язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Транспорт, йўллар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.02.2007 й. ПҚ-582-сон "Германия тараққиёт банки ҳамда Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида "Тошкент (Тўқимачи) - Ангрен" темир йўл участкасини электрлаштириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.02.2007 й.

N ПҚ-582



ГЕРМАНИЯ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ҲАМДА

ҚУВАЙТ АРАБ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ

ЖАМҒАРМАСИ ИШТИРОКИДА "ТОШКЕНТ

(ТЎҚИМАЧИ) - АНГРЕН" ТЕМИР ЙЎЛ

УЧАСТКАСИНИ ЭЛЕКТРЛАШТИРИШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Темир йўл тармоқларини ривожлантириш, йўловчи ва юк ташиш самарадорлигини ошириш, темир йўл транспортида электрлаштириш ва замонавий технологияларни татбиқ этиш ҳисобига сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

а) "Тошкент (Тўқимачи) - Ангрен" темир йўл участкасини электрлаштириш" инвестиция лойиҳасини (бундан кейин матнда - лойиҳа деб юритилади) амалга ошириш учун Германия ҳукуматининг Германия тараққиёт банки (бундан кейин матнда - КфВ деб юритилади) орқали ҳамда Қувайт ҳукуматининг Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (бундан кейин матнда - ҚАИТЖ деб юритилади) орқали узоқ муддатли имтиёзли кредитлари жалб этилди ва қурилишнинг умумий қиймати 79,395 млн. АҚШ доллари эквивалентига тенг миқдорда белгиланди, шундан:

24,999 млн. евро (эквиваленти 31,25 млн. АҚШ доллари) - лойиҳада назарда тутилган ишларни бажариш учун ускуналар ва материаллар харид қилишга ўн йиллик имтиёзли муддатни ҳисобга олган ҳолда 40 йил муддатга, йилига 0,75 фоизли ставка бўйича берилган КфВ ссудаси (бундан кейин матнда - ссуда деб юритилади) ҳисобидан;

6,2 млн. қувайт динори (эквиваленти 20,122 млн. АҚШ доллари) - лойиҳада назарда тутилган ишларни бажариш учун сигнализация ва телекоммуникация тизимлари, рельслар, кўприк конструкцияларининг темир деталларини харид қилишга тўрт йиллик имтиёзли муддатни ҳисобга олган ҳолда 18 йил муддатга, йилига 2,5 фоизли ставка бўйича берилган ҚАИТЖ қарзи (бундан кейин матнда - қарз) ҳисобидан;

28,023 млн. АҚШ доллари - "Ўзбекистон темир йўллари" ДАКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан.

б) ускуналарга профилактик хизмат кўрсатишни яхшилаш ва лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган маҳаллий ходимлар малакасини оширишни молиялаштириш учун КфВ томонидан беғараз асосда 0,3 млн. Евро миқдорида грант берилди;

в) "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК "DE-Consult" (Германия) консалтинг компанияси билан биргаликда лойиҳа доирасида материаллар ва ускуналар харид қилишга танлов савдолари ўтказиш учун ҳужжатлар ишлаб чиқилди, уларнинг натижаларига кўра белгиланган тартибда лойиҳанинг узил-кесил ТИАлари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


2. Қуйидагилар:

лойиҳани молиялаштириш режаси 1-иловага* мувофиқ;

ссуда ва қарзни тўлаш прогноз жадваллари 2 ва 2а-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

КфВ ссудаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан ссуда олувчи ҳисобланади;

ҚАИТЖ қарзи бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан қарз олувчи ҳисобланади;

"Ўзбекистон темир йўллари" ДАК қарз, ссуда ва грант маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш, шунингдек лойиҳани самарали амалга ошириш учун масъул ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

"Ўзбекэнерго" ДАК лойиҳа доирасида ташқи электр таъминоти объектларини қуриш бўйича ижро этувчи агентлик ҳисобланади. Бунда ташқи электр таъминоти объектлари қурилишини молиялаштириш "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК томонидан шахсий ва ссуда маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

ссуда ва қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ асосий қарзни узиш, фоизлар, комиссиялар ва харажатларни тўлаш "Ўзбекистон темир йўллари" ДАКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазири ҚАИТЖ қарз маблағларини қайта кредитлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси билан "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК ўртасидаги битимни имзолашга вакил этиб тайинлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ҚАИТЖ ўртасидаги қарз битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


6. Лойиҳани амалга ошириш доирасида "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК ва "Ўзбекэнерго" ДАК томонидан қарз, ссуда ҳамда грант маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар, ишлар ва хизматлар, шунингдек "Ўзбекистон темир йўллари" ДАКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган монтаж дрезинаси (ТН ТИФ коди 860400000) божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзбекистон темир йўллари" ДАКнинг талабномаларига кўра лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари 2010 йилгача консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзбекистон темир йўллари" ДАКнинг талабномаларига кўра лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи ва йиғимлар тўлашдан озод қилинсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Н.М. Ханов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



*) 1, 2, 2а-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 7-8-сон, 60-модда.