язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Уй-жой коммунал хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.12.2002 й. 435-сон "Жаҳон банки гуруҳи иштирокида "Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини сув билан таъминлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.12.2002 й.

N 435



ЖАҲОН БАНКИ ГУРУҲИ ИШТИРОКИДА

"БУХОРО ВА САМАРҚАНД ШАҲАРЛАРИНИ

СУВ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ" ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ресурсларни тежаш чора-тадбирларини амалга ошириш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг ичимлик суви таъминотини замонавийлаштириш ва такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги ҳамда Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларининг умумий қиймати 62,33 млн АҚШ доллари бўлган "Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини сув билан таъминлаш" лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида беш йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 20 йил муддатга 20,0 млн АҚШ доллари миқдорида Қарз битими имзоланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасида ўн йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 35 йил муддатга 20 млн АҚШ долларига тенг бўлган қарз олишнинг махсус ҳуқуқлари билан 15,9 млн миқдорида Кредит битими имзоланганлиги;

Швейцария ҳукумати томонидан 9,0 млн АҚШ долларига тенг бўлган миқдорда грант берилиши назарда тутилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан қарз тўғрисидаги битим ва Халқаро тараққиёт уюшмаси билан кредит битими юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


4. Қуйидагилар:

кредит ва қарзни қайтариш жадваллари 2 ва 2а-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, лойиҳа маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек зарур ҳужжатлар ўз вақтида ишлаб чиқилиши ҳамда тегишли идораларга киритилиши учун шахсий жавобгарлик "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорига ҳамда Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимларига юкланади;

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарзи ва Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитининг асосий қарзи, фоизлари ва воситачилик ҳақи "Сувоқова" Бухоро вилоят ва Самарқанд шаҳар ишлаб чиқариш бошқармалари маблағлари етмайдиган қисми эса - республика бюджети маблағлари ҳисобига қайтарилади. Кўрсатиб ўтилган ташкилотлар ҳамда Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларининг раҳбарлари жалб этилаётган қарз ва кредит бўйича мажбуриятлар зарур даражада бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

6. "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан берилаётган қарз ва кредит маблағларидан фойдаланиш ва уларни қайтариш тартибини, шунингдек Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан маъқулланган Лойиҳани баҳолаш ҳужжатига мувофиқ хорижий ва миллий валютада лойиҳанинг ҳисоб рақамларини очиш, улардан фойдаланиш ва уларни тўлдириш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

субқарз битимларини "Сувоқова" Бухоро вилояти ишлаб чиқариш бошқармаси ҳамда "Сувоқова" Самарқанд шаҳар ишлаб чиқариш давлат корхонаси билан Қарз тўғрисидаги битимда ва Кредит битимида назарда тутилган шартларга мувофиқ имзоласин;

кўрсатиб ўтилган Лойиҳа бўйича Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарз маблағларидан, Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитидан ва Швейцария ҳукумати грантидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда инвестиция дастурларини шакллантиришда давлат бюджети ҳисобига кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишга капитал қўйилмалар лимитларини белгиланган тартибда назарда тутсинлар.

9. Белгилаб қўйилсинки, техник-иқтисодий ва муҳандислик-лойиҳа ҳужжатлари лойиҳа маблағлари ҳисобига, "Ўзкоммунлойиҳа" институти иштирокида ишлаб чиқилади ҳамда 2003 йилнинг I чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилиши керак.

10. Ушбу лойиҳани амалга ошириш даврида лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, товарлар, ишлар (хизматлар) божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги буюртманомаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга келиш визаларининг консуллик йиғимлари ундирмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтириш учун давлат божи тўлашдан озод қилсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н.Тўлаганов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                И.Каримов



*) 1-4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.