язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.04.2004 й. 159-сон "Корея Республикаси Ҳукуматининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш учун берилаётган имтиёзли кредитидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.04.2004 й.

N 159



КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ

ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ УЧУН БЕРИЛАЁТГАН ИМТИЁЗЛИ

КРЕДИТИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Касб-ҳунар коллежларини замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармасининг (EDCF) имтиёзли кредити маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Корея Республикасининг Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистонга ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш учун 30 йил муддатга, шу жумладан ўн йиллик имтиёзли даврга, йилига 2 фоиз ставка билан 27,0 млн АҚШ долларига тенг суммада Корея вонида имтиёзли кредит берилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги EDCF кредити бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан қарз олувчи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки EDCF кредитига хизмат кўрсатиш бўйича молиявий агент ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази лойиҳани амалга ошириш бўйича ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

асосий қарзни қайтариш, кредит бўйича воситачилик ҳақи, фоизлар тўлаш ва бошқа сарф-харажатлар билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

лойиҳани компонентлар бўйича молиялаштириш схемаси 1-иловага* мувофиқ;

кўрсатиб ўтилган лойиҳани молиялаштириш учун жалб қилинадиган EDCF кредитини қайтариш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан EDCF кредитини бериш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Битимни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасидаги Кредит битимини имзолашга вакил қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Корея Республикасининг тижорат банки билан Корея Республикаси Ҳукумати томонидан ажратилаётган кредит маблағларидан фойдаланиш, унга хизмат кўрсатиш ва уни қайтариш бўйича Агентлик битими тузсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасидаги Кредит битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ўтказиладиган тендерлар натижаларига кўра мазкур лойиҳа доирасида тузиладиган импорт контрактларининг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.

8. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига EDCF кредити маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгарлик;

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг касб-ҳунар коллежлари бошқармасига Ҳукуматлараро битимлар талабларига ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ лойиҳанинг бошқарилиши, кредит маблағлари назорат қилиниши ва ҳисобга олиниши учун масъул бўлган лойиҳани амалга ошириш гуруҳи функцияси юклансин.


9. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:

кўрсатиб ўтилган лойиҳа бўйича техник-иқтисодий ҳисобларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин;

зарур ҳужжатларни ва EDCF кредити маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича иқтисодий асослашларни, шу жумладан асбоб-ускуналар харид қилиш ва хизматлар кўрсатиш юзасидан тендер ҳужжатларини келишиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги кўрсатиб ўтилган лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил ва кейинги йиллар учун Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги импорт қилинадиган асбоб-ускуналарни декларациялаш, божхона омборида сақлаш, сертификатлаш, божхонада расмийлаштириш, шунингдек етказиб бериладиган ўқув-лаборатория асбоб-ускуналарини республика ҳудудида ташиш харажатларини қоплаш учун 2005-2007 йилларда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.


12. Лойиҳани амалга ошириш даврида ўтказиладиган тендерлар асосида EDCF маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).


13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи чет эллик мутахассисларга, уларни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда кўп марталик визалар берилишини ва визаларнинг амал қилиш муддати узайтирилишини ҳамда уларнинг вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва А.А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                          И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.