Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Инвестициялар /

Ўзбекистон Республикасининг 24.12.1998 й. 719-I-сон “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.12.1998 й.

N 719-I

ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади инвестиция фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


инвестициялар - қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар;

инвестор - инвестиция фаолияти объектларига ўз маблағларини инвестиция қилишни ва бошқа инвестиция ресурсларини жалб этишни амалга оширувчи инвестиция фаолияти субъекти;

инвестиция мажбурияти - инвестиция лойиҳасида назарда тутилган муайян мақсадларга эришиш учун инвесторнинг ўзи қабул қиладиган мажбурияти;


инвестиция фаолияти - инвестиция фаолияти субъектларининг инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлари мажмуи;


инвестиция фаолияти иштирокчиси - инвесторнинг буюртмалари бажарилишини таъминловчи инвестиция фаолияти субъекти;

реинвестициялар - инвестициялардан олинган, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган ҳар қандай даромад, шу жумладан фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия ва воситачилик ҳақи, техник ёрдам, техник хизмат кўрсатиш учун тўловлар ҳамда бошқа шаклдаги мукофотлар.

4-модда. Мўлжалланган объектига

кўра инвестицияларнинг турлари

Инвестициялар мўлжалланган объектига кўра капитал, инновация ва ижтимоий инвестицияларга бўлинади.

Капитал инвестицияларга асосий фондларни вужудга келтириш ва такрор ишлаб чиқаришга, шу жумладан, янги қурилишга, модернизациялашга, реконструкция қилишга, техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, шунингдек моддий ишлаб чиқаришнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар киради.

Инновация инвестицияларига янги ёки такомиллаштирилган товарларни (ишларни, хизматларни), ишлаб чиқариш жараёнини, тадбиркорлик фаолиятини юритишда янги маркетинг услубини ёки ташкилий услубни ишлаб чиқиш ва ўзлаштиришга киритиладиган инвестициялар киради.

Ижтимоий инвестицияларга инсон салоҳиятини, кўникмаларини ва ишлаб чиқариш тажрибасини оширишга, шунингдек номоддий неъматларнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар киради.



5-модда. Инвестицияларни амалга ошириш шакллари

Инвестицияларни амалга ошириш шакллари қуйидагилардан иборат:

юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав фондларида (устав капиталларида) улушли иштирок этиш, шу жумладан, мол-мулк ва акциялар олиш;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозларни, шу жумладан, қарз мажбуриятларини олиш;

концессияларни, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессияларни олиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мулк ҳуқуқини, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига, шунингдек савдо объектлари ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларига, улар жойлашган ер участкалари билан бирга, мулк ҳуқуқини олиш;

ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш (шу жумладан, ижара асосида) ҳуқуқини олиш.

Инвестициялар қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Инвестицияларнинг бирламчи ёки такроран киритиладиган шакллари ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги даражаси ўзгаришига олиб келмайди.



6-модда. Инвестиция лойиҳаси

Инвестиция лойиҳаси иқтисодий, ижтимоий наф ва бошқа йўсиндаги наф олиш учун инвестицияларни амалга оширишга ёхуд жалб этишга қаратилган, ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар комплекси ёки алоҳида тадбирдир.

Инвестиция лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

лойиҳалаштиришга техник топшириқни ишлаб чиқиш;

инвестиция лойиҳасининг лойиҳаловчисини аниқлаш;

лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш мақсадида ишларни амалга ошириш технологияларини, ускуналарини ва услубларини аниқлаш;

молиялаштириш манбаларини аниқлаш;

инвестиция фаолияти иштирокчиларини аниқлаш;

инвестиция фаолияти иштирокчилари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа органлар билан биргаликда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ҳамда келишиб олиш, шу жумладан, инвестиция лойиҳасининг молиявий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик фойдасини баҳолаш;

инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган шартларга, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга мувофиқ ускуналарни етказиб берувчини аниқлаш ва пудратчи ташкилотни танлаш;

инвестор ва инвестиция фаолияти иштирокчилари томонидан инвестиция лойиҳаси бўйича қабул қилинган мажбуриятлар ҳамда эришилган келишувларни бажариш, шу жумладан, молиялаштиришни амалга ошириш, ускуналарни етказиб бериш, монтаж қилиш ҳамда ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва монтаж ишларини бажариш, инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқаришдан олинган фойдани тақсимлаш;

инвестор ва инвестиция фаолияти иштирокчилари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа органлар томонидан инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилишининг бориши юзасидан мониторингни амалга ошириш.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган тадбирларнинг амалга оширилиши зарурияти ва кетма-кетлиги инвестиция фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

7-модда. Инвестиция ресурслари

Инвестиция ресурсларига қуйидагилар киради:

пул ва бошқа молиявий маблағлар, шу жумладан кредитлар, пайлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар;

кўчар ва кўчмас мол-мулк (бинолар, иншоотлар, ускуналар ва бошқа моддий қимматликлар) ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар;

интеллектуал мулк объектлари, шу жумладан, техникавий ҳужжатлар тарзида тузилган техникага, технологияга, тижоратга оид ва бошқа билимлар, у ёки бу турдаги ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур бўлган кўникмалар ва ишлаб чиқариш тажрибаси мажмуи, ноу-хау;

ерга ва бошқа табиий ресурсларга, биноларга, иншоотларга, ускуналарга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек мулк ҳуқуқидан келиб чиқувчи бошқа ашёвий ҳуқуқлар.

Инвестиция ресурсларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қимматликлар ҳам киритилиши мумкин.



8-модда. Инвестиция фаолияти объектлари

Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектлари инвестиция фаолияти объектларидир.

Барпо этилиши ва фойдаланилиши қонун ҳужжатларида белгиланган санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозлик талабларига ва бошқа талабларга жавоб бермайдиган, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган объектларга инвестиция киритиш тақиқланади.



9-модда. Инвестиция фаолияти субъектлари

Қуйидагилар инвестиция фаолияти субъектлари (инвесторлар ва инвестиция фаолияти иштирокчилари) бўлиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (жисмоний шахслар), Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

чет эл давлатлари, чет эл давлатларининг маъмурий ёки ҳудудий органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда чет эллик юридик шахслар ва фуқаролар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Инвесторлар қонун ҳужжатларига мувофиқ буюртмачи (маблағ киритувчи), кредитор, сотиб олувчи сифатида иш юритиши, шунингдек инвестиция фаолияти иштирокчиси вазифаларини бажариши мумкин.

Инвестиция фаолияти иштирокчилари инвестор билан тузилган шартнома асосида инвесторнинг буюртмасини бажарувчи сифатида иш юритади.



10-модда. Инвесторнинг ҳуқуқлари

Инвестор:

инвестиция киритиш ҳажмларини, турларини, шаклларини ва уни амалга ошириш йўналишларини мустақил равишда белгилашга;

инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун, қоида тариқасида, танлов (тендер) савдолари натижаларига кўра юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузишга;

ўз инвестицияларига ҳамда инвестиция фаолияти натижаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишга;

инвестиция фаолияти натижасида олинган даромадни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин мустақил ва эркин тасарруф этишга;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкдан ва ҳар қандай мулкий ҳуқуқлардан ўз зиммасига олган барча турдаги мажбуриятларининг, шу жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ қарз маблағларини жалб этишга қаратилган мажбуриятларининг таъминоти сифатида фойдаланишга;

ўз инвестициялари ва бошқа активлари реквизиция қилинган тақдирда мутаносиб равишда компенсация олишга;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари натижасида етказилган зарарларни ундиришга ҳақли.

Инвестор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11-модда. Инвесторнинг мажбуриятлари

Инвестор:

қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши;

инвестиция киритиши муносабати билан ўз зиммасига олган шартнома мажбуриятларини бажариши;

инвестиция лойиҳаларининг санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозлик талабларига ва бошқа талабларга риоя этилишига тааллуқли қисми бўйича экспертиза хулосасини олиши;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги туфайли инвестиция фаолияти иштирокчисига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида қўядиган талабларини бажариши шарт.

Инвесторнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

12-модда. Инвестиция фаолияти иштирокчисининг ҳуқуқлари

Инвестиция фаолияти иштирокчиси:

танлов (тендер) савдоларининг иштирокчиси бўлишга;

инвесторлар билан уларнинг буюртмаларини бажариш учун шартномалар тузишга;

агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, инвестор олдидаги ўз шартнома мажбуриятларини бажаришга бошқа шахсларни жалб этишга;

агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, инвестиция фаолияти объектининг ҳақиқий қийматини пасайтириш натижасида эришилган тежамни мустақил равишда тасарруф этишга ҳақли.

Инвестиция фаолияти иштирокчиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



13-модда. Инвестиция фаолияти иштирокчисининг мажбуриятлари

Инвестиция фаолияти иштирокчиси:

қонун ҳужжатларида белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш нормалари, қоидалари ва талабларига риоя этиши;

шартномаларни ўз вақтида ва лозим даражада бажариши;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги туфайли инвесторга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида қўядиган талабларини бажариши;

маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланиши;

лицензияланиши лозим бўлган фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиши шарт.

Инвестиция фаолияти иштирокчисининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



14-модда. Инвестиция фаолиятида нарх белгилаш

Инвестиция фаолияти жараёнида товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати танлов (тендер) савдолари натижаларига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса тўғридан-тўғри шартномалар орқали белгиланади.

Инвестиция фаолияти субъекти бозорда устун мавқени эгаллаган ҳолларда нархлар ваколатли давлат органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

15-модда. Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш

Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш:

инвестиция фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

асосий фондларнинг жадал амортизация қилиниши ҳуқуқини бериш;

техник жиҳатдан тартибга солиш нормалари, қоидалари ва талабларини белгилаш;

рақобатни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни қўллаш;

кредит сиёсатини ва нарх белгилаш сиёсатини ўтказиш;

ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш шартларини белгилаш;

инвестиция лойиҳаларини экспертиза қилиш механизмларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилган инвестиция лойиҳаларининг рўёбга чиқарилишини мониторинг қилиш йўли билан амалга оширилади.

Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.



16-модда. Инвестиция фаолиятини рағбатлантириш

Давлат инвестиция фаолиятини қуйидаги йўллар билан рағбатлантиради:

инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун қулай инвестиция муҳитини яратиш;

инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек фаолият турига ва инвестиция ҳажмларига қараб ҳар бир алоҳида ҳолат учун белгиланадиган муддатларга преференциялар бериш;

эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш;

халқаро шартномалар тузиш.

17-модда. Марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган инвестициялар

Марказлаштирилган инвестициялар:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобидан;

Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида чет эл инвестициялари ва кредитларни, заёмларни жалб этиш ҳисобидан амалга оширилади.

Марказлаштирилган инвестицияларни бошқариш давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Марказлаштирилган инвестициялар асосан мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларида давлат мақсадли дастурларини рўёбга чиқаришга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ажратилади.

Халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси билан тузилган шартномалар асосида қабул қилинади.

Марказлаштирилмаган инвестициялар қуйидагилардир:

инвесторнинг ўз маблағлари;

банкларнинг кредитлари, шу жумладан, чет эл банкларидан Ўзбекистон Республикасининг кафолатисиз олинган кредитлар;

тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари.

Марказлаштирилмаган инвестициялар қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Марказлаштирилмаган инвестицияларни бошқариш инвестор томонидан мустақил равишда амалга оширилади.



18-модда. Инвестицияларни амалга ошириш

бўйича қарорлар қабул қилиш

Марказлаштирилган инвестицияларни амалга ошириш бўйича қарорлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир тахминлар, илмий-техникавий ва кенг кўламли давлат мақсадли дастурлари ҳамда ушбу инвестицияларнинг мақсадга мувофиқлигини аниқловчи техникавий-иқтисодий асосларга биноан давлат органлари томонидан қабул қилинади.

Умумдавлат аҳамиятига молик бўлган кенг кўламли давлат мақсадли дастурларининг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициялар ҳажмларини тасдиқлайди.

Марказлаштирилмаган инвестицияларни амалга ошириш бўйича қарорлар инвестор томонидан мустақил равишда қабул қилинади.



19-модда. Инвестицияларни жойлаштириш

Марказлаштирилган инвестицияларни жойлаштириш, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида танлов (тендер) савдолари натижаларига кўра амалга оширилади.

Марказлаштирилмаган инвестицияларни жойлаштириш белгиланган тартибда инвестор томонидан амалга оширилади.



20-модда. Ўзбекистон Республикасининг

ривожланиш давлат дастурлари

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари - бу узоқ муддатли истиқбол учун тасдиқланадиган, тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ривожланиш концепциялари асосида шакллантирилган ҳамда мамлакат иқтисодиётини барқарор ва изчил ривожлантиришга эришишга, мавжуд табиий, минерал-хом ашё, молиявий, моддий, меҳнат ресурсларидан ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш йўли билан мамлакат иқтисодиётининг айрим тармоқлари ҳамда минтақаларини тузилмавий жиҳатдан ўзгартириш бўйича асосий устуворликлар ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ўзаро узвий боғлиқ бўлган чоралар мажмуидир.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари тасдиқланган ривожлантириш концепциялари асосида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг умумдавлат дастурлари бажарилишини таъминлаш мақсадида уч йиллик муддатга шакллантирилиб, бунда инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари ҳамда молиялаштириш манбалари ҳисобга олинади, уларнинг асосий кўрсаткичлари ҳар йили аниқлаштириб ва янгилаб борилади. Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш манбалари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


21-модда. Инвестиция лойиҳаларининг экспертизаси

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобидан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида чет эл инвестицияларини жалб этган ҳолда молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда мажбурий давлат экспертизасидан ўтказилиши шарт.

Бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозлик талаблари ва бошқа талаблар бажарилишига тааллуқли қисми қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши лозим.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг банклар кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари мазкур инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тижорат банклари томонидан экспертиза қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида рўёбга чиқариладиган инвестиция лойиҳалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертиза қилиниши лозим.



22-модда. Инвестиция фондлари

Инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида тегишли инвестиция фондлари тузилиши мумкин.

23-модда. Инвестиция фаолияти субъектлари

ҳуқуқларининг кафолатлари

Давлат инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлайди. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари инвестиция фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Агар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари инвестиция фаолияти субъектларининг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқласа, улар ўзлари ваколатли бўлган ва аниқ қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чораларни кўриши мумкин. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан инвестиция фаолияти субъектларининг бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки фаолиятини чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг қоидалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқ белгиланадиган, Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар, қўшимчалар киритиш ёки уларни бекор қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

24-модда. Инвестицияларни ҳимоя қилиш

Давлат инвестицияларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасида инвестициялар ва инвесторларнинг бошқа активлари национализация қилинмайди.

Инвестициялар ва инвесторларнинг бошқа активлари реквизиция қилинмайди, табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар бундан мустасно.

Инвестицияларни реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор:

ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳоллардан келиб чиқувчи вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган инвестицияларнинг ёки инвесторлар бошқа активларининг энг кам миқдори билан чекланадиган;

камситилмайдиган асосда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган;

етказилган зарарга мутаносиб равишда компенсация тўланадиган реквизиция бўйича талабларга риоя этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Давлат мазкур компенсация тўловлари ўз вақтида амалга оширилишига кафил бўлади.

Инвестор инвестицияларни реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор юзасидан суд тартибида низолашишга ҳақли.

Инвестицияларни ва инвесторларнинг таваккалчиликларини суғурталаш ихтиёрий равишда амалга оширилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



25-модда. Маблағлардан фойдаланиш кафолатлари

Инвестиция фаолияти субъектининг инвестиция фаолияти натижасида олинган фойдаси (даромади) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг хоҳишига кўра реинвестиция қилиниши ёки ундан бошқа ҳар қандай усулда фойдаланилиши мумкин.

Инвестиция фаолияти субъекти томонидан олинган қимматли қоғозлар, унинг мақсадли банк омонатлари, шунингдек олинган мол-мулкнинг қиймати ёки ижара учун тўловларнинг ўрни улар олиб қўйилган (реквизиция қилинган) ҳолларда, ушбу субъектга қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади (компенсация қилинади).

Инвестиция фаолияти субъектининг ҳисобварақларидан фойдаланишни чеклаб қўйиш ёки маблағларни мажбуран олиб қўйиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

26-модда. Инвестицияларнинг қўшимча кафолатлари

ва уларни ҳимоя қилиш чоралари

Инвестицияларнинг қўшимча кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатлар беришни, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда кўмаклашишни, махсус солиқ ва тўлов режими яратилишини, инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилишининг давлат мониторинги ўтказилишини ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чораларни ўз ичига олиши мумкин.

Инвестицияларнинг қўшимча кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари инвестиция фаолияти субъектларига қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.



27-модда. Очиқ ахборотдан эркин фойдаланиш

Инвестиция фаолияти субъектлари манфаатларига муайян тарзда дахлдор бўлган умуммажбурий хусусиятга эга қонун ҳужжатлари улар учун эркин фойдаланишда бўлиши лозим.

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари инвестиция фаолияти субъектларининг ўз инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни уларнинг сўровларига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тақдим этиши шарт.

28-модда. Инвестиция фаолиятини чеклаш,

тўхтатиб туриш ёки тугатиш

Инвестиция фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш инвесторнинг қарорига, ваколатли давлат органининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинган қарорига ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.

Инвестиция фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор:

инвестор қонунда белгиланган тартибда банкрот деб эълон қилинган ёки банкрот деб топилган;

фавқулодда вазиятлар юзага келган;

қонун ҳужжатларида белгиланган санитария-гигиена, радиация, экология, архитектура-шаҳарсозлик талаблари ва бошқа талаблар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар инвестиция фаолияти давомида аниқланган ҳолларда қабул қилиниши мумкин.

Инвестиция фаолиятини тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туришга ёки тугатишга олиб келадиган тарзда чеклаш, тўхтатиб туриш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда инвестиция фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.

Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолларда инвестиция фаолияти субъектига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

29-модда. Низоларни ҳал этиш

Инвестиция фаолиятини амалга ошириш давомида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

30-модда. Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, инвестиция фаолияти субъекти ўзига етказилган зарарнинг, шу жумладан, бой берилган фойданинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

"Халқ сўзи" 2014 йил 10 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 15 декабрь, 50-сон, 587-модда



















Время: 0.2259
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск