язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.12.1992 й. ПФ-519-сон "Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиши ("Ўзсаноатхўжаликқурилиш") давлат корпорацияси ташкил қилиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

25.12.1992 й.

N ПФ-519



ЎЗБЕКИСТОН САНОАТ ВА ХЎЖАЛИК

ҚУРИЛИШИ ("ЎЗСАНОАТХЎЖАЛИКҚУРИЛИШ")

ДАВЛАТ КОРПОРАЦИЯСИ ТАШКИЛ

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Бозор муносабатларига ўтиш шароитида саноат ва хўжалик қурилиши бошқарувини ташкил қилиш самарадорлигини ошириш, қурилиш ташкилотлари ва корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватини кучайтириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини кенгайтириш, инвестиция дастурларини амалга ошириш чоғида ташаббускорлик ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасининг Қурилиш вазирлиги тугатилсин.

Тугатилаётган вазирлик таркибига кирган пудрат ва ихтисослаштирилган қурилиш трестларининг, ишлаб чиқариш бирлашмалари ва корхоналарининг ихтиёрийлик асосида Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиши ("Ўзсаноатхўжаликқурилиш") давлат корпорацияси ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиши давлат корпорацияси:

саноат ва хўжалик иншоотлари қурилишини таъминлайдиган барча мулкчилик шаклидаги қурилиш ташкилотларини, бинокорлик саноати корхоналарини, транспорт, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган бошқа ташкилотларни акционерлик қоидалари асосида ихтиёрий равишда бирлаштиради;

юридик шахс ҳисобланади ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган корпорация Устави асосида амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг Қурилиш вазирлиги илгари тузган барча шартномалар ва қабул қилган мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлади;

бевосита корпорация таркибига кирувчи бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг давлат мулкини бошқаради, уларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда белгиланган тартибда иштирок этади.


3. Қуйидагилар "Ўзсаноатхўжаликқурилиш" корпорацияси фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

саноат ва хўжалик иншоотларини барпо этиш ҳамда уларни қайта қуриш бўйича корпорацияга кирган компаниялар, корхоналар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

инвестиция соҳасида ягона илмий-техникавий ва норматив сиёсатни ўтказиш, инвестиция циклининг тубдан қисқаришини таъминлайдиган қурилиш ҳамда бинокорлик конструкциялари тайёрлаш янги технологияларини ишлаб чиқиш;

иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш масалаларида илғор тажрибани ўрганиш ва ёйиш;

қурилиш машиналари, механизмларини, транспорт воситалари ҳамда махсус ускуналарни ишлаб чиқариш, фойдаланиш ва таъмирлашни ташкил қилиш;

инвестиция соҳасида бозор муносабатларини кенг жорий этиш, пудрат ишлари бозорини вужудга келтириш, курилиш ишларини бошқаришнинг илғор, иқтисодий усулларига ўтиш, давлатга қарашли пудрат қурилиш ташкилотларини ҳамда қурилиш саноати корхоналарини бошқа мулкчилик шаклларига айлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш;

бинокорлик материаллари ва конструкцияларини, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмларни етказиб берувчилар билан бевосита шартномавий муносабатларни ўрнатишда корпорация таркибига кирган корхоналар ва ташкилотларга кўмаклашиш, энг муҳим халқ хўжалиги иншоотлари қурилишини белгиланган тартибда маълум миқдорларда ажратиб бериладиган моддий-техника ресурслари билан таъминлаш;

корпорацияга кирган корхоналар ва ташкилотлар тадбиркорлик фаолияти ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишларида, хорижий шериклар ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги корхоналар билан қўшма корхоналар барпо этишда уларга амалий ёрдам бериш.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддат ичида Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиши ("Ўзсаноатхўжаликқурилиш") давлат корпорациясини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалаларига оид қарорни қабул қилиб, корпорациянинг тузилмаси ва Уставини тасдиқласин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1993 й., 2-сон, 77-модда