ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар / Нодавлат нотижорат ташкилотлари /

Ўзбекистон Республикасининг 25.09.2014 й. ЎРҚ-376-сон "Ижтимоий шериклик тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.06.2014 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2014 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.09.2014 й.

N ЎРҚ-376

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 18 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2014 йил 28 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ижтимоий шериклик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ижтимоий шериклик тўғрисидаги

қонунчилик

Ижтимоий шериклик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий шериклик тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Ижтимоий шериклик ва унинг субъектлари

Ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий шериклик субъектларидир.

Давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлиги алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.


4-модда. Ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари

Ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунга бўйсуниш;

тенг ҳуқуқлилик;

очиқлик ва шаффофлик;

ҳаммабоплик;

мустақиллик;

холислик;

ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият;

мажбуриятлар қабул қилишнинг ихтиёрийлиги.



5-модда. Ижтимоий шериклик соҳалари

Ижтимоий шериклик қуйидаги соҳаларда амалга оширилиши мумкин:

аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш;

атроф-муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш;

ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, ёшларга билим бериш, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ва касбга йўналтириш;

оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш;

фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш;

аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш;

миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.

Ижтимоий шериклик қонунчиликка мувофиқ бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


2-БОБ. ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИКНИНГ

АСОСИЙ ШАКЛЛАРИ ВА УЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

6-модда. Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари

Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари қуйидагилардан иборат:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши;

ижтимоий шериклик субъектлари томонидан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш;

ижтимоий шериклик субъектлари томонидан ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар (бундан буён матнда битимлар ва шартномалар деб юритилади) тузиш, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ахборот алмашиш.


7-модда. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини

ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга

оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик

жамияти бошқа институтларининг иштироки

Давлат органлари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини уларнинг розилигига кўра жалб этиши мумкин.

Давлат органлари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда манфаатдор нодавлат нотижорат ташкилотларидан ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан таклифлар тўплашни амалга оширади.

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этган ҳолда давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслар билан чиқишда, тегишли таклифлар ва лойиҳаларни тайёрлашда иштирок этишга, шунингдек уларни кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига киритишга;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказишда, ишлаб чиқувчилар билан келишувга кўра, уларнинг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш ташаббуси билан чиқишда иштирок этишга, лойиҳалар юзасидан таклифларни ишлаб чиқишга, уларни тўплашни ва умумлаштиришни амалга оширишга, шунингдек ушбу таклифларни кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига киритишга;

биргаликда тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан давлат органларига таклифлар киритишга;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рўёбга чиқарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга, унинг якунлари бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда уларни ваколатли давлат органларига киритишга ҳақли.

Давлат органлари нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда таклифларини кўриб чиқиши шарт.



8-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик

жамияти бошқа институтлари вакилларининг давлат органлари

ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат

органлари фаолиятида иштирок этиши

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва таъминлаш, бошқа социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш мақсадида ташкил этиладиган давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ҳамда жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида белгиланган тартибда иштирок этишга ҳақли.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек ушбу лойиҳаларга доир таклифларни тайёрлашга, уларни давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органларининг мажлисларида кўриб чиқиш учун киритишга;

давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органларига уларнинг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқиш, мазкур масалаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисидаги таклифлар билан мурожаат этишга;

олдиндан келишувга кўра давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органларининг мажлисларида уларнинг ваколатига киритилган масалалар юзасидан ўз вакили орқали сўзга чиқишга ҳақли.



9-модда. Ижтимоий шериклик субъектлари томонидан

биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар

ва музокаралар ўтказиш

Ижтимоий шериклик субъектлари:

конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, жамоатчилик муҳокамалари, ҳашарлар, фестиваллар, социологик сўровлар шаклида ва бошқа шаклларда биргаликда тадбирлар;

битимлар ва шартномалар тузишга, биргаликдаги лойиҳалар ҳамда режаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга, биргаликда тадбирлар ташкил этишга қаратилган маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши мумкин.

Маслаҳатлашувлар ва музокаралар биргаликдаги учрашувлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг фикрларини сўраш, улар иштирокида давлат органлари ҳузурида ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари тузиш йўли билан ўтказилади.



10-модда. Ижтимоий шериклик субъектлари томонидан

битимлар ва шартномалар тузиш, биргаликдаги лойиҳалар

ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш

Ижтимоий шериклик субъектлари битимлар ва шартномалар тузиши, шунингдек биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши мумкин.

Битимлар тарафларнинг ўз зиммаларига олган ўзаро мажбуриятларидан иборат бўлиб, улар доирасида тарафлар биргаликдаги фаолиятнинг мақсадлари ва вазифаларини, йўналишларини аниқлайди, ижтимоий шерикликни амалга ошириш шаклларини кўрсатади.

Шартномалар ишлар бажаришни ёки хизматлар кўрсатишни, шунингдек ижтимоий шериклик субъекти томонидан моддий, шу жумладан, молиявий қўллаб-қувватлашда социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиши мумкин.

Биргаликдаги лойиҳалар ва режалар, битимлар ҳамда шартномаларни, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишга, гуманитар масалаларни ҳал этишга, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини белгилайди.



11-модда. Ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида

ўзаро қўллаб-қувватлаш, ахборот алмашиш

Ижтимоий шериклик субъектлари ўз ваколатлари доирасида ўқув-услубий, ахборот, маслаҳат ва ташкилий жиҳатдан ўзаро қўллаб-қувватлайди.

Ижтимоий шериклик субъектлари ўз тасарруфида бўлган ва ҳамкорлик предметига тааллуқли ахборотни ёзма сўровлар асосида бир-бирига тақдим этади.

Ёзма сўровга жавоб, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, имкони борича қисқа муддатда, лекин сўров олинган санадан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай берилиши керак.

Ижтимоий шериклик субъектлари давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган ахборотни тақдим этиши мумкин эмас.


3-БОБ. ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИКНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

12-модда. Ижтимоий шерикликни давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш турлари

Ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари қуйидагилардан иборат:

нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига моддий ёрдам кўрсатаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қонунчиликка мувофиқ имтиёзлар бериш;

нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш.


13-модда. Мулкий ёрдам кўрсатиш

Ижтимоий шериклик соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига қонунчиликда белгиланган тартибда шартнома асосида давлат мулки текин ёки имтиёзли шартларда вақтинча фойдаланишга берилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига вақтинча фойдаланишга берилган давлат мулкидан мақсадли фойдаланилиши керак.



14-модда. Ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий

жиҳатдан қўллаб-қувватлаш

Ижтимоий шериклик соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш қуйидаги йўллар орқали амалга оширилади:

ижтимоий шериклик соҳасидаги ахборотдан эркин фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий шерикликни амалга оширишдаги иштироки масалаларига доир услубий материалларни ишлаб чиқиш ҳамда нашр этиш;

ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда билим берувчи тадбирлар, услубий маслаҳатлар, илмий-амалий семинарлар ва конференциялар ўтказиш;

ижтимоий шериклик соҳасидаги тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш.



15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг

бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

Мамлакатда демократик ўзгаришларни янада ривожлантиришга ҳамда бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (бундан буён матнда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди деб юритилади) тузилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан олинадиган маблағларни жамлайди, бу маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар масалаларни ҳал этишда уларнинг иштирок этишига қаратилган дастурларни амалга ошириш учун тақсимланишини ташкил этади;

маблағларни кейинчалик нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига йўналтиради;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳат, ташкилий, техник жиҳатдан ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан белгиланади.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг

бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини

бошқариш бўйича парламент комиссияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси (бундан буён матнда Парламент комиссияси деб юритилади) нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожлантириш ҳамда уларнинг мамлакатда демократик ўзгаришларни амалга оширишда ва жамиятни эркинлаштиришда иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида тузилади.

Парламент комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, адлия ва молия вазирликларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан раис, унинг ўринбосари, масъул котиб ва комиссия аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Парламент комиссияси:

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларининг нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун тақсимланишини ташкил этади, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ва давлат органларининг таклифларини ўрганиш асосида аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқади;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини тақсимлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлайди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожлантириш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ўтказилаётган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда, демократик қадриятларнинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда иштирок этиши масалаларини муҳокама қилишга жамоатчиликни жалб этади;

жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун маблағларнинг ҳажмларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг (бундан буён матнда жамоат комиссиялари деб юритилади) буюртмалари асосида аниқлайди ҳамда тақсимлайди, ушбу комиссиялар фаолиятига услубий раҳбарликни таъминлайди;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, ушбу жамоат фонди томонидан молиялаштириладиган дастурлар ҳамда лойиҳалар устидан назоратни (мониторингни) амалга оширади, ўз мажлисларида молиялаштирилаётган дастурлар ҳамда лойиҳалар амалга оширилишининг бориши ва натижалари тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳисоботларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотини эшитади, ижтимоий шерикликни янада ривожлантиришга доир зарур тавсияларни ишлаб чиқади ва топширади;

социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришга, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтириш жараёнларига кўмаклашади;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини, жамоатчилик экспертизасини ташкил этишда давлат органларига ёрдам кўрсатади, мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича тизимли ишлар олиб боради;

ижтимоий шериклик соҳасида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

бажарилган ишлар тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Сенатига ахборот тақдим этади;

ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилади.

Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг васийлик кенгаши вазифасини бажаради.

Парламент комиссияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Парламент комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан белгиланади.


17-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси,

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари

ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик

жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш

жамоат фондлари

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббусларини ривожлантириш ҳамда ролини кучайтириш, шунингдек уларнинг жойларда социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги иштирокини рағбатлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қонунчиликка мувофиқ жамоат фондлари тузилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари:

маҳаллий бюджетдан ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондидан олинадиган маблағларни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағларни жамлайди;

жамланган маблағлардан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини, уларнинг жойлардаги социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилишини ташкил этади;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга, гуманитар масалаларни ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашади.



18-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси,

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари

ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари

Жамоат комиссиялари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларининг, адлия ва молия органларининг, шунингдек бошқа давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан раис, унинг ўринбосари, масъул котиб ва комиссия аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Жамоат комиссиялари:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлигини чуқурлаштиришга кўмаклашади, уларнинг таклифларини ўрганиш асосида ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини аниқлайди;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жойларда ижтимоий, социал-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган социал ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик дастурлари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, уларни амалга ошириш учун маблағларнинг зарур ҳажмларини аниқлашга доир тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда тегишли буюртмаларни Парламент комиссиясига юборади;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари маблағларининг самарали тақсимланишини ташкил этади, шунингдек улардан мақсадли фойдаланилиши устидан мониторингни амалга оширади;

тегишли ҳудудда ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда ижтимоий шериклик ҳолатининг мониторингини ва баҳоланишини амалга оширади, зарур ҳолларда, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга доир аниқ тадбирларни ишлаб чиқади;

ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида манфаатларни келишиб олишга ва биргаликдаги фаолиятнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган маслаҳатлашувлар ҳамда музокараларни ташкил этади ва ўтказади, улар ўртасида битимлар ва шартномалар тузишга, шунингдек уларнинг ижро этилишига кўмаклашади;

ижтимоий шериклик соҳасида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилади.

Жамоат комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларининг васийлик кенгаши вазифасини бажаради.

Жамоат комиссиялари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Жамоат комиссиялари ўз фаолиятини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган регламентга мувофиқ амалга оширади.

Жамоат комиссиясининг намунавий регламенти Парламент комиссияси томонидан тасдиқланади.

Жамоат комиссиялари фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.



19-модда. Давлат субсидияси ва уни ажратиш тартиби

Давлат субсидияси социал ва ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан бериладиган ҳамда аниқ лойиҳалар билан боғлиқ бўлмаган молиявий ёки бошқа моддий кўмакдир.

Давлат субсидияларидан фақат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий фойдали мақсадларга эришиш учунгина фойдаланилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат субсидиясини олиш учун Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига буюртмалар билан мурожаат этади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг буюртмаларини умумлаштиради, субсидиялаш ҳажмларига доир таклифларни тайёрлайди ҳамда уларни Парламент комиссиясига киритади.

Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, субсидиялашнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарур ҳажмлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тасдиқланганидан кейин Парламент комиссиясига давлат субсидияларини тақсимлашга доир таклифларни тақдим этади.

Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг таклифлари олинганидан кейин нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ажратиладиган давлат субсидияларининг ҳажмларини аниқлайди.

Давлат субсидияларини ажратиш тартиби ва шартлари Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

Қонунчиликда айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун давлат томонидан субсидиялашнинг бошқача тартиби ҳам назарда тутилиши мумкин.


20-модда. Давлат гранти ва уни ажратиш тартиби

Давлат гранти ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, шунингдек жамоат фондларининг маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига уларнинг буюртмалари бўйича танлов асосида бериладиган пул маблағлари ва моддий ресурслардир.

Давлат грантларини ажратиш Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали амалга оширилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари давлат грантини тақсимлаш мақсадида грант танловларини ташкил этади.

Грант танловларида ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни тақдим этган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этишга ҳақлидир.

Грант танловларига тақдим этилган лойиҳаларни танлаб олиш ва ғолибларни аниқлаш Парламент комиссияси, жамоат комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Давлат гранти ажратилаётганда грант берувчи ва грант олувчи ўртасида грант ажратилганлиги тўғрисида шартнома тузилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат грантларини ажратиш тартиби ҳамда шартлари Парламент комиссияси томонидан белгиланади.


21-модда. Давлат ижтимоий буюртмаси ва уни бериш тартиби

Давлат ижтимоий буюртмаси давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузиш йўли билан социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир давлат топшириғидан иборат бўлади.

Давлат ижтимоий буюртмаларини бериш Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали, шунингдек давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат органлари ушбу Қонунда назарда тутилган ижтимоий шериклик соҳалари доирасида ўз фаолиятининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари қўллаб-қувватлашини талаб этадиган устувор йўналишларини белгилайди ҳамда келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига буюртмалар юборади. Буюртмада давлат органи фаолиятининг устувор йўналишлари, ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир топшириқнинг мақсадлари, вазифалари ва шартлари кўрсатилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов ташкил этади, нодавлат нотижорат ташкилотларидан ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан тушган таклифларни умумлаштиради ҳамда уларни тегишинча Парламент комиссиясига, жамоат комиссияларига киритади.

Парламент комиссияси ёки жамоат комиссиялари тегишинча Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, давлат ижтимоий буюртмаларини беришнинг мақсадга мувофиқлиги ва уларнинг ҳажмлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади, давлат буюртмачиларининг рўйхатини ва кўрсатилган маблағларни ажратиш режалаштирилаётган фаолият йўналишларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун тегишинча Парламент комиссиясига, жамоат комиссияларига тақдим этади.

Давлат ижтимоий буюртмаси берилаётганда давлат ижтимоий буюртмасини бериш тўғрисида буюртма юборган давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузилади.

Давлат органлари Парламент комиссияси, жамоат комиссиялари томонидан қўллаб-қувватланган давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча молиялаштиришни амалга ошириши мумкин. Бунда қўшимча молиялаштириш миқдори умумий молиялаштириш суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.

Давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартлари Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

Давлат бошқаруви органлари социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмаси бериши мумкин. Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаларини бериш давлат буюртмачиларининг рўйхати ва фаолиятнинг маблағлар ажратиш режалаштирилаётган йўналишлари оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида олдиндан эълон қилинган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органларига нодавлат нотижорат ташкилотларидан ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушадиган лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш ва уларни баҳолаш давлат бошқаруви органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари томонидан амалга оширилади. Давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов ғолиби лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш ва уларни баҳолаш натижаларига кўра аниқланади. Давлат бошқаруви органи ва танловда ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузилади.

Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш, шунингдек танлов шартлари ва уни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


22-модда. Ижтимоий шериклик соҳасидаги

тадбирларни молиялаштириш

Ижтимоий шериклик соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари;

ижтимоий шериклик субъектларининг ўз маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилади.

Ижтимоий шериклик соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам амалга оширилиши мумкин.


4-БОБ. ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

23-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг

ижтимоий шериклик соҳасидаги ҳуқуқлари

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз уставларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз аъзолари ва иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг турли масалалари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, давлат органларига тегишли таклифлар киритиш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан давлат органларининг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда иштирок этиш;

давлат органларига ахборот олиш тўғрисида сўровлар билан мурожаат этиш, шунингдек ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш;

ижтимоий шериклик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар ва шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


24-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг

ижтимоий шериклик соҳасидаги мажбуриятлари

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини;

ижтимоий шериклик соҳасидаги битимлар ва шартномалар, дастурлар ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини;

ижтимоий шериклик доирасида фаолиятни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг манфаатлари ва эҳтиёжлари ҳисобга олинишини;

ижтимоий шериклик доирасида тақдим этилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан мақсадли фойдаланилишини таъминлаши шарт.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


25-модда. Давлат органларининг ижтимоий

шериклик соҳасидаги ҳуқуқлари

Давлат органлари ижтимоий шериклик соҳасида:

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этишга;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда ишчи гуруҳлар ҳамда комиссиялар тузишга, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик-маслаҳат органлари ишида иштирок этишини таъминлашга;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан битимлар ҳамда шартномалар тузишга, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга, биргаликдаги тадбирларни ташкил этишга қаратилган маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказишга;

ижтимоий шериклик доирасида берилган давлат пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан мақсадли фойдаланилиши устидан қонунчиликка мувофиқ назоратни амалга оширишга ҳақли.

Давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


26-модда. Давлат органларининг ижтимоий

шериклик соҳасидаги мажбуриятлари

Давлат органлари ижтимоий шериклик соҳасида:

фаолиятнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган устувор йўналишларини аниқлаши, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали аниқлаши;

нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига улар ижтимоий шерикликда иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиши;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда таклифларини, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслари ҳамда таклифларини кўриб чиқиши;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг бориши бўйича зарур ҳолларда жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиши, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг уларни амалга ошириш самарадорлигини юксалтиришга доир таклифларини кўриб чиқиши;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан олдиндан маслаҳатлашувлар ҳамда музокаралар ўтказилишини таъминлаши;

ижтимоий шериклик соҳасидаги битимлар ва шартномалар, дастурлар ҳамда лойиҳалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаши шарт.

Давлат органлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

27-модда. Низоларни ҳал этиш

Ижтимоий шериклик соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


28-модда. Ижтимоий шериклик тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Ижтимоий шериклик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


29-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун 2015 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Халқ сўзи", 2014 йил 26 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 сентябрь, 39-сон, 488-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2014 йил, 9-сон, 247-модда


















































Время: 0.1571
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск