язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.11.2007 й. ПҚ-724-сон "Тез ҳамда шошилинч тиббий ёрдам хизматларини санитар автотранспорти билан жиҳозлаш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.11.2007 й.

N ПҚ-724



ТЕЗ ҲАМДА ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ

ХИЗМАТЛАРИНИ САНИТАР АВТОТРАНСПОРТИ

БИЛАН ЖИҲОЗЛАШ УЧУН КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУКУМАТИНИНГ ГРАНТИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШНИ         ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг тез ҳамда шошилинч тиббий ёрдам хизматларини санитар автотранспорти билан жиҳозлаш учун берилаётган Корея Республикаси Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Корея Республикаси Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 2007-2008 йиллар даврида умумий суммаси 2,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 100 дона санитар автотранспорти етказиб бериш бўйича грант ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.


2. Белгилансинки, Корея Республикаси Ҳукумати гранти доирасида бериладиган 100 дона санитар автотранспорти иловага* мувофиқ тақсимланган ҳолда Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри тез ва шошилинч тиббий ёрдам хизматларини жиҳозлашга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитар автотранспорти иловага мувофиқ мақсадли тақсимланиши ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдам хизматларида тегишли равишда фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимовга Корея Республикаси Ҳукуматининг мазкур грантини олиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолаш ваколати берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига грантни олиш учун зарур бўлган барча тартиб-қоидаларни Корея томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш вазифаси юклансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун тасдиқланган бюджет маблағлари доирасида грант маблағлари ҳисобидан олиб келинадиган санитар автотранспортини ҳудудларга етказиб бериш, шунингдек унга кейинги техник хизматлар кўрсатиш бўйича сарф-харажатларни молиялаштиришни назарда тутсин.


6. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси грант доирасида етказиб бериладиган санитар автотранспортини темир йўл стан цияларида йиғимлар олмаган ҳолда тушириш ва сақлаш ишлари амалга оширилишини таъминласин.


7. Грант доирасида олиб келинадиган санитар автотранспорти божхона расмийлаштируви йиғимларидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатга олишда йиғимлар ва бож ҳақи тўлашдан озод этилсин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, грант маблағлари ҳисобидан олиб келинадиган товарлар қўшилган қиймат солиғидан, акциз солиғи ва импорт учун бож ҳақи тўлашдан озод этилиши маълумот учун қабул қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабномаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳанинг хорижий иштирокчиларига кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек яшаш жойида вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 йил, 11-сон, 575-модда.