язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.07.2006 й. ПҚ-421-сон "Туман ва шаҳар марказий касалхоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларини Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида тиббий ускуналар билан жиҳозлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.07.2006 й.

N ПҚ-421



ТУМАН ВА ШАҲАР МАРКАЗИЙ

КАСАЛХОНАЛАРИНИНГ ШОШИЛИНЧ

ТИББИЙ ЁРДАМ БЎЛИМЛАРИНИ ҚУВАЙТ

АРАБ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ

ИШТИРОКИДА ТИББИЙ УСКУНАЛАР БИЛАН

ЖИҲОЗЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурига мувофиқ ҳамда республика шаҳарлари ва қишлоқ туманларида шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий ташхис ва тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (ҚАИТЖ) Ўзбекистон Республикасига 6 млн. Қувайт динори (эквиваленти 20,55 млн. АҚШ долларига тенг) миқдордаги қарзни "Туман ва шаҳар марказий касалхоналарининг 171 та шошилинч тиббий ёрдам бўлимларини тиббий ускуналар билан жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш мақсадида тўрт йиллик имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олганда 24 йил муддатга берилишини маъқуллади;

ҚАИТЖ маблағлари 2006 йил 22 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан ҚАИТЖ ўртасида лойиҳани молиялаштириш тўғрисидаги 726-сонли Қарз битими асосида Ўзбекистон Республикасига берилади.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарз маблағларидан ҚАИТЖ тартиб-қоидаларига мувофиқ мақсадли фойдаланиш, шунингдек мазкур лойиҳанинг имзоланган Қарз битими ва амалга ошириш жадвалига мувофиқ самарали рўёбга чиқарилиши учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

асосий қарзни узиш, кредит хизматлари билан боғлиқ фоизлар, комиссиялар ва сарф-харажатларни тўлаш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари билан 1-иловага* мувофиқ;

ҚАИТЖ томонидан берилган қарзни тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан ҚАИТЖ билан Қарз битимини имзолаш ваколати берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ҚАИТЖ ўртасидаги Қарз битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса тақдим этсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

лойиҳа доирасида бажариладиган ишлар ва хизматларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун лойиҳани амалга ошириш даврида вазирлик тузилмасида лойиҳани бажариш бўйича ходимлар сони уч кишидан иборат бўлим ташкил этилиб, унинг фаолиятини ҳар йили соғлиқни сақлашга ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида молиялаштиришни назарда тутсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳа доирасида сотиб олинадиган замонавий тиббий ускуналар етказиб берила бошлашдан аввал туман ва шаҳар марказий касалхоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида уларни ўрнатиш учун хоналарни тайёрлаш бўйича зарур чоралар кўрсин.


7. Қуйидагилар:

ҚАИТЖ қарзи ҳисобидан лойиҳани амалга ошириш доирасида ҚАИТЖ ҳамда бошқа хорижий қатнашчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов манбаидан ундириб олинадиган фойда солиғи тўлашдан;

ҚАИТЖ қарз маблағлари ҳисобидан импорт бўйича олиб келинадиган товарлар (ишлар ва хизматлар) божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабномаларига кўра мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг кириш визаларини консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Р.С. Қосимов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2006 йил, 7-сон, 401-модда.