ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Алоҳида тоифадаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш /

Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун беморларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 08.01.2015 й. 2648-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 09.12.2014 й. 20-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 8 январда 2648-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2014 йил 9 декабрдаги

20-сон буйруғига

ИЛОВА



Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация

операцияларини ўтказиш учун беморларни

танлаб олиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарори билан тасдиқланган "Соғлом бола йили" Давлат дастури ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун беморларни танлаб олиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом талаблари давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирмайдиган, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Кохлеар имплантация операциялари икки томонлама сенсоневрал эшитиш пастлигининг III-IV даражалари қайд этилган ёки кар бўлган шахсларнинг (бундан буён матнда беморлар деб юритилади) эшитиш қобилиятини кўп каналли электрод ёрдамида ички қулоққа стимул бериш орқали тиклаш мақсадида ўтказилади.


3. Кохлеар имплантация операциялари Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ўтказилади.


4. Бемор болалар учун кохлеар имплантация операциясини ўтказиш ва кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари бепул амалга оширилади.

Кохлеар имплантация операцияси бемор бола 5 ёшга тўлгунга қадар ўтказилганда ижобий натижа беришини ҳисобга олиб, бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантантлардан самарали фойдаланиш учун улар 5 ёшга тўлмаган болаларга бепул тақдим этилади.

5 ёшга тўлмаган бемор болаларнинг ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийлари бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантант ҳисобига амалга ошириладиган кохлеар имплантация операциясини ўтказиш бўйича навбатни кутишни истамаган тақдирда, имплантантни ўзлари сотиб олишлари мумкин.

5 ёшга тўлган ва ундан ошган бемор болаларда кохлеар имплантация операцияси ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийларнинг истагига кўра ва улар томонидан имплантант сотиб олинган тақдирда ўтказилади.

Ёшидан қатъи назар, менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган бемор болаларда олти ой ичида кохлеар имплантация операцияси ўтказилади ва уларга имплантант бепул асосда тақдим этилади. Бемор бола менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган вақт унинг касаллик тарихидан кўчирмага асосан аниқланади.


5. Имплантант фақат битта қулоқ учун бепул тақдим этилади.

Оилада икки ёки ундан ортиқ 5 ёшга тўлмаган бемор бола бўлганда, кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида, имплантант бир календарь йилда улардан фақат биттасига бепул тақдим этилади.


6. Мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилмаган фуқаролар, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази тўғрисидаги низомнинг 9-бандига мувофиқ, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда кохлеар имплантация операцияси ва ундан кейинги реабилитация тадбирлари Марказ томонидан пулли асосда ўтказилади.


7. Бемор болаларнинг ёши улар мазкур Низомнинг 14-бандига мувофиқ кўрикдан ўтказилган сана бўйича белгиланади.



2-БОБ. КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ УЧУН БЕМОРЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИШ


8. Мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган бемор болаларни кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун Марказга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сон қарори билан тасдиқланган Имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш тартибига мувофиқ амалга оширилади.


9. Мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган беморларни кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун Марказга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


10. Кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун Марказга қабул қилинган барча беморлар Марказда аудиологик, нур диагностикаси, сурдопедагогик, логопедик, психоневрологик, умумий ва махсус клиник текширувлардан ўтказилади.



3-БОБ. КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯСИНИ

ЎТКАЗИШГА КЎРСАТМАЛАР ВА ҚАРШИ КЎРСАТМАЛАР


11. Қуйидаги ҳолатлар кохлеар имплантация операциясини ўтказишга кўрсатмалар ҳисобланади:

бола илк ёшидан эшитиш аппаратидан доимий равишда фойдаланган ва самараси паст бўлганлигига қарамасдан оғзаки кўникмалар шаклланганлиги;

эшитиш аппарати қўлланилганда кўп бўғинли сўзларни 40 фоиздан, бир бўғинли сўзларни 20 фоиздан кам бўлмаган даражада англаш;

фақат паст, ўрта частотали товушларни, 1-2 метр масофадан шартли рефлектор реакциялари ёрдамида юқори частотали товушларни қабул қила олиш;

паст, ўрта ва юқори частотали нонутқий товушларга 3 метрдан кам бўлмаган масофадан беихтиёр ва ихтиёрий реакциялар мавжудлиги;

баланд товуш ва овозларни эшитиш реакцияларининг ривожланишида ижобий ўзгаришлар мавжудлиги;

имо-ишорадан фойдаланмаган ҳолда сўзловчининг юзидан унинг сўзлаётганлигини тушуниш;

овоз фаоллигининг ошиши, ундош ҳарфларга артикуляция товушларининг мавжудлиги;

эшитиш аппаратидан уч ой мобайнида мунтазам фойдаланиш ижобий натижа бермаган ва нутқли аудиометрия маълумотларига кўра, очиқ танланган кўп бўғинли сўзларни англаш даражаси 30 фоиздан кам бўлган ҳолда фақат сўзсиз товушларга реакциянинг ижобий томонга ривожланганлиги;

акустик рефлексометрияда акустик рефлексларнинг қайд этилмаганлиги;

ушланилган чақирилувчи отоакустик эмиссиясида эшитиш потенциалларининг қайд этилмаганлиги;

эшитишнинг чақирилувчи қисқа частотали потенциаллари текширувида V даражали чўққи 30 - 80 децибелда эшитиш потенциаллари йўқлигининг қайд этганлиги;

модулланган оҳангда стационар чақирилувчи эшитиш потенциаллари қайд этилганлиги;

промонториал тест маълумотларига кўра, берилган электр таъсири натижасида эшитиш ҳиссиётининг пайдо бўлганлиги;

эркин товушлар майдонида товуш қабул қилиш даражаси 2000 ва 4000 Гц частоталарда 55 децибелдан юқорилиги;

нур диагностикаси маълумотларига кўра, кохлеовестибуляр патологияси, чиғаноқ ички юзасининг сезиларли облитерацияси ҳамда ретрокохлеар патологияларнинг йўқлиги.


12. Қуйидаги ҳолатлар кохлеар имплантация операциясини ўтказишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:

компьютер томографияси ва магнит резонанс томографияси натижаларига кўра, чиғаноқнинг электрод занжирини киритишга имкон бермайдиган даражада қисман ёки тўлиқ оссификацияси;

режали жарроҳлик муолажаларига мутлақ қарши кўрсатма бўлувчи соматик касалликларнинг (юрак-қон томирлари, буйрак ва жигарнинг оғир касалликлари, қон касалликлари, қандли диабет, сил, захм, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми ва бошқалар) мавжудлиги;

нутқнинг имо-ишора ва дактил нутқ асосида тўлиқ шаклланганлиги;

беморлар, бемор болаларнинг улар билан биргаликда яшовчи ота-оналарида кохлеар имплантация оперциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш ва кохлеар имплантантдан фойдаланишни қийинлаштирувчи руҳий ва чуқур неврологик бузилишлар (аутизм, шизофрения, психопатия, аутоагрессия, эпилепсия, тутқаноқ синдроми, электроэнцефалограммада аниқланган тутқаноққа мойиллик) мавжудлиги;

ретрокохлеар касалликлар мавжудлиги, аудитор нейропатиядан (чиғаноқ ёки эшитув нерви йўқлиги, эшитув тизимининг юқори сатҳларидаги шикастланишлар) ташқари;

беморларда, бемор болаларнинг ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийларида, кохлеар имплантация оперциясидан кейинги реабилитация тадбирларини ўтказиш имконияти ва истаги йўқлиги.


13. Мазкур Низомнинг 12-банди иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар кохлеар имплантация операцияларини ўтказишга мутлақ қарши кўрсатмалар ҳисобланади ва ушбу кўрсатмалар мавжуд бўлган беморлар қайта текширувдан ўтказилмайди, мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Электроэнцефалограммада тутқаноққа мойиллик аниқланган болалар камида олти ой давомида ўз яшаш жойида невропатолог мутахассисида даволанганидан кейин қайта электроэнцефалограмма текширувидан ўтишлари мумкин.



4-БОБ. КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯСИНИ

ЎТКАЗИШ УЧУН НАВБАТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


14. Кохлеар имплантация операциясини ўтказиш учун текширувдан ўтказилган бемор болалар кохлеар имплантация бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) томонидан кўрикдан ўтказилади.


15. Комиссия раис, раис ўринбосари ҳамда беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.


16. Комиссия мажлиси заруратга кўра ўтказилади.


17. Бемор болалар Марказга қабул қилинган сана бўйича, мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган текширувлар хулосалари ҳамда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тақдим этиладиган қуйидаги ҳужжатлар асосида Комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган бемор бола оиласининг мулкий аҳволи ҳақида маълумотнома;

бемор боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва нусхаси;

бемор боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт) ва нусхалари;

бемор боланинг охирги бир ой ичида олинган 3х4 см ҳажмдаги фотосурати.


18. Менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган бемор болалар Комиссия кўригидан ўтказиш учун навбатдан ташқари қабул қилинади.


19. Кўрикдан ўтказиш вақтида Комиссия томонидан бемор болада мавжуд бўлган кохлеар имплантация операциясини ўтказишга кўрсатмалар ва қарши кўрсатмаларнинг ҳар бири таҳлил қилинади. Кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра, Комиссия томонидан кохлеар имплантация операциясини ўтказиш ёки уни ўтказишни рад этиш ҳақида асослантирилган хулоса қабул қилинади.


20. Комиссия йиғилишига Комиссия раиси, Комиссия раиси бўлмаганда унинг ўринбосари раислик қилади. Комиссия хулосаси унда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.


21. Кохлеар имплантация операцияси Комиссиянинг кохлеар имплантация операциясини ўтказиш ҳақидаги ижобий хулосасига асосан навбатма-навбат ўтказилади. Бунда имплантантлар бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган ёки ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва ҳомийлар томонидан сотиб олинганлигига кўра алоҳида навбат шакллантирилади.


22. Бемор болалар Комиссия кўригидан ўтказилган сана бўйича, Комиссиянинг бир мажлиси давомида кўрикдан ўтказилган бемор болалар Марказга қабул қилинган сана бўйича навбатга қўйилади.


23. Ушбу боб талаблари мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган беморларга нисбатан татбиқ этилмайди. Ушбу беморларда кохлеар имплантация операцияси улар Марказга мурожаат қилган сана бўйича навбатма-навбат амалга оширилади.



5-БОБ. КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯСИДАН

КЕЙИНГИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ТАДБИРЛАРИ


24. Кохлеар имплантация операцияси ўтказилган уч ёшгача бемор болаларда уч йил, уч ва ундан катта ёшдаги беморларда камида беш йил давомида Марказ томонидан кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари ўтказилиши зарур.


25. Бемор, бемор болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари ҳақида Комиссия кўригидан ўтиш вақтида хабардор қилинишлари лозим.


26. Беморларнинг кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларида иштирок этишларини мониторинг қилиш мақсадида беморда кохлеар имплантация операцияси ўтказилганлиги ҳақида икки ҳафта ичида Марказ томонидан беморнинг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига хабар берилади.


27. Беморлар кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бошлаб тўрт ҳафта ичида нутқ процессорини ишга тушириш учун Марказга келишлари лозим.


28. Нутқ процессори Марказнинг аудиолог мутахассислари томонидан ишга туширилади. Нутқ процессорининг кафолати ва эҳтиёт қисмлари бемор, бемор боланинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ёзма равишда топширилади ҳамда уларга нутқ процессоридан фойдаланиш шартлари тушунтирилади.


29. Нутқ процессори Марказнинг аудиолог мутахассислари томонидан қуйидаги муддатларда созлаб турилади:

биринчи созлаш - нутқ процессори ишга туширилган пайтда, яъни кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бошлаб тўрт ҳафтадан кейин;

иккинчи созлаш - биринчи созлаш ўтказилган кундан ўн саккиз - йигирма кундан кейин;

учинчи созлаш - иккинчи созлаш ўтказилган кундан тўрт ҳафтадан кейин;

учинчи созлашдан кейинги созлашлар - кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бир йил давомида ҳар ойда, иккинчи йил давомида ҳар чоракда, учинчи йил давомида ҳар олти ойда.


30. Кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан уч йил ўтгач, нутқ процессори Марказнинг аудиолог мутахассислари томонидан ҳар йили бир марта профилактик кўрикдан ўтказилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


31. Кохлеар имплантация операцияси ўтказилишига муҳтож бўлган беморларни аниқлаш, уларнинг Марказга юборилишини таъминлаш ҳамда беморларнинг кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирларида иштирок этишини мониторинг қилиш бўйича масъулият туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари зиммасига юклатилади.


32. Бемор болаларни Марказга қабул қилиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сон қарори билан тасдиқланган Имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш тартибига мувофиқ юборилишини таъминлаш бўйича масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарлари зиммасига юклатилади.


33. Беморлар, бемор болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар нутқ процессори ва унинг эҳтиёт қисмларидан эҳтиёткорона фойдаланилиши учун масъулдирлар.


34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 12 январь, 1-сон, 12-модда









































Время: 0.2041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск