язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.11.2004 й. 515-сон "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.11.2004 й.

N 515



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

ИШТИРОКИДА "АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР

СОҒЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ" ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, туғруққа кўмаклашувчи муассасалар, гематология хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига қарз берилишини маъқуллаганлиги;

лойиҳанинг умумий қиймати 70,0 млн АҚШ доллари миқдорида белгиланганлиги ва уни молиялаштиришда томонларнинг иштироки схемаси, шу жумладан Осиё тараққиёт банкининг беш йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 25 йил муддатда 1-иловага* мувофиқ молиялаштириш режасига мувофиқ қайтариладиган 40,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарзи келишилганлиги;

лойиҳа доирасида мамлакатнинг 6 тажриба минтақасида (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини, шунингдек гематология марказлари ва қон қуйиш станцияларини миллий даражада такомиллаштириш назарда тутилганлиги;

лойиҳани амалга ошириш беш йил муддатга белгиланганлиги;

лойиҳани амалга ошириш даврида Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлаш қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳа амалга оширилиши учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

Осиё тараққиёт банкининг қарзи бўйича асосий қарзни қайтариш, у бўйича фоизлар тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун ажратилаётган Осиё тараққиёт банкининг қарзини қайтариш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов Осиё тараққиёт банки билан қарз битимини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги имзоланган қарз битими тақдим этилгандан кейин бир ҳафта муддатда у бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


5. Соғлом авлод, аёллар соғлигини мустаҳкамлаш ва оиланинг тиббий маданияти даражасини ошириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (Р.С.Азимов):

умумий мувофиқлаштириш, кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш бўйича асосий тадбирларни, шунингдек лойиҳанинг йиллик бюджетини тасдиқлаш;

лойиҳа амалга оширилиши ва унинг маблағларидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги устидан мунтазам назорат қилиш;

лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар) харид қилиш учун баҳолаш ва тендер комиссиялари таркибларини тасдиқлаш вазифалари юклансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:


Осиё тараққиёт банки билан тузилган қарз битими шартларига мувофиқ битим имзолангандан кейин бир ҳафта муддатда Осиё тараққиёт банкининг кўрсатиб ўтилган лойиҳасини ва Жаҳон банкининг "Саломатлик-2" лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшма бюро ташкил этсин;

Осиё тараққиёт банки лойиҳасини амалга ошириш қисми бўйича бюронинг таъминоти харажатларини молиялаштириш манбалари этиб Осиё тараққиёт банки лойиҳаси маблағларини белгиласин;

лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоблари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилишини таъминласин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳузурида ходимларнинг штатда белгиланган сони доирасида икки кишидан иборат лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудий бюро ташкил этсинлар;

лойиҳа доирасида жиҳозлар харид қилиш бошлангунга қадар туман марказий касалхоналарининг болалар ва туғруқ бўлимлари (комплекслари)ни ҳамда вилоят туғруқ комплексларини таъмирлаш-қуриш ишлари ўз вақтида бажарилишини таъминласинлар.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари лойиҳа доирасида жиҳозлар харид қилиш бошлангунга қадар қон қуйиш станцияларини таъмирлаш-қуриш ишлари ўз вақтида бажарилишини таъминласинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2005 йилдан бошлаб ҳар йили инвестиция дастурларини шакллантиришда лойиҳани амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси улушини молиялаштириш учун давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратишни назарда тутсинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртманомаларига биноан лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассислар учун келиш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртманомаларига биноан лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга, уларни давлат божи тўловидан озод қилган ҳолда, кўп марталик визалар берилишини ҳамда визалар муддати узайтирилишини, шунингдек уларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.