язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Умумий қоидалар/ Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.11.2003 й. 534-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 28 ноябрдаги

534-сон қарорига

ИЛОВА



Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича

Ўзбекистон Республикаси кафолатларини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Жалб этиладиган хорижий кредитлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси резидентларининг мажбуриятлари бўйича кредиторларга Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш тартибини белгилайди.


2. Юридик шахслар - резидентлар мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари хорижий кредиторларга хорижий давлатлар, банклар ёки юридик шахслар билан тузилган ташқи қарзларни олиш тўғрисидаги шартномалар бўйича берилади.

Истисно ҳолларда Ўзбекистон Республикаси кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинган хорижий кредитларни қайта молиялаштириш ёки улар бўйича давлат бюджети маблағлари кредитларни қайтариш манбаи этиб белгиланган стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларнинг молиялаштирилишини таъминлаш учун берилади.


3. Ўзбекистон Республикаси кафолатлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган давлат ташқи қарзининг чекланган миқдори доирасида берилади.


4. Ўзбекистон Республикаси кафолатлари фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида берилади.

Хорижий кредитлар ва қарзлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш тўғрисидаги таклифлар Вазирлар Маҳкамасига фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича техник-иқтисодий асослашга доир материалларни, шунингдек уларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси резидентларининг норезидентлар олдидаги бирон-бир мажбуриятлари назарда тутиладиган ҳужжатларни олдиндан кўриб чиқади ва улар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса киритади.

Ўзбекистон Республикаси кафолатлари, қоидага кўра, устав жамғармаларидаги давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахсларнинг лойиҳаларини таъминлаш учун берилмайди, Ҳукумат қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5. Ўзбекистон Республикаси кафолатлари хорижий кредиторларга қарз олувчи томонидан кредитор тўғрисида кейинги уч молия йили учун эълон қилинган йиллик ҳисоботлар асосида ахборот тақдим этилган тақдирда берилади.


6. Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган кредит (қарз битимлари шартларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек ушбу битимлар шартларининг ўзгартирилиши билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ёки Бош вазирининг ёзма топшириғига кўра амалга оширилади.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КАФОЛАТЛАРИНИ

ОЛИШ УЧУН МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

ВА УЛАРНИ БЕРИШ ШАРТЛАРИ


7. Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилингандан кейин Ўзбекистон Республикаси кафолатларини олиш учун қарз олувчи, хорижий кредит қайта молиялаштирилган тақдирда эса - субқарз олувчи билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) уларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси резидентларининг норезидентлар олдидаги бирон-бир мажбуриятлари назарда тутилган ҳужжатлар, улар асосида ташқи қарзлар жалб этиладиган ёки улар бўйича жалб этиладиган ташқи қарзлар олиниши муносабати билан қарз олувчи (субқарз олувчи) мажбуриятлари пайдо бўладиган ҳужжатларнинг асл нусха тилидаги нусхалари, шунингдек уларнинг расмий тасдиқланган давлат ёки рус тилига таржимаси, шу жумладан:

кредит (қарз/субқарз) битими лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси кафолати ва кафолат битими матнлари;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг контрактлар бўйича хулосалари;

б) жалб этиладиган кредитларни ўзлаштириш ва қайтаришнинг қарз олувчи томонидан имзоланган прогноз жадваллари;

в) лойиҳани молиялаштиришнинг барча манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

г) қарз олувчи (субқарз олувчи) ва/ёки Кафолатчи томонидан қабул қилинадиган мажбуриятларга тааллуқли бошқа ҳужжатлар.

Агар Ўзбекистон Республикаси кафолати базис (келишилган) кредит (қарз) битимлари бўйича бериладиган бўлса, у ҳолда фақат ушбу банднинг "а" кичик банди иккинчи хат бошида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилади.

Базис (келишилган) кредит (қарз) битими дейилганда аниқ лойиҳалар кўрсатилмасдан, молиялаштиришнинг умумий шартлари белгиланадиган, банклар ўртасида имзоланадиган битим тушунилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб икки ҳафта муддатда:

мулоҳазалар ва таклифлар мавжуд бўлган тақдирда уларни қарз олувчига (субқарз олувчига) пухта ишлаш учун ёзма равишда жўнатади;

мулоҳазалар мавжуд бўлмаганда Ўзбекистон Республикаси кафолатини беришга тайёр эканлик тўғрисида тегишли тасдиқнома-хатни жўнатади.


9. Молия вазирлигининг тегишли тасдиқнома-хати олингач қарз олувчи хорижий кредитор билан кредит (қарз) битимини тузади, битимнинг асли ва нусхаси тақдим этилгандан кейин Молия вазирлиги қарз олувчи (субқарз олувчи) билан бир ҳафта муддатда кафолат битимини тузади.


10. Кафолат битими тузилгач Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги уч кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси кафолатини ва кредит (қарз) битимни расмийлаштиради ҳамда рўйхатдан ўтказади, сўнгра Ўзбекистон Республикаси кафолатини ва кредит (қарз) битимининг асл нусхасини хорижий кредиторга тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси кафолати ва кредит (қарз) битими алоҳида дафтарларда рўйхатдан ўтказилади, уларда кафолатнома беришга ва кредит (қарз) битимини имзолашга асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан сана ва унинг тартиб рақами, кафолатланган мажбуриятлар миқдори, кафолатнинг рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами ва берилган санаси, кредит (қарз) битимининг рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами, хорижий кредитор, хорижий кредит қайта молиялаштирилган тақдирда эса - республиканинг қайта молиялаштирувчи тижорат банки, қарз олувчи (субқарз олувчи) - Ўзбекистон Республикаси резиденти кўрсатилади. Кўрсатиб ўтилган дафтарлар тартиб рақами қўйилган , ип ўтказиб тикилган, Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан имзоланган ва Молия вазирлигининг гербли муҳри қўйилган бўлиши керак.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва қарз олувчи (субқарз олувчи) ўртасида тузиладиган кафолат битимига мувофиқ, қарз олувчи (субқарз олувчи):

а) тўловларни ўз вақтида амалга ошириши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган кредит (қарз/субқарз) битимида назарда тутилган барча мажбуриятларни бажариши;

б) бошқа кредит (қарз)ларни Молия вазирлиги билан келишган ҳолда жалб этиши шарт;

в) қарз олувчи томонидан Молия вазирлиги олдидаги шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда қарз олувчи Молия вазирлиги билан келишмасдан фойдани тақсимлаш ва бошқа қарзлар бўйича тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.


12. Молия вазирлиги пул маблағларини қарз олувчининг ва субқарз олувчининг (субқарз олувчининг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолати берилган тақдирда) исталган ҳисоб рақамидан исталган валютада сўзсиз ундириш ҳуқуқига эга.

Қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг ҳисоб рақамларидан пул маблағларини кўчириш тўловларни бюджетга кўчириш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


13. Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган хорижий кредитларни ҳисобга олиш ва уларнинг ҳаракатини кузатиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда мазкур кредитларга хизмат кўрсатувчи ваколатли банклар томонидан амалга оширилади.


14. Қарз олувчи кафолат амалда бўлган муддат мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:

қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган мажбуриятлари бажарилиши тўғрисида Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган шакл бўйича ҳисоботларни ҳар ойда, ойнинг бешинчи кунидан кечикмай;

қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг аудитор ташкилот томонидан тасдиқланган молиявий ҳисоботини ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июлидан кечикмай тақдим этиши шарт.