язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.07.1993 й. 338-сон "Россия Федерацияси Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикаси берилган Давлат кредитидан фойдаланиш ва уни тўлаш тартиби ҳамда собиқ ССР Иттифоқи республикалари билан ҳисоб-китобларни тартибга солиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.1993 й.

N 338



РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ҲУКУМАТИ

ТОМОНИДАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БЕРИЛГАН ДАВЛАТ КРЕДИТИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ВА УНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ҲАМДА СОБИҚ ССР

ИТТИФОҚИ РЕСПУБЛИКАЛАРИ БИЛАН ҲИСОБ-

КИТОБЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА



Россия Федерациясининг хўжалик юритувчи субъектлари билан иқтисодий алоқалар узилаётган шароитларда республика халқ хўжалигининг барқарор фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилаб қўйилсинки, Россия Федерацияси Ҳукумати томонидан "Россия Федерацияси рубли"да нақд пулсиз берилган 125 млрд сўм миқдоридаги давлат кредити фақат давлат эҳтиёжлари учун ғoят муҳим бўлган моддий ресурслар сотиб олишга, Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалигининг устивор тармоқларининг бир маромда ишлашини таъминлашга йўналтирилади. Давлат кредити ва ҳукуматлараро битимларга мувофиқ қўшилган фоизлар Ўзбекистон Республикаси томонидан "Россия Федерацияси рублларида" ёки эркин алмаштириладиган валютада тўланади.


2. Берилган кредит маблағлари иловага* мувофиқ маҳсулотларнинг энг муҳим турларини сотиб олишга йўналтирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки давлат кредитҳисоб-китобларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг вакил банки этиб белгилансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

давлат кредити ҳисобига ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун Россия Федерациясининг вакил банкида алоҳида счёт очсин;

давлат кредитининг ҳақиқатда фойдаланилган суммасини Россия Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича "Россия Федерациясининг рублларида" ва АҚШ долларида бир йўла ҳисобга олиб бориш ва солиштириб чиқишни таъминласин;

фойдаланилган маблағларни ҳисобга олиб бориш учун Молия вазирлигига мазкур счётдан мунтазам равишда кўчирма бериб турсин.


5. Вазирликлар ва идоралар, Марказий банк ва тижорат банклари давлат кредитини мазкур қарорнинг иловасига қатъий мувофиқ, равишда расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш устидан назоратни кучайтирсинлар.

Давлат кредити вазирликларга ва идораларга Молия вазирлиги билан кредит шартномаси тузилганда ҳамда Ўзбекистон Республимасининг қонуний тўловларида берилган кредитнинг эквиваленти улар томонидан Молия вазирлигининг махсус бюджетдан ташқари счётига аванс тарзида ўтказиб турилган тақдирда берилсин.

Берилган кредит бўйича Молия вазирлиги билан узил-кесил ҳисоб-китоблар, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, республика Марказий банки томонидан, ҳукуматлараро кредитга хизмат кўрсатиш бўйича фоиз ставкаларини ҳисобга олган ҳолда, алмашиш курси аниқлангандан кейин амалга оширилади.


6. Республика Марказий банки ва Молия вазирлиги Россия Федерациясининг Марказий банки ва Молия вазирлиги билан биргаликда давлат кредити бўйича счётларнинг ва ҳисоб-китобларнинг, шу жумладан, улар бўйича устамалар ва фоизларни тўлашнинг техник тартибини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


7. Вазирликлар, идоралар, бирлашмалар ва корхоналарнинг раҳбарлари, "Ўздеҳқончиликсаноатбанк", "Ўзсаноатқурилишбанк" Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки шахсан жавобгарликни ўз зиммаларига олган ҳолда:

Россия Федерацияси Ҳукумати томонидан берилган давлат кредити ҳисобига корхоналарнинг бир маромда ишлаши учун зарур бўлган энг танқис моддий ресурсларни келтириш бўйича шартномалар ва контрактларнинг қатъи бажарилишини таъминласинлар. Тижорат банклари ҳар ойнинг 10-кунидан кечикмай Марказий банкка давлат кредитидан фойдаланиш тўғрисида ахборот бериб турсинлар.


8. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, "Ўзшартномасавдо" уошмаси, вазирликлар, идоралар, бирлашмалар ва корхоналар Молия Вазирлиги, Марказий банк ва бошқа банклар билан биргаликда:

Россия Федерациясидан маҳсулот ва товарлар келтиришни қисқартириш чора-тадбирларини амалга оширсинлар, бунда бартер асосида товарлар алмашиш аъмолларидан фойдалансинлар;

1993 йилнинг охиригача МДҲ мамлакатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро маҳсулотлар етказиб беришда ижобий баланс таъминлансин. Унинг қандай бажарилаётгани ҳақида шу йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


9. Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда илгари берилган ва Россия Федерацияси билан тузилган Битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи сифатида қайта расмийлаштирилган 237 млрд сўм миқдоридаги техник кредитни тўлаш ва унга хизмат кўрсатиш тўғрисида 1 октябргача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Молия вазирлиги республика валюта режасини ва тўлов балансини шакллантиришда 1995 йилдан бошлаб ҳар йили давлат кредитини тўлаш харажатларини кўзда тутсин.


11. Ўзбекистон Республиксининг ва собиқ ССР Иттифоқи бошқа республикаларининг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солиш мақсадида, уларда ўзларининг нақд пулсиз рублларининг ёки миллий валюталарининг ишлатилишини ҳисобга олган ҳолда Марказий банкда илгари СССР таркибида бўлган республикаларнинг Давлат валюта жамғармалари ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

республиканинг хўжалик юритувчи субъектлари адресига келиб тушадиган барча экспорт тушумлари Марказий банк томонидан кўрсатилган жамғармага ўтказилади, айни бир вақтда унинг эквиваленти уларнинг счётларида Марказий банкнинг маблағ келиб тушган кундаги расмий курси бўйича нақд пулсиз "Ўзбекистон сўмлар"ида акс эттирилади;

Давлат заҳира жамғармасидан чет эл валютасини сотиш Марказий банк томонидан валюта биржаси орқали амалга оширилади;

сотиб олинган чет эл валютасидан бир ой мобайнида чет эллик маҳсулот етказиб берувчилар билан тузилган контрактларни тўлашда фойдаланилиши керак.

Ушбу муддат тугагач у Марказий банкка расмий курс бўйича мажбурий тартибда сотилади;

хўжалик юритувчи субъектлар - маҳсулотни экспорт қилувчилар нақд пулсиз валюталар сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқлардан фойдаланадилар.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ресурслар, моддий-техника таъминоти ва битимлар бўлими "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, "Ўзшартномасавдо" уюшмаси билан биргаликда Марказий банк томонидан "Россия Федерацияси рубллари"да ёки республикалар валютасининг Давлат заҳира жамғармасидан собиқ ССР Иттифоқи бошқа республикаларининг миллий валютасида пул тўланадиган, стратегик жиҳатдан муҳим маҳсулотлар рўйхатини 1993 йил 10 июлгача аниқласин.


13. Вазирликлар, идоралар, концернлар, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг олдиндан пул тўлаган ҳолда республика ташқарисидан товар ва моддий бойликларни ҳамда республика ташқарисига жўнатилган маҳсулотлар эвазига тўловларни ўз вақтида олиш учун масъулияти уларни етказиб бериш ёки ҳақини тўлашнинг 60 кунлик муддатини ўтказиб юборганлик учун жарима санкциялари белгилаш йўли билан оширилсин. Жарима санкцияларини тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланади.


14. Марказий банк 1993 йил 10 июлгача ушбу қарорни амалга оширишнинг техник тартибини ишлаб чиқсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг марказий аппаратида собиқ ССР Иттифоқи республикалари билан давлатлараро ҳисоб-китоблар ва қарзлар бўйича хизмат кўрсатиш бошқармаси тузилсин, ундаги ходимларнинг чекланган сони 10 нафарга кўпайтирилсин.


16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт ҳамда Ресурслар, моддий-техника таъминоти ва битимлар бўлимларига юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                        И. Каримов



*) Илова берилмайди.