язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.12.1999 й. 521-сон "Ўзбекистон Республикасига узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб қилиш ва улардан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.12.1999 й.

N 521



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА УЗОҚ

МУДДАТЛИ ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАРНИ

ЖАЛБ ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Япония ва Корея Республикаси ҳукуматлари томонидан берилаётган узоқ муддатли имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланишни ва уларнинг ўз вақтида қайтарилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Япония ва Корея Республикаси ҳукуматлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 40 йил муддатга берилаётган узоқ муддатли имтиёзли кредитларнинг, иқтисодий самарадорлиги юқори даражада бўлган устувор лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилаётган йиллик ставкаси 3 фоизгача бўлган имтиёзли давр ҳам шу жумлага киради, қарз олувчиси ҳисобланади;

Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш бўйича ҳамкорлик фонди билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан молиявий муассасаларнинг махсус миссиялари билан ишлаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Молия вазирлиги, ваколатли банклар ва лойиҳаларнинг ташаббускорлари бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, ваколатли банклар, хорижий маслаҳатчилар ва лойиҳаларнинг ташаббускорлари бўлган ташкилотларнинг вакиллари иштирокидаги махсус идоралараро гуруҳ таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар доирасида лойиҳалар тайёрланишини, келишиш тартибига риоя этилишини, уларнинг ҳаракати ва амалга оширилишини ташкил этиш гуруҳнинг асосий вазифаси ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

умумий шартларга ва маблағ билан таъминлашнинг ихтисослаштирилган дастурлари хусусиятларига жавоб берувчи лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишининг тезкор экспертизаси белгиланган тартибда ташкил этилишини;

кредитлар олиш ва қарз битимларини имзолашга тайёрлаш юзасидан зарур тартиботлар ўз вақтида расмийлаштирилишини;

жалб этилаётган кредит ресурслари бўйича Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари кафолатланиши билан боғлиқ ҳужжатларнинг тезликда тайёрланишини;

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги экспертлари ва хорижий молиявий муассасалар тегишли бўлинмалари мутахассислари жалб қилинган ҳолда янги лойиҳалар тайёрланишида вазирликлар ва идораларга кўмаклашишни;

Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти билан ўзаро ҳамкорликда, узоқ муддатли имтиёзли кредит бериш ҳажмларини кўпайтириш юзасидан Япония ва Корея Республикаси ҳукуматларининг ваколатли агентликлари билан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказилишини;

Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастурлари департаменти томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар амалга оширилишининг давлат мониторинги доирасида қарз маблағлари ўзлаштирилишининг бориши, шу жумладан тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши ва кредитлар қайтарилиши устидан қаттиқ мониторинг ўтказилишини таъминласин.


4. Кўрсатиб ўтилган функцияларни бажариш ва молиявий кўмаклашиш дастурларини самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

вазирлик тузилмасида ходимларнинг штатда белгиланган сони доирасида узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари экспертизаси ва молиявий мониторинги бўйича махсус бўлинма ташкил этсин;

қўшма лойиҳаларни тайёрлаш муддатларини жадаллаштириш ва уларни рўёбга чиқариш сифатини ошириш мақсадида, узоқ муддатли имтиёзли кредит ресурслари бераётган мамлакатлардан мутахассисларни ташкил этилаётган бўлинманинг маслаҳатчилари сифатида техник ҳамкорлик грантлари асосида жалб этсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                               И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 7 декабрдаги

521-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги махсус идоралараро гуруҳ

ТАРКИБИ

      

Гуськова Т.Н.

-

Молия вазирининг биринчи ўринбосари, гуруҳ раҳбари


Рўзиқулов У.У.

-

Молия вазирлигининг валюта-иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи


Исломхўжаев Ҳ.С.

-

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ташқи иқтисодий алоқаларни таҳлил қилиш ва уларнинг истиқболлари бош бошқармаси бошлиғи


Очилов М.Қ.

-

Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг инвестиция дастурлари бўлими бошлиғи


Зимин П.Е.

-

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш маркази директори


(келишув бўйича)

-

Япония Ҳукуматининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлаш бўйича эксперти, гуруҳ маслаҳатчиси


(келишув бўйича)

-

Корея Ҳукуматининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлаш бўйича эксперти, гуруҳ маслаҳатчиси


Изоҳ: Гуруҳ таркибига лойиҳаларнинг ташаббускорлари бўлган ташкилотлар раҳбарларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлар доирасида ҳамкорлик дастурлари амалга оширилиши учун масъул бўлган ўринбосарлари киритилади.