язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.11.2004 й. 513-сон "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув адабиётлари нашр этиш тизимини такомиллаштириш" лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.11.2004 й.

N 513



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА

"УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ УЧУН ДАРСЛИКЛАР

ВА ЎҚУВ АДАБИЁТЛАРИ НАШР ЭТИШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ" ЛОЙИҲАСИНИНГ

ИККИНЧИ БОСҚИЧИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш, янги Давлат таълим стандартларига мувофиқ мамлакатнинг умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури тўғрисида" 2004 йил 21 майдаги ПФ-3431-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши "Умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув адабиётлари нашр этиш тизимини такомиллаштириш" лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига қарз берилишини маъқуллаганлиги маълумот учун қабул қилинсин, унга мувофиқ:

лойиҳанинг умумий қиймати 54,97 млн АҚШ доллари этиб белгиланганлиги, шу жумладан Осиё тараққиёт банкининг  беш йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 25 йил муддатда 1-иловага* мувофиқ молиялаштириш режасига мувофиқ қайтариладиган 25,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарзи белгиланганлиги;

лойиҳани амалга ошириш даврида Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлаш қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги лойиҳа амалга оширилиши учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

қарз бўйича асосий қарзни қайтариш, у бўйича фоизлар тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Лойиҳани амалга ошириш учун ажратилаётган Осиё тараққиёт банкининг қарзини қайтариш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов Осиё тараққиёт банки билан қарз битимини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги имзоланган қарз битими тақдим этилгандан кейин бир ҳафта муддатда у бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


6. Узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича  Ҳукумат комиссиясига (Р.С.Қосимов):

умумий мувофиқлаштириш, маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва лойиҳа самарали амалга оширилишини назорат қилиш;

лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар) харид қилиш учун баҳолаш ва тендер комиссиялари таркибларини тасдиқлаш;

Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбарини ва унинг ўринбосарини тайинлаш вазифалари юклансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

икки ҳафта муддатда, Осиё таррақиёт банки билан тузилган қарз битими шартларига мувофиқ, лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида илгари ташкил этилган лойиҳани амалга ошириш гуруҳини қайта ташкил этсин;

лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисобларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2005 йилдан бошлаб ҳар йили инвестиция дастурларини шакллантиришда лойиҳани амалга ошириш бўйича  Ўзбекистон Республикаси улушини молиялаштириш учун давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратишни назарда тутсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги буюртманомаларига биноан  лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассислар учун келиш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги буюртманомаларига биноан  лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга, уларни давлат божи тўловидан озод қилган ҳолда, кўп марталик визалар берилишини ҳамда визалар муддати узайтирилишини, шунингдек уларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С.Азимов ва Р.С.Қосимов зиммасига юклансин. 



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.