язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Уй-жой коммунал хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2004 й. 93-сон "Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини такомиллаштириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.02.2004 й.

N 93



"ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ СУВ ТАЪМИНОТИ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Тошкент шаҳрида коммунал хизмат кўрсатишнинг инфратузилмасини ривожлантириш, хўжалик мақсадидаги ва ичимлик сув таъминоти тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, шунингдек ичимлик сув сарфланишини ҳисобга олишни яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлар Кенгаши "Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини такомиллаштириш" лойиҳасини (кейинги ўринларда матнда "лойиҳа" деб юритилади) амалга ошириш учун 15 йил муддатга, шу жумладан уч йиллик имтиёзли даврга 10,0 млн АҚШ доллари миқдорида кредит берилишини маъқуллаганлиги;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кўрсатиб ўтилган кредити бўйича қарз олувчи эканлиги;

"Сувсоз" трести лойиҳанинг бажарувчиси эканлиги;

Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредити бўйича асосий қарз, воситачилик ҳақи ва улар бўйича фоизлар "Сувсоз" трестининг ўз маблағлари ҳисобига қайтарилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан кредит битимини ва "Сувсоз" трести билан лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзоласин.

"Сувсоз" трести Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзоласин.


3. Қуйидагилар:

"Тошкент шаҳри сув таъминоти тизимини такомиллаштириш" лойиҳаси техник-иқтисодий асосланишининг 1-иловага* мувофиқ асосий кўрсаткичлари;

лойиҳани молиялаштиришнинг манбалари ва қисмлари бўйича схемаси 2-иловага мувофиқ;

Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредитларини қайтариш жадвали 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан белгиланган тартибда кафолат битимини тузган ҳолда, лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган кредит бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги кафолат битимини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолашга вакил қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги кафолат ва кредит битимлари бўйича белгиланган тартибда юридик хулосаларни берсин.


6. Лойиҳа ўз вақтида амалга оширилиши таъминланиши, кредит ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъулият Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Сувсоз" трестига юклансин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги лойиҳа доирасида бажариладиган ишлар ва хизматлар мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки тартиб-қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ лойиҳани бошқариш, кредит ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олиш масъулияти юклаган ҳолда 4 кишидан иборат таркибда лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этсин.

"Сувсоз" трести сув таъминоти ва канализация хизматларидан тушадиган маблағлар лойиҳа доирасида назарда тутилган капитал қўйилмаларни амалга ошириш ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредитига ўз вақтида хизмат кўрсатиш учун зарур миқдорда махсус ҳисоб рақамида йиғилишини таъминласин.


7. Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредити маблағлари ҳисобига импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, материаллар ва ишлар (хизматлар) лойиҳани амалга ошириш даврида божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг буюртмаси бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган чет эллик мутахассисларга кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг буюртмаси бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган чет эллик мутахассисларга, уларни давлат божи ундиришдан озод қилган ҳолда, кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек улар вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш узайтирилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Тошкент шаҳар ҳокими Р.М. Шоабдураҳмонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилади.