Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Магистратура тўғрисида Низом (АВ томонидан 04.02.2008 й. 1765-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ 29.12.2007 й. 269-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 4 февралда 1765-сон

билан рўйхатга олинган

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг

2007 йил 29 декабрдаги

269-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Магистратура тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августдаги Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида магистратура фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 190-сон қарорига мувофиқ магистратура фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш сифати ва рақобатбардошлилигини кучайтириш, ҳалқаро таълим стандартлари даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш, қонун ҳужжатлари ва давлат таълим стандартларига мувофиқ олий таълим муассасаларида магистрлар тайёрлаш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Магистратура аниқ мутахассислик бўйича фундаментал ва амалий билим берадиган, бакалавриат негизида камида икки йил давом этадиган олий таълимдир.

Магистратура таълим дастурини тугатган битирувчиларга якуний давлат аттестацияси натижаларига кўра таълим йўналишининг аниқ мутахассислиги бўйича "магистр" академик даражаси тўғрисидаги давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом берилади.


2. Тегишли мутахассисликлар бўйича магистрларни тайёрлаш кадрлар буюртмачиларининг таклифлари асосида, давлат аккредитациясидан ўтган олий таълим муассасаларида амалга оширилади.


3. Олий таълим муассасасига янги мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрлаш ҳуқуқи белгиланган тартибда олий таълим муассасасининг сўровномаси, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари, Олий таълимнинг Давлат таълим стандартига (бундан кейин матнда Давлат таълим стандарти деб юритилади) мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан кейин матнда Давлат тест маркази деб юритилади) томонидан экспертизадан ўтган ўқув режалари ва дастурлари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган квоталар асосида берилади.

4. Магистр:

танланган мутахассислик бўйича мустақил илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ва касбга доир фаолиятини юритиш;

тайёргарлигига мувофиқ мутахассислик бўйича олий таълимдан кейин аспирантурада таҳсил олиш;

кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш тизимида қўшимча касб таълими олиш учун тайёрланади.


5. Олий таълим муассасалари барча бўлинмаларининг магистрлар тайёрлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш магистратура бўлими томонидан кафедралар ва деканатлар билан бирга амалга оширилади.


6. Магистрларнинг илмий фаолияти билан боғлиқ изланиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан тан олинган нашрларда ва олий таълим муассасалари нашрларида чоп этилиши мумкин.


II. МАГИСТРАТУРАГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


7. Магистратурага қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 195-модда) билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

8. Магистратурага кириш имтиҳонлари ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича магистрлик мутахассислиги, ўқитиш тили ва шаклига кўра алоҳида ўтказилади.


9. Таянч олий таълим муассасалари қошида магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасалари таклифлари асосида мақсадли магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.


10. Магистратурага қабул қилиш давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


11. Магистратурада мутахассисликлар бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


12. Магистратурага хорижий фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги 169-сон "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 31-32-сон, 304-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.


III. МАГИСТРНИНГ ТАЙЁРГАРЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


13. Магистр ўз мутахассислиги бўйича илмий-тадқиқотларни бажара олиши, илмий ижод услубиётини билиши, замонавий ахборот технологияси асосида илмий маълумотлар йиға олиши, улардан фойдаланиш ва сақлаш усулларини билиши ҳамда илмий-фаолият ва мустақил амалий фаолиятга тайёр бўлиши лозим.


14. Мутахассислик доирасида магистр:

билимларни умумлаштириш, хулосалар чиқариш ва уни бошқаларга ўргатиш;

жараён ва технологияларни таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш;

замонавий, рақобатбардош тадқиқот услубиётларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

бозор муносабатлари шароитида, иқтисодиётнинг ривожланиш тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда илмий муассаса, конструкторлик бюроси, ишлаб чиқариш корхоналари бўлимлари ва бошқа ташкилот, муассасалар ишини ташкил этиш, муаммосини ҳал этиш, илмий тадқиқот, изланиш натижаларини амалиётга татбиқ этиш, замонавий лаборатория ва техник жиҳозлардан фойдаланиш ва бошқариш қобилиятига эга бўлиши керак.


15. Магистр ўзининг мутахассислиги, илмий-фаолият ва илмий-педагогик тайёргарлигига мувофиқ касбий фаолиятининг:

лойиҳа-конструкторлик;

лойиҳа-технологик;

илмий-тадқиқот ва тажриба;

ишлаб чиқариш бошқаруви;

илмий-педагогик;

илмий-ижодий турлари, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишига мос бошқа мутахассисликлари бўйича ҳам шуғулланиши мумкин.


16. Магистр касб фаолиятининг асосий соҳаларига қуйидагилар киради:

Илмий-тадқиқот муассасалари, лойиҳалаш ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш корхоналари;

давлат ва нодавлат олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари;

магистр академик даражасини талаб қиладиган бошқа турдаги фаолиятлар.


17. Бакалавриат таълим йўналишлари негизида мутахассисликлар бўйича магистрларнинг тайёргарлик даражаси ва зарурий билимлар мазмунига қўйиладиган умумий талаблар Давлат таълим стандартларига мувофиқ белгиланади.



IV. МАГИСТРАТУРА ТАЪЛИМ

ДАСТУРИ БЛОКЛАРИ МАЗМУНИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


18. Магистратурада ўқув жараёни тегишли таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилган, Давлат тест маркази томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган ҳамда Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими илмий-методик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашда муҳокама қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган мутахассисликлар бўйича Давлат таълим стандартлари ва ўқув режалари асосида ташкил этилади.


19. Магистратуранинг таълим дастурлари Давлат таълим стандартида кўзда тутилган қуйидаги фанлар блокларини ўз ичига олади:

а) умумметодологик фанлар;

б) мутахассислик фанлари;

в) илмий фаолият (илмий тадқиқот, илмий-педагогик, илмий-техник ва илмий-ижодий ишлар).


20. Умумметодологик фанлар блокида:

миллий истиқлол ғояси ва гуманитар, техник ва табиий фанларнинг фалсафий масалалари бўйича билимлар берилиши;

инсониятнинг глобал муаммолари, маънавий ҳаёт, шахс ва жамият эҳтиёжлари, таълимнинг инсонпарварлик руҳи, замонавий цивилизация ва унинг тараққиёт йўналишлари, ахборот тизимлари ва билимларни тақдим қилиш усуллари тўғрисидаги тасаввурлар шакллантирилиши;

илмий ва илмий-техник ахборот билан ишлаш кўникма ва малакаларини шакллантириши;

илмий ижодиёт методологияси, билишнинг умумий усуллари, эмпирик ва назарий тадқиқот усуллари, қонунлар ва қоидалар мантиғи, асослаш ва инкор қилиш йўлларига доир билимлар, шунингдек, таълимда педагогик технологиялар, менежмент ва иқтисодиёт асослари ҳақидаги билимлар берилиши таъминланиши зарур.


21. Мутахассислик фанлари блокида:

муайян мутахассислик бўйича назарий ва амалий билимлар, ўқув ва кўникмалар, ўқитиладиган фанлар таркиби, уларнинг мазмун-моҳиятига қўйиладиган талабларни кадрлар буюртмачилари билан келишган ҳолда шакллантирилиши;

мутахассислик бўйича билимлар базасини яратиш, жамлаш, мустаҳкамлаш ва улардан фойдаланиш кўникмалари ривожлантирилиши;

магистратура мутахассислиги бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш, касб фаолиятининг кўзланган натижаларига эришишда жараёнларни моделлаштириш ва тизимли ёндашиш борасидаги илмий билимлар, амалий маҳорат ва кўникмалар таъминланиши керак.


22. Илмий фаолият блокида илмий-тадқиқотлар методологиясини ўзлаштириш, талабалар томонидан ихтисослашган илмий ва таълим муассасаларида муайян илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ишларни бажариш ва магистрлик диссертацияларини тайёрлаш назарда тутилади.


23. Илмий-тадқиқот ишлари:

мустақил тадқиқотчилик фаолиятининг амалий кўникмаларини ҳосил қилиш;

ахборот технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқотлар ўтказиш, тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш ва акс эттириш, илмий мақолалар тайёрлашга доир билимлар ва кўникмаларни шакллантириш;

фан, техника, ижодиёт ва технологияларнинг энг янги ютуқларига асосланган ахборот базаларини қўллай билиш, улардан магистрлик диссертациясини бажаришда фойдаланиш кўникмасини сингдиришга йўналтирилади.


24. Илмий-педагогик ишлар:

замонавий педагогик ва ахборот технологиялари ҳамда ўқув-тарбия ишларининг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда педагогик маҳорат ва кўникмаларини шакллантириш;

ўқув жараёнини илмий-услубий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш малакаси ва кўникмаларини ҳосил қилишга йўналтирилади.



V. ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


25. Магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнини ташкил этишга қуйидаги талаблар қўйилади:

илмий-тадқиқот мавзуларининг мутахассисликларга мос бўлиши;

давлат таълим стандартлари талаблари даражасида назарий таълим, лаборатория машғулотлари, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда магистрлик диссертацияларини тайёрлаш учун зарурий ўқув-услубий ва моддий-техник базасининг мавжудлиги;

олий таълим муассасаси, буюртмачи ташкилотлар, академик ва илмий текшириш институтлари ҳамда илмий марказларда давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларига мувофиқ малака амалиётларини ўтказиш учун олий таълим муассасаси, факультет ва кафедралар билан корхоналар ўртасида тасдиқланган шартномаларнинг мавжудлиги;

магистрлар тайёрлаш жараёнига энг юқори малакали ўқитувчилар, фан номзоди ва доцентлар, фан доктори ва профессорлар шунингдек, давлат ва жамиятни модернизация қилиш, бозор иқтисодиётини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ривожлантириш ва ахборотлаштириш шароитларида иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали амалиётчиларнинг жалб этилиши.


26. Магистратурада талабанинг шахсий иш режаси асосида таълим олишига илмий раҳбар масъул ҳисобланади.


27. Магистратура талабаси семестр давомида икки марта кафедра йиғилишида расмий ҳисобот беради. Талабалар ҳисоботини эшитиш жадвали кафедра мудири томонидан ишлаб чиқилади ва факультет декани (магистратура бўлими бошлиғи) томонидан тасдиқланади.

Кафедра мудири талабаларнинг фанларни ўзлаштириши, илмий ишлари ҳолати бўйича ҳар семестрда бир марта факультет илмий кенгаши (магистратура бўлими)га ҳисобот беради.

Талаба илмий раҳбар иштирокида семестрлар якунида факультет илмий кенгаши (магистратура бўлими)га магистрлик диссертациясининг бажарилиш ҳолати, илмий, услубий мақолалар тайёрланиши, ўтказилган ижодий ишлар кўриги ҳақида ёзма ҳисобот тақдим этади.


28. Магистратурада барча турдаги аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув ишларини ўз ичига олган ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 54 соатга тенг бўлиши лозим. Кундузги ўқув шакли учун аудитория машғулотлари ва илмий фаолиятнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат қилиб белгиланади. Ўқишнинг норматив муддати икки йил бўлган тақдирда ўқув жараёни 100 ҳафта давом этиши зарур.

Айрим соҳалар учун кадрлар тайёрлаш ва ўқитиш жараёнининг ўзига хос хусусиятлари, магистратурада таҳсил олиш муддатларини (3 йил) инобатга олиб, ўқув даврининг умумий ҳажмини назарий таълим, аттестация, амалиёт, таътил ва илмий фаолият тақсимотига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


29. Талабанинг умумий ҳафталик юкламаси 54 соат бўлган ҳолда аудитория ўқув юклама соатлари ҳажми 18 - 20 соатдан ошмаслиги лозим. Қолган вақт талабаларнинг мустақил ишлари, илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ва магистрлик диссертацияларини тайёрлашга ажратилади.

Қайд этилган ишлар кафедранинг доимий назорати остида ташкил этилади, календарь-тематик режалар ва қайд этиш журналлари юритилади.


30. Ўқув даври умумий ҳажмининг назарий таълим, амалий машғулот, илмий фаолият, малакавий амалиёт, якуний давлат аттестацияси ва таътиллар бўйича тақсимоти мазкур Низомнинг иловасида келтирилган жадвал бўйича амалга оширилади.


31. Талабалар ўзлаштириши рейтинг тизимига асосан баҳоланади.


32. Ўқиш даврида талаба магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларида белгиланган якуний давлат аттестация синовларини топширади ҳамда магистрлик диссертациясини тайёрлайди.

Якуний давлат аттестацияси тегишли фанлар бўйича ўқув жараёни тугаган семестрда ёки таълим дастури якунида топширилади.


33. Талабаларнинг мустақил иши ўқув режасидаги муайян фанни ўзлаштириш учун белгиланган ўқув ишларининг ажралмас қисми бўлиб, билимларни мустақил ўзлаштириш кўникмаларини шакллантириш, замонавий ахборот манбаларидан самарали фойдаланишга йўналтирилади.


34. Талабанинг мустақил иши ҳам барча ўқув фаолияти турларидек, рейтинг тизими асосида баҳоланади.



VI. ТАЛАБАЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


35. Магистратура талабалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фан, техника ва маданиятнинг замонавий тараққиёти даражасига мос келувчи билимларни олиш;

олий таълим муассасасининг муҳим масалаларини муҳокама этиш ва ҳал қилишда бевосита иштирок этиш;

кутубхонадан, ахборот ресурслари, ўқув, илмий, тиббий ва бошқа турдаги хизматлардан олий таълим муассасасининг уставида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

илмий-тадқиқот ишларида, конференция ва симпозиумларда иштирок этиш;

ўз ишларини нашрга тақдим қилиш;

олий таълим муассасаси маъмуриятининг қарорлари устидан шикоят қилиш;

талабалар учун белгиланган тартиб ва миқдордаги стипендия, шунингдек Давлат стипендиялари ҳамда ўқишга йўллаган юридик ва жисмоний шахслар тайинлаган стипендияларни олиш.


36. Талабаларнинг мажбуриятлари:

олий таълимнинг таълим дастурлари ва ўқув режасида назарда тутилган билимларни эгаллаш;

ўқув режасида назарда тутилган топшириқларнинг барча турларини белгиланган муддатда бажариш;

олий таълим муассасасининг Устави, ички тартиб қоидалари ва талабалар турар жойлари қоидаларига риоя этиш.



VII. АМАЛИЁТЛАР


37. Илмий педагогик ва касбий амалиётлар олий таълим муассасаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, буюртмачи ташкилот ва муассасалар илмий-тадқиқот институтлари, илмий марказлари, лабораториялари ва бўлинмаларида назарий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилади.

Амалиётлар икки томонлама ёки бошқа келишувлар асосида ўтказилиши ҳам мумкин.


38. Илмий-тадқиқот амалиёти:

магистратура мутахассислиги бўйича намунавий моделлар, объект ва жараёнларни тадқиқ қилиш усулларини ўрганиш;

тажриба тадқиқотларининг илмий-техник таъминотини ўрганиш;

тажриба тадқиқотларини ўтказиш;

тажриба тадқиқотлари натижаларини қайта ишлаш, таҳлил қилиш, хулоса ва тавсиялар тузиш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган бўлади.


39. Илмий-техника ва илмий-ижодий амалиёти:

ихтисослик мавзуси бўйича масалалар ҳолатини кўриш, таҳлил қилиш ва жамлашга доир тадқиқотларни ўтказиш;

ечилаётган мавзу бўйича илмий-ижодий, илмий-техник, техник-иқтисодий ва бошқа талабларни шакллантириш;

мавзу бўйича муқобил техник ечимларни кўриб чиқиш ва энг самаралигини танлаш;

самарали техник ва ижодий ечимнинг патент (муаллифлик)га лойиқлиги ва патент (муаллифлик) софлигини тадқиқ қилиш;

энг самарали муқобил ҳисоб, конструкторлик, технологик ва техник-иқтисодий, ижодий ечимларни ҳал этиш кўникмаларини шакллантиришни назарда тутади.


40. Илмий-педагогик амалиёт:

ихтисослик фанлари бўйича турли машғулотлар (маъруза, семинар, амалий иш, лаборатория иши ва бошқа илмий изланишлар)ни ўтказиш бўйича тажриба орттириш;

машғулотлар ўтказиш ва маърузалар матнларини тайёрлаш;

янги педагогик ва ахборот технологияларини ўрганиш ва қўллаш;

талабалар билимларини рейтинг баҳолаш тизимини ўрганиш ва амалда қўллаш;

талабалар мустақил билим олишининг ташкилий ва ўқув-услубий таъминотини ўрганиш ва амалда қўллаш;

услубий кўрсатмалар ишлаб чиқиш;

тарбиявий ишларни олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган бўлади.


41. Касбий амалиёт:

тегишли соҳа илмий-амалий муаммоларини ва истиқбол ривожланишини тушуниш, илмий-техник ривожланиш замонида ўз соҳасининг ўрни ва аҳамияти, мутахассислигини, бошқа соҳалар билан ҳамкорлигини назарда тутиш;

мутахассислиги бўйича тегишли меъёрлар ва расмий ҳужжатларни билиш ва уларга асосан ўз фаолиятини ташкил этиш;

назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш;

соҳа бўйича илм-фан ютуқларини билиш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш ва қўллаш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган бўлади.


42. Талабалар амалиётини ўтказилишини назорат этиш учун олий таълим муассасасида амалиёт раҳбари тайинланади. Амалиёт раҳбари кафедра йиғилишида ҳар ҳафта амалиётнинг ўтиши ҳақида ҳисобот бериб боради. Амалиёт тугагандан сўнг ҳар бир талаба амалиёт кундалиги ва амалиёт бўйича ҳисоботни белгиланган тартибда кафедрага топширади.



VIII. МАГИСТРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИ


43. Магистрлик диссертацияси (бундан кейин матнда диссертация иши деб юритилади) магистратурада таълим олаётган талабанинг якунловчи иши ҳисобланади. Диссертация иши талабанинг ўқиш даврида эгаллаган назарий ва амалий билимлари асосида бажарган илмий тадқиқот ишларининг натижасидир.


44. Диссертация иши мавзулари талабаларга биринчи ўқув йилининг иккинчи семестри (иккинчи ярми) бошлангандан кейин икки ҳафта давомида тақдим этилади.


45. Диссертация иши мавзуси ишлаб чиқариш, таълим, иқтисодиёт, фан-техника, ижтимоий соҳалардаги илғор ва долзарб масалаларга бағишланиб, муайян бир вазифанинг илмий асосланган ечимини топишга, тавсиялар ишлаб чиқишга, статистик маълумотлар таҳлилига қаратилган бўлиши шарт.


46. Кафедра тақдимномасига мувофиқ диссертация иши мавзулари ва илмий раҳбарлар олий ўқув юрти магистратура бўлими тавсияси асосида ректорнинг буйруғи билан тасдиқланади.


47. Магистрлик диссертациясини тайёрлаш жараёнида талаба:

илмий (ёки илмий-техник, илмий-ижодий) изланишлар олиб бориши, касбий муаммоларни кўра олиши ва уларни ечишнинг умумий усуллари ва йўлларини ўрганиши;

ўқув-тадқиқот давомида олинган ахборотларни матн ёки тасвирлар (чизма, расм) шаклида мужассамлантира олиши;

танланган мавзунинг долзарблигини асослаши;

соҳа бўйича ечилаётган илмий (ижодий) - техник масала ҳолатини таҳлил қилиши;

илмий-техник, техник-иқтисодий ва бошқа талабларни шакллантириши, қўйилган масалани ечиш услубларини кўриб чиқиши ва энг самаралигини аниқлаши;

энг самарали муқобил ечимни илмий, конструкторлик, технологик ва техник-иқтисодий жиҳатдан асослаб бериши;

энг самарали муқобил ечимнинг патентга лойиқлиги ва патент софлигини тадқиқ қилиши;

илмий-техник масала ечимининг натижалари бўйича хулосалар ва таклифларни шакллантириши ҳамда иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида қўллаш имкониятларини аниқлаши лозим.


48. Диссертация ишига раҳбарлик юқори малакали, фан доктори ёки фан номзоди илмий даражага эга бўлган кафедраларнинг профессор ва доцентлари, шунингдек, давлат ва жамиятни модернизация қилиш, бозор иқтисодиётини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ривожлантириш ва ахборотлаштириш шароитларида иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ва тармоқ илмий-тадқиқот институтлари илмий марказлари олимлари, конструкторлик бюролари ҳамда ишлаб чиқаришнинг юқори малакали амалиётчи мутахассислари томонидан амалга оширилади.


49. Бир ўқув йилида фан докторлари, профессорларга 5 тагача, фан номзодлари, доцентлар ва амалиётчи мутахассисларга 3 тагача магистрлик диссертацияларига раҳбарлик қилишга рухсат этилади.


50. Диссертация иши талабанинг ўқиган тилида (кафедра ёки магистратура бўлими тавсиясига мувофиқ хорижий тилларда ҳам) ёзилиши мумкин. Хорижий тилда бажарилган илмий ишга давлат тилида аннотация илова этилади ҳамда диссертация ҳимояси таржима билан ўтказилади.


51. Диссертация ишининг асл нусхаси ҳимоядан кейин олий таълим муассасасида сақланади.



IX. МАГИСТР ТАЙЁРЛАШ

СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


52. Магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ички назорат - олий таълим муассасаси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;

якуний давлат назорати - олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича давлат таълим стандартларига мувофиқ равишда ўқув фанлари бўйича давлат аттестацияси ва диссертация иши ҳимоясини ўз ичига олади;

давлат-жамоатчилик назорати - олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи, жамоат ташкилотлари ва кадрлар буюртмачилари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

ташқи назорат - Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.



X. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


53. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.


54. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бадиий академия, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат тест маркази билан келишилган.





Магистратура тўғрисидаги низомга

ИЛОВА


Магистрлик дастурининг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Назарий таълим ва амалий машғулот, жумладан жорий, оралиқ ва якуний аттестациялар

38 ҳафта

Илмий фаолият, жумладан:

- илмий-тадқиқот иши

- илмий-педагогик иш

- магистрлик диссертацияси ишини тайёрлаш

35 ҳафта

17 ҳафта

8 ҳафта

10 ҳафта

Малакавий амалиёт

8 ҳафта

Якуний давлат аттестацияси

3 ҳафта

Таътиллар

16 ҳафта

Жами

100 ҳафта


Фанлар блоклари бўйича таълим дастурининг

ТУЗИЛМАСИ

N

Блоклар ва фаолият турларининг

номлари

Умумий юклама ҳажми, соатда

1.

Умумметодологик фанлар

756

2.

Мутахассислик фанлари

1296

3.

Илмий фаолият,

жумладан:

илмий-тадқиқот иши

илмий-педагогик иш

магистрлик диссертацияси ишини тайёрлаш

1890


918

432

540

4.

Малакавий амалиёт

432

5.

Якуний давлат аттестацияси

162


Жами

4536


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 6-7-сон, 28-модда.







































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск