язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Транспорт, йўллар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.05.2010 й. ПҚ-1331-сон "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш. 2-фаза" лойиҳасини кўп траншли молиялаштириш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.05.2010 й.

N ПҚ-1331



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА

"МИНТАҚАВИЙ АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ. 2-ФАЗА" ЛОЙИҲАСИНИ КЎП

ТРАНШЛИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ДАСТУРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон миллий автомагистралини янада реконструкция қилиш ҳамда қуриш ва бунинг негизида мамлакатимизнинг барча минтақалари ўртасидаги ишончли транспорт алоқасини ва автомобиль транспортида халқаро транзит юк ташиш самарадорлигини таъминлайдиган ва халқаро талаблар ҳамда стандартларга жавоб берадиган республика автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Директорлари Кенгаши 2010 йилнинг 20 апрелида умумий миқдори 600,0 млн. АҚШ доллари, шу жумладан, саккиз йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, тўлаш муддати 32 йил бўлган Осиё тараққиёт фонди (ОТФ)нинг имтиёзли маблағларидан Дастурнинг биринчи транш суммаси 74,81 млн. махсус қарз олиш ҳуқуқлари (эквиваленти 115,0 млн. АҚШ доллари) миқдоридаги "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш. 2-фаза" лойиҳасини кўп траншли молиялаштириш Дастурини маъқуллади;

Дастур доирасида мазкур лойиҳани молиялаштириш уч транш - қарзлар орқали амалга оширилади;

Дастур траншларининг иккинчи ва учинчи қарзлари ОТБнинг оддий капитал ресурсларидан 240,0 млн. АҚШ доллари ва ОТФнинг имтиёзли маблағларидан эквиваленти 245,0 млн. АҚШ доллари миқдорида, Дастурнинг иккинчи ва учинчи траншлари бўйича даврий молиялашга талабномаларнинг тайёрланиши ва ОТБга тақдим этилишига ҳамда уларнинг ОТБ раҳбарияти томонидан маъқулланишига қараб берилиб борилади;

ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши эквиваленти 139,0 млн. АҚШ доллари, шу жумладан, солиқ ва божхона имтиёзлари бериш орқали 108,4 млн. АҚШ доллари миқдорини ташкил этади;

лойиҳани амалга ошириш даври 5 йил муддатга (2010 - 2015 йиллар) белгиланган;

Дастурни амалга ошириш доирасида 2009 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси қошида Дастурни бошқариш гуруҳи тузилган.


2. Қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикасига Дастур траншлари бўйича қарзлар Ўзбекистон Республикаси билан ОТБ ўртасидаги қарз битимлари асосида берилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани бажаришга қўшадиган улушини молиялаштириш Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида тендер савдоларини ўтказиш чоғида сифат жиҳатидан хорижий аналоглардан қолишмайдиган маҳаллий товарлар ва хизматлардан мумкин қадар кўпроқ фойдаланишни назарда тутувчи компаниялар (корхоналар, ташкилотлар)га афзаллик берилади;

Дастур иккинчи траншининг қарзи бўйича фоизлар ва комиссияларни инвестиция даврида тўлаш иккинчи транш қарзи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

"Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш. 2-фаза" лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари билан 1, 1а, 1б ва 1в иловаларига* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ОТБ қарзларини қоплаш, улар бўйича фоизлар ва комиссияларни тўлаш жадваллари 2, 2а ва 2б-иловаларига* мувофиқ;

"Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш. 2-фаза" лойиҳаси бўйича ОТБ қарзларини тақсимлаш ва қоплаш схемаси 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикасининг молия вазири Ўзбекистон Республикаси номидан:

ОТБ билан қарз битимларини;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси билан Дастур доирасида қарзларни қайта кредитлаш тўғрисидаги битимларни;

"Трансйўлқурилиш" компанияси давлат унитар корхонаси билан Дастур иккинчи транши қарзининг бир қисмини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолашга вакил қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ОТБ ўртасидаги қарз битимлари бўйича, шунингдек Ўзбекистон Республикаси билан "Трансйўлқурилиш" компанияси давлат унитар корхонаси ўртасида Дастур иккинчи транши қарзининг бир қисмини қайта кредитлаш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулосалар берсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича идоралараро кенгаш (Р.С. Азимов) мазкур лойиҳанинг бажарилишини мунтазам кўриб чиқиб, зарур ҳолларда унинг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Қуйидагилар:

Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари зиммасига А-380 автомобиль йўлининг тегишли участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш қисмида лойиҳани амалга ошириш масъулияти;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги зиммасига қурилиш ишларини ўтказиш давомида А-380 автомобиль йўли участкаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масъулияти юклансин;

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси зиммасига лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизаси белгиланган тартибда ўтказилишини ва қурилиш ишларининг сифатли бажарилиши устидан назорат ўрнатилишини белгиланган тартибда таъминлаш вазифаси юклансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси;

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилда лойиҳани амалга оширишга қўшадиган улуши жорий йилга тасдиқланган лимитлар доирасида Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;

2011 йилдан бошлаб ҳар йили, Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозларини шакллантириш чоғида Ўзбекистон Республикасининг мазкур лойиҳани амалга оширишга қўшадиган улушини молиялаштиришга, биринчи транш қарзини ҳамда иккинчи ва учинчи траншлар қарзларининг тегишли қисмларини қоплашга, шунингдек улар бўйича фоизлар ва комиссияларни тўлашга зарур маблағларни назарда тутсин;

мазкур лойиҳани амалга оширишга жалб этиладиган қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк ва Республика йўл жамғармаси билан биргаликда "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш. 2-фаза" лойиҳасини амалга ошириш доирасида тақдим этилаётган валюта маблағларидан оқилона фойдаланиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин ва бунда бажарилаётган ишлар ва хизматларнинг ҳажмлари кенгайтирилишини, товарлар миллий валютага харид қилинишини назарда тутсин.


9. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Дастур доирасида ОТБ қарзи маблағлари ҳисобидан харид қилинаётган товарлар, ишлар, хизматлар ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар тўлашдан озод қилинсин.

Белгилансинки, ушбу имтиёзлар берилиши натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг мазкур лойиҳани амалга оширишга қўшадиган улуши ҳисобланади.

Ушбу имтиёзлар мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар, ишлар ва хизматларга, шунингдек транспорт воситаларига нисбатан жорий этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Республика йўл жамғармасининг буюртманомаларига кўра ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Республика йўл жамғармасининг буюртманомаларига кўра ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ҳамда муддати узайтирилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ва улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


12. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Хўжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                      И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, 5-сон, 216-модда