язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.06.2003 й. 256-сон "Саломатлик-1" лойиҳасини амалга ошириш ва "Саломатлик-2" лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ажратилган қарз маблағлар ва Япония грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.06.2003 й.

N 256



"САЛОМАТЛИК-1" ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ВА "САЛОМАТЛИК-2" ЛОЙИҲАСИНИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ УЧУН ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА

ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ТОМОНИДАН АЖРАТИЛГАН

ҚАРЗ МАБЛАҒЛАР ВА ЯПОНИЯ ГРАНТИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Мамлакатда "Саломатлик-1" лойиҳаси доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда амалга оширилаётган соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғинини ислоҳ қилиш жараёнини чуқурлаштириш ва ислоҳотларни амалга оширишнинг иккинчи босқичига - "Саломатлик-2" лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш тадбирларига ўтиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 1998 йил 16 ноябрда имзоланган Қарз тўғрисидаги 4396-UZ-сон битимга 2003 йил март ойидаги қўшимчага мувофиқ, қарз маблағлари тежалиши ҳисобига, "Саломатлик-1" лойиҳаси сув тақчил бўлган минтақаларга - Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларига кенгайтирилганлиги;

соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғинини ислоҳ қилишга қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки Япониянинг траст фондидан 493.550 АҚШ доллари миқдорида грант олганлиги ва ушбу грант "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикасига берилиши;

"Саломатлик-2" лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилганлиги ҳамда Фарғона, Сирдарё, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган "Саломатлик-1" тажриба лойиҳасининг давоми эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Грант маблағларини "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида қуйидаги компонентлар бўйича йўналтириш назарда тутилсин:

жамоат соғлиқни сақлашининг инфратузилмаси ва функцияларини такомиллаштириш;

соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғини хизматларини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлашни таркибий ўзгартириш;

врачлар ва умумий амалиёт тиббиет ҳамшираларини ўқитиш;

молиялаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш;

лойиҳани бошқариш, мониторингни амалга ошириш, баҳолаш ва тезкор харажатлар;

грант маблағларидан фойдаланиш аудитини амалга ошириш;

кутилмаган харажатлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан Грант тўғрисидаги битимни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга вакил қилинсин.


4. "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлашга умумий раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки берадиган қарз доирасида соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғинини ислоҳ қилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 1 июндаги 236-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Саломатлик-1" лойиҳасини амалга оширишни мувофиқлаштириш республика комиссиясига юклансин.


5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлаш бўйича бажарувчи ташкилот этиб;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги "Саломатлик-1" лойиҳасини амалга ошириш бўйича марказий бюро "Саломатлик-2" лойиҳаси бевосита тайёрланиши ва грант маблағларини тасарруф этиш бўйича масъул бўлган юридик шахс этиб белгилансин.


6. "Саломатлик-1" лойиҳасини амалга ошириш бўйича марказий бюро "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлаш харажатларини Япония грантидан молиялаштириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан келишилган банк муассасаларида белгиланган тартибда хорижий ва миллий валюталарда махсус ҳисоб рақамлари очсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Давлат божхона қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

"Саломатлик-1" лойиҳасини амалга ошириш бўйича марказий бюронинг сўровига кўра "Саломатлик-2" лойиҳасининг техник топшириқларига мувофиқ барча зарур маслаҳатлар, статистика маълумотлари ва бошқа таҳлилий материалларни тақдим этсинлар;

ишларни ташкил этишда, "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлаш учун хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этишда ҳар томонлама кўмаклашсинлар.


8. "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлаш доирасида олиб келинадиган импорт қилинадиган товарлар солиқлар ва божхона тўловларидан, юқорида кўрсатиб ўтилган Япония гранти маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ишлар ва хизматлар давлат солиқларидан ва давлат мақсадли фондларига тўловлардан озод қилинсин. Бунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Япония гранти ҳисобига харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғи тўлови, шунингдек импорт қилинадиган товарлар ва хизматларни божхонада расмийлаштириш харажатлари учун тўловлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Саломатлик-1" лойиҳасини амалга ошириш бўйича марказий бюронинг 2003 йил учун харажатлар сметасида Япония гранти маблағлари ҳисобига "Саломатлик-2" лойиҳасини тайёрлаш доирасида олиб келинадиган импорт қилинадиган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини ва божхонада расмийлаштириш харажатларини қоплаш учун бюджет маблағларини назарда тутсин.


9. "Саломатлик-1" лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига кенгайтирилиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузурида иловага мувофиқ штатдаги ходимлари бўлган Лойиҳани амалга ошириш бюроси ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

штатдаги ходимлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ички резервлар ҳисобига киритилади;

кўрсатиб ўтилган Бюроларнинг барча харажатлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бюджетлари ҳисобига қопланади.

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан тузилган 4396-UZ-сон Қарз битимига мувофиқ "Саломатлик-1" лойиҳаси барча компонентларини амалга ошириш бўйича тадбирларни рўёбга чиқариш ташкил этилаётган Бюроларга юклансин.


10 Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг  Бош вазири                          Ў. Султонов






Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 6 июндаги

256-сон қарорига

ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси "Саломатлик-1"

лойиҳасини амалга ошириш бюроси

ШТАТ ЖАДВАЛИ

Т/р

Лавозим номи


Сони


Разряд


Тариф

коэффициенти


1.

Лойиҳани амалга ошириш бюроси директори


1

14

5,606

2.

Соғлиқни сақлаш бошланғич бўғинини ислоҳ қилиш, молия ва менежмент бўйича мутахассислар


2

11


4,663


Жами:


3





Хоразм вилояти "Саломатлик-1"

лойиҳасини амалга ошириш бюроси

ШТАТ ЖАДВАЛИ

Т/р

Лавозим номи


Сони


Разряд


Тариф

коэффициенти


1.

Лойиҳани амалга ошириш бюроси директори


1

14

5,606

2.

Соғлиқни сақлаш бошланғич бўғинини ислоҳ қилиш, молия ва менежмент бўйича мутахассислар


2

11


4,663


Жами:


3



Изоҳ: юқорида кўрсатиб ўтилган ходимларга давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.