язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Авиация қоидалари/ Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида радио, телеаппаратура, аудио ва видео техника, компьютер, планшет ва мобиль телефонларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш Қоидалари (АВ томонидан 24.09.2014 й. 2617-сон билан рўйхатга олинган 27.08.2014 й. Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг 33-сон, Миллий хавфсизлик хизматининг 87-сонли қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 24 сентябрда 2617-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Парвозлар хавфсизлигини назорат

қилиш давлат инспекцияси ва

Миллий хавфсизлик хизматининг

2014 йил 27 августдаги

33 ва 87-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида

радио, телеаппаратура, аудио ва видео техника,

компьютер, планшет ва мобиль телефонларни

авиация хавфсизлиги бўйича текшириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 183-сонли "Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида авиация хавфсизлигига текшириш ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги ва 2000 йил 5 июлдаги 256-сонли "Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини ғайриқонуний аралашув ҳаракатларидан авиация хавфсизлиги жиҳатидан ҳимоялашни таъминлаш Миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорлари, шунингдек Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг (ИКАО) стандартлари ва тавсияларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида радио, телеаппаратура, аудио ва видео техника, компьютер, планшет ва мобиль телефонларни (бундан буён матнда электрон воситалар деб юритилади) авиация хавфсизлиги бўйича текшириш қоидаларини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар талаблари Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида ички ва халқаро йўналишларда учувчи йўловчиларнинг (ҳаво кемаси экипажининг) ёнида бўлган электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текширишга нисбатан татбиқ этилади.


2. Электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текширишнинг асосий мақсади парвознинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида ички ва халқаро йўналишларда учувчи йўловчиларнинг (ҳаво кемаси экипажининг) ёнида бўлган электрон воситалар орқали ҳаво кемаларига қонун ҳужжатлари билан тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар олиб кирилишининг олдини олиш, йўловчиларнинг ва ҳаво кемалари экипажининг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини ғайриқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоялашдан иборат.


3. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Қоидаларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН ВОСИТАЛАРНИ АВИАЦИЯ

ХАВФСИЗЛИГИ БЎЙИЧА ТЕКШИРИШ


4. Электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг авиация хавфсизлиги бўлинмалари (бундан буён матнда авиация хавфсизлиги бўлинмалари деб юритилади) ходимлари томонидан амалга оширилади.

5. Йўловчиларнинг (ҳаво кемаси экипажининг) ёнида бўлган электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш аэропортдаги махсус ажратилган ва зарур махсус техник воситалар билан жиҳозланган текшириш хонасида амалга оширилади.


6. Йўловчи (ҳаво кемаси экипажи) авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг сўровига асосан текшириш хонасида ўзининг электрон воситаларини ёқиш орқали ишлашини, уларнинг аккумуляторлари, батареялари жойлаштирилган жойларини кўрсатиши шарт.


7. Электрон воситаларнинг ишлашини уларни ёқиш орқали аниқлаш имкони бўлмаса, улар йўловчи (ҳаво кемаси экипажи) томонидан тақдим этилган ёки текшириш хонасидаги зарядлаш анжомлари орқали текшириш учун етарли даражада қувват олгунига қадар зарядкага қўйилади.


8. Текшириш учун етарли даражада қувватланган электрон восита ёқилмаса, мазкур электрон восита авиация хавфсизлиги бўлинмаларининг ходимлари томонидан қўшимча махсус техник воситаларни қўллаш орқали текширилади.


9. Авиация хавфсизлиги бўйича текширувдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган электрон воситалар ҳаво кемасига олиб кириш учун йўловчига (ҳаво кемаси экипажига) берилади.


10. Авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари томонидан йўловчига (ҳаво кемаси экипажига) тегишли бўлган ва электрон воситаларда сақланаётган шахсий маълумотларни текшириш ва улар билан танишиш тақиқланади.


11. Авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари томонидан электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш жараёнида йўловчининг (ҳаво кемаси экипажининг) ёнида бўлган электрон воситаларда тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги аниқланса, мазкур электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш тўхтатилади ва йўловчи (ҳаво кемаси экипажи) ҳаво кемасига қўйилмайди.


12. Йўловчи ёнида бўлган электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текширишдан ўтказишдан бўйин товлаган тақдирда, авиация хизмати кўрсатувчи ҳаво транспортида ташиш тўғрисидаги шартномани бекор қилишга ҳақли.

Ҳаво кемаси экипажи ёнида бўлган электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текширишдан ўтказишдан бўйин товлаган тақдирда, ҳаво кемасига қўйилмайди.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


14. Мазкур Қоидалар "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 сентябрь, 39-сон, 495-модда