язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.02.2008 й. ПҚ-793-сон "Ўзбекистон Республикасининг умумтаълим мактабларини қуриш ва жиҳозлаш" лойиҳасини ОПЕКнинг халқаро ривожланиш жамғармаси ва Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

13.02.2008 й.

N ПҚ-793



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИНИ ҚУРИШ

ВА ЖИҲОЗЛАШ" ЛОЙИҲАСИНИ ОПЕКНИНГ

ХАЛҚАРО РИВОЖЛАНИШ ЖАМҒАРМАСИ

ВА САУДИЯ ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ

ИШТИРОКИДА АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга оширишни таъминлаш, узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини янада ривожлантириш ва сифатини ошириш, умумтаълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, "Ўзбекистон Республикасининг умумтаълим мактабларини қуриш ва жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш учун:

ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси (ОПЕК жамғармаси) Бошқарувчилар Кенгаши беш йиллик имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олганда 20 йил муддатда тўлаш шарти билан 5,0 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда Ўзбекистон Республикасига имтиёзли қарз берилишини маъқуллади;

Саудия тараққиёт жамғармаси (СТЖ) Директорлар Кенгаши беш йиллик имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олганда 25 йил муддатда тўлаш шарти билан 60,0 млн. Саудия риали (эквиваленти 16 млн. АҚШ долларига тенг) миқдорда Ўзбекистон Республикасига имтиёзли қарз берилишини маъқуллади.


2. Белгилансинки:

мазкур қарзлар Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕК ва СТЖ ўртасидаги Қарз битимлари асосида Ўзбекистон Республикасига берилади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

лойиҳа уч йил (2008 - 2011 йиллар) давомида амалга оширилади;

мактаблар лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улуши сифатида Бюджетдан ташқари мактаб таълими жамғармаси маблағлари ҳисобидан жиҳозланади;

ОПЕК Жамғармаси ва СТЖнинг қарзлари бўйича асосий қарзни узиш, фоизлар ва комиссияларни тўлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

ОПЕК Жамғармаси ва СТЖнинг қарз маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харид қилинадиган маҳсулотлар, ишлар (хизматлар) ҳақи мазкур валюта маблағларини ички бозорда айирбошлаш орқали миллий валюта "сўм"да тўланади.


3. ОПЕК Жамғармаси ва СТЖнинг қарзларини тўлаш жадваллари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕК Жамғармаси ва СТЖ ўртасидаги Қарз битимларини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга вакил этиб тайинлансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕК Жамғармаси ва СТЖ ўртасидаги Қарз битимлари бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 31 майдаги 104-сонли қарорига мувофиқ тузилган "Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларини қуриш ва жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш гуруҳига лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш ва бошқариш вазифаларини юклаш бўйича ташкилий масалаларни қарз битимлари шартларига мувофиқ қўшимча зарур мутахассисларни ёллаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан штат жадвалини ва ҳар йилги бюджетларни албатта келишиб олган ҳолда ҳал этсин;

икки ой муддатда лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этишни таъминласин;

бир ой муддатда лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар)ни харид қилиш бўйича тендер комиссияси таркибини тасдиқласин;

ОПЕК Жамғармаси ва СТЖ кредитлари маблағларидан мақсадли фойдаланилиши, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш самарадорлиги устидан қатъий назоратни амалга оширсин.


6. Лойиҳани амалга ошириш даврида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларини қуриш учун олиб келинадиган ҳамда ОПЕК Жамғармаси ва СТЖ қарз маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган ускуналар, анжом, хом ашё ва материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

ОПЕК Жамғармаси ва СТЖ қарз маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харид қилинадиган товарлар, ишлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Халқ таълими вазирлигининг талабномаларига кўра, белгиланган тартибда:

лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан расмийлаштиришни;

лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2008 йил, 2-сон, 101-модда.