язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.09.2007 й. ПҚ-699-сон "Хитой Тараққиёт давлат банкининг кредитидан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.09.2007 й.

N ПҚ-699



ХИТОЙ ТАРАҚҚИЁТ ДАВЛАТ

БАНКИНИНГ КРЕДИТИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Хитой Тараққиёт давлат банкининг Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкига бериладиган кредит мажбурияти маблағларини самарали ўзлаштириш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан 2007 йилнинг 14 августида Хитой Тараққиёт давлат банки билан 60 млн. АҚШ доллари миқдорида, 2,5 йил имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олганда 12 йил муддатга, Ўзбекистон Республикаси кафолатини бермаган ҳолда кредит маблағларини жалб этиш тўғрисидаги қарз битими имзоланди;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, Хитой Тараққиёт давлат банкининг мазкур кредит мажбурияти бўйича олинган фоизлар ва бошқа тўловлардан иборат даромадлари Ўзбекистон Республикасида тўлов манбаидан даромад (фойда) солиғига тортилмайди.


2. Белгилансинки, Хитой Тараққиёт давлат банкининг кредит мажбурияти маблағлари қуйидаги асосий йўналишлар бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади:

мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш учун мини-технологиялар ва мўъжаз жиҳозларни харид қилиш;

маҳаллий хомашё чуқур қайта ишланадиган замонавий, маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқаришларни яратиш;

қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, жумладан, уларнинг янги турларини чиқаришни ўзлаштириш;

тайёр озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш;

хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, шу жумладан туризмни ривожлантириш.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Хитой Тараққиёт давлат банкидан жалб этилаётган кредит мажбурияти маблағлари ҳисобидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 7 йилгача бўлган муддатга 100 мингдан 1 млн. АҚШ долларигача миқдорда кредит бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


4. Хитой Тараққиёт давлат банки томонидан берилган кредит бўйича тасарруф этувчилик вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки:

берилган кредитлар бўйича тушадиган маблағларнинг жамланиши ва Хитой Тарақкиёт давлат банки томонидан ажратилган қарз маблағларининг ўз вақтида тўланишини таъминласин;

мазкур масала бўйича маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили тақдим этиб турсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Хитой Тараққиёт давлат банки билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодай фаолият Миллий банки ўртасида тузилган қарз битимини белгиланган тартибда рўйхатга олсин.


6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 йил, 9-сон, 465-модда.