язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2004 й. 10-сон "Чимён-Чорвоқ курорт-дам олиш зонасида "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш маркази қурилишини тугаллаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.01.2004 й.

N 10



ЧИМЁН-ЧОРВОҚ КУРОРТ-ДАМ ОЛИШ ЗОНАСИДА

"ЧОРВОҚ ОРОМГОҲИ" СОҒЛОМЛАШТИРИШ

МАРКАЗИ ҚУРИЛИШИНИ ТУГАЛЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аҳолининг Чимён-Чорвоқ курорт-дам олиш зонасида фаол дам олиши билан боғлиқ даволаш-соғломлаштириш хизматлари ва хизматларнинг бошқа турларини ривожлантириш, шунингдек "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш марказининг "Спорт-соғломлаштириш комплекси" объектини ўз вақтида қуриш ва уни зарур анжомлар ва мебеллар билан жиҳозлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:

ёпиқ ҳавзалар ва маданий-кўнгил очиш муассасалари комплексини ўз ичига олувчи алоҳида спорт комплексини қўшимча равишда қуриш, ётоқхона корпусларидаги пардозлаш ишларини тугаллаш, шунингдек комплексни меҳмонхона хўжаликларининг халқаро нормаларига мувофиқ даражага етказиш учун уни зарур мебель ва анжомлар билан жиҳозлаш;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида мустақил хўжалик юритувчи субъект сифатида фаолият кўрсатадиган Чимён-Чорвоқ курорт-дам олиш зонасининг соғломлаштириш марказларини бошқариш бўйича "Оромгоҳ" компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш маркази билан "ИНПРО Гмбх" (Германия) фирмаси ўртасида тендер натижалари асосида, фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шарти билан спорт комплексини қуриш ва соғломлаштириш комплексини жиҳозлаш юзасидан 4720 минг АҚШ доллари миқдоридаги контракт тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, контрактни молиялаштириш қуйидаги тартибда:

контракт қийматининг 657 минг АҚШ доллари  тузилган шартномага мувофиқ "ИНПРО Гмбх" (Германия) фирмаси томонидан "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш марказига хизматлар, материаллар ва асбоб-ускуналар сифатида бериладиган субординация кредити ҳисобига;

4063 минг АҚШ доллари  Германиянинг "Байерише Хипо Ферайнс банк" банкининг кредит линияси доирасида кейинчалик "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш марказига қайта молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг "Ўзуйжойжамғармабанк"ка бериладиган кредити ҳисобига амалга оширилади.

Хорижий банк ва суғурта агентлигининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фоизлар, воситачилик ҳақи ва суғурта мукофотлари тарзида олинган даромадлари тўлов манбаида даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинади.

Кўрсатиб ўтилган кредитлар, шу жумладан воситачилик ҳақи ва Германиянинг "Байерише Хипо Ферайнс банк" банки кредитига хизмат кўрсатиш харажатлари 1 ва 2 иловаларга* мувофиқ "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш марказининг хўжалик фаолиятидан олинган ўз маблағлари ҳисобига қайтарилади.


3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини экспертизадан ўтказсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин, шунингдек спорт-соғломлаштириш комплексини қуриш ва "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш марказини жиҳозлаш юзасидан контрактларни рўйхатдан ўтказсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ўзуйжойжамғармабанк" лойиҳа экспертизадан ўтказилгандан ва унинг техник-иқтисодий асослари тасдиқлангандан кейин Германиянинг "Байерише Хипо Ферайнс банк" банки билан белгиланган тартибда кредит битими тузсинлар ва тақдим этилган ликвидли таъминлаш асосида маблағларнинг "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш марказига молиялаштирилишини таъминласинлар.


4. Спорт комплекси қурилишини, бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш ишларини олиб борган ва лойиҳа-смета ҳужжатларини 2004 йил 1 мартгача тасдиқлаган ҳолда, ишчи чизмалар бўйича амалга оширишга истисно тариқасида рухсат берилсин.


5. "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш маркази:

қурилиш даврида  етказиб берувчилар билан тузиладиган контрактлар доирасида комплексни қуриш ва жиҳозлаш учун четдан келтирилаётган асбоб-ускуналар, материаллар, анжомлар ва мебеллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари), шунингдек кўрсатилаётган импорт хизматлар учун барча умумдавлат солиқлари, маҳаллий солиқлар ва йиғимлар тўлашдан;

кредит тўлиқ қайтарилгунгача бўлган даврда, бироқ кредит шартномасида белгиланганидан ортиқ бўлмаган муддатга - даромад (фойда) солиғи, мулк солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод қилинсин.

Кўрсатиб ўтилган солиқ имтиёзлари берилиши натижасида бўшаб қоладиган маблағлар тўлиқ ҳажмда соғломлаштириш маркази қурилиши ва уни жиҳозлаш учун жалб этилган кредитни қайтаришга йўналтирилиши назарда тутилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси кўрсатиб ўтилган имтиёзлар берилиши натижасида бўшаб қоладиган маблағлардан "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш маркази томонидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш маркази қурилиши ва уни жиҳозлаш учун жалб этиладиган кредит бўйича гаров таъминоти сифатида "Чорвоқ оромгоҳи" соғломлаштириш маркази мол-мулкининг бир қисмига "Ўзуйжойжамғармабанк" ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фойдасига гаров шартномаси (ипотека)ни расмийлаштириш ҳуқуқи берилсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўрсатиб ўтилган мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланганлиги учун давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


7. Хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокидаги йирик ва стратегия жиҳатидан муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (К.Н.Тўлаганов) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда кўрсатиб ўтилган объектни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилги Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритсин.


8. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Чорвоқ сув омборининг жанубий-ғарбий қирғоғидаги ҳудудларнинг географик жойлашувини ва дам олишдаги вазифасини ўрганиб чиқсинлар ҳамда тегишли ер участкаларини белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсинлар.


9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Ўзбектуризм" миллий компанияси ва "Ўзтелерадио" компанияси билан биргаликда икки ой муддатда:

Чимён-Чорвоқ курорт-дам олиш зонаси объектларидан соғломлаштириш-реабилитация мақсадларида йил давомида фойдаланиш, республика аҳолиси ва хорижий фуқароларни даволаш-профилактика комплекслари ихтисослашувига мувофиқ курорт-реабилитация хизматлари билан мақбул даражада қамраб олиш;

Угом-Чотқол Давлат миллий табиий боғининг энг хушманзара зоналари, Чимён-Чорвоқ курорт-дам олиш зоналарида олиб борилаётган ишлар тўғрисида телевидениеда кўрсатувлар туркумини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н.Тўлаганов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И.Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.