язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташишни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.01.2006 й. 11-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 31 январдаги

11-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида

йўловчилар ташишни амалга ошириш

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташишни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Тошкент шаҳрида, шу жумладан, шаҳар атрофида йўловчиларни автомобиль транспортида юридик шахслар томонидан тижорат асосида ташиш фаолияти лицензияланиши керак.

Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини тугатиш ва авария-қутқариш ва тиклаш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ ташишларни амалга оширишга, шунингдек "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган корхоналар ва муассасаларга лицензия олиш талаб этилмайди.


3. Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташишни амалга оширишга лицензиялар бериш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) томонидан қабул қилинади.


4. Тошкент шаҳрида, шу жумладан, шаҳар атрофида автомобиль транспортида йўловчилар ташиш ҳуқуқининг қуйидаги турлари учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади:

йўловчиларни шаҳарда ва шаҳар атрофида автобусларда ташиш;

йўловчиларни шаҳарда ва шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш;

йўловчиларни шаҳарда ва шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш.

Лицензиатнинг ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия билан биргаликда лицензия карточкалари берилади. Лицензия карточкаларини бериш тартиби Департамент томонидан белгиланади.

Лицензиатнинг лицензия карточкалари билан таъминланмаган автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда олган даромади (фойдаси) ноқонуний ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга олиб қўйилиши керак.


5. Лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензия берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси лицензиянинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Агар ашёвий ҳуқуқларнинг ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати лицензиянинг амал қилиш муддатидан кам бўлса, лицензия карточкасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади. Лицензия карточкасининг амал қилиши лицензия карточкаси берилган кундан бошлаб ҳисобланади.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Қуйидагилар Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланишда, уларни керакли нарсалар билан таъминлашда қонун ҳужжатларига, ташиш қоидаларига, экология талабларига мажбурий риоя қилиниши, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши;

б) юридик шахснинг штатида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган, тегишли лавозимни эгаллаш ҳуқуқи учун Департамент томонидан белгиланган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг мавжуд бўлиши;

в) лицензиат фойдаланаётган ҳар бир автотранспорт воситасида лицензия карточкаси мавжуд бўлишини таъминлаш;

г) юридик шахс ходимларининг автомобиль транспортида тегишли ташишларни амалга ошириш чоғида қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги;

д) қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли ташилиши;

е) тендер натижалари бўйича Департамент билан шартнома асосида йўловчиларни автомобилда мунтазам ташиш (енгил автомобиль таксилардан ташқари);

ж) ташиш хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

з) янгидан олинаётган ва тўлдирилаётган автотранспорт воситаларига лицензиатлар томонидан қўшимча лицензия карточкалари ўз вақтида олиниши.

Лицензия битимида мазкур бандда санаб ўтилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


7. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (юридик манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

в) мавжуд автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг тегишли бўлинмаси томонидан берилган белгиланган шаклдаги автотранспорт воситаси техник жиҳатдан соз эканлиги тўғрисида белги қўйилган автотранспорт воситаси техник паспортининг ёки автотранспорт воситалари гуруҳи техник кўрикдан ўтказилганлиги далолатномасининг нусхаси;

г) лицензия талабгорида ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш пунктлари ёхуд лицензия талабгорининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги шартномаси нусхаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар;

д) юридик шахс ходимлари касб малакасининг белгиланган талаблар ва шартларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

е) юридик шахснинг йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши учун масъул бўлган мансабдор шахсларининг тегишли аттестациядан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

ж) ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

8. Ҳужжатлар Департаментга лицензия талабгори томонидан лицензиялаш бўлимига бевосита, ёхуд улар олинганлигини тасдиқловчи билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали берилади.

Ҳужжатлар Департаментнинг масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


9. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун ўнтагача автотранспорт воситасидан фойдаланувчи юридик шахслардан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида, ўнта ва ундан ортиқ автотранспорт воситаларидан фойдаланувчи юридик шахслардан - энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.

10. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси Департаментнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади. Юридик шахс ўз ҳужжатларини кўриб чиқиш даврида берилган аризадан воз кечган тақдирда йиғим қайтарилмайди.

11. Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташишни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


12. Лицензия бланкалари ва лицензия карточкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланиш даражасига эга бўлади. Лицензия бланкалари ва лицензия карточкалари намуналари Департамент томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда унинг буюртмасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензия бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун Департамент раҳбари жавоб беради.


13. Лицензия талабгорига шаҳарда автомобиль транспортида йўловчилар ташишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Департамент лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.


14. Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома банк ҳисоб рақамининг реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).

Лицензия ва лицензия карточкалари Департамент томонидан лицензия талабгори давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этгандан ва лицензия битимини имзолагандан кейин икки кун муддатда расмийлаштирилади.

Лицензия Департамент бошлиғи (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади ва лицензиатларга Департамент томонидан берилади.


15. Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан бошлаб уч ой мобайнида Департаментга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёхуд лицензия битимини имзоламаган тақдирда, Департамент лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


16. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


17. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек Департамент мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


18. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси билан биргаликда барча зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯ БИТИМЛАРИ, ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


19. Лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи лицензия битимлари Департамент ва лицензиат ўртасида тузилади ҳамда уларда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг (ёки фаолият тури қисмларининг) номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини Департамент томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва Департамент учун бир нусхадан тузилади.


20. Лицензиат - қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида Департаментга ариза бериши шарт.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат лицензияда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


21. Департамент лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш Департамент томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.


22. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензиат томонидан Департаментга лицензиянинг амал қилиш муддати тамом бўлишига қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


23. Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган амал қилиш муддати тугамаган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

Лицензия дубликатлари беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


24. Лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишда Департамент:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширади;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текширади;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўлувчи масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўрайди ва олади;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузади;

лицензия талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқаради, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўхтатиш, ёхуд лицензияни бекор қилиш масаласи бўйича қарор чиқаради ёки судга мурожаат қилади;

Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини лицензиясиз амалга оширишнинг аниқланган ҳолатлари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирлар кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юборади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


25. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Департаментнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Департамент лицензиат олдида лицензиатга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.


26. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.


27. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


28. Департамент белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензия берилган сана ва унинг тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

умуман фаолият турига лицензия бериш тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси.


29. Лицензиялар реестридаги мавжуд маълумотлар юридик ва жисмоний шахсларнинг у билан танишиши учун очиқ ҳисобланади, юридик ва жисмоний шахслар лицензиялар реестридан маълумотларни аниқ лицензиатлар тўғрисидаги кўчирма сифатида Департаментга ҳақ тўлаб олишга ҳақлидир.

Лицензиялар реестридан ахборот берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдоридаги тўлов Департаментнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига лицензиялар реестридан ахборот текин берилади.



IX. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


30. Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида йўловчилар ташишга лицензиялар берилганлиги ва уларнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун давлат божи Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда ундирилади. Автотранспорт воситалари сони тўлдирилган (кўпайтирилган) тақдирда давлат божи ҳар бир лицензия карточкаси учун қўшимча равишда ундирилади.

Лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи маблағлари Департаментнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади, унинг 75 фоизи республика бюджетига йўналтирилади, қолган маблағлар Департамент томонидан белгиланган тартибда Тошкент шаҳрида йўловчилар ташиш транспортини ривожлантириш учун фойдаланилади, маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган сметага мувофиқ Департамент харажатларига сарфланадиган қисми бундан мустасно.



X. ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ОРГАННИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


Мазкур Низом нормалари ҳамда фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун Департамент белгиланган тартибда жавоб беради. Бунда лицензия талабгорлари ҳужжатларидаги лицензия талабгорларига боғлиқ бўлмаган ҳолда юз берган камчиликлар ва бошқа ноаниқликларни бартараф этиш Департамент томонидан амалга оширилади.





Низомга

ИЛОВА



Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар

ташишни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Лицензия талабгори

1. Тошкент шаҳрида автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Ҳужжатларни Департаментнинг лицензиялаш бўлимига бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.

Лицензия талабгори хоҳишига кўра































2-босқич

Департамент

1. Масъул котиб ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

3. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин лицензия талабгорлари томонидан ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади.

- ҳужжатлар қабул қилинган кунда;

- ариза олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

- ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 5 кун мобайнида





























3-босқич



Департамент

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

- тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида































Лицензиат

1. Департаментга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Департамент лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қилишга ҳақлидир.

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома юборилган пайтдан бошлаб 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда



































4-босқич

















Лицензия талабгори

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга топшириш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларнинг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда






























5-босқич

Департамент

1. Лицензиат лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ҳамда лицензия битимини имзолангандан кейин тегишли лицензия бланкаларини ва лицензия карточкаларини расмийлаштиради.

2. Имзоланган лицензия ва лицензия карточкаларини лицензиатга беради.

- лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин 2 кун муддатда



































6-босқич




Департамент бошлиғи (унинг ўринбосари)



Департамент томонидан расмийлаштирилган лицензия ва лицензия карточкаларини имзолайди.


- лицензия расмийлаштирилгандан кейин бир кун муддатда













"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 4-5-сон, 29-модда.