язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Уй-жой коммунал хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2014 й. 154-сон "Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро молиявий иқтисодий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилаётган қарз ва кредит маблағларини жамлаш, қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.06.2014 й.

N 154



ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ ВА КАНАЛИЗАЦИЯ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

АМАЛГА   ОШИРИШ   УЧУН   ХАЛҚАРО   МОЛИЯВИЙ

ИҚТИСОДИЙ ИНСТИТУТЛАР ВА ХОРИЖИЙ ҲУКУМАТ

МОЛИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН БЕРИЛАЁТГАН

ҚАРЗ ВА КРЕДИТ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖАМЛАШ, ҚАЙТАРИШ

ВА УЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун Ҳукумат томонидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этилган халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз маблағларини қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича сув таъминоти (канализация) корхоналари мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлигининг бош директорига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ичимлик сув таъминоти ва канализация бўйича амалга оширилган ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида қарз ва кредит маблағларини қайтариш ишларининг самарасиз ташкил этилганлиги кўрсатиб ўтилсин.


2. Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро молиявий иқтисодий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилаётган қарз ва кредит маблағларини жамлаш, қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қарз ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи агентликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув таъминоти (канализация) корхоналари ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш лойиҳалари амалга оширилиши, халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари қарз маблағларининг ўз вақтида қайтарилиши ва уларга хизмат кўрсатилиши юзасидан назоратни амалга оширсинлар.


4. Қуйидагиларга:

а) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига:

сув таъминоти ва канализация хизматларига тарифлар лойиҳаларини декларация қилиш учун, шунингдек халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз ва кредит маблағларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган ичимлик сув ва канализация тизимини такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг тасдиқланган техник-иқтисодий асосланишида назарда тутилган параметрларга эришишни ҳисобга олган ҳолда уларга асословчи ва ҳисоб-китоб материалларининг нархни тартибга солиш органига ўз вақтида тақдим этилиши;

халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз ва кредит маблағларини қайтариш учун зарур молиявий ресурсларнинг белгиланган муддатларда ўз вақтида жамланиши;

сув таъминоти (канализация) корхоналарини, шу жумладан, абонентларни ҳисобга олишни оқилона ташкил этиш, сотилган сув ҳажмлари ва берилган сув учун белгиланган тартибда маблағларни тўплаш ҳисобига молиявий соғломлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ҳар йили ишлаб чиқиш ва бажариш йўли билан улар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши;

2014 йил охиригача истеъмолчиларни ва сотилган сув ҳажмларини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олишни таъминлайдиган биллинг тизимини жорий этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ўртасида сув таъминоти ва канализация лойиҳаларини молиялаштириш Битимлари шартлари ва муддатларига риоя қилиниши юзасидан назоратни таъминлаш;

халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг жалб қилинган қарз ва кредит маблағлари сув таъминоти (канализация) корхоналари томонидан ўз вақтида қайтарилиши ва тўланиши бўйича пухта таҳлилнинг тизимли асосда ўтказилишини таъминлаш юклансин.

Амалга оширилган ишларнинг натижалари бўйича йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилсин.


5. Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти тақдим этилган материалларни пухта таҳлил қилиш асосида йилнинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамасининг Йиғма ахборот-таҳлил департаментига жалб этилган қарз ва кредит маблағларини қайтариш ва тўлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотни кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ахборот бериш учун киритсин.

6. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 16 июнь, 24-сон, 293-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 6-сон, 60-модда