язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Транспорт, йўллар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.02.2008 й. ПҚ-804-сон "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.02.2008 й.

N ПҚ-804



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА

"МИНТАҚАВИЙ АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ" ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Юқори халқаро талаблар ва стандартларга мос автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, транспорт коммуникациялари тизимини халқаро автомобиль йўлларига кенг интеграциялаш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

2007 йил 19 декабрда Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш учун тўрт йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда узиш муддати 24 йил бўлган 75,3 млн. АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикасига қарз берилишини маъқуллади;

мазкур лойиҳани амалга ошириш даври тўрт йилга (2008 - 2011 йиллар) белгиланган;

лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон Республикасининг қўшадиган ҳиссаси эквиваленти 105,5 млн. АҚШ долларига тенг, шу жумладан солиқлар, божхона тўловлари ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзида 21,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикасига Осиё тараққиёт банкининг қарзи Ўзбекистон Республикаси билан Осиё тараққиёт банки ўртасидаги Қарз битимига асосан берилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда мазкур лойиҳани амалга оширишга масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;

лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг ҳиссасини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли "Ўзйўлмашсервис" йўл-таъмирлаш корхонасининг ишлаб чиқариш негизида механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш бўйича ихтисослаштирилган "Трансйўлқурилиш" давлат компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда "Трансйўлқурилиш" компаниясининг ижро этувчи аппарати тузилмасини тасдиқласин.

Белгилаб қўйилсинки, "Трансйўлқурилиш" компанияси:

Осиё тараққиёт банки қарзи ҳисобига харид қилинадиган йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарини белгиланган тартибда ўз балансига қабул қилади, мулкий ва номулкий ҳуқуқларга эга бўлади, қарз маблағларини тўлашни амалга оширади;

тасдиқланган Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурларига мувофиқ автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотлари билан тузилган шартномаларга кўра хўжалик ҳисоби асосида ўз фаолиятини ташкил этади;

тузилган шартномаларга қатъий мувофиқ равишда механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида олинадиган йўл-қурилиш техникасидан ва асбоб-ускуналаридан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уларнинг сақланиши, ўз вақтида техник ва профилактик хизмат кўрсатилиши, зарур иш ҳолатида бўлиши учун жавобгар ҳисобланади.


4. Белгилансинки, "Трансйўлқурилиш" компанияси йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан самарали фойдаланилиши, уларнинг сақланиши ва зарур иш ҳолатида бўлишини таъминлаш учун:

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг эксплуатация йўналишли ташкилотларининг базалари ҳудудида тўлов ундирилмаган ҳолда жойлаштириладиган, таркибида йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналари комплекси бўлган кўчма ҳудудий бўлинмаларни 1-иловага* мувофиқ шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг "Ўзйўлмашсервис" Илмий-ишлаб чиқариш экспериментал корхона унитар корхонасининг тўлов ундирилмаган ҳолда тақдим этиладиган ишлаб чиқариш базасида йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарига техник хизмат кўрсатади ва уларни таъмирлайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси ва "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси билан биргаликда бир ой муддатда бажарилган механизациялаштирилган ишлар учун Пудрат ташкилотларининг "Трансйўлқурилиш" компанияси билан ҳисоб-китоб қилиш тартибини тасдиқласин.

6. "Трансйўлқурилиш" компанияси, истисно тариқасида, тўрт йил муддатга:

ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқлар ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича йўл-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун олиб келинадиган товарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу имтиёзларни бериш натижасида бўшайдиган маблағлар мақсадли тартибда Осиё тараққиёт банкининг қайта кредитланадиган қарзининг бир қисмини тўлашга, шунингдек компаниянинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилади.


7. Қуйидагилар:

асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар билан "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасининг техник-иқтисодий асоси 2-иловага* мувофиқ;

ушбу лойиҳа бўйича Осиё тараққиёт банки қарзини тақсимлаш ва тўлаш схемаси 3-иловага* мувофиқ;

Осиё тараққиёт банки қарзини тўлаш, лойиҳа бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлаш жадвали 4-иловага* мувофиқ;

"Трансйўлқурилиш" компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


8. "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш 6-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

лойиҳани амалга ошириш бўйича асосий тадбирларни, шунингдек лойиҳанинг йиллик бюджетини тасдиқлаш;

лойиҳани амалга ошириш ва маблағлардан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги устидан мунтазам назоратни амалга ошириш;

лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар) харид қилиш бўйича тендер комиссиялари таркибини тасдиқлаш.


9. Ўзбекистон Республикаси молия вазири Осиё тараққиёт банки билан қарз битимини ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ва "Трансйўлқурилиш" компанияси билан қарзни қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга вакил этиб тайинлансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан Осиё тараққиёт банки ўртасидаги қарз битими, шунингдек қарзни қайта кредитлаш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса тақдим этсин.


10. Қуйидагилар:

ушбу лойиҳанинг А-380 автомобиль йўли участкаларини қуриш ва реконструкция қилишга оид қисмининг амалга оширилиши юзасидан жавобгарлик Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги зиммасига;

қурилиш ишлари амалга оширилаётганда А-380 автомобиль йўли участкаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан масъулият Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги зиммасига;

лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлаш ва қурилиш ишларининг сифатли бажарилиши устидан назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси зиммасига;

лойиҳанинг амалга оширилишини бевосита бошқариш вазифаси Республика йўл жамғармаси ҳузурида ташкил этилган лойиҳани амалга ошириш гуруҳи зиммасига юклансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси 2008 йилдан бошлаб ҳар йили даромадлар ва харажатлар прогнозларини шакллантиришда "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси қўшадиган ҳиссасини молиялаштиришга, шунингдек қарзнинг бир қисмини тўлашга, Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлашга зарур маблағларни назарда тутсин.

12. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси билан Осиё тараққиёт банки ўртасидаги қарз битими шартларига мувофиқ Осиё тараққиёт банки қарзи маблағлари ҳисобидан инвестиция даврида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона тўловлари, солиқлар, давлатнинг мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига тўланадиган мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан озод этилади. Ушбу имтиёзларни бериш натижасида ҳосил бўлган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси ҳисобланади.

Ушбу имтиёзлар, лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳам татбиқ этилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси талабномасига кўра белгиланган тартибда мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси талабномасига кўра ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида муваққат яшаш жойида вақтинчалик рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод этилсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.М. Ханов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



*) 1-4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2008 йил 28 февралдаги

ПҚ-804-сон қарорига

6-ИЛОВА



"Минтақавий автомобиль йўлларини

ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш

бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ

Ханов Н.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Кенгаш раиси


Саидова Г.К.

-

иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари


Гуськова Т.Н.

-

молия вазирининг биринчи ўринбосари


Жўраев О.Х.

-

ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари


Йўлдошев О.М.

-

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари


Алланазаров С.А.

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари бўйича биринчи ўринбосари


Абдуллаев Ш.

-

Хоразм вилояти ҳокимининг коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари бўйича ўринбосари


Абдуллаев М.

-

"Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компаниясининг раиси


Ирматов Ш.М.

-

Вазирлар Маҳкамасининг коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси


Жулибеков Н.Қ.

-

Республика йўл жамғармасининг ижрочи директори


Тошматов А.А.

-

"Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини бошқариш гуруҳининг раҳбари, Кенгашнинг масъул котиби


Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда кенгаш таркибига уларнинг ўрнига янгидан тайинланган шахслар киритилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 10-11-сон, 55-модда.