язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2003 й. 92-сон "Таълим секторини ривожлантириш дастури" лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.02.2003 й.

N 92



"ТАЪЛИМ СЕКТОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ДАСТУРИ" ЛОЙИҲАСИНИ ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ

БАНКИ ИШТИРОКИДА АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш, таълим тизимининг моддий базасини мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш тўғрисида" 1997 йил 6 октябрдаги ПФ-1869-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши "Таълим секторини ривожлантириш дастури" лойиҳасини (кейинги ўринларда матнда "Дастур" деб юритилади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига қуйидаги шартларда 108,5 млн АҚШ доллари миқдорида:

LIBORга асосланган фоиз ставкаси бўйича, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 15 йил муддатга учта транш билан ажратиладиган 70 млн АҚШ миқдоридаги барқарорлаштириш қарзи;

LIBORга асосланган фоиз ставкаси бўйича, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 25 йил муддатга 38,5 млн АҚШ доллари миқдорида "Таълим секторини ривожлантириш лойиҳаси" дастури (кейинги ўринларда матнда "Лойиҳа" деб юритилади) кичик лойиҳасини амалга ошириш учун лойиҳа қарзи берилишини маъқуллаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

Осиё тараққиёт банкининг қарзлари Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Осиё тараққиёт банки ўртасида имзоланган қарз битимлари асосида берилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги барқарорлаштириш қарзи бўйича маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

Лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплексига юкланади;

барқарорлаштириш ва лойиҳа қарзларини қайтариш, воситачилик ҳақи ва улар бўйича фоизлар тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади;

инвестиция даврида (2003-2007 йиллар) лойиҳа қарзи бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлаш Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобига қопланади.


3. Қуйидагилар:

қарзларни қайтариш жадваллари 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ;

Дастурни амалга ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Осиё тараққиёт банки ўртасида қарз битимлари имзолангандан кейин бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда улар бўйича юридик хулоса берсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қарз битимлари имзолангандан кейин бир ҳафта муддатда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида Осиё тараққиёт банкининг барқарорлаштириш қарзига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган хорижий валютадаги ҳисоб рақамини очсин.


6. Идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгашга қуйидаги вазифалар юклансин:

Дастурни умумий мувофиқлаштириш ҳамда унинг самарали ва мақсадли амалга оширилишини назорат қилиш;

тендер комиссиялари таркибини ва Лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар) хариди бўйича тендер ҳужжатларини тасдиқлаш.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Осиё тараққиёт банки ўртасида имзоланган Ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги меморандум асосида юридик шахс мақомига эга бўлган ва штатдаги ходимлар сони 7 нафар бўлган Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилсин.


8. Идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Осиё тараққиёт банки ўртасида имзоланган Ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги меморандумда юкланадиган мақсадлар ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда икки ҳафта муддатда:

Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи;

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 7 сентябрдаги 504-ф-сон фармойиши асосида ташкил этилган таълим ислоҳотлари мониторинги гуруҳи тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги инвестиция дастурларини шакллантиришда, 2003 йилдан бошлаб, Лойиҳани амалга оширишда Ҳукуматнинг улушига тенг миқдорда Лойиҳанинг давлат бюджети маблағлари ҳисобига тегишли равишда маблағ билан таъминланишини назарда тутсинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Осиё тараққиёт банки ўртасида имзоланган қарзлар битимларига, Ўзбекистон Республикаси Солиқ ва Божхона  кодексларига мувофиқ инвестиция даврида Лойиҳа доирасида  импорт бўйича олиб келинаётган товарлар, ишлар (хизматлар) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), шунингдек Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олинадиган товарлар, ишлар (хизматлар) кўрсатиб ўтилган Лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг улуши сифатида қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Лойиҳани амалга ошириш гуруҳининг буюртманомалари бўйича Осиё тараққиёт банкининг қарз ва грант маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминланаётган таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимлари ундирмасдан кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Лойиҳани амалга ошириш гуруҳининг буюртманомалари бўйича Осиё тараққиёт банкининг қарз ва грант маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминланаётган таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга, давлат божлари тўлашдан озод қилиб, кўп мартали визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказишни ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С.Азимов ва Ҳ.С.Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                   И. Каримов



*) 1-3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил февралдаги

92-сон қарорига

4-ИЛОВА


"Таълим секторини ривожлантириш дастури"

лойиҳасини амалга ошириш бўйича идоралараро

мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ

1.

Қосимов Р.С.


-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, кенгаш раҳбари

2.

Азимов Р.С.


-

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири

3.

Нурмуродов М.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири


4.

Жўраев Р.Ҳ.

-

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири


5.

Болтабоев М.Р.

-

Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири

6.

Қосимов Р.С.

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари


7.

Акбаров А.А.

-

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш  вазирининг биринчи ўринбосари


8.

Лавозими бўйича

-

Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари


9.

Абдуллаев Ш.Ю.

-

Молия вазирининг ўринбосари


10.

лавозимига кўра


-

Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаментининг бош мутахассиси

11.

Масудов Х.Ф.

-

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази раҳбарининг ўринбосари


12.

Гадойбоев А.А.

-

"Маҳалла" жамғармаси раиси


13.

Абдукаримов Р.Т.

-

Вазирлар Маҳкамасининг таълим ислоҳотлари мониторинги гуруҳи раҳбари, кенгашнинг масъул котиби

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганда тегишли лавозимларга янгидан тайинланган шахслар кенгаш таркибига киритилади.