язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.04.2006 й. ПҚ-318-сон "Бельгия Қироллиги Ҳукуматининг фоизсиз кредитидан фойдаланган ҳолда "Кичик бизнес учун кадрлар тайёрлашда касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга кўмаклашиш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.04.2006 й.

N ПҚ-318



БЕЛЬГИЯ ҚИРОЛЛИГИ ҲУКУМАТИНИНГ

ФОИЗСИЗ КРЕДИТИДАН ФОЙДАЛАНГАН

ҲОЛДА "КИЧИК БИЗНЕС УЧУН КАДРЛАР

ТАЙЁРЛАШДА КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШГА КЎМАКЛАШИШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Бельгия Қироллиги Ҳукуматининг фоизсиз кредитидан фойдаланган ҳолда "Кичик бизнес учун кадрлар тайёрлашда касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга кўмаклашиш" инвестиция лойиҳасининг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси ва Бельгия Қироллиги ўртасида 2003 йил 12 декабрдаги Ҳукуматлараро битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига мультимедия жиҳозларини ўрнатиш ва уларни дастурлар билан таъминлашни назарда тутган ҳолда "Кичик бизнес учун кадрлар тайёрлашда касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга кўмаклашиш" инвестиция лойиҳасининг (кейинги ўринларда лойиҳа деб юритилади) биринчи босқичини амалга ошириш учун ўн йиллик имтиёзли даврни қўшиб ҳисоблаганда, 30 йил муддатда узиш шарти билан 4 млн. евро миқдорида фоизсиз кредит берилганлиги;

лойиҳани амалга оширишнинг иккинчи босқичида Бельгия Қироллиги Ҳукумати томонидан яна 4 млн. евро миқдорида фоизсиз кредит берилиши;

Бельгия Қироллиги Вазирлар Кенгашининг қарорига мувофиқ, харид қилинадиган ускуналарни етказиб бериш "Телевик" (Бельгия) компанияси томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги фоизсиз кредит бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан қарз олувчи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредитга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш бўйича молиявий агент ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

асосий қарзни қайтариш ва кредитни ўзлаштириш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.


3. Лойиҳа биринчи босқичининг асосий техникавий-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

Бельгия Қироллиги Ҳукуматининг фоизсиз кредитини қайтариш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази зиммасига лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш, мультимедиа жиҳозлари ва дастурий воситалардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш, шунингдек академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва ўқув-ёрдамчи ходимлари таркиби ичидан уларни қўллаш бўйича мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш масъулияти юклансин.


5. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази бир ой муддатда:

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргалиқда мультимедиа жиҳозлари ва унинг дастурий воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар комплексини тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда кредит маблағларидан фойдаланиш ва уларни қайтариш бўйича уч томонлама агентлик битимини имзоласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бельгия Қироллиги Ҳукуматининг фоизсиз кредити ҳисобига импорт қилинадиган ускуналарни декларация қилиш, божхона омборида сақлаш, сертификатлаштириш, етказиб бериладиган мультимедиа жиҳозларига божхона расмийлаштируви учун йиғимлар тўлаш, шунингдек уларни республика ҳудуди бўйлаб ташиш харажатларини қоплайдиган зарур маблағларнинг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига ажратилишини назарда тутсин.


7. Бельгия Қироллиги Ҳукуматининг фоизсиз кредити ҳисобига олиб келинадиган ускуналар ва уларга доир бутловчи ҳамда дастурий таъминлаш воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

Бельгия Қироллиги Ҳукуматининг фоизсиз кредити ҳисобидан лойиҳани амалга ошириш доирасида хорижий қатнашчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов манбаидан ундириладиган фойда солиғи;

лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассислар, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг талабномаларига кўра, визалар ҳамда вақтинчалик рўйхатга қўйишни расмийлаштиришда консуллик йиғимлари ва давлат божлари тўлашдан озод этилсин.


8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари В.А. Голишев ва Р.С. Қосимов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.