язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2006 й. 104-сон "Ислом тараққиёт банки иштирокида "Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларини қуриш ва жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.05.2006 й.

N 104



ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА

"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ УМУМТАЪЛИМ

МАКТАБЛАРИНИ ҚУРИШ ВА ЖИҲОЗЛАШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек Ислом тараққиёт банки билан хамкорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларини қуриш ва жихозлаш" лойихасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон Республикасига етти йиллик имтиёзли даврни қўшган ҳолда 25 йил муддат билан 10,287 млн АҚШ долларига тенг бўлган 7 млн ислом динори миқдорида кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилиши, шунингдек лойиҳанинг самарали амалга оширилиши учун масъул ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

Ислом тараққиёт банки кредитини қайтариш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек унга хизмат кўрсатиш бўйича воситачилик тўловлари давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

ўқув-лаборатория асбоб-анжомлари ва мебеллар сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.


3. Қуйидагилар:

лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари билан бирга техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари 1-иловага* мувофиқ;

лойиҳани молиялаштириш режаси 2-иловага мувофиқ;

лойиҳани амалга ошириш учун берилаётган Ислом тараққиёт банки кредити бўйича асосий қарзни ва унга хизмат кўрсатиш учун воситачилик тўловларини тўлашнинг прогноз жадвали 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижрочи директори У.Розуқулов Ислом тараққиёт банки билан қарз битимини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги қарз битими юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қарз битими имзолангандан кейин бир ой муддатда чекланган сони 5 кишидан иборат бўлган, Ислом тараққиёт банки кредити хисобига маблағ билан таъминланадиган, лойиҳани амалга ошириш гуруҳини ташкил қилсин, гурухга кредит маблағларидан Ислом тараққиёт банки талабларига ва Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатларига мувофиқ фойдаланишни назорат қилиш ва хисобга олиб бориш юзасидан жавобгарликни юкласин.


7. Лойиҳани амалга ошириш даврида:

лойиҳа доирасида импорт бўйича келтириладиган товарлар, бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари);

Ислом тараққиёт банки кредит берилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасидаги тўлов манбаида даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Халқ таълими вазирлиги буюртманомаларига биноан лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга келиш визаларини лойихани амалга оширишнинг бутун даври мобайнида консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқ таълими вазирлиги буюртманомаларига биноан ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга давлат божи тўловисиз кўп марталик визалар берилишини ва визалар муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.