини бажариш ёхуд асосли хизмат ёки хўжалик таваккалчилиги ёки бошқа қонуний харакатлар натижасида етказилганда моддий жавобгар бўлмайди.

Ҳарбий хизмат мажбуриятларини (хизмат мажбуриятларини) бажармаётган пайтда моддий зарар етказган ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар фуқаролик қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади.



48-2-модда. Тўлиқ моддий жавобгарлик


Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар ўз айби билан ҳарбий мол-мулкни талон-торож қилган, камомадга йўл қўйган, беҳуда сарфлаган, йўқотган, қасддан йўқ қилган, шикастлаган, ишдан чиқарган, қонунга хилоф равишда сарфлаган ҳолларда етказилган зарар учун ёки қасддан содир этилган бошқа хатти-харакатлар (харакатсизлик) туфайли етказилган зарар учун, уларда жиноят қонунчилигида назарда тутилган жиноят таркиби аломатлари борлигидан қатъи назар, моддий жавобгар бўлади.

Валюта қимматликлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ҳамда бошқа маиший-рўзғор буюмларининг ва бундай буюмлар парчаларининг талон-торож қилинишида, камомадида ҳамда нормативлардагидан ортиқ йўқотишларида айбдор бўлган ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар қонунчиликка мувофиқ моддий жавобгар бўлади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ўз айби билан вагонларнинг, автомобилларнинг ва бошқа транспорт воситаларининг бекор туриб қолиши туфайли етказилган зарар учун етказилган зарарга тенг миқдорда моддий жавобгар бўлади.

Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар ўз айби билан жисмоний ва юридик шахсларга зарар етказган тақдирда, агар зарарнинг ўрни қонунчиликка мувофиқ Қуролли Кучлар томонидан қопланган бўлса, Қуролли Кучлар томонидан қилинган харажатларнинг ўрнини давлатга қоплаши шарт.

Хизматчиларни (ишчиларни) қонунга хилоф равишда ишдан бўшатишда ёки бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган командирлар (бошлиқлар) мажбурий прогул вақти ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажариш вақти учун ортиқча ҳақ тўланиши муносабати билан, шунингдек қонунчиликни бузганлик ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи командирнинг (бошлиқнинг) ёки суднинг хизматчини (ишчини) ишга тиклаш тўғрисидаги қарорини бажаришни асоссиз равишда кечиктирганлик учун етказилган моддий зарариинг ўрнини давлатга қоплайди.



48-3-модда. Чекланган моддий жавобгарлик


Қуйидаги ҳолларда командирлар (бошлиқлар) етказилган зарар миқдорида, бироқ бир ойлик пул таъминоти маошидан ортиқ бўлмаган миқдорда моддий жавобгарликка тортилади:

ҳарбий мол-мулкни ҳисобга олишнинг, сақлашнинг, ундан фойдаланишнинг, уни сарфлаш ва ташишнинг белгиланган тартибини бузадиган фармойиш берганда:

ҳарбий мол-мулкнинг талон-торож қилиниши, камомади, йўқ қилиниши, шикастланишининг ва бузилишининг олдини олишга доир зарур чоралар кўрмаганлик зарар етказилишига сабаб бўлганда;

айбдор шахслар томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўрмаганда.



48-4-модда. Зарарнинг миқдорини аниқлаш

ва зарарни ундириш тартиби


Моддий зарар (моддий ва пул маблағларининг (қимматликларнинг) талон-торож қилинганлиги, камомади, беҳуда сарфланганлиги,

йўқотилганлиги, йўқ қилинганлиги, шикастланганлиги, ишдан чиқарилганлиги, улардан қонунга хилоф равишда фойдаланилганлиги ҳамда улар қонунга хилоф равишда ҳисобдан чиқарилганлиги фактлари) аниқлаганида командирлар (бошлиқлар) зарарнинг келиб чиқиши сабабларини, миқдорини ва айбдор шахсларни аниқлаш учун белгиланган тартибда терговга қадар текширувни ёки хизмат текширувини ўтказади.

Агар моддий зарарнинг сабаблари, миқдори ва айбдор шахслар терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан аниқланган бўлса, командир (бошлиқ) томонидан терговга қадар текширув ёки хизмат текшируви ўтказилмаслиги мумкин.

Ўз айби билан моддий зарар етказган ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар моддий зарарнинг ўрнини ҳарбий хизматни (йиғинларни) ўташ даврида ёки резервга (захирага) бўшатилган ёхуд истеъфога чиқарилгандан кейин ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қоплаши мумкин.



48-5-модда. Моддий жавобгарликка тортиш муддатлари


Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар, резервга (захирага) бўшатилганлигидан ёки истеъфога чиқарилганлигидан қатъи назар. етказилган зарар аниқланган кундан эътиборан уч йил ичида моддий жавобгарликка тортилади.



IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49-модда. Фуқароларнинг ҳарбий тажовуз ёки

фавқулодда вазиятлар рўй бериш холларига

мўлжалланган ҳарбий тайёргарлиги

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз ёки фавқулодда вазиятлар рўй бериш ҳолларига мўлжалланган ҳарбий тайёргарлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан ташкил этилади ва уларнинг иш, ўқиш ёки турар жойларида ишлаб чиқаришдан ёки ўқишдан ажралмаган ҳолда амалга оширилади.

Фуқароларнинг ҳарбий тайёргарлигини ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилади.

Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан биргаликда ҳарбий тайёргарликнинг зарур ўқув-моддий базасини яратадилар, ҳарбий тайёргарлик раҳбарларини танлаш ва тайёрлашни таъминлайдилар.

Фуқароларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш тартиби ва бундай тайёргарликдан озод этиладиган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


50-модда. Умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш

билан боғлиқ чора-тадбирларни молиявий

ва моддий жиҳатдан таъминлаш

Умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чора-тадбирларни молиявий ҳамда моддий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ молиялаштиришнинг бошқа манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишини, уларнинг ҳарбий хизматга чақирилиши ҳамда чақирилганларнинг ҳарбий қисмларга жўнатилишини амалга ошириш учун мудофаа ишлари органларини ускуналар, алоқа воситалари, чақирув (йиғин) пунктлари, дори воситалари, тиббиёт ва хўжалик мол-мулки, автомобиль транспорти билан таъминлашлари, шунингдек жамоат тартиби сақланишини таъминлашлари шарт.

Уруш даврида ўтказиладиган сафарбарлик режалари тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорига биноан тинчлик даврида мудофаа ишлари органлари билан биргаликда ҳарбий хизматга мажбурларни хабардор этиш ва ҳарбий хизматга мажбурларни ҳамда техникани йиғиш участкаларини ташкил этадилар, ана шу участкаларнинг шахсий таркибини ҳарбий хизматга мажбурлар билан уларни асосий иш (хизмат) жойидаги вазифаларидан озод этмаган ҳолда тўлдирадилар.

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш комиссиялари ва чақирувни ўтказиш бўйича комиссиялар аъзоларининг, чақирув участкалари ва йиғин пунктларида ишловчи врачлар, ўрта тиббиёт ходимларининг, ёрдамчи ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг иш жойи, лавозими ва ўртача иш ҳақи улар белгиланган вазифаларни бажаришининг бутун даврида сақланиб қолади. Бу комиссиялардаги ишга жалб этилган тиббиёт ходимларининг таъминоти харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахслар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни доимий турар жойидан четга чиқиш билан бажарсалар, уларнинг турар жойидан иш жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш, турар жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатлари мудофаа ишлари органларининг тақдимига кўра тегишли ҳокимликлар томонидан қопланади, уларга хизмат сафарлари учун белгиланган нормалар асосида кундалик харажатлари пули тўланади.



51-модда. Мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг

умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

учун жавобгарлиги

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳарбий хизматдан бўйин товлаган тақдирда амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Давлат органларининг, шунингдек мулк шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор раҳбарлари, бошқа мансабдор шахслари, фуқаролар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 12-сон, 217-модда




































Время: 0.1382
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск